Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.07.1998 й. 314-сон "Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.07.1998 й.

N 314



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЕР РЕСУРСЛАРИ

ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида" 1998 йил 24 июлдаги ПФ-2059-сон Фармонини рўёбга чиқариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси марказий аппарати тузилмаси 2-(илова) ва штатдаги ходимлар сони (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) 40 нафар этиб;

Ер ресурслари ҳудудий бошқармаси ва туман хизматининг намунавий тузилмалари 3 ва 4-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси раисига зарур ҳолларда Қўмита марказий аппарати ва унга қарашли ҳудудий органларнинг тасдиқланган тузилмаларига ходимларнинг белгиланган сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитасига Қўмита раисининг икки нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлишига рухсат этилсин. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитасининг ҳайъати таркиби етти кишидан иборат этиб белгилансин.

Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси раиси ва унинг ўринбосарлари мақомига кўра тегишли равишда вазирга, вазирнинг биринчи ўринбосарига ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитасининг раиси айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни назорат қилиш бош давлат инспектори, унинг ўринбосарлари эса, тегишли равишда бош давлат инспекторининг ўринбосарлари ҳисобланадилар;

Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари бошқармаси бошлиғи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан вилоятлар ер ресурслари бошқармалари бошлиқлари эса вилоят ҳокимликлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси томонидан;

ер ресурслари туман хизматлари бошлиқлари туман ҳокимликлари билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари бошқармаси, вилоятлар ер ресурслари бошқармалари томонидан тайинланадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси ер ресурслари бошқармаси бошлиғи, ер ресурслари вилоят бошқармалари ва туман хизматлари бошлиқлари айни пайтда тегишли ҳудудларда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни назорат қилиш давлат инспекторлари ҳисобланадилар;

Ер ресурслари давлат қўмитаси марказий аппарати фаолиятини маблағ билан таъминлаш республика бюджети маблағлари ҳисобига, ер ресурслари ҳудудий бошқармалари ва туман хизматларини маблағ билан таъминлаш эса маблағ маҳаллий бюджет маблағлари ва уларнинг хўжалик фаолияти даромадлари ҳисобига амалга оширилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси:

икки ҳафта муддатда ер ресурслари вилоят бошқармаси ва туман хизмати тўғрисидаги намунавий низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудий бошқармалар ва хизматларини ташкил этиш, уларни жойлаштириш, алоқа, асбоб-ускуналар, техник воситалар ва автотранспорт билан таъминлаш юзасидан ташкилий чора-тадбирларни амалга оширсин;

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва Молия вазирлиги билан Қўмита марказий аппарати ва унинг ҳудудий органлари ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларини келишиб олсин.


4. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси ер тузиш, ер мониторингини амалга ошириш ва давлат ер кадастрини юритиш бўйича бош буюртмачи ҳисобланади;

"Ўздаверлойиҳа" давлат илмий-лойиҳалаштириш институти бош лойиҳаловчи - дастлабки лойиҳа, лойиҳа ишлари, қишлоқ хўжалиги аҳамиятига эга бўлган режалаштириш-картография материалларини тайёрлаш ва нашр этиш ҳамда давлат ер тузиш, ер мониторинги ва давлат ер кадастрига боғлиқ бошқа изланишларнинг бажарувчиси ҳисобланади;

Тупроқшунослик ва агрокимё институти тупроқ унумдорлигини сақлаб қолиш, ошириш ва қайта тиклаш билан боғлиқ тупроқшунослик бўйича илмий ишларнинг, бошқа тадқиқотлар ва изланишларнинг бажарувчиси ҳисобланади;

"Ўзгеодезкадастр" бош бошқармаси белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитасини ер ресурсларини ўрганиш, ер тузиш, ер мониторингини ва давлат ер кадастрини юритиш билан боғлиқ махсус тадқиқотлар ва изланишларни, лойиҳалаш ҳамда бошқа ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган аэрокосмик суратга олиш материаллари, турли масштабдаги харита-картография асослари, топография ишлари ва маълумотлари билан таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси белгиланган тартибда "Ўзгеодезкадастр" бош бошқармасини Давлат кадастрлари ягона тизимини юритишни таъминлаш учун қишлоқ жойлардаги ерлар давлат кадастрини юритиш билан боғлиқ материаллар билан таъминлайди.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги республика бюджетида ва маҳаллий бюджетларда:

