Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.11.1998 й. ПФ-2144-сон "Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақаларнинг миқдорларини индексациялаш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

25.11.1998 й.

N ПФ-2144



ИШ ҲАҚИ, ПЕНСИЯЛАР, СТИПЕНДИЯЛАР ВА

ИЖТИМОИЙ НАФАҚАЛАРНИНГ МИҚДОРЛАРИНИ

ИНДЕКСАЦИЯЛАШ ТЎҒРИСИДА


Нархларнинг эркинлашуви шароитида аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш мақсадида:


1. 1999 йилнинг 1 январидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, барча турдаги пенсияларнинг, олий ўқув юртлари талабалари, ўрта махсус ва ҳунар-техника билим юртлари ўқувчиларининг стипендиялари, ижтимоий нафақалар ўрта ҳисобда 1,2 баравар индексация қилинсин.


2. 1999 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

энг кам иш ҳақи - ойига 1320 сўм;

ёшга доир пенсия - ойига 2520 сўм;

фуқароларнинг солиқ олинмайдиган даромади - ойига 1320 сўм;

ягона тариф сеткаси бўйича бошланғич (нулинчи) разряд - ойига 1320 сўм;

болаликдан ногиронларга нафақа - ойига 2520 сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ҳамда меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа - ойига 1530 сўм миқдорида белгилансин.


3. Энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган иш ҳақига устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, шунингдек пенсиялар, оналарга фарзанди икки ёшга тўлгунча парвариш қилиш учун бериладиган, болали оилаларга бериладиган нафақалар ва бошқа тўловлар 1999 йил 1 январдан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, бюджетдан молиявий таъминланадиган ташкилот ва муассасалар мазкур Фармон қоидаларидан келиб чиққан ҳолда пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ҳамда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг лавозим маошлари миқдорини ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқишни таъминласинлар.


5. Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақа ва стипендияларнинг индексация қилиниши билан боғлиқ харажатлар республиканинг давлат бюджети ва Пенсия жамғармаси ҳисобидан қоплансин.


6. Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган базавий фоизи миқдоридан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнат сарфини камайтириш ҳисобидан 1999 йилнинг 1 январидан бошлаб иш ҳақи миқдорини мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига мувофиқ индексациялашни амалга оширсинлар.


7. 1998 йил 9 июндаги ПФ-2009-сон Фармон, 8-бандидан ташқари, ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. Султонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                   И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси", 1998 й., N 10-11, 211-модда