Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

2011-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш дастурини амалга ошириш бўйича Махсус комиссия тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.03.2012 й. 76-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 20 мартдаги

76-сон қарорига

ИЛОВА


2011-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг

моддий-техника базасини модернизация қилиш

ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан

яхшилаш дастурини амалга ошириш бўйича

Махсус комиссия тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом 2011-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш дастурини амалга ошириш бўйича Махсус комиссиянинг (кейинги ўринларда Махсус комиссия деб аталади) фаолиятини амалга ошириш тартибини, вазифалари ва ваколатларини белгилайди.


2. Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2011 йил 20 майдаги ПҚ-1533-сон қарори билан ташкил этилган коллегиал орган ҳисобланади.


3. Махсус комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.



II. МАХСУС КОМИССИЯНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Қуйидагилар Махсус комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

2011-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) амалга оширилишининг тизимли мониторингини олиб боришни таъминлаш ҳамда ҳар ярим йиллик ва умуман йил якунлари бўйича унинг жорий ижроси натижаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларининг кўриб чиқиши учун киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) умумий раҳбарлик қилиш ва Жамғармага юкланган вазифаларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг таклифлари бўйича олий таълим муассасалари бинолари ва иншоотларининг амалдаги техник ҳолатини, шунингдек ҳар бир олий таълим муассасасининг моддий-техник таъминланганлигини ҳисобга олган ҳолда уларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг ҳар йилги манзилли дастурларини тасдиқлаш;

Жамғарманинг даромадлари барқарор шакллантирилиши, ўз вақтида молиялаштирилиши ва Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини доимий назорат қилиш;

Жамғарма олдига қўйилган вазифаларни ҳал этишга манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик юритувчи субъектлар ва нотижорат ташкилотларни жалб этиш, шунингдек хайр-эҳсон қилувчиларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг грантлари ва маблағларини жалб этишда Жамғармага кўмаклашиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни амалга ошириш.



III. МАХСУС КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


5. Махсус комиссия ишларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Махсус комиссиянинг вазифаларини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни вазирликлар ва идоралардан сўраш ва белгиланган тартибда олиш;

ўз мажлисларида вазирликлар ва идоралар вакилларининг, шунингдек Махсус комиссия ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича Махсус комиссия аъзоларининг ахбороти ва ҳисоботларини эшитиш;

зарурият бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2011 йил 20 майдаги ПҚ-1533-сон қарори билан маъқулланган рўйхатга киритилган олий таълим муассасалари объектлари бўйича танлов тартиб-қоидалари ўтказилишини тезлаштириш, уларнинг юқори сифатли бўлишини таъминлашни назарда тутган ҳолда лойиҳа ва тендер ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш муддатлари тўғрисида қарор қабул қилиш;

зарурият бўлганда, календарь йил мобайнида Жамғарма даромадлари (манбалар бўйича) ва харажатлари прогноз параметрларини аниқлаштиришга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг, шунингдек тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг хулосалари асосида манзилли дастурнинг прогноз қувватларига ўзгартиришлар киритиш;

2011-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш дастурини амалга ошириш доирасида алоҳида масалаларни ўрганиш ва улар бўйича таклифлар тайёрлаш учун ишчи гуруҳлар ташкил этиш.

махсус комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



IV. МАХСУС КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Махсус комиссияга раис бошчилик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Махсус комиссия мажлисларининг кун тартибини белгилаш ва уларни чақириш;

Махсус комиссия томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини назорат қилишни ташкил этиш;

Махсус комиссияга юкланган вазифаларнинг бажарилиши бўйича унинг аъзолари ишларини мувофиқлаштириш;

Махсус комиссия томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳлар фаолиятини назорат қилиш;

Махсус комиссиянинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ишларни бажариш.


7. Махсус комиссия мажлисларни, заруриятга кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир марта манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналарнинг раҳбарларини таклиф этган ҳолда ўтказади.

Махсус комиссия аъзосининг ташаббуси билан навбатдан ташқари мажлис ўтказилиши мумкин. Махсус комиссиянинг навбатдан ташқари мажлисини ўтказиш тўғрисидаги асосли талаб ёзма шаклда ишчи органга юборилади.


8. Махсус комиссия мажлисини унинг раиси олиб боради. Комиссия раиси ҳозир бўлмаган тақдирда, мажлисни унинг ўринбосари олиб боради. Агар Махсус комиссия мажлисида унинг аъзоларининг камида тўртдан уч қисми ҳозир бўлса, мажлис ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади.


9. Махсус комиссия раиси билан келишув бўйича Махсус комиссиянинг узрли сабабларга кўра мажлисда ҳозир бўлмаган аъзоларини уларнинг овоз бериш ҳуқуқисиз қатнашадиган вакиллари алмаштириши мумкин.


10. Махсус комиссия мажлисларида тегишли вазирликлар ва идораларнинг таклифлари, шунингдек ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилган ўрганишлар натижалари кўриб чиқилади.



V. МАХСУС КОМИССИЯНИНГ ИШЧИ ГУРУҲЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


11. Юкланган вазифаларни амалга ошириш учун Махсус комиссия, зарурият бўлганда, ишчи гуруҳлар ташкил этади, уларда ишлаш учун тегишли мутахассисларни жалб этади.


12. Ишчи гуруҳлар фаолияти Махсус комиссиянинг иш режасига ва Махсус комиссия раиси томонидан тасдиқланган Дастурни амалга ошириш бўйича масалаларни ўрганиш жадвалига мувофиқ ташкил этилади.


