Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қишлоқ врачлик пункти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.03.2008 й. 48-сон қарорига 5-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 18 мартдаги

48-сон қарорига

5-ИЛОВА



Қишлоқ врачлик пункти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.

Қишлоқ врачлик пункти (кейинги ўринларда ҚВП деб аталади) тегишли ҳудудда қишлоқ аҳолисига врачнинг дастлабки тиббий-санитария ёрдами кўрсатишига мўлжалланган даволаш-профилактика муассасаси ҳисобланади.


2. ҚВП қишлоқ жойларда аҳолининг жойлашиш тизими, аҳоли пунктлари сони ва йироқда жойлашганлиги, хизмат кўрсатиш доираси, йўл тармоғи ривожланганлиги, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва ишлаб чиқаришнинг бошқа турлари хусусияти ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилади.

Хизмат кўрсатиладиган аҳоли сонига қараб ҚВП:

1500 кишигача хизмат кўрсатадиган - биринчи типда;

1500 кишидан 3500 кишигача хизмат кўрсатадиган - иккинчи типда;

3500 кишидан 6000 кишигача хизмат кўрсатадиган - учинчи типда;

6000 кишидан 10000 кишигача хизмат кўрсатадиган - тўртинчи типда бўлиши мумкин.


3. ҚВП врачларининг штатдаги таркиби сони ҚВП типига ва хизмат кўрсатиладиган аҳоли сонига қараб белгиланади.


4. ҚВП давлат муассасаси шаклида ташкил этилади, мустақил юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, ҚВПнинг тўлиқ номи ёзилган муҳрга эга бўлади.


5. ҚВП барча зарур коммуникациялар: электр, иситиш, сув таъминоти, канализация ва телефон алоқаси билан таъминланган бўлиши керак.


6. ҚВП ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига ва бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруқлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.



II. ҚВП ФАОЛИЯТИНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. Умумий амалиёт врачи ва оилавий тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш принциплари асосида қишлоқ аҳолисига сифатли дастлабки тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш ҚВПни ташкил этиш ва унинг фаолияти мақсади ҳисобланади.


8. Қуйидагилар ҚВПнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

қишлоқ аҳолисига ҳам алоҳида мижозлар, ҳам бутун оила даражасида энг кўп учрайдиган касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш бўйича тиббий хизматлар кўрсатиш;

ўз вақтида тиббий маслаҳат бериш, кам учрайдиган касалликлар, ёхуд касаллик кечишининг оғир ва типик бўлмаган вариантлари ҳолатида мижозларни кўрсаткичлари бўйича шифохонага ётқизиш учун ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига йўлланма бериш;

диагностика ва даволаш стандартларига мувофиқ хизмат кўрсатилаётган ҳудуд аҳолисига шифохонага ётқизилгунга қадар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш;

хизмат кўрсатиладиган аҳоли ўртасида касалланиш, жароҳатланиш, ногиронлик ҳамда ўлимнинг олдини олиш ва камайтириш тадбирларини амалга ошириш;

касалликларни аниқлаш, ижтимоий аҳамиятли касалликларга, шу жумладан сил, тери-таносил касалликлари, хавфли ўсмалар, ОИТС ва ОИВ инфекциясига қарши кураш бўйича тадбирларни амалга ошириш мақсадида биринчи навбатда болалар, ўсмирлар, бола туғиш ёшидаги аёллар, ёлғиз, кекса кишилар, ногиронлар, сурункали касалликларга чалинган беморларни текшириш учун олдини олиш ва мақсадли тиббий текширишларни ташкил этиш;

комплекс санитария-эпидемияга қарши чора-тадбирларни (профилактик эмлаш, муассасалар ва объектлар, сув таъминоти ва аҳоли яшайдиган жойларни тозалаш устидан жорий санитария назорати), аҳолини санитария-гигиеник тарбиялаш, соғлом турмуш тарзини, шу жумладан оқилона овқатланишни тарғиб қилиш, алкоголь истеъмол қилиш, чекиш ва бошқа зарарли одатларга қарши кураш олиб бориш чора-тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

ижтимоий ёрдам кўрсатиш ходимлари билан биргаликда ёлғиз, кекса, ногирон, сурункали касалликларга чалинган беморлар патронажини ташкил этиш ва тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш;

вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик экспертизасини белгиланган тартибда ўтказиш, беморларнинг соғлиғи ва меҳнатга лаёқати ҳолатини врач экспертизасидан ўтказиш учун Врачлар маслаҳат комиссияси ва Тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига йўлланма бериш, касалликка чалиниш ва жароҳатланишни пасайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

оммавий дала ишлари даврида касалхонадан ташқари ёрдамни қишлоқ хўжалиги ходимларига яқинлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

жиҳозлаш ва диагностика стандартларига мувофиқ лаборатория тадқиқотлари ва инструментал тадқиқотлар олиб бориш.



III. ҚВПНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. ҚВП белгиланган мақсадларга эришиш ва зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзининг балансига берилган давлат мол-мулкидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

асосий воситаларни ижарага олиш ёки ижарага бериш, кредитлар, қарз маблағлари, грантлар ва бошқа молиявий ёрдамни жалб этиш;

ҚВП ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш миқдорларини мустақил белгилаш;

профессионал фаолиятни амалга ошириш жараёнида яратилган интеллектуал мол-мулк объектларига муаллифлик ҳуқуқларини олиш ва улардан фойдаланиш; қонун ҳужжатларига, ҚВП мақсадлари ва фаолияти предметига зид бўлмаган фаолиятнинг бошқа турларини амалга ошириш.


10. ҚВП:

бириктирилган ҳудуд аҳолисини малакали врач ёрдами билан таъминлаши;

беморларни амбулаторияда қабул қилиш ва уларнинг уйига боришни амалга ошириши;

диагностика ва даволаш стандартларига мувофиқ шифохонага ётқизилгунгача шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиши;

мижозларнинг ҳуқуқларига, шу жумладан мижоз тўғрисидаги тиббий ахборотнинг махфийлиги ҳуқуқига риоя қилиши;

ҚВП хоналарида зарур санитария-гигиена режимини, асептика ва антисептика қоидаларини, инъекциядан кейин асоратлар, зардобли гепатит, ОИТС, бошқа юқумли касалликлар профилактикасини таъминлайдиган инструментлар ва материалларни стерилизация қилиш шароитларини таъминлаши;

мавжуд тиббиёт асбоб-ускуналари, аппаратлар ва мол-мулк сақланиши ва улардан самарали фойдаланилишини таъминлаши;

оммавий юқумли касалликлар, овқатдан заҳарланишнинг барча ҳоллари ва фавқулодда вазиятлар тўғрисида тегишли хизматларни ўз вақтида хабардор қилиши шарт.



IV. ҚВПНИНГ ТУЗИЛМАСИ ВА ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


11. ҚВПнинг тузилмаси илова қилинади*.


12. ҚВПга белгиланган тартибда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган мудир раҳбарлик қилади.

ҚВПда ҚВП мудирининг ўринбосари ҳуқуқларига эга бўлган ҚВПнинг молиявий менежери лавозими жорий этилади.


13. ҚВП мудири белгиланган тартибда ҚВП фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, унинг ишини ташкил этади, ҚВП номидан ишончномасиз иш кўради, барча ташкилотларда унинг манфаатларини ифодалайди, ҚВП мол-мулкини тасарруф қилади, шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузади, ишончномалар беради, банкларда ҳисоб рақамлари очади, молиявий маблағларни тасарруф этиш ҳуқуқидан фойдаланади, штатларни тасдиқлайди, буйруқлар чиқаради ва ҚВП фаолияти натижалари учун шахсан жавоб беради.


14. ҚВП штатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган нормативлар бўйича хизмат кўрсатиладиган аҳоли сонидан келиб чиқиб белгиланади.


15. ҚВП фаолиятини назорат қилиш Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан амалга оширилади.



V. ҚВПНИНГ МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


16. ҚВПнинг молия-хўжалик фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


17. ҚВП фаолияти мақсадларига мувофиқ ўз мол-мулкига эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф қилади, бунда бюджет ва бюджетдан ташқари мабалағлардан самарали фойдаланилишини таъминлайди.


18. Асосий фондлар, шунингдек бошқа моддий бойликлар ва молиявий ресурслар ҚВПнинг мол-мулкини ташкил этади.


19. Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар: корхоналар, жамоат ташкилотлари, нодавлат ташкилотларнинг хайрия ва ихтиёрий бадаллари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҚВПни молиялаштириш манбалари ҳисобланади.


20. Тўлақонли фаолият кўрсатиши учун ҚВП давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббиёт асбоб-ускуналари, қаттиқ ва юмшоқ инвентарь, тиббиёт мебели, бошқа мол-мулк, дори-дармон воситалари, санитария ва гигиена буюмлари, сарфлаш материаллари, хўжалик эҳтиёжлари ва бошқа эҳтиёжлар учун воситалар билан таъминланади.


21. ҚВПнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



VI. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ


22. ҚВП қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритади, уни туман тиббиёт бирлашмасига ва статистика органларига тақдим этади, ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг келишилган рўйхатга мувофиқ давлат томонидан сақлашга берилиши учун жавоб беради.


23. ҚВПнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш ва текшириш соғлиқни сақлаш органлари, солиқ ва молия органлари, бошқа давлат органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда аудиторлик ташкилотлари билан тузилган шартномалар асосида аудиторлик ташкилотлари томонидан амалга оширилади.



VII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. ҚВП давлат тасарруфидан чиқарилмайди ва хусусийлаштирилмайди.


25. ҚВПни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



*) Зарурият бўлганда ҚВП раҳбари Туман тиббиёт бирлашмасига тасдиқлаш учун ҚВП тузилмасига ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 12-13-сон, 72-модда.