Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Банкларнинг қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси ва инвестиция маслаҳатчиси сифатида профессионал фаолиятни амалга оширишига оид талаблар тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 02.04.2008 й. 1782-сон билан рўйхатга олинган 23.02.2008 й. Марказий банк Бошқарувининг 299-В-сон, ҚҚБФМНҚМ 2008-05-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 2 апрелда 1782-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқаруви ҳамда

Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги

Қимматли қоғозлар бозори

фаолиятини мувофиқлаштириш

ва назорат қилиш марказининг

2008 йил 23 февралдаги

299-В, 2008-05-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Банкларнинг қимматли қоғозлар бозорида

инвестиция воситачиси, инвестиция активларининг

ишончли бошқарувчиси ва инвестиция маслаҳатчиси

сифатида профессионал фаолиятни амалга

оширишига оид талаблар тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом банкларнинг қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси ва инвестиция маслаҳатчиси сифатида профессионал фаолиятни амалга оширишига оид талабларни белгилайди.

Мазкур Низом давлат қимматли қоғозларига доир операцияларга татбиқ этилмайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


банк - банк ҳисобварақларини очиш ва юритиш, тўловларни амалга ошириш, омонатларга (депозитларга) пул маблағларини жалб этиш, ўз номидан кредитлар бериш бўйича банк фаолияти сифатида аниқланган операциялар мажмуини амалга оширувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

2. Банк Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган вақтдан бошлаб қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси ва инвестиция маслаҳатчиси сифатида профессионал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.

Банклар мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялаш ва хабардор қилиш тартиб таомилларидан ўтиш талаб этилмайди, бунда банклар профессионал фаолиятни амалга оширишда лицензия талаблари ва шартларини бажаришдан озод этилмайди.


II. БАНКЛАРНИНГ ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИДА

ИНВЕСТИЦИЯ ВОСИТАЧИСИ, ИНВЕСТИЦИЯ АКТИВЛАРИНИНГ

ИШОНЧЛИ БОШҚАРУВЧИСИ ВА ИНВЕСТИЦИЯ МАСЛАҲАТЧИСИ

СИФАТИДА ПРОФЕССИОНАЛ ФАОЛИЯТНИ АМАЛГА

ОШИРИШИГА ОИД ТАЛАБЛАР

3. Банкларнинг қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси ва инвестиция маслаҳатчиси сифатида профессионал фаолияти, агар ушбу Низомда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, қонунчилик ҳужжатларида ушбу фаолият турларига ўрнатилган талабларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

3-1. Банк томонидан қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси сифатида профессионал фаолиятни амалга оширишда банк ҳар бир мижознинг қимматли қоғозлари ва пул маблағлари ҳисобини юритиши, қимматли қоғозларга доир битимлар ва операцияларни мижоз билан тузилган шартномага мувофиқ амалга ошириши, тузилган битимлар ва амалга оширилган операциялар тўғрисида унга ҳисобот бериши шарт.

4. Банкда инвестиция воситачиси, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси ва инвестиция маслаҳатчиси сифатида профессионал фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ банк операциялари бўйича жавобгарлик юклатилган таркибий бўлинма (кейинги ўринда - бўлинма) бўлиши лозим.

5. Бўлинманинг ходимлари ўрнатилган тартибда банк (филиал) раҳбарининг тегишли қарори (буйруғи) асосида тайинланадилар.


6. Бўлинманинг ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан берилган қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака сертификатига эга бўлиши лозим. Бунда, мазкур бўлинма раҳбари бўлган ходим қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг I тоифали малака сертификатига эгалик қилиши лозим.

7. Қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака сертификатини олиш учун ўтказиладиган аттестация Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги 304-сон қарори билан тасдиқланган Қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини олиш учун жисмоний шахсларни аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентида белгиланган тартибда амалга оширилади.

8. Банк томонидан инвестиция воситачиси, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси ва инвестиция маслаҳатчиси сифатида қимматли қоғозлар билан амалга оширилган битимлар бўйича ҳужжатларни бўлинма ходимлари имзолашлари (виза қўйишлари) лозим.

9. Ишончли бошқарувдаги инвестиция активларининг ўртача йиллик қиймати миқдорини ҳисоблаш банк томонидан Бошқарувчи компаниялар ўз маблағлари миқдорининг ҳисоби ва инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 1322, 2004 йил 5 март) қоидаларига ўхшаш тартибда амалга оширилади.

11. Банклар қимматли қоғозларга доир биржадан ташқари битимларни рўйхатга олишда биржадан ташқари битимларнинг рўйхатини юритиш талабларига риоя қилишлари ҳамда рўйхатга олинган битимлар юзасидан қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига қонунчиликда белгиланган тартибда ахборот тақдим этишлари лозим.


III. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИДА ИНВЕСТИЦИЯ

ВОСИТАЧИСИ, ИНВЕСТИЦИЯ АКТИВЛАРИНИНГ

ИШОНЧЛИ БОШҚАРУВЧИСИ ВА ИНВЕСТИЦИЯ

МАСЛАҲАТЧИСИ СИФАТИДА ПРОФЕССИОНАЛ

ФАОЛИЯТ ЮРИТУВЧИ БАНК ТОМОНИДАН

АХБОРОТНИ ОШКОР ҚИЛИШ

12. Инвестиция воситачиси, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси ва инвестиция маслаҳатчиси сифатида қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиш банк томонидан қонунчиликда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

13. Банклар инвестиция воситачиси, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси ва инвестиция маслаҳатчиси сифатида профессионал фаолиятни амалга ошириш жараёнида банк сири тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилишлари лозим ҳамда хизматда фойдаланиладиган ахборотга эга бўлиб, бу ахборотдан битимлар тузиш учун фойдаланиш ва ушбу ахборотни битимлар тузиш учун учинчи шахсларга берилиши тақиқланади.

14. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси ва инвестиция маслаҳатчиси сифатида профессионал фаолият юритувчи банкдан, улар томонидан амалга оширилган қимматли қоғозлар билан операциялар ва битимлар бўйича ахборотни қонунчиликда белгиланган тартибда талаб қилиш ва олиш ҳуқуқига эга.


IV. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИДА ИНВЕСТИЦИЯ

ВОСИТАЧИСИ, ИНВЕСТИЦИЯ АКТИВЛАРИНИНГ ИШОНЧЛИ

БОШҚАРУВЧИСИ ВА ИНВЕСТИЦИЯ МАСЛАҲАТЧИСИ СИФАТИДА

ПРОФЕССИОНАЛ ФАОЛИЯТ ЮРИТУВЧИ БАНКЛАРНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ

16. Банкларнинг қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси ва инвестиция маслаҳатчиси сифатидаги профессионал фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш функцияси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан биргаликда амалга оширилади.

17. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига инвестиция воситачиси, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси ва инвестиция маслаҳатчиси сифатида профессионал фаолият юритувчи банк томонидан қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлиги ҳақида ахборот келиб тушганда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўришга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига чоралар кўриш учун маълумотлар юбориш ҳуқуқига эга.


V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


18. Мазкур Низом талаблари ижроси бўйича назорат Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

19. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 14-15-сон, 105-модда.