ер тузишни амалга ошириш, ер мониторингини, давлат ер кадастрини юритиш ва тупроқшунослик тадбирларини маблағ билан таъминлаш учун маблағларни назарда тутсин. 1998 йилда маблағ билан таъминлаш Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига ушбу мақсадлар учун бюджет кўрсаткичларида назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилсин;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ер тузиш ва ердан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясига эга бўлган ер тузиш ва ердан фойдаланиш бош бошқармасининг берилаётган ходимлари сони, иш ҳақи фонди ва бошқа харажатларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси ва унинг бўлинмалари харажатларига маблағ ажратишни назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитасига учта енгил автомобиль харажатларига лимит ажратсин. "Тошшаҳарйўловчитранс" давлат уюшмаси транспорт хизмати кўрсатишни таъминласин.


6. Белгилаб қўйилсинки, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилигини қоплашдан тушадиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари бошқармаси ва вилоят бошқармаларининг махсус счётларига тушади ҳамда улардан Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 88-моддасига мувофиқ янги ерларни ўзлаштириш ва суғориладиган ерларни комплекс реконструкция қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ва қайта қуриш чораларини ва ўрмонлар аҳволини яхшилашга йўналтирилган бошқа тадбирларни амалга ошириш учун қатъий мақсадли фойдаланилади.

Ер ресурслари давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилигини қоплашдан тушадиган маблағларни жамлаш ва ундан фойдаланиш тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.


7. Тупроқшунослик ва агрокимё институти ходимлар сони ва маблағ билан таъминлаш ҳажми, шунингдек Тошкент шаҳар, Қамарнисо кўчаси, 3-уйда жойлашган бинолар комплекси, иншоотлар, асбоб-ускуналар билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси балансидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси балансига берилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда зарур миқдорда ер тузиш мутахассислари, тупроқшунослар, харита тузувчилар тайёрлаш юзасидан бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси марказий аппарати Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Чўпонота кўчаси, "М" мавзесидаги "Ўздаверлойиҳа" институти биносига жойлаштирилсин.


10. Ўзбекистон Почта ва телекоммуникациялар агентлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси марказий аппаратини зарур алоқа воситалари, шу жумладан учта ҳукумат алоқаси телефони билан таъминласин.


11. Адлия вазирлиги, тегишли вазирликлар ва идоралар икки ҳафта муддатда амалдаги меъёрий ҳужжатларни ва низомларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И.Ҳ.Жўрабеков зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                             И.Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 27 июлдаги

314-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари

давлат қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси (Ер ресурслари давлат қўмитаси) ер муносабатларини тартибга солиш, ер тузишни, ер мониторингини ташкил этиш, давлат ер кадастрини юритиш, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни назорат қилиш соҳасидаги давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


3. Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинадиган қарорлари барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


4. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси халқаро ташкилотларда ер масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалайди.


5. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси юридик шахс ҳисобланади, банк муассасаларида ҳисоб-китоб счётларига эга бўлади.



II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ЕР РЕСУРСЛАРИ ДАВЛАТ

ҚЎМИТАСИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


6. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитасининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

ер ресурсларидан оқилона фойдаланишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ва ер тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш, давлат бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ерлардан фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаб қолиш, ошириш ва тиклаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

бозор иқтисодиётини ривожлантириш, қишлоқда мулкдорлар синфини шакллантириш эҳтиёжларига мувофиқ ер муносабатларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

ер тузиш, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ер ресурсларини баҳолашни ҳисобга олиб бориш, қулай экологик муҳитни яратиш ва табиий манзараларни яхшилашни такомиллаштиришга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ер фонди ҳолатини кузатиш, ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, ерларни баҳолаш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида ер мониторингини амалга ошириш;

давлат ер кадастрини ташкил этиш ва юритиш, ерга эгалик ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш, давлат бошқаруви органларини, юридик ва жисмоний шахсларни ернинг табиий, хўжалик ва ҳуқуқий режими, ерларнинг тоифалари, сифат тавсифлари, жойлашган ўрни ва ер участкаларининг ўлчамлари, уларнинг ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар бўйича тақсимланиши тўғрисидаги ишончли маълумотлар ва ҳужжатлар билан таъминлаш;

ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш, юридик ва жисмоний шахслар, бошқарув органлари, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш, йўл қўйилаётган қонун бузилишларини бартараф этиш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича ўз вақтида чоралар кўриш;

