Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Янги чакана нархларнинг жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон ССЖнинг иш билан банд бўлмаган аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларни ҳисобга олиш ва пул нафақалари тўлаш тартиби тўғрисида Вақтинчалик низом (ЎзССЖ Президенти ҳузуридаги ВМ 25.03.1991 й. 65-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎзССЖ Президенти ҳузуридаги

Вазирлар Маҳкамасининг

1991 йил 25 мартдаги

65-сон қарорига

ИЛОВА



Янги чакана нархларнинг жорий қилиниши

муносабати билан Ўзбекистон ССЖнинг иш

билан банд бўлмаган аҳолисини ижтимоий

ҳимоя қилиш ҳамда уларни ҳисобга олиш ва

пул нафақалари тўлаш тартиби тўғрисида

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ


Вақтинча иш билан банд бўлмаган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида, аҳолини иш билан банд этиш ҳақидаги Ўзбекистон ССЖ Қонуни қабул қилингунга қадар, жумҳурият ҳудудида иш билан банд бўлмаган аҳолини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш тартиби, истеъмол буюмларига янги нарх-наволар жорий қилиниши муносабати билан нафақа тарзидаги пул компенсацияларини белгилаш ва тўлаш шартлари мазкур низомга кўра белгиланади.



I. ПУЛ НАФАҚАЛАРИНИ ТАЙИНЛАШНИ

БЕЛГИЛОВЧИ ПРИНЦИПЛАР


Ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра иш жойига эга бўлмаган ва иш ҳақи (меҳнат даромади) олмайдиган, иш билан банд қилиш (ишга жойлаштириш) органлари* томонидан меҳнатга лаёқатли бўлган, ўзига иш қидирувчи шахслар сифатида рўйхатга олинган ва мазкур органлар томонидан ишга жойлаштириш тўғрисида таклиф этилмаган фуқароларга нафақа тайинланади.

Шулардан келиб чиққан ҳолда нафақа қуйидаги шахсларга белгиланади:

корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг қайта ташкил қилиниши ва тугатилиши, ходимлар сони (штатлар) қискартирилиши натижасида ишдан маҳрум бўлганларга;

ўзига биринчи бор иш қидирувчиларга;

3 ойдан ортиқ ишламаётганларга;

ўқув юртларининг кундузги бўлимларида умумтаълим ва профессионал тайёргарликни ниҳоясига етказганларга;

Қуролли Кучлар сафларидан, чегара, ички ва темирйўл қисмларидан, давлат хавфсизлиги органларидан запасга бўшатилганларга;

суд ҳукми билан жиноий жазони, мажбурий равишда даволашни амалга оширувчи муассасалардан озод этилганларга;

мустақил меҳнат фаолиятидан даромад олишни йўқотган шахсларга;

бошқа ҳолларда - халқ депутатлари Совети ижроия қўмитаси аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш комиссиясининг қарорига биноан амалга оширилади.



II. НАФАҚАЛАРНИ ТЎЛАШ ШАРТЛАРИ ВА МУДДАТЛАРИ


1. Ўзбекистон ССЖнинг аҳолини иш билан банд этиш ҳақидаги Қонуни қабул қилингунга қадар, нафақа олиш ҳуқуқини олган фуқароларга кўпи билан 6 ой мобайнида ҳар ойда 60 сўмдан бериб борилади.

Нафақа миқдоридан солиқ олинмайди.


2. Корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг қайта ташкил этилиши ва тугатилиши ёки ходимлар сони (штатлар)ни қисқартириш чора-тадбирларининг амалга оширилиши муносабати билан ишлаб чиқаришдан бўшаган фуқаролар, агар улар ишдан бўшатилгандан кейин 10 календарь кун ичида меҳнат органларида иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатдан ўтган ҳолда янги иш жойини қидириш билан боғлиқ муддат давомида, аммо уч ойдан ошмаган вақт мобайнида, ўртача иш ҳақи билан бир қаторда пул нафақаси оладилар.

Нафақа ва сақлаб қолинган иш ҳақининг ўртача миқдори илгариги иш жойидан тўланади.

Агар ишдан бўшатилган ходим уч ой давомида икки маротаба ишга таклифни рад қилган тақдирда у маҳаллий бюджет ҳисобидан нафақа олиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.


