Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Инвестиция воситачиларининг эмитентларга расмий дилер (маркет-мейкер)лик хизматларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 26.05.2007 й. 1682-сон билан рўйхатга олинган 09.03.2007 й. ҚҚБМРМ 2007-03-сон, МВ 33-сон МБ Бошқарувининг 289-В-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2007 йил 26 майда 1682-сон

билан рўйхатга олинган

Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги

Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини

мувофиқлаштириш ва назорат қилиш

маркази, Молия вазирлиги ва

Марказий банк Бошқарувининг

2007 йил 9 мартдаги 2007-03, 33,

289-В-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Инвестиция воситачиларининг эмитентларга

расмий дилер (маркет-мейкер)лик хизматларини

амалга ошириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги, "Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида"ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами 2006 йил 39-сон, 387-модда) мувофиқ инвестиция воситачиларининг, шу жумладан тижорат банкларининг ва суғурталовчиларнинг эмитентларга расмий дилер (маркет-мейкер)лик хизматларини амалга ошириш тартибини белгилайди.

Мазкур Низомнинг талаблари давлат қимматли қоғозлари эмитентларига нисбатан татбиқ этилмайди.


1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


савдолар ташкилотчиси - биржа ва биржадан ташқари қимматли қоғозлар савдосини ташкил қилиш фаолиятини белгиланган тартибда амалга оширувчи юридик шахс;


маркет-мейкер - қимматли қоғозларга доир нархлар, талаб ва таклиф даражасини сақлаб туриш учун биржа битимларини тузиш мажбуриятини ўз зиммасига олган инвестиция воситачиси;

савдолар ташкилотчисининг қоидалари - қимматли қоғозларни муомалага киритиш ва муомаладан чиқариш, қимматли қоғозлар нархлари котировкасини аниқлаш жараёнларига доир тартибларни ўз ичига олувчи қимматли қоғозлар савдоси қоидалари, қимматли қоғозларнинг савдоси ташкилотчиси томонидан қатнашчиларга савдоларда иштирок этишларига рухсат бериш тартиби, маълумотларни ошкор этиш тартиби ва қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган бошқа ҳужжатлар;


маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириш ҳақидаги шартнома (кейинги ўринларда - Шартнома) - инвестиция воситачиси ва савдолар ташкилотчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва маркет-мейкерлик хизматларини амалга оширишнинг бошқа муҳим шартларини назарда тутувчи савдолар ташкилотчиси ва инвестиция воситачиси ўртасидаги ёзма келишув;


маркет-мейкерларнинг расмий рўйхати (кейинги ўринларда - Рўйхат) - Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ маркет-мейкерлик хизматларини амалга оширувчи инвестиция воситачиларининг ҳамма танишиб чиқиши учун очиқ бўлган ва савдолар ташкилотчиси томонидан шакллантириладиган расмий рўйхати;


иккиёқлама котировка - ўзи эълон қилган ёки қабул қилган шартлар асосида битимларни тузиш мажбуриятини олган ҳолда, маркет-мейкер томонидан бир вақтнинг ўзида эълон қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш нархлари;


очилиш нархи - маркет-мейкер томонидан савдо сессиясининг очилиши вақтида эълон қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш нархи;


ёпилиш нархи - маркет-мейкер томонидан савдо сессиясининг ёпилиши вақтида эълон қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш нархи;


ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги.


2. МАРКЕТ-МЕЙКЕРЛИК ХИЗМАТЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ШАРТЛАРИ


2. Маркет-мейкерлик хизматлари инвестиция воситачиси томонидан у Рўйхатга киритилганидан кейин амалга оширилади.

3. Инвестиция воситачиси бир нечта эмитентларнинг қимматли қоғозлари бўйича маркет-мейкерлик хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга. Бир эмитентнинг қимматли қоғозлари икки ёки ундан ортиқ маркет-мейкерлар томонидан, савдолар ташкилотчисининг Қоидаларида белгиланган тартибда, котировка қилиниши мумкин.


