Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.10.2004 й. 490-сон "Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасини бошқаришни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.10.2004 й.

N 490



БЮДЖЕТДАН ТАШҚАРИ ПЕНСИЯ

ЖАМҒАРМАСИНИ БОШҚАРИШНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ижтимоий таъминот тизимида давлат кафолатларини амалга ошириш ҳамда пенсиялар, нафақалар ва компенсацияларни тўлашга йўналтириладиган маблағларнинг мақсадли ва аниқ сарфланиши устидан назоратни кучайтириш, шунингдек бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасини самарали бошқаришни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2005 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасига (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) айлантирилсин.


2. Қуйидагилар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг асосий вазифалари ҳисоблансин:

фуқароларнинг давлат томонидан кафолатланган ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғуртага бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш;

мажбурий ажратмалар, бадаллар ва бошқа тўловларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ягона йиғма ҳисоб рақамида жамлаш;

2005 йил 1 январдан бошлаб пенсиялар, нафақалар ва компенсацияларни тўлаш харажатларини молиялаштириш;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига маблағларнинг тўлиқ тушиши ва ўз вақтида сарфланиши устидан назоратни таъминлаш.

4. Белгилаб қўйилсинки, қуйидагилар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасини шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:

а) мажбурий ажратмалар ва бадаллар:

мулкчилик шаклларидан қатъи назар, юридик шахслар иш ҳақи фондидан ягона ижтимоий тўловнинг белгиланган миқдори;

алоҳида юридик шахслардан ижтимоий суғуртага бадаллар;

юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларнинг ижтимоий суғуртага бадаллари;

фуқароларнинг иш ҳақидан суғурта бадаллари;

юридик шахсларнинг товар айланмаси ва сотилган маҳсулотлар (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) ҳажмидан ажратмалари, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи чиқариб ташланган ҳолда, шунингдек коммунал хўжалик тизими корхоналари учун фаолият хусусиятига кўра иссиқлик энергияси, сув ва табиий газнинг харид қиймати ҳажмлари чиқариб ташланган ҳолда;

б) бошқа тўловлар:

муддатидан олдин ва имтиёзли пенсиялар тайинланиши муносабати билан қопланадиган маблағлар, шунингдек "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ регресс талаблар (даъволар) бўйича иш берувчилар ва фуқаролардан ундириладиган маблағлар;

деҳқон хўжаликлари аъзоларининг ихтиёрий равишда тўланадиган суғурта бадаллари;

мажбурий ажратмалар, бадаллар ва бошқа тўловлар ўз вақтида тўланмаганлиги учун белгиланган тартибда ҳисобланган жарималар ва пеня;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилсинки, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг вақтинча бўш маблағларини молия бозорларида жойлаштиришдан фоиз сифатида олинадиган даромадларга солиқ солинмайди.


5. Белгилансинки:

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар, бадаллар ва бошқа тўловлар миқдори ҳамда уларни тўлаш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар, бадаллар ва тўловлар давлат солиқлари ва йиғимларига тенглаштирилади;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг даромадлари ва харажатлари Ўзбекистон Республикасининг йиғма бюджети таркибига киритилади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар, бадаллар ва тўловларни йиғиш ва уларнинг тўлиқ тушишини назорат қилиш функцияларини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги пенсиялар, нафақалар ва компенсацияларнинг ўз вақтида тайинланиши ва тўланиши, шунингдек корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг давлат ижтимоий суғурта бўйича харажатлари белгиланган тартибда молиялаштирилиши устидан назоратни таъминлайди.


6. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг барча даражалардаги ҳисоб рақамларидаги 2004 йил 31 декабрдаги ҳолатига кўра қолдиқ маблағларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисоб рақамига ўтказилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки билан биргаликда пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни етказиб бериш механизмини такомиллаштириш юзасидан таклифларни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва жорий этсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда амалдаги норматив ҳужжатларга мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритсинлар.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                     И. Каримов





Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 21 октябрдаги

490-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

ўз кучини йўқотган қарорлари


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2000 йил 15 ноябрдаги 444-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., 11-сон, 71-модда).


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларини шакллантириш ва сарфлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2000 йил 23 декабрдаги 498-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., 12-сон, 80-модда).


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида" 2001 йил 6 апрелдаги 162-сон қарорига 3-илованинг 34 ва 36-бандлари (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 4-сон, 21-модда).



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 42-сон, 447-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2004 й., N 10, 98-модда.