3. Қолган барча ҳолларда нафақа олиш ҳуқуқи фуқаронинг нафақалар тўлаш билан шуғулланувчи меҳнат органларига, улар томонидан янги иш жойи таклиф қилинмаган тақдирда, мурожаат қилган вақтдан бошлаб кучга киради.


4. Меҳнат органлари ишга жойлаштириш масалалари билан мурожаат қилган фуқароларга иш жойларини топиб беришда актив фаолият кўрсатади. Фуқарони ишга жойлаштириш бўйича барча имкониятлар амалга оширилгандан кейингина унга пул нафақасини тўлаш ҳақида қарор қабул қилинади.


5. Тўлиқсиз ой учун нафақа тўланганда унинг миқдори тегишли календарь кунлардан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.



III. ПУЛ НАФАҚАЛАРИНИ ТЎЛАШНИ

ВАҚТИНЧА ТЎХТАТИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ


Нафақа тўланиши 3 ойгача тўхтатиб қўйилиши ва қуйидаги ҳолларда тўланмаслиги мумкин:

корхоналар, муассасалар, ташкилотлардан ишдан бўшатилган фуқароларга, улар томонидан йўқотилган иш ҳақини қисман ва вақтинчалик ўрнини қоплайдиган даражада, белгиланган тартибда ишдан бўшаш нафақаси ва бошқа хил тўловлар берилганда;

меҳнат органлари томонидан ишга жойлаштириш бўйича қилинган иккита таклиф рад этилган тақдирда;

нафақа олиш даврида меҳнат органларини хабардор қилишдан вақтинчалик ишга жойлашилганда;

фуқаронинг доимий турар жойида йўқлигида;

алдамчилик йўли билан нафақа олишга уринишларда.



IV. НАФАҚА ОЛИШ УЧУН МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


1. Меҳнат билан банд бўлмаган аҳолига пул нафақаларини тўлаш Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгашининг, халқ дапутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Советларининг аҳолини ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш бўйича комиссияларининг қарорларига биноан амалга оширилади.


2. Комиссиялар халқ депутатлари Советлари ижроия қўмиталарининг қарори билан барча даражаларда (қишлоқ, овул, посёлка, шаҳар, ноҳия, вилоят, жумҳурият) камида 5 кишидан иборат қилиб тузилади.

Комиссиялар таркибига халқ депутатлари, жамоат активлари, ижроия қўмиталарининг, молия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, меҳнат, статистика, ижтимоий таъминот органлари, касаба уюшмалари, маҳалла қўмиталарининг масъул ходимлари киритилади.

Барча даражадаги комиссияларга халқ депутатлари Советлари ижроия қўмиталарининг раислари ёки уларнинг биринчи ўринбосарлари бошчилик қилишлари мажбурий шарт ҳисобланади.


3. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш Комиссиясининг нормал ишлашини таъминлаш мақсадида ижроия қўмиталари томонидан уларга ҳужжатларни сақлаш учун хоналар, асбоб-ускуналар ажратилади, бланкаларни кўпайтириш ва ижрочиларга етказиш амалга оширилади.


4. Халқ депутатлари Советлари ижроия қўмиталарининг аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масалаларини кўриб чиқиш комиссияларига қуйидаги ҳуқуқлар берилган:

иш билан банд бўлмаган фуқароларни ўз ҳудудида ва қўшни ҳудудда ишга жойлаштириш имкониятларини кўриб чиқиш;

меҳнат органлари томонидан берилган ҳужжатлар асосида пул нафақасини олишга меҳнат билан банд бўлмаган аҳолининг контингентини белгилаш;

пул нафақаларини тўлаш учун омонат банклари бўлинмаларига юбориладиган тўлов ҳужжатларини тасдиқлаш;

мазкур низомнинг учинчи бўлимига биноан нафақа тўлашни тўхтатиб қўйиш.



V. ПУЛ НАФАҚАСИ ТЎЛАШНИ РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ ВА ҲИСОБГА ОЛИШ ОРГАНЛАРИ


Ҳисобга олиш ва рўйхатдан қайта ўтказиш турар жойларда:

қишлоқ жойларда - қишлоқ (посёлка) Советининг аҳолининг меҳнат билан бандлигини ҳисобга олиш бўйича назоратчиси томонидан амалга оширилади;

шаҳарларда - меҳнат органларида амалга оширилади.

