Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.03.2013 й. ПҚ-1939-сон "Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси бюджетини ҳамда 2013 йилда болалар спорти объектлари, сузиш ҳавзалари ва болалар мусиқа ҳамда санъат мактабларини қуриш, реконструкция қилиш манзилли дастурларини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

15.03.2013 й.

N ПҚ-1939



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ

БОЛАЛАР   СПОРТИНИ   РИВОЖЛАНТИРИШ

ЖАМҒАРМАСИ  БЮДЖЕТИНИ  ҲАМДА  2013

ЙИЛДА   БОЛАЛАР   СПОРТИ   ОБЪЕКТЛАРИ,

СУЗИШ ҲАВЗАЛАРИ ВА БОЛАЛАР МУСИҚА

ҲАМДА САНЪАТ МАКТАБЛАРИНИ ҚУРИШ,

РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ МАНЗИЛЛИ

ДАСТУРЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ

ТЎҒРИСИДА


Болаларни, айниқса қизларни спорт билан шуғулланишга янада кенгроқ жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ўсиб келаётган авлодни жисмоний ривожлантириш ва соғлиғини мустаҳкамлашни таъминлаш, шунингдек уларнинг ижодий қобилиятларини ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда маданий савиясини ошириш мақсадида:


1. Республика ва ҳудудий ташкилотлар ҳамда корхоналар, шунингдек хорижий инвесторларнинг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармасига 1 - 3-иловаларга* мувофиқ прогноз ҳажмларда ихтиёрий хайрия ёрдамини йўллаш тўғрисидаги ташаббуси маъқуллансин.


2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси даромадлари ва харажатларининг прогноз параметрлари 4 ва 5-иловаларга* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тайёрланган 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган болалар спорти объектлари, сузиш ҳавзалари ва болалар мусиқа ҳамда санъат мактабларини қуриш ва реконструкция қилиш манзилли дастурлари 6 ва 6а-иловаларга** мувофиқ тасдиқлансин.


3. Маълумот учун қабул қилинсинки, 2013 йилда болалар спорти объектлари, сузиш ҳавзалари ва болалар мусиқа ҳамда санъат мактабларини қуриш ва реконструкция қилиш манзилли дастурларида назарда тутилган барча объектлар бўйича тендер савдоларини ўтказиш ниҳоясига етган ҳамда пудрат ташкилотлари билан шартномалар тузилган.


4. Қуйидагилар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига шахсий жавобгарлик юклансин:

тасдиқланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ тегишли сифатга эга бўлган қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш билан маҳкам боғлиқ ҳолда объектларни ишга тушириш жадвалини ўн кун муддатда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда объектларни қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштиришни ўз вақтида очиш;

болалар спорти объектлари, сузиш ҳавзалари ва болалар мусиқа ҳамда санъат мактабларини намунавий лойиҳаларга қатъий мувофиқ равишда ҳамда тасдиқланган қурилиш нормалари ва қоидаларига, шунингдек эксплуатация хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда қуриш ва реконструкция қилиш;

болалар спорти объектлари, сузиш ҳавзалари ва болалар мусиқа ҳамда санъат мактабларини қуриш ва реконструкция қилишнинг тасдиқланган параметрларини белгиланган муддатларда ва сифатли бажариш.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси билан биргаликда, болалар спорти объектларида, сузиш ҳавзалари ва болалар мусиқа ҳамда санъат мактабларида тасдиқланган намунавий лойиҳаларга, қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ бажарилаётган лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатига нисбатан қўйилаётган талабларга қатъий риоя этилишини ҳисобга олган ҳолда, буюртмачилар билан пудратчилар ўртасидаги шартнома мажбуриятлари бажарилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2013 йилда ишга тушириладиган болалар спорти объектлари, сузиш ҳавзалари ва болалар мусиқа ҳамда санъат мактабларининг белгиланган талаблар ва стандартларга мувофиқ зарур спорт ускуналари ва анжомлар билан ўз вақтида жиҳозланишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2013 йилнинг ҳар чораги якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ҳудудий филиаллари томонидан болалар спорти объектлари, сузиш ҳавзалари ва болалар мусиқа ҳамда санъат мактаблари қурилишига ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши ва смета харажатларига риоя этилиши устидан текширувлар ўтказилишини таъминласин ҳамда бажарилган ишларнинг натижалари бўйича Жамғарманинг Васийлик кенгашига ахборот бериб борсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракдаги йиғилишларида мазкур қарор билан тасдиқланган болалар спорти объектлари, сузиш ҳавзалари ва болалар мусиқа ҳамда санъат мактабларини қуриш ва реконструкция қилиш манзилли дастурлари амалга оширилишини кўриб чиқсин, уларнинг ўз вақтида ишга туширилиши ва зарур ускуна ҳамда анжомлар билан жиҳозланиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         И. Каримов



*) 1 - 5-иловалар берилмайди.

**) 6 - 6а-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 25 март, 12-сон, 152-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2013 йил, 3-сон, 81-модда