ер фондидан фойдаланишни яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаб қолиш, ошириш ва тиклаш Миллий дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ер ресурсларининг аҳволи тўғрисида ҳар йиллик Миллий ҳисобот тузиш;

ер муносабатлари соҳасида ягона илмий-техника сиёсатини ўтказиш, ер тузишни, давлат ер кадастрини юритишнинг энг янги жаҳон технологияларини ўрганиш ва жорий этиш ҳамда Ер ресурслари давлат қўмитаси ташкилотларини замонавий техника воситалари ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;

"Ўзгеодезкадастр" бош бошқармаси билан биргаликда вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, қишлоқлар ва овуллар маъмурий чегараларини белгилаш (аниқлаштириш) ишларини ташкил этиш ва ўтказиш;

ер тузиш, давлат ер кадастри ва тупроқшунослик соҳаси мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

ер ресурсларини бошқариш, тупроқ унумдорлигини ошириш тизимини такомиллаштириш, Ватанимиз ютуқларини чет элларда тарғиб қилиш мақсадида хорижий мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

ер ресурсларидан фойдаланиш мақсадли дастурлари бўйича хорижий компаниялар, фирмалар, илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиш.



III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ЕР РЕСУРСЛАРИ ДАВЛАТ

ҚЎМИТАСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


7. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ер мониторинги, давлат ер кадастрини юритиш, ер участкаларига ҳуқуқларни, сервитутлар тўғрисидаги битимларни рўйхатдан ўтказиш, тупроқ унумдорлигини сақлаб қолиш, ер ресурсларини ҳисобга олиш, ердан фойдаланиш ва унинг муҳофаза этилиши устидан назорат қилиш, шунингдек Ер ресурслари давлат қўмитасига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминловчи бошқа мақсадлар учун зарур бўлган ер тузиш, тупроқ, геоботаника, топография, картография ва ерни баҳолаш ишлари бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва ўз ваколатлари доирасида тасдиқлаш;

юридик ва жисмоний шахслардан ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш масалалари бўйича зарур ахборотларни сўраш ва текин олиш, тупроқ кадастр маълумотларига мувофиқлигини аниқлаш учун тупроқни анализ қилиш;

ҳайъат мажлисларида давлат бошқаруви органлари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларининг ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш;

ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш масалалари бўйича текширишлар ўтказиш, давлат бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши сабаблари ва шароитларини бартараф этишга йўналтирилган ёзма кўрсатмалар бериш;

айбдор мансабдор шахсларни ва фуқароларни маъмурий жавобгарликка тортиш, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида етказилган зарарни қоплаш тўғрисида даъво қилиш, тегишли корхоналарга ва ташкилотларга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шахсларни жавобгарликка тортиш учун тақдимномалар юбориш;

ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳоллари аниқланган тақдирда маҳаллий ҳокимият давлат органларига ер участкаларини олиб қўйиш, шу жумладан ер ижараси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, шунингдек ердан фойдаланишни чеклаш ва тўхтатиб қўйиш тўғрисида материаллар тақдим этиш;

ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш масалаларини биргаликда ишлаб чиқиш учун бошқа вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар, муассасалар ва ташкилотлар мутахассисларини белгиланган тартибда жалб қилиш.



IV. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ЕР РЕСУРСЛАРИ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Ер ресурслари давлат қўмитаси ўз ишини коллегиаллик, якка бошчилик ва марказлаштирилган раҳбарликни уйғунлаштириш асосида ташкил этади.


9. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган раис бошчилик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси раиси айни пайтда Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни назорат қилиш бош давлат инспектори ҳисобланади.


10. Ер ресурслари давлат қўмитаси раисининг икки нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

Ер ресурслари давлат қўмитаси раисининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадилар.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси раисининг ўринбосарлари айни пайтда Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни назорат қилиш бош давлат инспекторининг ўринбосарлари ҳисобланадилар.


11. Ер ресурслари давлат қўмитаси таркибига:

Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари бошқармаси;

вилоятлар ер ресурслари бошқармалари;

туман ер ресурслари хизматлари;

"Ўздаверлойиҳа" ер тузиш давлат илмий-лойиҳалаштириш институти;

Тупроқшунослик ва агрокимё институти киради.


12. Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари бошқармаси, ер ресурслари вилоят бошқармалари, туман хизматлари фаолият кўрсатаётган тегишли ер тузиш хизматлари негизида ташкил этилади.


13. Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари бошқармаси, ер ресурслари вилоят бошқармалари, туман хизматлари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитасига бўйсунади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва вилоятлар ҳокимликларига ҳисоб беради.


14. Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари бошқармаси бошлиғи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан, вилоятлар ер ресурслари бошқармалари бошлиқлари эса вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси томонидан тайинланадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари бошқармаси, вилоятлар ер ресурслари бошқармалари бошлиқлари айни пайтда тегишли ҳудудларда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза этишни назорат қилиш давлат инспекторлари ҳисобланадилар.


15. Ер ресурслари туман хизматлари бошлиқлари туман ҳокимликлари билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари бошқармаси, вилоятлар ер ресурслари бошқармалари томонидан тайинланадилар.

Ер ресурслари туман хизматлари бошлиқлари айни пайтда туман ҳудудида ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза этишни назорат қилиш давлат инспекторлари ҳисобланадилар.


16. "Ўздаверлойиҳа" ер тузиш давлат илмий-лойиҳалаштириш институтининг бош директори ва Тупроқшунослик ва агрокимё институтининг директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси томонидан тайинланадилар.


17. Ер ресурслари давлат қўмитасида Ер ресурслари давлат қўмитаси раиси - ҳайъат раиси, унинг ўринбосарлари ва Ер ресурслари давлат қўмитасининг бошқа раҳбар ходимларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади. Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қарорлари, қоидага кўра, Ер ресурслари давлат қўмитаси раисининг буйруқлари билан рўёбга чиқарилади.

Ер ресурслари давлат қўмитаси раиси билан ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда Ер ресурслари давлат қўмитаси ўз қарорини ҳаётга татбиқ этади, вужудга келган келишмовчиликлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот беради, ҳайъат аъзолари, ўз навбатида, ўз фикрини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига билдиришлари мумкин.


18. Ер ресурслари давлат қўмитаси, зарурат бўлганда, бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қарорлар, буйруқлар, йўриқномалар қабул қилади.


19. Ер ресурслари давлат қўмитаси раиси:

Ер ресурслари давлат қўмитаси фаолиятига раҳбарлик қилади, Ўзбекистон Республикасининг давлат органларида ва бошқа органларида ва ташкилотларида, шунингдек халқаро ташкилотларда Ер ресурслари давлат қўмитаси номидан вакиллик қилади;

ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради, йўриқномаларни, нормаларни, қоидаларни ва бошқа норматив ҳужжатларни тасдиқлайди, кўрсатмалар беради ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни ташкил этади;

ходимларнинг белгиланган сони доирасида Ер ресурслари давлат қўмитаси марказий аппарати, унга қарашли Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари бошқармаси, ер ресурслари вилоят бошқармалари, туман хизматлари штат жадвалини тасдиқлайди;

Ер ресурслари давлат қўмитаси марказий аппарати ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Ер ресурслари давлат қўмитаси таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва аппарати ходимларининг жавобгарлик даражасини белгилайди, белгиланган тартибда уларни рағбатлантириш ва жазолаш чораларини кўради;

Ер ресурслари давлат қўмитаси ҳузурида илмий-техника кенгашини ташкил этади, унинг таркибини белгилайди ҳамда кенгаш тўғрисида низомни тасдиқлайди;

Ер ресурслари давлат қўмитаси таркибига кирувчи ташкилотлар ва ҳудудий органлар устав (низом)ларини тасдиқлайди;

Ер ресурслари давлат қўмитасини, унинг таркибий бўлинмаларини, ташкилотларини ва илмий-ишлаб чиқариш дастурларини маблағ билан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

молиявий-хўжалик фаолият таҳлилини, пул маблағлари ва моддий бойликлар сақланиши устидан назоратни ташкил этади;

тежамкорлик режимига риоя этилишини, тўғри ва ишончли ҳисоб-китоб ва ҳисобот юритилишини таъминлайди.


20. Ер ресурслари давлат қўмитаси марказий аппарати фаолиятини маблағ билан таъминлаш республика бюджети маблағлари ҳисобига, ер ресурслари ҳудудий бошқармалари ва туман хизматларини маблағ билан таъминлаш эса маҳаллий бюджетлар маблағлари ва уларнинг хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар ҳисобига амалга оширилади.


21. Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, тегишли штампларга ва бланкларга эга бўлади.