4. Инвестиция воситачисининг Рўйхатга киритилиши учун зарур шарт бўлиб қуйидагиларнинг мавжудлиги ҳисобланади:

қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси сифатида профессионал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия;

савдолар ташкилотчиси томонидан белгиланган миқдордан кам бўлмаган хусусий капитал;

қимматли қоғозлар эмитенти билан келишув (эмитентнинг махсус дилери хизмати кўрсатилган ҳолларда).


5. Инвестиция воситачиси Рўйхатга киритилиши учун савдолар ташкилотчисига савдолар ташкилотчиси томонидан белгиланган шаклдаги аризани тақдим этади. Аризага ушбу инвестиция воситачиси томонидан тасдиқланган, мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.


6. Маркет-мейкерлик хизматларини кўрсатиш мақсади бўлган инвестиция воситачиси савдолар ташкилотчисидан маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириш шартлари ва талабларига тааллуқли бўлган маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.

Савдолар ташкилотчиси ўзининг Интернетдаги сайтида ўзи томонидан тасдиқланган маркет-мейкерлик хизматларини амалга оширишга қўйилган талаблар, ушбу талабларга ўзгартиришлар ва қўшимчаларни мунтазам равишда эълон қилиб бориши лозим.


7. Ҳар бир аризани кўриб чиқиш натижасига кўра, савдолар ташкилотчиси беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда инвестиция воситачисини Рўйхатга киритиш ёки Рўйхатга киритишни рад этиш ҳақида асосланган қарор қабул қилади.


8. Инвестиция воситачисини Рўйхатга киритишни асоссиз рад этишга йўл қўйилмайди.


9. Рўйхатга киритилиши рад этилган тақдирда, инвестиция воситачиси савдолар ташкилотчиси томонидан кўрсатилган камчиликларни бартараф этганидан кейин, Рўйхатга киритилиши учун умумий асосларга таянган ҳолда такроран ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


10. Инвестиция воситачисини қимматли қоғозларнинг аниқ бир тури бўйича маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириш учун Рўйхатга киритилиши, ушбу инвестиция воситачисига қимматли қоғозларнинг бошқа турлари бўйича ҳеч қандай қўшимча ҳуқуқни бермайди ва/ёки ҳеч қандай қўшимча чеклашларни яратмайди.


11. Инвестиция воситачисини Рўйхатга киритиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, савдолар ташкилотчиси:

қарор қабул қилинган куннинг эртасидан кеч бўлмаган муддатда инвестиция воситачиси билан Шартнома тузади;

инвестиция воситачиси билан шартнома тузилган куни инвестиция воситачисининг номи, эмитентнинг номи ва котировкаланадиган қимматли қоғозларнинг турини кўрсатган ҳолда, инвестиция воситачисини Рўйхатга киритади.


12. Шартноманинг шакли ва мазмуни шартномада кўрсатилган тарафлар томонидан қонунчилик ҳужжатлари талаблари ва савдолар ташкилотчиси Қоидаларига мувофиқ белгиланади.


13. Шартнома имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва инвестиция воситачисининг Рўйхатда бўлиши даври мобайнида амал қилади.


14. Шартноманинг бекор қилиниши қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, мазкур Низом талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.



3. МАРКЕТ-МЕЙКЕР ТОМОНИДАН ПУЛ

МАБЛАҒЛАРИ ВА ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР

ЛИМИТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ


15. Маркет-мейкер савдолар ташкилотчисининг пул маблағлари ва қимматли қоғозлар лимитларини таъминлаш бўйича талабларига амал қилиши шарт.


16. Қимматли қоғозлар ва пул маблағларининг лимитининг минимал миқдори савдолар ташкилотчиси томонидан қимматли қоғозлари маркет-мейкер томонидан котировка қилинаётган эмитентнинг устав фонди миқдоридан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги тартибда белгиланади:

пул маблағлари учун - эмитентнинг ушбу турдаги қимматли қоғозларининг умумий номинал баҳосига нисбатан фоиз ҳисобида;

қимматли қоғозлар учун - эмитентнинг ушбу турдаги қимматли қоғозлари умумий сонига нисбатан фоиз ҳисобида.


