Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 17.06.2014 й. 2-сон "Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 26-бандига расмий шарҳ бериш тўғрисида"ги Буйруғи

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС

ТАЪЛИМ ВАЗИРИНИНГ

17.06.2014 й.

N 2


БУЙРУҒИ



Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими

муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли

ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби

тўғрисидаги низомнинг 26-бандига расмий

шарҳ бериш тўғрисида



Олий таълим муассасалари битирувчи курс талабаларининг охирги ўқув йили учун тўловларни амалга ошириш тартиби бўйича тушаётган мурожаатларни инобатга олган ҳолда, шунингдек ҳуқуқий нормаларни турлича талқин қилинишининг олдини олиш мақсадида БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2012 йил 28 декабрдаги 508-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2431, 2013 йил 26 февраль) билан тасдиқланган Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 26-бандига иловага мувофиқ расмий шарҳ берилсин.


2. Мазкур буйруқ тасдиқлангандан кейин ўн кунлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига келишиш учун юборилсин.


3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилгандан кейин ижрога юборилсин.



Вазир                                                                                        А. Вахабов






Буйруққа

ИЛОВА



Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими

муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли

ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби

тўғрисидаги низомнинг 26-бандига (рўйхат

рақами 2431, 2013 йил 26 февраль)

РАСМИЙ ШАРҲ


Мазкур Низомнинг 26-бандига мувофиқ, олий таълим муассасалари битирувчи курс талабаларининг охирги ўқув йили (қисмларга бўлиб тўланганда охирги ўқув семестри) учун тўлов, тўловнинг белгиланган миқдоридан июль ва август ойлари учун тўланадиган стипендия миқдорини чегириб қолиш орқали амалга оширилади.

Бунда, чегириб қолинадиган стипендия миқдори контракт асосида ўқитиш учун тўлов миқдорининг охирги белгиланган стипендиянинг миқдори 0,75 коэффициенти қўлланган базавий миқдоридан келиб чиқиб аниқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг 2004 йил 10 мартдаги 2-П ва 43-сонли қарори (рўйхат рақами 1339, 2004 йил 16 апрель) билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 17-бандига мувофиқ, олий таълим муассасалари битирувчи курс талабаларининг охирги ўқув йили учун тўлов (қисмларга бўлиб тўланганда охирги ўқув семестри учун), тўловнинг белгиланган миқдоридан июль ва август ойлари учун тўланадиган стипендия миқдорини чегириб қолиш орқали амалга оширилади. Бунда, чегириладиган стипендия суммаси стипендиянинг базавий миқдоридан келиб чиқиб олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитишнинг охирги белгиланган қийматининг миқдорига 0,75 коэффициентини қўллаган ҳолда аниқланади.

Шунга асосан, Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2431, 2013 йил 26 февраль) 26-бандида келтирилган "охирги белгиланган" деган сўзлар тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг миқдорига тааллуқли бўлиб, чегириб қолинадиган сумма - мазкур тўлов-контракт миқдори белгиланган даврдаги стипендиянинг 0,75 коэффициенти қўлланган базавий миқдоридан келиб чиқиб аниқланади.

Масалан, Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультетида 2013/2014 ўқув йили учун тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати 6 050 000 сўмни ташкил этади.

2013 йил 15 августдан стипендиянинг 0.75 коэффициент учун базавий миқдори 231 580 сўмни, 2013 йил 15 декабрдан 243 159 сўмни ташкил этди.

Бунда:

битирувчи курс талабалари охирги ўқув йили учун тўловни тўлиқ тўлаган тақдирда, 6 050 000 сўмдан (икки ойлик стипендия миқдори) 463 160 сўм чегириб ташланади ва тўлов миқдори 5 586 840 сўмни ташкил этади;

битирувчи курс талабалари охирги ўқув йили учун тўловни қисмларга бўлиб тўлаган тақдирда, биринчи семестр учун тўлов миқдори 3 025 000 сўмни, 3 025 000 сўмдан (икки ойлик стипендия миқдори) 463 160 сўм чегириб ташланади ва иккинчи семестр учун тўлов миқдори 2 561 840 сўмни ташкил этади;

битирувчи курс талабалари охирги ўқув йили учун тўловни қисмларга бўлиб тўлаган тақдирда, биринчи семестр учун тўлов миқдори 3 025 000 сўмни, 2013 йил 15 декабрдан стипендиянинг миқдори оширилиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати ўзгармаган бўлса, 3 025 000 сўмдан (икки ойлик стипендия миқдори) 463 160 сўм чегириб ташланади ва иккинчи семестр учун тўлов миқдори 2 561 840 сўмни ташкил этади;

битирувчи курс талабалари охирги ўқув йили учун тўловни қисмларга бўлиб тўлаган тақдирда, биринчи семестр учун тўлов миқдори 3 025 000 сўмни, 2013 йил 15 декабрдан стипендиянинг миқдори оширилиб, иккинчи семестр учун тўлов амалга оширилаётган вақтда тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати 5 фоизга (ўқув йили учун 6 352 500 сўм) оширилган бўлса, 3 176 250 сўмдан (икки ойлик стипендия миқдори) 486 318 сўм чегириб ташланади ва тўлов миқдори 2 689 932 сўмни ташкил этади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 23 июнь, 25-сон