Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.07.1994 й. ПФ-925-сон "1994 йилнинг 1 августидан меҳнат ҳақи, пенсиялар ва стипендияларнинг миқдорларини ошириш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

25.07.1994 й.

N ПФ-925



1994 ЙИЛНИНГ 1 АВГУСТИДАН МЕҲНАТ

ҲАҚИ, ПЕНСИЯЛАР ВА СТИПЕНДИЯЛАРНИНГ

МИҚДОРЛАРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА


1. Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида 1994 йилнинг 1 августидан бошлаб:

иш ҳақи ўрта ҳисобда 1,4 баробар оширилсин ва иш ҳақининг энг оз миқдори ойига 100 сўм миқдорида;

фуқароларнинг солиқ олинмайдиган даромадларининг энг паст даражаси ойига 100 сўм миқдорида;

ҳозир амалда бўлган барча турдаги пенсияларнинг миқдорлари ўрта ҳисобда 1,4 баробар оширилсин ва меҳнат пенсиясининг энг оз миқдори ойига 105 сўм қилиб белгилансин.


2. 1994 йилнинг 1 августидан олий ўқув юртлари талабаларининг, техникумлар ва ҳунар-техника билим юртлари ўқувчиларининг стипендиялари ўрта ҳисобда 1,4 баробар кўпайтирилсин.


3. Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Роспубликасининг Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, бюджетдан пул билан таъминланадиган ташкилотлар ва муассасалар, Ўзбекистон Республикасининг Ижтимоий таъминот вазирлиги меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси разрядларига мувофиқ пенсиялар, стипендияларнинг ва ходимлар мансаб окладларининг миқдорлари ўз вақтида қайтадан ҳисоблаб чиқилишини таъминласинлар.


4. Бюджетдан пул билан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотлар ходимларининг иш ҳақини, пенсиялар ва стипендияларни ошириш билан боғлиқ харажатлар республика давлат бюджети ва ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан қоплансин.


5. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик ҳисобидаги корхоналар ва ташкилотларга мазкур Фармонга мувофиқ меҳнат ҳақини ўз даромад манбалари ҳисобидан ошириш тавсия қилинсин.


6. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Ахборотномаси", 1994 й., 7-сон, 218-модда