17. Савдолар ташкилотчиси ҳар бир савдо сессияси бошланишидан аввал пул маблағлари ва қимматли қоғозлар лимитининг мувофиқлигини аниқлайди.

18. Маркет-мейкер пул маблағлари лимитини таъминлаш мақсадида мазкур Низомда белгиланган тартибда қарз маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга.

19. Қимматли қоғозларнинг лимитини таъминлаш мақсадида маркет-мейкер:

етишмаётган қимматли қоғозлар сонини эмитентдан ёки бошқа қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларидан сотиб олиш;

қимматли қоғозларни сотиб олиш учун репо-битимини тузиш;

қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усуллар билан қимматли қоғозларни сотиб олиш ҳуқуқига эга.


20. Зарур миқдордаги пул маблағлари ва/ёки қимматли қоғозлари мавжуд бўлмаган тақдирда, маркет-мейкер савдолар ташкилотчиси томонидан савдо сессиясига қўйилмайди.


21. Пул маблағлари ёки қимматли қоғозлар лимитини таъминлаш талаблари мунтазам равишда бузилган тақдирда, савдолар ташкилотчиси бу ҳақда маркет-мейкерни ёзма равишда огоҳлантиради.

Инвестиция воситачиси томонидан пул маблағлари ёки қимматли қоғозлар лимити талаблари у бу ҳақда огоҳлантирилганидан кейин ҳам бузилса, савдолар ташкилотчиси уни Рўйхатдан чиқариб юбориш ҳуқуқига эга.


22. Рўйхатдан чиқарилган инвестиция воситачиси савдолар ташкилотчисига ўзини Рўйхатга киритилишини сўраб ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Инвестиция воситачисини Рўйхатга киритиш мазкур Низомнинг 2-бўлимида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.



4. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИНГ МАРКЕТ-МЕЙКЕР

ТОМОНИДАН ИККИЁҚЛАМА КОТИРОВКА ҚИЛИНИШИ


23. Қимматли қоғозларнинг иккиёқлама котировка қилинишининг таъминланиши ва реализация қилиниши маркет-мейкер томонидан савдолар ташкилотчисининг Қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Инвестиция воситачиси томонидан маркет-мейкерлик хизматлари бир вақтнинг ўзида ташкиллаштирилган биржа ва биржадан ташқари бозорларда кўрсатилган тақдирда, биржа ва биржадан ташқари бозорларда у томондан бир хил нарх диапазони белгиланади.


24. Агар ташкиллаштирилган бозорда эмитентнинг қимматли қоғозлари бўйича аввал тузилган битимлар мавжуд бўлмаса, маркет-мейкер ўзи котировка қиладиган қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишнинг бошланғич нархларини мустақил равишда белгилайди, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.


25. Маркет-мейкер қуйидагиларни эълон қилиши шарт:

ҳар бир савдо сессияси бошланишида - сотиб олиш ва сотиш учун очилиш нархлари;

ҳар бир савдо сессияси давомида - жорий вақтдаги сотиб олиш ва сотиш нархлари;

ҳар бир савдо сессияси сўнгида - сотиб олиш ва сотиш учун ёпилиш нархлари.


26. Ёпилиш нархи кейинги савдо сессиясининг очилиш нархи ҳисобланади.


27. Маркет-мейкер томонидан эълон қилинган нархлар, у томондан қимматли қоғозларга бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


28. Котировка (нархлар) шаклланиши ҳаққоний бозор нархларини белгилаш тамойилларидан ва котировка қилинадиган қимматли қоғозлар ликвидлилигини таъминлашдан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши зарур.

Маркет-мейкер томонидан муайян қимматли қоғозларга бўлган нархлар, талаб ва таклиф даражасини ушлаб туриш учун қимматли қоғозларга доир битимлар тузиш қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш ҳисобланмайди.