Кейинчалик нафақа олишга фуқароларни ҳисобга олиш учун қайта рўйхатдан ўтказиш комиссия томонидан ҳар кварталда бир марта амалга оширилади.



VI. НАФАҚА ТАЙИНЛАШ ТАРТИБИ


Рўйхатга олиш ва рўйхатдан қайта ўтказиш, шунингдек нафақа тайинлаш учун ҳисобга олишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:


1. Рўйхатдан ўтганлик тўғрисида белгиси бўлган паспорт.


2. Меҳнат дафтарчаси (ёки сўнгги иш жойидан маълумотнома).


3. Ўқув юртини тугатганлиги тўғрисида ҳужжат ёки ўқув юртидан чиқариб юборилганлиги тўғрисида маълумотнома (биринчи маротаба иш қидирувчилар учун).


4. Пул нафақасини тўлаш тўғрисида белгиланган нусхадаги ариза.

Нафақа олиш учун мурожаат қилувчининг аризаси иш жойи йўқлиги тўғрисидаги масъул шахснинг хулосаси юқорида қайд этилган ҳужжатлар билан биргаликда турар жойдаги аҳолини ижтимоий ҳимоялаш комиссиясининг кўриб чиқиши учун тақдим этилади. Комиссия мурожаат қилган конкрет шахсни иш билан таъминлаш имконияти йўқлиги ҳақида аҳолини иш билан таъминлаш бўйича масъул шахс томонидан берилган хулосанинг холислигини кўриб чиқади ва уч кун ичида унга пул нафақаси тўланиши тўғрисида ўзининг таклифини чиқаради.

Иш билан банд бўлмаган контингентлар бўйича материаллар овул, посёлка, қишлоқ Совети комиссияларининг хулосаси билан бирга кўриб чиқиш учун ноҳия (шаҳар), шундан кейин вилоят комиссиясига ўтказилади.

Агар вилоят комиссияси ишга жойлаштириш илтимоси билан мурожаат қилган шахсга турар жойи ёки унга яқин ноҳияларда реал таклифлар мавжуд эмаслигини тасдиқласа, пул нафақаси беришни ҳал этишнинг узил-кесил ҳуқуқи мана шу комиссияга берилади.

Вилоят комиссияси раиси ва унинг аъзолари томонидан тасдиқланган вилоят комиссиясининг хулосаси иш билан банд бўлмаган иш қидирувчи шахснинг шахсий варақасини расмийлаштириш, посёлка, қишлоқ, овул Советлари инспекторлари ва меҳнат органлари ходимлари томонидан пул нафақаси тўлаш мақсадидаги ҳужжатларни расмийлаштириш учун асос бўлиб ҳисобланади.

Пул нафақаси тайинлаш мазкур ҳолда ариза берилган вақтдан бошлаб амалга оширилади.

Пул нафақаси тўлашни қал қилишда низоли ҳоллар юз берганда, материаллар узил-кесил қарор қабул қилиш учун жумҳурият комкссиясига берилади.

Қишлоқдаги қишлоқ (посёлка) Советининг инспектори ва шаҳарлардаги меҳнат органи вилоят комиссиясининг қарори асосида 4 нусхада тўлов ведомости тузади.

Ведомость вилоят комиссиясининг хулосаси асосида ҳудудий комиссия раиси томонидан, меҳнат органининг масъул шахси ёки қишлоқ (посёлка) Советининг инспектори томонидан имзоланади ва тегишли ижроқўмнинг гербли муҳри билгн тасдиқланади.

Икки нусхада тасдиқланган ведомостлар жамғармалар банкининг ноҳия (шаҳар) бўлимига берилади, бир нусхаси - ноҳия (шаҳар) комиссиясида ва бир нусхаси қишлоқдаги қишлоқ (посёлка) Совети ва шаҳарлардаги меҳнат органида қолади.

Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаро нафақани турар жой бўйича жамғармалар банкининг ноҳия (шаҳар) бўлимидан паспортини кўрсатиб олади.

Пул нафақаси берилганлиги тўғрисида белгиси бўлган, тегишли жамғармалар банкининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган ведомостнинг бир нусхаси меҳнат бўйича ноҳия ва шаҳар органларига қайтарилади.

