Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.05.1997 й. ПФ-1755-сон "Иш ҳақи, пенсиялар ва стипендияларнинг миқдорларини ошириш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

06.05.1997 й.

N ПФ-1755



ИШ ҲАҚИ, ПЕНСИЯЛАР ВА СТИПЕНДИЯЛАРНИНГ

МИҚДОРЛАРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА


Республика аҳолисини ижтимоий муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида:


1. 1997 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида:

иш ҳақининг энг оз миқдори - ойига 750 сўм;

ёшга доир пенсиянинг энг оз миқдори - ойига 1400 сўм;

фуқароларнинг солиққа тортилмайдиган даромади энг оз миқдори - ойига 750 сўм;

ягона тариф сеткаси бўйича бошланғич (нулинчи) разряднинг энг оз миқдори - ойига 750 сўм миқдорида белгилансин.


2. 1997 йилнинг 1 июлидан бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, барча турдаги пенсиялар, олий ўқув юртлари талабалари, ўрта махсус ва ҳунар-техника билим юртлари ўқувчилари стипендияларининг миқдорлари ўрта ҳисобда 1,5 баравар оширилсин.


3. 1997 йил 1 июлдан қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

- болалигидан ногиронлар учун нафақалар миқдори ойига 1400 сўм;

- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ва меҳнатга қобилиятсиз фуқаролар учун нафақалар миқдори ойига 850 сўм.


4. Иш ҳақига устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, шунингдек пенсиялар, боласи икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилувчи оналарга, болали оилаларга нафақалар ҳамда энг оз иш ҳақига нисбатан белгиланган бошқа тўловлар ушбу Фармонда кўрсатилган энг оз иш ҳақи миқдори асосида 1997 йил 1 июлдан бошлаб амалга оширилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, бюджетдан пул билан таъминланадиган вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, ташкилотлар ва муассасалар мазкур Фармон қоидаларига асосланиб, пенсиялар, нафақалар, стипендияларнинг ҳамда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимлари мансаб маошларининг миқдорлари ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқилишини таъминласинлар.


6. Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақини, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдорини ошириш билан боғлиқ харажатлар республика Давлат бюджети ва Пенсия фонди ҳисобидан қоплансин.


7. Хўжалик ҳисобидаги корхоналар ва ташкилотлар иш ҳақини ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнат харажатларини пасайтириш ҳисобидан меҳнат ҳақи фонди доирасида оширсинлар ва бунда мазкур Фармон билан белгиланган энг оз иш ҳақи кўпайтирилишини таъминласинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 24 июлдаги 1499-сон Фармони (9-банди бундан мустасно) 1997 йил 1 июлдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда ушбу Фармонни амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилсин.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси", 1997 й., 4-5-сон, 155-модда