29. Қимматли қоғозларнинг сотиб олиш ва сотиш нархларини маълум қилишда маркет-мейкер эълон қилинган нархлар тааллуқли бўлган қимматли қоғозларнинг сонини ошкор қилиши шарт, шунингдек эълон қилинган нархларнинг амал қилиш муддатини маълум қилиш ҳуқуқига ҳам эга.


30. Сотиб олиш ва сотиш нархларини эълон қилиш маркет-мейкер томонидан тегишли буюртмаларни савдо тизимига киритиш йўли билан амалга оширилади.

31. Эълонда (қимматли қоғозларни сотиб олиш/сотиш учун аризада) бошқа шартлар бўйича кўрсатмалар кўзда тутилмаганда, маркет-мейкер олди-сотди битимларини савдо қатнашчилари томонидан таклиф қилинган шартлар бўйича тузишга мажбур.


32. Маркет-мейкерлик хизматларини амалги ошириши давомида инвестиция воситачиси ўзи котировкасини олиб бораётган қимматли қоғозларни сотиш ва сотиб олиш бўйича келиб тушаётган буюртмалар, у томонидан эълон қилинаётган сотиш ва сотиб олиш нархлари, шунингдек амалга оширилган ва рад этилган битимлар тўғрисида савдо тизимида акс эттирилган ахборотларнинг қоғоз ва/ёки электрон кўринишдаги алоҳида ҳисобини олиб бориш журналини (кейинги ўринларда - Журнал) юритади.

Журналнинг шакли савдолар ташкилотчиси томонидан белгиланади.


33. Инвестиция воситачиси маркет-мейкерлик хизматларини амалга оширишининг бутун даври давомида Журналга киритилган маълумот ва ахборотларнинг сақланишини таъминлаши лозим. Маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириши тугатилгандан сўнг инвестиция воситачиси Журнални савдолар ташкилотчисига сақлаш учун топшириши лозим.



5. МАРКЕТ-МЕЙКЕРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


34. Маркет-мейкер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

савдолар ташкилотчисидан ўз хизматларини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни сўраб олиш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда эмитент билан келишувни бекор қилиш ёки унинг муддатини узайтириш;

савдолар ташкилотчисига ўзининг хизматларини амалга ошириш шарт-шароитларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;

ўз ҳуқуқларини чегаралайдиган ҳаракатлар юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш;

агар сотиб олинган қимматли қоғозларнинг сони, сотилган қимматли қоғозлар сонини айирганда, савдо сессияси давомида савдолар ташкилотчиси томонидан ушбу турдаги қимматли қоғоз бўйича белгиланган мажбурий котировканинг минимал миқдоридан икки баравар кўп бўлса, мажбурий сотиб олиш котировкасини белгилашни рад этиш;

агар сотилган қимматли қоғозларнинг сони, сотиб олинган қимматли қоғозлар сонини айирганда, савдо сессияси давомида савдолар ташкилотчиси томонидан ушбу турдаги қимматбахо қоғоз бўйича белгиланган мажбурий котировканинг минимал миқдоридан икки баравар кўп бўлса, мажбурий сотиш котировкасини белгилашни рад этиш;

савдолар ташкилотчисининг Қоидалари ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


35. Маркет-мейкер қуйидагиларни бажаришга мажбур:

маркет-мейкерлик хизматларини амалга оширишнинг бутун даври давомида хусусий капитал миқдорига нисбатан қўйиладиган талабларни бажариш;

мазкур Низом, Шартнома ва савдолар ташкилотчисининг Қоидаларига мувофиқ зиммасига олган барча мажбуриятларни бажариш;

фақатгина ўз номидан ва ўз ҳисобидан битимлар тузиш, мазкур Низомнинг 18-бандида назарда тутилган ҳолларда эса, қарз маблағлари ҳисобига битимлар тузиш;

савдолар ташкилотчиси томонидан ўрнатилган нарх диапазонларидан чиқмаган ҳолда, талаб ва таклиф асосида, ўзи котировкасини амалга ошираётган қимматли қоғозларнинг иккиёқлама котировкасини таъминлаш;

