Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.06.1994 й. 319-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Махкамасининг

1994 йил 24 июндаги

319-сон қарорига

2-ИЛОВА



Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга

бўлмаган қарияларга ва Меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга

нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомга мувофиқ нафақалар "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонун бўйича пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳамда "Никоҳ ва оила тўғрисида"ги Кодексга кўра уларни боқишга мажбур бўлган қариндошлари бўлмаган фуқароларга тайинланади ҳамда тўланади.


2. Мазкур Низом бўйича давлат ижтимоий таъминоти нафақалари:


ёш бўйича;

ногиронлик бўйича (болаликдан ногиронлардан ташқари);

боқувчисини йўқотганлик бўйича тайинланади.


3. Ижтимоий таъминот нафақаси (нафақалари)ни олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар шу ҳуқуқ пайдо бўлгандан сўнг бирор муддат билан чеклашсиз исталган вақтда унинг тайинланиши учун мурожаат қилишлари мумкин.


4. Мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатиб ўтилган нафақаларни тўлаш, етказиб бериш ва юбориш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

5. Мазкур Низом бўйича нафақаларни тайинлаш ва тўлаш шаҳар ва туман Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан амалга оширилади.


II. ЁШ БЎЙИЧА НАФАҚАЛАР


6. Ёш бўйича нафақа иш стажига ва Оила кодексига кўра уларни боқишга мажбур бўлган қариндошлари бўлмаган шахсларга тайинланади:

- эркакларга - 65 ёшга етганларида;

- аёлларга - 60 ёшга етганларида.


Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари текширувига кўра нафақа сўраб мурожаат этган шахс қариндошларининг моддий ночорлиги аниқланган ҳолларда нафақа ўзларининг кекса қариндошларига моддий ёрдам кўрсата олмайдиган қариндошлар бор бўлган тақдирда ҳам тайинланиши мумкин.


III. НОГИРОНЛИК БЎЙИЧА НАФАҚАЛАР


8. Ногиронлик бўйича нафақа ногиронлик содир бўлган ҳолларда, яъни Меҳнат қобилияти доимий ёки узоқ муддатга йўқотилганда, фақат биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларга тайинланади ва тўланади.


9. Фуқароларнинг Меҳнат қобилиятларини йўқотганлик даражасини аниқлаш учун тиббий текширишни фақат тиббий-Меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) ўзлари тўғрисидаги тасдиқланган Низом асосида шаҳар ва туман Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари йўлланмаси бўйича амалга оширадилар.

11. Ишлаб турган ёки яшашнинг бошқа манбаларига эга бўлган I ва II гуруҳ ногиронларга нафақа тайинланмайди.



IV. БОҚУВЧИСИНИ ЙЎҚОТГАНЛИК БЎЙИЧА НАФАҚА


12. Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган шахс вафот этган тақдирда унинг қарамоғида бўлган оила аъзолари мазкур Низомга кўра нафақа олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Оиланинг Меҳнатга лаёқатсиз аъзолари қаторига "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддасида айтиб ўтилган шахслар киритиладилар.


13. Вафот этганнинг оила аъзоларига нафақалар миқдори қуйидагича белгиланади:


а) оиланинг уч ва ундан ортиқ Меҳнатга лаёқатсиз аъзосига - вафот этган фуқаро олган ёки олиш ҳуқуқига эга бўлган нафақанинг 100 фоизи;

б) оиланинг Меҳнатга лаёқатсиз иккита аъзосига - нафақанинг 75 фоизи;

в) оиланинг Меҳнатга лаёқатсиз бир аъзосига - нафақанинг 50 фоизи.



V. НАФАҚА ТАЙИНЛАШ ТЎҒРИСИДА МУРОЖААТ ҚИЛИШ


14. Нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза ариза берувчи яшайдиган жойдаги туман (шаҳар) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

15. Ногиронлик ёки ёш бўйича нафақа тайинлаш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:


а) ёш бўйича нафақа тайинлашда - ариза берувчининг ёшини тасдиқловчи ҳужжат (паспортдан кўчирма ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси);

б) яшаш жойидан берилган маълумотнома, унда барча оила аъзоларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йиллари, қариндошлик даражаси, нафақа сўраб мурожаат этган шахс оиласи ҳар бир аъзосининг турмуш кечириш манбалари кўрсатилган бўлиши керак;

в) ариза берувчи оиласининг умумий даромади тўғрисида маълумотнома;

г) ногиронлик бўйича нафақа тайинлашда - ТМЭКнинг ногиронликни тасдиқловчи хулосаси;

д) боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақа тайинлашда - боқувчисининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва болаларнинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар нусхалари.



