Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.07.2000 й. 288-сон "Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатишда фуқароларнинг ёзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.07.2000 й.

N 288



ЎЗГАЛАР ПАРВАРИШИГА МУҲТОЖ

БЎЛГАН ЁЛҒИЗ ФУҚАРОЛАРГА ИЖТИМОИЙ

ЁРДАМ КЎРСАТИШДА ФУҚАРОЛАРНИНГ

ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ

РОЛИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ёлғиз пенсионерларга, кексаларга ва ногиронларга уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш ҳамда улар билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига меҳнат органларида ишсиз сифатида рўйхатдан ўтказилган фуқароларни ёлғиз пенсионерларга, кексаларга ва ногиронларга уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш ишларини бажариш учун 2000 йил мобайнида ҳақ тўланадиган вақтинчалик жамоат ишларига жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.


2. Белгилансинки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ёлғиз пенсионерларга, кексаларга ва ногиронларга уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш учун ҳақ тўланадиган вақтинчалик жамоат ишларига жалб қилинган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ амалдаги харажатлар (шу жумладан, ижтимоий суғуртага ажратмалар) 2000 йилда, истисно тариқасида, 100 фоиз миқдорда Иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ижтимоий таъминот вазирлиги, Молия вазирлиги, "Маҳалла" республика жамғармаси:

ёлғиз пенсионерларга, кексаларга ва ногиронларга уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш учун ҳақ тўланадиган вақтинчалик жамоат ишларига ишсиз фуқароларни жалб қилишнинг вақтинчалик тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар, бунда бир ходимнинг хизмат кўрсатиш нормативларини, ушбу ишларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни Иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш тартибини, шунингдек, ижтимоий хизмат кўрсатишнинг тўлиқлиги ва сифатини самарали назорат қилиш механизмини назарда тутсинлар;

ёлғиз пенсионерларга, кексаларга ва ногиронларга уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш учун ҳақ тўланадиган вақтинчалик жамоат ишларига ишсиз фуқароларни жалб қилишнинг вақтинчалик тартибини жорий йилда қўллаш натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ёлғиз пенсионерларга, кексаларга ва ногиронларга уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш ишларини ташкил этишни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритсинлар.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Умумиқтисодиёт комплекси раҳбари зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                           И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2000 й., N 7, 43-модда.