Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Солиқлар ва бюджетга мажбурий тўловлар бўйича муддатида тўланмаган солиқларни корхоналар ва ташкилотлар мол-мулки ҳисобидан ундириб олиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.11.1996 й. 387-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1996 йил 8 ноябрдаги

387-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Солиқлар ва бюджетга мажбурий тўловлар

бўйича муддатида тўланмаган солиқларни

корхоналар ва ташкилотлар мол-мулки

ҳисобидан ундириб олиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1996 йил 9 августдаги ПФ-1504-сон Фармони асосида ишлаб чиқилган ва солиқлар ва бюджетга мажбурий тўловлар бўйича муддатида тўланмаган солиқларни корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлар (бундан кейин қарздор корхона деб аталади) мол-мулки ҳисобидан ундириб олиш тартибини белгилайди.

Солиқлар ва бюджетга мажбурий тўловлар бўйича қарзлар (бундан кейин муддатида тўланмаган солиқлар деб аталади), шунингдек уларни ўз вақтида тўламаганлик учун пенялар, жарималар қарздор корхоналардан давлат солиқ органлари томонидан инкассо топшириғи бериш йўли билан сўзсиз ундириб олинади.

2. Қарздор корхонанинг ҳисоб-китоб (жорий) счётига хизмат кўрсатувчи банк инкассо топширигини олиши билан 3 кун муддатда қарзни ундириб олади ёхуд қарздор корхонанинг ҳисоб-китоб (жорий) счётида пул маблағлари мавжуд бўлмаганлиги туфайли топшириқ тўлиқ ёки қисман бажарилмаганлиги тўғрисида белги қўяди ва банк белгиси қўйилган инкассо топшириғининг нусхасини солиқ органига ва қарздор корхонага юборади.

Мазкур Низомда белгиланган талабларнинг банк томонидан бажарилмаслиги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ унга нисбатан чоралар кўриш учун асос бўлиб ҳисобланади.

Қарздор корхонанинг банклардаги счётларида пул маблағлари бўлмаган тақдирда қарзлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг мол-мулкидан ундириб олинади.

3. Солиқ органи топшириқ ёки қисман бажарилмаганлиги тўғрисида банк белгиси қўйилган инкассо топшириғи олган кундан бошлаб бир сутка муддатда чопар орқали ёки буюртма хабар билан, топширилганлиги тўғрисида хабардор қилган ҳолда, муддатида тўланмаган солиқларни ва солиқлар ва йиғимларни тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун пеняларни тўлаш ҳақида қарздор корхонага ёзма талабнома юборади.

Солиқ органининг ёзма талабномасида мазкур талабнома хабарнома олинган вақтдан бошлаб бир ой мобайнида бажарилмаган тақдирда солиқлар қарздор корхона мол-мулки ҳисобидан ундириб олиниши тўғрисида хабар қилиниши лозим.

Солиқ органининг муддатида тўланмаган солиқлар ва солиқлар ва йиғимларни тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун пеняларни тўлаш тўғрисидаги ёзма талабномаси олингандан (топширилгандан) сўнг ўн кун мобайнида қарздор корхона томонидан қондирилмаслиги ёки жавобсиз қолдирилиши қарзни қарздор корхонанинг мол-мулки ҳисобидан ундириб олиш тўғрисидаги талаблар билан хўжалик судига ариза бериш учун асос ҳисобланади.

4. Муддатида тўланмаган солиқларни ва солиқлар ва йиғимларни тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун пеняларни қарздор корхона мол-мулки ҳисобидан ундириб олиш ҳақидаги ариза солиқ тўловчи ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ёхуд унинг ўринбосари томонидан имзоланади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

солиқ тўловчининг солиқлар ва бюджетга бошқа тўловлар тўлаш бўйича қарзи борлиги тўғрисидаги мавжуд шахсий счётларидан кўчирма;

солиқ тўловчининг банклардаги ҳисоб-китоб, жорий, валюта, махсус ссуда ёхуд бошқа счётларида пул маблағлари йўқлиги тўғрисида банк маълумотномаси;

солиқ тўловчи томонидан солиқ қонунчилигига риоя қилинишини текшириш (бундай текширишлар ўтказилган тақдирда) далолатномалари бўйича ҳисоб-китобларни текшириб чиқиш натижалари тўғрисида маълумотнома;

сўнгги ҳисобот даври учун корхона баланси нусхаси.


5. Хўжалик суди солиқ органи томонидан тақдим этилган ариза қондирилгандан сўнг ундиришни қарздор корхонанинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Хўжалик судининг   қарори асосида қарзни қарздор корхонанинг мол-мулкидан ундириб олиш суд ижрочилари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.