Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.05.2004 й. 206-сон "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.05.2004 й.

N 206



ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИНИ

РАҒБАТЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Умумхалқ байрами - 9 май - Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 59 йиллиги, 2004 йилнинг "Меҳр ва мурувват йили" деб эълон қилинганлиги муносабати билан ва уруш қатнашчиларини моддий рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчиларига 18000 (ўн саккиз минг) сўм миқдорида бир йўла бериладиган пул мукофоти белгилансин.


2. Ушбу қарорни рўёбга чиқариш билан боғлиқ сарф-харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати мазкур пул мукофотларининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминласинлар.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Бадиий академия, Хотин-қизлар қўмитаси, "Маънавият ва маърифат" жамоатчилик маркази, "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармалари, бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ва шаъни ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказсинлар.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва А.А. Азизхўжаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                        И. Каримов