VI. НАФАҚАЛАРНИ ТАЙИНЛАШ


16. Ёш, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақалар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан тайинланади.

Нафақалар барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда мурожаат этилган кундан бошлаб тайинланади.


17. Нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда ариза тақдим этилгандан кейин 10 кундан кечикмай кўриб чиқилади.


18. Нафақа тайинлаш рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими тегишли қарор чиқарилгандан сўнг 10 кундан кечикмай рад этилганлик тўғрисидаги билдиришни ариза берувчининг қўлига беради ёки почта орқали юборади ҳамда бир вақтнинг ўзида барча ҳужжатларни қайтаради.

19. Туман (шаҳар) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимининг қарори устидан ариза берувчи юқори ташкилотга шикоят қилиши мумкин. Ариза берувчи жавобдан қониқмаган тақдирда низо белгиланган тартибда суд орқали ҳал қилинади.


VII. НАФАҚАЛАРНИ ТЎЛАШ


20. Нафақалар нафақа олувчининг яшаш жойи бўйича туман (шаҳар) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тўланади.

21. Нафақаларни тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан ҳар ойда белгиланган муддатларда, бироқ нафақа тўланаётган ойдан кейинги ойнинг 5 кунидан кечиктирилмай тўланади.

22. Ҳисоблаб чиқарилган, бироқ олувчи томонидан ўз вақтида талаб этилмаган нафақа суммаси ўтган вақт учун, аммо нафақа сўраб мурожаат этилгандан олдинги уч йилликдан кўп эмас, тўланади.


23. Тўланаётган нафақалар миқдорини ўзгартиришга сабаб бўлувчи ҳолатлар пайдо бўлган тақдирда, нафақа олувчи бу ҳақда 10 кун муддатда унга нафақа тайинлаган тегишли Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилиши шарт.

I ва II гуруҳ ногиронларга ва ёш бўйича ёки боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақалар тайинланган нафақа олувчиларга, агар улар иш ҳақи ёки бошқа даромад олаётганликлари аниқланган тақдирда, нафақа тўлаш тўхтатилади.


24. Нафақа олувчи тўлиқ давлат таъминотига ўтказилган тақдирда (ногиронлар уйи, болалар уйи ва шу кабиларга жойлаштирилганда) нафақа тўлаш тўхтатилади.


25. Нафақа олувчи озодликдан маҳрум этилган тақдирда тайинланган нафақани тўлаш тўхтатиб қўйилади.



VIII. НАФАҚАЛАРНИ ҚАЙТА ҲИСОБЛАБ ЧИҚИШ


26. Ҳар ойлик нафақалар:

оиланинг нафақа тайинлашда ҳисобга олинадиган сон таркиби ўзгарган;

иш ҳақининг энг кам миқдори ўзгарган;

ногиронлик гуруҳи ўзгарган;

район коэффициенти белгиланган (бекор қилинган) ёки унинг миқдори ўзгарган;

аҳоли даромадлари индексация қилинган ҳолларда қайта ҳисоблаб чиқилади.



IX. ТАЙИНЛАНГАН НАФАҚАНИ ҚАЙТА

ҲИСОБЛАБ ЧИҚИШ МУДДАТЛАРИ


27. Нафақа миқдорини ошириш ҳуқуқи пайдо бўлганда, иш ҳақининг энг кам миқдори ўзгаришидан ташқари, тайинланган нафақани қайта ҳисоблаб чиқиш бу ҳолатлар пайдо бўлган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб амалга оширилади.


28. Нафақа олувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида доимий яшаш учун бошқа туман (шаҳар)га кўчганда нафақани тўлаш янги яшаш жойи бўйича тегишли Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси органи томонидан ҳужжатлар йиғмажилди олингандан кейин мана шу туман (шаҳар)да давом эттирилади. Нафақаларни тўлаш олдинги яшаш жойи бўйича нафақа тўлаш тўхтатилган вақтдан бошлаб тикланади. Нафақа олувчини ҳисобдан чиқариш ва янги яшаш жойида ҳисобга олиш тартиби, шунингдек уларнинг ҳужжатлар йиғмажилдларини юбориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

Нафақа олувчи Ўзбекистон Республикасидан ташқарига кўчиб кетганда нафақа тўлаш тўхтатилади.