Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Профессионал таълим муассасалари педагог кадрлари ва муҳандис-педагог кадрларининг бўш лавозимларни эгаллаш учун уларни танлов асосида танлаб олиш тўғрисида Низом (Янги таҳрирда) (АВ томонидан 28.03.2005 й. 1461-сон билан рўйхатга олинган 24.03.2005 й. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 04/ҚҚ-сон, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 01-76-сон, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 01/1184-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2005 йил 28 мартда 1461-сон

билан рўйхатга олинган

Олий ва ўрта махсус таълим

вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар

таълими марказининг, Вазирлар

Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат

тест марказининг, Меҳнат ва

аҳолини ижтимоий муҳофаза

қилиш вазирлигининг

2005 йил 24 мартдаги

04/ҚҚ, 01-76, 01/1184-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Профессионал таълим муассасалари педагог

кадрлари ва муҳандис-педагог кадрларининг

бўш лавозимларни эгаллаш учун уларни танлов

асосида танлаб олиш тўғрисида

НИЗОМ

(Янги таҳрирда)


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сон "Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги ПҚ-4391-сон "Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 августдаги 466-сон "Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ профессионал таълим муассасаларининг бўш (вакант) ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари лавозимларига танлов ўтказиш тартибини белгилайди.

Танлов профессионал таълим муассасаларига замонавий талабларга жавоб берувчи юқори малакали, чуқур касбий билимга, ижодий ва илмий потенциалга, юксак ахлоқий ва маънавий сифатларга эга бўлган кадрларни саралаб олиш мақсадида ўтказилади.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Профессионал таълим муассасаларининг ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари (бундан буён матнда педагоглар деб юритилади) лавозимларига номзодлар танлов асосида қабул қилинади. Танлов бўш (вакант) лавозимларга эълон қилинади.

1-1. Педагог лавозими бўшаганидан кейин 10 кун ичида педагог лавозимига профессионал таълим муассасаси томонидан оммавий ахборот воситаларида ва профессионал таълим муассасасининг расмий веб-сайтида (агар мавжуд бўлса) танлов ўтказиш тўғрисида эълон берилади.

2. Педагог лавозимига танлов мазкур Низомга асосан тузиладиган танлов ўтказиш бўйича комиссия томонидан ўтказилади.

3. Профессионал таълим муассасаларига соатбай ҳақ тўлаш асосида ишга қабул қилинаётган шахслар директор буйруғи билан танловсиз расмийлаштирилади.

5. Профессионал таълим муассасаларининг:

умумтаълим фанлари бўйича педагог лавозимини эгаллаш учун танловда илмий даражага (илмий унвон) ёки педагогик мутахассислик бўйича бакалавр ёки магистр даражасига эга ёхуд дипломли мутахассислар иштирок этишлари мумкин;

махсус фан ва касбий таълим (амалиёт) педагог лавозимига ўтказиладиган танловда таълим муассасаси йўналиши ва ихтисосликларига мос келадиган илмий даражага (илмий унвон) ёки бакалавр ёхуд магистр даражасига эга, шунингдек дипломли мутахассислар иштирок этади. Халқ ҳунармандчилиги йўналишларидаги профессионал таълим муассасаларининг касбий таълим (амалиёт) педагог лавозимини эгаллаш учун танловда ишлаб чиқариш корхоналарининг юқори разрядли ходимлари ва миллий ҳунармандчилик усталари, ўрта махсус маълумотга эга мутахассислар иштирок этишлари мумкин.

6. Профессионал таълим муассасасига айлантирилаётган бошқа турдаги таълим муассасалари педагоглари танловда умумий асосда иштирок этадилар.

7. Педагог лавозимини эгаллаш учун ўтказиладиган танловда номзодлар аризасига биноан иштирок этадилар.

8. Суд ҳукмига кўра педагогик фаолият билан шуғулланиши ман этилган шахслар танловга қўйилмайдилар.


9. Педагогларни танловдан ўтказиш бўйича тахминий саволлар мажмуи ва танлов ўтказиш жадвали Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари ёхуд бўйсунувида таълим муассасаси бўлган вазирлик ёки идора томонидан ишлаб чиқилади.


II. ТАНЛОВ ЎТКАЗИШ

11. Танлов эълон қилинган кундан бошлаб 20 кун ичида педагог лавозимига танловда иштирок этишни хоҳлаган номзодларнинг аризалари тегишли профессионал таълим муассасасига тақдим этилади.

12. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

сўровнома (кадрларни ҳисобга олиш варақаси) ва таржимаи ҳол;

маьлумоти ҳақидаги ҳужжатнинг нусхаси;

илмий даража ва илмий унвонлари ҳақидаги ҳужжатларнинг нусхалари (мавжуд бўлса);

илмий-услубий ишлар ва ихтиролар рўйхати (мавжуд бўлса);

Номзодга ҳужжатлар қабул қилиб олинганлиги ҳақида тилхат берилади.

12-1. Танлов номзодлардан ҳужжатларни қабул қилиш тугагандан кейин 15 кун ичида ўтказилади.

13. Педагог лавозимига танлов ўтказиш учун профессионал таълим муассасаси директорининг буйруғи билан танлов комиссияси тузилади.

14. Профессионал таълим муассасаси раҳбари томонидан тайинланадиган масъул ходим номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқади ва танлов комиссиясига тақдим қилади.

15. Танлов комиссияси таркиби камида 5 кишидан иборат бўлади.

16. Танлов комиссияси кўпчилик томондан очиқ овоз бериш йўли билан танлов натижалари бўйича қарор қабул қилади. Овозлар тенг бўлган тақдирда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Танловни ўтказиш ва танлов натижалари танлов комиссияси баёни билан расмийлаштирилади.


III. ТАНЛОВ НАТИЖАЛАРИ

18. Педагог лавозимига танлаб олинган номзод билан профессионал таълим муассасаси директори белгиланган тартибда меҳнат шартномасини тузади ва буйруқ билан расмийлаштиради.

19. Танлов комиссияси қароридан норози бўлган шахслар юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишлари мумкин.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 12-13-сон, 96-модда.