Компенсация нафақаси тўлаш ҳар ойда бир марта амалга оширилади.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар пул нафақаси олувчи шахсни ишга қабул қилаётганларида уни ишга қабул қилганлик тўғрисида қишлоқ жойдаги қишлоқ (посёлка) Советининг инспекторига ва турар жой бўйича шаҳарлардаги меҳнат органларига тезлик билан хабар қилишга мажбурдирлар. Мазкур шарт бажарилмаган ҳолларда пул нафақаси юзасидан қайта тўловлар меҳнат органларига маълумот тақдим этмаган мансабдор шахсдан ундирилади.



VII. ПУЛ НАФАҚАЛАРИ ТЎЛОВЛАРИНИ

МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТАРТИБИ


1. Иш билан банд бўлмаган аҳолига пул нафақалари тўлаш жумҳурият ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


2. ЎзССЖ Молия вазирлиги ЎзССЖ Давлат меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан тақдим этилган Қорақалпоғистон МССЖ, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ишламайдиган аҳоли учун пул нафақалари суммаси ҳисоби бўйича Қорақалпоғистон МССЖ Молия вазирлиги, вилоят молия органлари ва Тошкент шаҳар молия бошқармаси бюджетининг тегишли бўлими бўйича кредитлар очади.


3. Қорақалпоғистон МССЖ Молия вазирлиги, вилоят ва Тошкент шаҳар молия органлари Қорақалпоғистон МССЖ Давлат меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг, вилоят ишроқўмлари ва Тошкент шаҳар ижроқўмининг меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича бошқармаларининг талабномаларига кўра шаҳарлар ва ноҳиялар миқёсида олинган маблағларни нафақа тўлаш учун Ўзбекистон жамғармалар банкининг тегишли бўлимларига тўлов топшириғига мувофиқ ўтказадилар.


4. Жамғармалар банкининг бўлимлари қишлоқдаги қишлоқ (посёлка) Советлари инспекторлари ва шаҳарлардаги меҳнат органлари томонидан тақдим этиладиган тўлов ведомостига мувофиқ иш билан банд бўлмаган аҳолига компенсация нафақалари тўлашни амалга оширадилар. Бунда нафақа олувчи ўз паспортини кўрсатиши шарт.


5. Олинмаган нафақа суммаси 15 кун мобайнида пул олувчининг жамғармалар бўйича шахсий счётига ўтказилади.



VIII. ТОМОНЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


1. Компенсация нафақаларининг тўғри тайинланганлиги учун ижроқўм комиссиялари, ҳужжатларнинг тўғри тўлдирилганлиги учун қишлоқ жойларда ҳисобга олишни ва иш билан банд бўлишни ташкил этиш бўйича қишлоқ (посёлка) Советлари ижроқўмининг инспектори, шаҳарлардаги меҳнат органлари жавоб берадилар.


2. Компенсация нафақаси ўз вақтида тўланиши учун жойлардаги молия органлари ва жамғармалар банкининг бўлимлари жавоб берадилар.


3. Компенсация нафақалари олувчи фуқаролар ишга жойлашаётганларида ўзлари ҳисобида турган органни тезда хабардор қилишга мажбурдирлар.


4. Иш билан банд бўлмаган аҳолини рўйхатга олиш учун маълумотномалар ва бошқа далолатловчи ҳужжатларни берувчи органлар ҳужжатларда ёритилган маълумотлар амалдаги қонунга мувофиқ эканлиги учун жавоб берадилар.


5. Алдаш йўли билан нафақа олинганда тўланган пул фуқаролардан амалдаги қонунга мувофиқ ундириб олинади.


6. Корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, кооперативлар ўзлари жойлашган ердаги меҳнат органларига ҳар ойда бўш ишчи ва лавозим ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этадилар.


7. Меҳнат органлари ҳар кварталда амалда ўтказилган нафақалар тўғрисида, жамғарма банклари органлари берилган пул маблағларининг суммаси ва хизмат кўрсатилган фуқароларнинг сони ҳақида молия органларига ҳисобот тақдим этадилар.


-------------------------

* Бундан кейин меҳнат органлари деб аталади.