Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Баркамол авлод" болалар марказларида болалар ўқиганлиги учун ота-оналар тўловини ундириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 23.09.2011 й. 2267-сон билан рўйхатга олинган 10.08.2011 й. Молия вазирлигининг 48-сон, Халқ таълими вазирлигининг 23-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 23 сентябрда 2267-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги ва Халқ

таълими вазирлигининг

2011 йил 10 августдаги

48, 23-сон қарорига

ИЛОВА


"Баркамол авлод" болалар марказларида болалар

ўқиганлиги учун ота-оналар тўловини ундириш

ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралдаги 50-сон "Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 9-сон, 89-модда) қарорига мувофиқ "Баркамол авлод" болалар марказларида ўқиганлиги учун ота-оналар тўловини (кейинги ўринларда - тўлов) ундириш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Тўлов қонунчилик ҳужжатларида белгиланадиган миқдорларда ундирилади.


II. ТЎЛОВНИ АМАЛГА ОШИРИШ


2. Тўлов ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ва "Баркамол авлод" болалар маркази ўртасида тузилган шартномага асосан тўланади. Ушбу шартномада тўлов белгиланган миқдорда ва узрли сабабларсиз тўланмаган тақдирда боланинг таълим олишини тўхтатиш ва бекор қилиш шартлари кўрсатилиши шарт.


3. Ҳар ойда жорий ой учун тўлов мазкур ойнинг 10-санасидан кечиктирмасдан тўланади.


4. Мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган муддатдан сўнг тўлов икки ҳафта мобайнида белгиланган миқдорда ва узрли сабабларсиз тўланмаган тақдирда, боланинг ўқиши тўхтатилади, агар тўлов бўйича қарздорлик ушбу қарздорлик юзага келган кундан бошлаб 30 календарь кун мобайнида тўланган бўлса, боланинг ўқиши қайта тикланади.


5. Тўлов бўйича қарздорлик у юзага келган кундан бошлаб 30 календарь кун мобайнида қопланмаса, бола белгиланган тартибда "Баркамол авлод" болалар марказида таълим олувчилар сафидан чиқарилади. Бу ҳолда боланинг "Баркамол авлод" болалар марказида ўқишини қайта тиклаш янги қабул қилинадиган болалар учун белгиланган тартибда амалга оширилади.


6. Тўлов банк муассасаларига тўланади. Бунда тўловни тасдиқлайдиган ҳужжат (квитанция) нусхаси "Баркамол авлод" болалар марказига тақдим этилади.

Тўлов нақд пулсиз шаклда амалга оширилган ҳолда (пластик карточкалардан тўлашдан ташқари) "Баркамол авлод" болалар марказига тўлов топшириқномасининг нусхаси (тўлов тўланганлиги тўғрисидаги банк белгиси қўйилган ҳолда) тақдим этилади.


7. Тўлов "Баркамол авлод" болалар марказига хизмат кўрсатувчи тегишли ғазначилик бўлимининг ҳудудий ғазначилик ҳисоб рақамларига ўтказилади ва тегишли "Баркамол авлод" болалар марказининг шахсий ғазначилик ҳисоб рақамида ундан кейинчалик фойдаланиш учун ҳисобга олинади.


8. Боланинг "Баркамол авлод" болалар марказига қатнаши бекор қилинганда, жорий ой тўлови ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг бола "Баркамол авлод" болалар марказига қатнаши бекор қилингунига қадар камида уч кун олдин берган ёзма аризасига асосан тўлиқ бўлмаган ой учун (яъни қатнаши бекор қилинган кунга қадар) тўланиши мумкин. Бундай ариза мавжуд бўлмаганида, тўлов тўлиқ ой учун тўланиши шарт.

Бунда, боланинг "Баркамол авлод" болалар марказига қатнашига ушбу ой учун тўловнинг қолган қисми тўланмагунича рухсат берилмайди.



III. ТЎЛОВ ҲИСОБ-КИТОБИ


9. Бир кунлик тўлов миқдорини аниқлаш учун ойлик тўлов миқдори "Баркамол авлод" болалар марказининг бола жорий ойда қатнайдиган тўгараги иш кунларининг режадаги сонига бўлинади.

Бунда, бола "Баркамол авлод" болалар марказидаги биттадан ортиқ тўгаракда ўқийдиган бўлса, тўлов ҳар бир тўгаракда ўқиганлик учун белгиланган миқдорда алоҳида ундирилади.


