Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Валюта ва экспорт-импорт операцияларини назорат қилиш Бош бошқармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.03.1996 й. 88-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1996 йил 11 мартдаги

88-сон карорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

Валюта ва экспорт-импорт операцияларини

назорат қилиш Бош бошқармаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Валюта ва экспорт-импорт операцияларини назорат қилиш Бош бошқармаси (бундан кейин Бош бошқарма деб аталади) валюта ва экспорт-импорт операцияларини, шу жумладан экспортдан валюта тушумларининг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тушишини ҳамда уларнинг Марказий банкка мажбурий сотилишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан аниқ мақсадлар ва дастурлар учун Республика валюта биржасида сотиб олинган валюта маблағларидан самарали фойдаланишни амалга оширишга доир норматив ҳужжатларнинг юридик ва жисмоний шахслар томонидан тўлиқ бажарилишини таъминлашга қаратилган қонунда назарда тутилган чора-тадбирларни рўёбга чиқаради.


2. Бош бошқарма ва унинг минтақавий бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси қатнашчиси бўлган халқаро шартномаларга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1991 йил 14 июндаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси солиқ органлари тўғрисида Низомга, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Бош бошқарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ваколатли банклар, валюта назорати органлари билан ўзаро яқин ҳамкорликда амалга оширади, шунингдек ўз ваколати доирасида уларнинг ўзаро ҳамкорлик тизимини ишлаб чиқади ва жорий қилади.



II. ВАЛЮТА ВА ЭКСПОРТ-ИМПОРТ ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ БОШ БОШҚАРМАСИ ТУЗИЛМАСИ


4. Валюта ва экспорт-импорт операцияларини назорат қилиш Бош бошқармасига бошлиқ раҳбарлик қилади.

Давлат солиқ қўмитаси марказий аппаратида Бош бошқарма таркибида:

валюта операцияларини назорат қилиш бошқармаси;

экспорт-импорт операцияларини назорат қилиш бошқармаси;

статистика ҳамда валюта ва экспорт-импорт операцияларининг бажарилишини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил этилади.

статистика ҳамда валюта ва экспорт-импорт операцияларининг бажарилишини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил этилади.


5. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларида валюта ва экспорт-импорт операцияларини назорат қилиш бўлимлари ташкил этилади, улар Валюта ва экспорт-импорт операцияларини назорат килиш Бош бошқармасига бевосита бўйсунадилар.


6. Бош бошқарма ва бошқармалар бошлиқлари Давлат солиқ қўмитаси раиси томонидан тасдиқланади. Ҳудудий бўлимлар бошлиқларини минтақавий солиқ бошқармалари бошлиқларининг тавсияномасига биноан Давлат солиқ қўмитаси раиси тасдиқлайди.



III. АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Бош бошқарма Ўзбекистон Республикаси норматив ҳужжатларининг валюта ва экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда қатнашувчи корхоналар, ташкилотлар ва жисмоний шахслар томонидан бажарилишини ўз ваколати доирасида таъминлайди.


8. Қуйидагилар Бош бошқарма ва унинг минтақавий бўлинмаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

- ташқи иқтисодий операциялар бўйича хорижий валютадаги маблағларнинг белгиланган тартибда тўлиқ тушишини назорат қилиш;

- экспорт-импорт операцияларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги орқали марказлаштирилган тартибда амалга ошириладиган экспорт-импорт операцияларини амалга оширишнинг тўғрилигини ҳамда улар бўйича тушумларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мажбурий сотилишини назорат қилиш;

- божхона декларациялари ва битишув паспортлари асосида экспорт-импорт контрактларини тўлиқ ва ўз вақтида ҳисобга олишни таъминлаш, шунингдек, уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

- корхоналар ва ташкилотларнинг қарзга олинган валюта маблағларидан, шунингдек Республика валюта биржасида сотиб олинган маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланишни назорат қилиш;

- эркин алмаштириладиган валютага импорт қилинган товарларни сотишдан олинган тушумларни ҳисобга олиш ва конвертациялаш Тартибига патент эгалари бўлган корхоналар томонидан риоя этилишини назорат қилиш.


