Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.06.2010 й. 109-сон "Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан қамраб олишни таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

07.06.2010 й.

N 109


УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИНИНГ

9-СИНФ БИТИРУВЧИЛАРИНИ АКАДЕМИК

ЛИЦЕЙЛАР ВА КАСБ-ҲУНАР КОЛЛЕЖЛАРИДА

ЎҚИТИШ БИЛАН ҚАМРАБ ОЛИШНИ ТАЪМИНЛАШ

БЎЙИЧА НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ БАЗАНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


"Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш, иқтисодиётнинг реал тармоқларида талаб мавжуд бўлган мутахассисликлар бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли кадрлар тайёрлаш даражаси ва сифатини оширишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш кўрсаткичларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш ва расмийлаштиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар тасдиқланган Низомларга қатъий амал қилсинлар ҳамда уларда белгиланган талабларга белгиланган муддатларда сўзсиз риоя қилинишини таъминласинлар.


3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда умумтаълим мактабларининг 8-9-синф ўқувчиларини касбга йўналтириш ва психологик-педагогик ташҳис ишларини аниқ мақсадни кўзлаб, самарали ва мунтазам ташкил этсин;

бир ой муддатда ўқувчиларни касбга йўналтириш ва психологик-педагогик ташҳис тизимини танқидий кўриб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Халқ таълими муассасаларида психологик хизмат тўғрисидаги низом лойиҳасини киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш тўғрисидаги маълумотларнинг холислигини мунтазам текшириб борсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 23-сон, 184-модда.