Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш бўйича ҳудудий комиссия тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.06.2013 й. 169-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 14 июндаги

169-сон қарорига

2-ИЛОВА


Нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларни

ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш

соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш бўйича

ҳудудий комиссия тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш бўйича ҳудудий комиссия (кейинги ўринларда ҳудудий комиссия деб аталади) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилади.

Ҳудудий комиссия нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятига лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилади.


2. Ҳудудий комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва мазкур Низомга мувофиқ амалга оширади.


3. Ҳудудий комиссиянинг шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамасининг нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш комиссияси томонидан белгиланадиган намунавий таркиб асосида шакллантирилади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарорлари билан тасдиқланади.


4. Ҳудудий комиссия фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш Вазирлар Маҳкамасининг нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш комиссияси томонидан амалга оширилади.


5. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари ҳудудий комиссияларнинг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи органи деб аталади) функциясини бажарадилар.



II. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар ҳудудий комиссиянинг асосий функциялари ҳисобланади:

лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш;

нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензиялар бериш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияларни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар қабул қилиш;

йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига дубликат бериш тўғрисида қарор қабул қилиш;

нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасидаги ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун эксперт гуруҳларини шакллантиришда ишчи органга кўмаклашиш;

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан назорат қилиш;

ишчи орган томонидан лицензия талабгорлари ҳужжатлари бўйича тайёрланган эксперт хулосаларини ўрганиш ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш;

нодавлат таълим муассасалари томонидан чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти бўйича лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилиши текширилишини ташкил этиш.



III. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


7. Ҳудудий комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатлари доирасида давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларидан зарур материалларни сўраш;

зарур ҳолларда, ишчи органдан нодавлат таълим муассасаси фаолияти тўғрисидаги маълумотларни аниқлаштириш учун қўшимча ҳужжатларни сўраш;

лицензия талабгори томонидан тақдим этилган ҳужжатларни экспертиза қилиш учун мутахассисларни жалб этиш;

ишчи орган фаолиятини назорат қилиш.



IV. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯНИНГ ИШ ТАРТИБИ


8. Ҳудудий комиссиянинг мажлислари ҳужжатларнинг келиб тушишига қараб, бироқ ойида камида бир марта ўтказилади. Зарур ҳолларда навбатдан ташқари мажлислар ўтказилиши мумкин.


9. Нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти ҳужжатлари бўйича эксперт хулосаси ҳамда ишчи орган томонидан тайёрланган, ҳудудий комиссиянинг тегишли қарори лойиҳаси билан лицензиялар бериш ёки лицензиялар беришни рад этиш тўғрисидаги таклиф ҳудудий комиссиялар аъзоларига танишиш учун мажлис бошланишидан камида 3 кун олдин етказилади.


10. Ҳудудий комиссиянинг мажлиси унинг аъзоларининг мажлисда камида 2/3 қисми иштирок этиши шартларида ўтказилади. Ҳудудий комиссия қарори кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


11. Ҳудудий комиссиянинг аъзоси унинг қарорига рози бўлмаганда комиссия аъзоси протоколга илова қилинадиган ўз фикрини ёзма равишда баён қилиши мумкин.


12. Ҳудудий комиссиянинг қарори протокол билан расмийлаштирилади.


13. Ҳудудий комиссиянинг раиси бўлмаганда унинг функциясини раис ўринбосари бажаради.


14. Ҳудудий комиссия ҳар чоракда ҳисоботдан кейинги ойнинг 10-кунигача Вазирлар Маҳкамасининг нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш комиссияси ишчи органига белгиланган шакл бўйича ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 24 июнь, 25-сон, 324-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 6-сон, 39-модда