Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.04.2000 й. ПФ-2572-сон "Тошкент молия-қурилиш корпорацияси ("Тошуйжойинвестқурилиш")ни тугатиш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

11.04.2000 й.

N ПФ-2572



ТОШКЕНТ МОЛИЯ-ҚУРИЛИШ КОРПОРАЦИЯСИ

("ТОШУЙЖОЙИНВЕСТҚУРИЛИШ")НИ

ТУГАТИШ ТЎҒРИСИДА



Капитал қурилишни янада ислоҳ қилиш, қурилиш ташкилотлари ва қурилиш индустрияси корхоналарининг мустақиллигини кенгайтириш, пудрат ишлари бозорини шакллантириш, қурилиш қийматини пасайтириш ва сифатини ошириш, ортиқча бошқарув бўғинларини тугатиш ҳисобига қурилиш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳамда Тошкент молия-қурилиш корпорацияси "Тошуйжойинвестқурилиш" муассисларининг уни тугатиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки, тугатилаётган "Тошуйжойинвестқурилиш" корпорацияси таркибида бўлган пудрат қурилиш трестлари ва ташкилотлари, саноат ҳамда транспорт корхоналари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар мустақил юридик шахслар сифатида сақлаб қолинади ҳамда улар амалдаги қонунчиликка мувофиқ уюшмаларга ва бошқа шакллардаги хўжалик бирлашмаларига ихтиёрий равишда кириш ҳуқуқига эгадирлар.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасига "Тошуйжойинвестқурилиш" корпорацияси таркибида бўлган пудрат қурилиш трестларининг ва айрим саноат корхоналарининг давлат ихтиёридаги акциялар пакетларини республиканинг фонд бозорида эркин савдода, шу жумладан хорижий сармоядорларга сотиш ҳуқуқи берилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент давлат-акционерлик қурилиш корпорациясини ташкил қилиш тўғрисида" 1993 йил 8 февралдаги ПФ-558-сон ва "Тошкент молия-қурилиш корпорацияси ("Тошуйжойинвестқурилиш")ни ташкил қилиш тўғрисида" 1994 йил 23 декабрдаги ПФ-1026-сон Фармонлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда ушбу Фармонни амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилсин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    И. Каримов