ҳар бир савдо сессияси учун ўрнатилган қимматли қоғозлар ва пул маблағлари миқдори лимитларини доимий равишда таъминлаш;

ҳар бир савдо сессиясининг бошланишида қимматли қоғозларнинг қатъий белгиланган бошланғич сотиб олиш ва сотиш нархларини эълон қилиш;

ўзи томонидан савдо тизимига киритилган қатъий белгиланган сотиб олиш ва сотиш нархлари асосида битимлар тузиш;

мазкур Низом ва қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда маълумотларни ошкор этиш;

савдо ташкилотчисининг қоидалари ва қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа талабларни бажариш.



6. МАРКЕТ-МЕЙКЕРЛИК ХИЗМАТЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШДАГИ ЧЕКЛАШЛАР

37. Ушбу қимматли қоғозлар эгаларини ўзгартирмасдан туриб битимлар тузилишига олиб келадиган буюртмаларни қаноатлантирилишига йўл қўйилмайди.


38. Маркет-мейкер буюртмаларни уларнинг келиб тушиши навбати бўйича бажариши шарт ва бир нархдаги, бир партиядаги сотиб олиш ва сотиш учун буюртмаларни бирлаштиришга ҳақли эмас.


39. Маркет-мейкер маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириш учун қарз маблағларини Ўзбекистон Республикасининг резидент жисмоний шахсларидан, шунингдек норезидент юридик ва жисмоний шахсларидан жалб қилишга ҳақли эмас.



7. МАЪЛУМОТНИНГ ОШКОР ЭТИЛИШИ


40. Савдолар ташкилотчиси ўзининг веб-сайтида маркет-мейкерлар номларини ошкор этиши мумкин.

41. Ҳар чорак якунидан сўнг икки иш кунидан кечиктирмасдан маркет-мейкер савдолар ташкилотчисига иккиёқлама котировкаларни амалга ошириш учун мазкур қарз маблағларини берган юридик шахслар томонидан тасдиқланган, жалб қилинган қарз маблағларининг миқдори тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилади.


42. Маркет-мейкер томонидан мазкур Низомнинг 41-бандида кўзда тутилган маълумотларнинг тақдим қилинмаслиги Шартноманинг бекор қилинишига олиб келиши мумкин.



8. МАРКЕТ-МЕЙКЕРЛИК ХИЗМАТЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШНИ ТЎХТАТИШ, ТУГАТИШ


43. Маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириш қуйидаги ҳолларда тўхтатилади ёки тугатилади:

қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси сифатида профессионал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиясининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амал қилиши тўхтатилганда, тугатилганда ёки бекор қилинганда;

қимматли қоғозлар бозорига оид қонунчилик ҳужжатлари, ушбу Низом ёки савдолар ташкилотчисининг Қоидалари талаблари бузилганда;

суд қарори асосида;

ваколатли давлат органининг кўрсатмаси бўйича;

савдолар ташкилотчиси билан тузилган Шартнома шартларининг маркет-мейкер томонидан бузилганида;

маркет-мейкер эълон қилинган нархлар бўйича битимлар тузишдан бир неча бор бош тортганда;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда.


44. Маркет-мейкер ўз хоҳишига кўра, Шартномани бекор қилиниши кутилаётган кундан камида бир ой олдин Шартномани бекор қилиш тўғрисида ёзма ҳабарнома юбориш орқали ўз хизматларини амалга оширишни тугатиш ҳуқуқига эга.



9. НАЗОРАТ ВА ЖАВОБГАРЛИК


45. Қонунчилик ҳужжатларини бузганлик ҳолатлари аниқланган тақдирда савдолар ташкилотчиси икки иш куни мобайнида ваколатли давлат органини ёзма равишда хабардор этиши шарт.


46. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида ўрнатилган тартибда жавобгар бўладилар.


47. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 22-сон, 227-модда.