13. Ишчи гуруҳ Дастурни амалга ошириш доирасида назарда тутилган олий таълим муассасалари объектлари бўйича қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг ҳолатини жойига бориб ўрганади ва таҳлил қилади. Бунда ўрганиш ва таҳлил Махсус комиссия раиси томонидан тасдиқланган ўрганиш режаси ва саволномасига мувофиқ амалга оширилади.


14. Ишчи гуруҳ жойга боргунга қадар тайёрланган режа ва ўрганиш саволномаси тегишли олий таълим муассасаларига юборилади, Олий таълим муассасалари улар асосида зарур материаллар тайёрланишини таъминлайди.


15. Ишчи гуруҳ жойга келгандан кейин тегишли олий таълим муассасаси томонидан тайёрланган материалларни, шунингдек Махсус комиссия қарорлари бажарилишини ўрганади ва таҳлил қилади.

Дастурни амалга ошириш доирасида назарда тутилган олий таълим муассасалари объектлари бўйича қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг ҳолатини ўрганиш ишчи гуруҳ томонидан бевосита тегишли олий таълим муассасасига бориб, ишлаб турган, қурилаётган, реконструкция қилинаётган ва таъмирланаётган объектларда амалга оширилади.

Ишчи гуруҳ ўз функцияларини амалга оширишда:

Дастурни амалга ошириш доирасида назарда тутилган олий таълим муассасалари объектлари бўйича қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг ҳолатини ўрганиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек тасарруфида олий таълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идораларнинг мутахассисларини жалб этиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари бўлинмаларидан, шунингдек тасарруфида олий таълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралардан зарур маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш ҳуқуқига эга.


16. Ишчи гуруҳ ўрганиш натижалари бўйича тегишли олий таълим муассасаси билан биргаликда Махсус комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун хулоса ва зарур материалларни тайёрлайди. Хулоса ишчи гуруҳ ва олий таълим муассасаси раҳбарлари томонидан имзоланади ҳамда бошқа материаллар билан бирга Махсус комиссияга киритилади.


17. Ишчи гуруҳлар раҳбарлари ва аъзолари ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарлари тайёрланган материалларнинг сифати ва холисоналиги учун шахсан жавоб берадилар.



VI. МАХСУС КОМИССИЯНИНГ ИШЧИ ОРГАНИ ВА КОТИБИ


18. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари ахборот-таҳлил департаменти Махсус комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

19. Махсус комиссиянинг ишчи органи:

навбатдаги давр учун Махсус комиссиянинг иш режаси лойиҳасини тайёрлайди;

Махсус комиссиянинг навбатдаги мажлисига барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан, шунингдек тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар, идоралардан ва Махсус комиссия аъзоларидан зарур материалларни олиш ҳуқуқига эга бўлади;

кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материалларни тайёрлашни ва Махсус комиссия мажлислари ўтказилишини ташкил қилади;

Махсус комиссиянинг кўриб чиқиши учун ахборот ва таҳлилий материалларни, шунингдек унинг қарорларига мувофиқ бошқа материалларни тақдим этади.


20. Махсус комиссия котиби:

барча зарур материаллар Комиссиянинг навбатдаги мажлисига ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

Комиссия мажлисига материаллар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар ва ишчи орган ишларини ташкил қилади;

кун тартибидаги масалалар бўйича Комиссия мажлислари ўтказилишини ташкил қилади;

мажлисларни ўтказиш муддатлари ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар контингентини Махсус комиссия раиси билан келишиб олади;

Махсус комиссия аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойидан хабардор қилади;

Махсус комиссия қарорларининг ижроси мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини кўриб чиқиш учун Махсус комиссия мажлисига тақдим этади;

Махсус комиссия протоколларини расмийлаштиради ва тасдиқланган протоколларни Махсус комиссия аъзоларига, манфаатдор вазирликлар ва идораларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юборади.


21. Махсус комиссия мажлисининг кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича ҳужжатлар туркумида қарор қабул қилиш учун зарур бўлган материаллар (ишчи гуруҳларнинг хулосалари, таҳлилий маълумотлар, жадваллар ва шу кабилар) ҳамда Махсус комиссия қарорининг лойиҳаси мавжуд бўлиши керак.



VII. МАХСУС КОМИССИЯ ТОМОНИДАН ҚАРОРЛАР

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ ИЖРОСИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


22. Махсус комиссиянинг қарори мажлисда қатнашаётган комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Махсус комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Махсус комиссиянинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўз фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақлидир.


23. Махсус комиссия раиси қарорларни тезкорлик билан қабул қилиш мақсадида комиссия аъзолари билан келишилган алоҳида масалалар бўйича Махсус комиссия қарорини сўров йўли билан тасдиқлаши мумкин.


24. Махсус комиссиянинг қарорлари ишчи орган томонидан Махсус комиссия мажлиси протоколи билан расмийлаштирилади. Махсус комиссия мажлисининг протоколига унинг барча аъзолари виза қўяди, у масъул котиб томонидан имзоланади, Махсус комиссия раиси томонидан тасдиқланади ҳамда бир ҳафта муддатда Махсус комиссия аъзоларига, шунингдек тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган манфаатдор вазирликлар ва идораларга юборилади.


25. Махсус комиссия протоколининг асл нусхаси ҳамда унга доир материаллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари ахборот-таҳлил департаментида сақланади.

26. Махсус комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви органлари, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


27. Махсус комиссиянинг ишчи органи Махсус комиссия қарорларининг ижроси назорат қилинишини таъминлайди.


28. Ишчи орган Махсус комиссия қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганади ва кўриб чиқади, зарурият бўлганда Махсус комиссия раисига тегишли таклифлар киритади.


29. Махсус комиссия қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши ҳолатини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 12-сон, 134-модда