10. Боланинг "Баркамол авлод" болалар марказига ўзи ёки оила аъзоларининг касаллиги (карантин) оқибатида, шунингдек ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг меҳнат таътили пайтида уч кундан ортиқ кетма-кет келмаганлиги даври учун тўлов кейинги ойлар учун тўлов ҳисобига ҳисобланади. Бунда, "Баркамол авлод" болалар марказининг тегишли иш кунлари сони ҳисобга олинади.

Боланинг "Баркамол авлод" болалар марказига ўзининг ёки оила аъзоларининг касаллиги (карантин) оқибатида узрли сабабга кўра келмаслиги тегишли даволаш муассасаси томонидан берилган маълумотнома билан тасдиқланиши шарт.


11. Болаларнинг "Баркамол авлод" болалар марказига келмаган бошқа барча ҳолларида тўлов умумий асосларда ундирилади.



IV. ТЎЛОВДАН ОЗОД ҚИЛИШ


12. "Баркамол авлод" болалар марказларида таълим олувчиларнинг тегишли контингенти умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оила болалари тўловдан озод қилинади.

Бунда, биринчи навбатда ота-онаси (биттаси ёки иккаласи) I ёки II гуруҳ ногирони бўлган кам таъминланган оила болалари, шунингдек ҳар бир оила аъзоси учун ҳисоблаганда ўртача ойлик даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила болалари тўловдан озод қилинади.


13. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оиланинг кам таъминланганлиги тўғрисида "Баркамол авлод" болалар марказига тақдим этилган маълумотнома болани тўловдан озод қилиш учун асос бўлади.


14. Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати (кейинги ўринларда Рўйхат деб юритилади) молиявий йил бошлангунига қадар "Баркамол авлод" болалар маркази раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади.


15. Болалар "Баркамол авлод" болалар марказида таълим олувчилар сафидан чиқарилиши оқибатида Рўйхат ўзгарган тақдирда, у илгари Рўйхатга кирмаган кам таъминланган оила болаларидан шакллантириладиган захира ҳисобига тўлдирилади. Рўйхатни тўлдиришда ушбу Низомнинг 12-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган биринчи навбатлилик талабларига риоя қилинади.


16. Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчилари ва ички ишлар органларининг профилактик ҳисобига олинган ўқувчилар, шунингдек, "Меҳрибонлик" уйлари, болалар шаҳарчалари, "SOS - Ўзбекистон болалар маҳаллалари" уюшмаси тарбия муассасалари тарбияланувчилари тўловдан озод қилинади.

Тўловдан озод қилинадиган ўқувчилар ва тарбияланувчилар рўйхати имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари, "Меҳрибонлик" уйлари, болалар шаҳарчалари, "SOS - Ўзбекистон болалар маҳаллалари" уюшмаси тарбия муассасалари, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари молия бўлими раҳбарлари билан келишилган ҳолда "Баркамол авлод" болалар маркази раҳбари томонидан тасдиқланади.


V. ТЎЛОВЛАРДАН ТУШАДИГАН

МАБЛАҒЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


17. Тўлов сифатида тушган маблағлар:

тўгарак фаолияти учун зарур бўлган хом ашё ва материаллар, моддий бойликлар (мебель, асбоб-ускуна ва жиҳозлар, компьютер техникаси ва бошқалар) харид қилишга;

маданий оммавий тадбирларни ўтказиш ва уларда қатнашиш билан боғлиқ харажатларга;

ўқувчилари республика миқёсида ўтказиладиган кўрик-танловлар ва фестивалларда 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган тўгарак раҳбарларини тегишинча энг кам ойлик иш ҳақининг беш, тўрт, уч баробари миқдорида моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.


VI. БУХГАЛТЕРЛИК ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТИ


18. Бухгалтерлик ҳисобини юритиш, шунингдек тўловлардан тушадиган маблағларнинг кирим қилиниши ва сарфланиши ҳисоботларини тузиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


19. Тўловларнинг ўз вақтида тушиши ва тўғри ҳисобланиши, ҳисоб ва ҳисобот юритилиши, шунингдек тушган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг жойлардаги ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.


20. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


21. Ушбу Низом "SOS - Ўзбекистон болалар маҳаллалари" уюшмаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 39-сон, 400-модда