9. Бош бошқарма ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги асосий функцияларни бажаради:

- ҳар ойда (10-кунгача) ваколатли банклардан, Давлат божхона бошқармасининг Валюта назорати бошқармасидан ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигидан экспорт-импорт контрактларининг бажарилиши, улар бўйича тушумнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мажбурий сотилиши, шунингдек валюта маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни назорат қилиш, таҳлил этиш ва статистика маълумотларини тайёрлаш учун зарур ахборотни олади;

- Молия вазирлиги, Марказий банк, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, ваколатли банклар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг худди шундай бўлинмалари билан биргаликда республика корхоналарининг экспорт-импорт операциялари устидан назоратни такомиллаштириш, валюта тушумининг ўз вақтида тушиши ва тўлиқлиги, ундан самарали фойдаланиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади, йўриқномалар, услубий қўлланмалар ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқади, уларни республика Ҳукуматининг кўриб чиқиши учун киритади;

- товарлар ва хизматларни экспорт қилишга берилган квоталар ва лицензиялардан фойдаланишнинг тўғрилигини назорат қилишда қатнашади;

- экспорт-импорт контрактларини ҳисобга олиш ва улар бўйича тушумнинг бир қисмини мажбурий сотиш ишларини ташкил этиш ва ўтказишга доир тушунтиришлар ва услубий тавсияларни ишлаб чиқишда қатнашади;

- бошқарув ваколатига тегишли масалалар бўйича Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идораларига йўлланадиган ҳужжатларни тайёрлашда қатнашади;

- экспорт-импорт операциялари ва тушумларнинг бир қисмини Марказий банкка мажбурий сотиш, валюта маблағларидан фойдаланишнинг белгиланган тартиби бузилиши ҳолларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш услубиётини ишлаб чиқади;

- хорижий давлатларнинг худди шундай органлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлайди;

- назорат ишлари амалиётини, шунингдек ушбу соҳадаги чет эл тажрибасини таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда валюта ва экспорт-импорт операцияларини назорат қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга оид таклифларни белгиланган тартибда киритади;

- патент эгаси бўлган корхоналар томонидан эркин алмаштириладиган валютага импорт қилинган товарларни сотишдан олинган тушумни ҳисобга олиш ва конвертация қилиш тартибига риоя этилиши масалалари юзасидан ушбу корхоналарни текширади ҳамда белгиланган тартибни бузган корхоналардан сўмларни эркин алмаштириладиган валютага конвертация қилиш ҳуқуқини берувчи патентларни қайтариб олиш тўғрисида Марказий банкка ва Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясига таклифлар киритади;

- текшириш натижалари асосида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериш учун материаллар тайёрлайди ва ўз ваколати доирасида ушбу органларга кўмаклашади;

- қилинган ишлар тўғрисида ахборот тайёрлайди ва кўриб чиқиш учун уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

- корхоналар ва ташкилотлар томонидан экспорт-импорт операцияларини ўтказиш, мажбурий тўловларни амалга ошириш ва валюта маблағларидан фойдаланиш тартиби бузилганлиги учун уларга қонунчиликда белгиланган молиявий санкциялар солиш тўғрисида таклифлар киритади;

- Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида, ваколатли банкларда ва Давлат солиқ қўмитасининг Давлат божхона қўмитасида рўйхатдан ўтган экспорт-импорт контрактлари сони ва қиймати тўғрисидаги маълумотларни, мажбурий тўлов амалга оширилишини ва валюта маблағларидан фойдаланишни таҳлил қилади ва солиштиради;

- ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар ва корхоналарнинг экспорт-импорт операциялари бажарилишининг тўғрилиги, мажбурий сотув амалга оширилиши ва олинган валюта маблағларидан фойдаланиш масалалари бўйича аризалари, шикоятлари ва хатларини кўриб чиқади, таҳлил этади ва кўриб чиқиш натижаларини мунтазам равишда умумлаштиради.



IV. ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Бош бошқарма ўзига юкланган вазифаларга ва бажарадиган функцияларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

- ўз вазифаларини самарали амалга ошириш учун валюта назорат органлари ва агентларидан зарур ахборот ва ҳужжатларни олиш;

- хўжалик юритувчи субъектларни уларнинг валюта ва экспорт-импорт операцияларини тўғри амалга оширганликлари юзасидан ҳужжатлар асосида текшириш;

- хорижий давлатлардаги юридик ва жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси резидентларининг фаолиятини, шунингдек уларнинг мавжуд валюта счётларидаги ва улардаги маблағларни текшириш чоғида хорижий давлатларнинг солиқ органларига, ваколатли хизматларига, фирмалар ва банкларига ёрдам сўраб мурожаат этиш;

- ваколатлари доирасида марказлаштирилган экспорт-импорт операциялари амалга оширилишини назорат қилиш ҳамда белгиланган тартиб бузилишлари аниқланган такдирда суд органларида давлат манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш.


11. Бош бошқарма ва унинг таркибий бўлинмалари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1991 йил 14 июндаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ органлари тўғрисида Низомда назарда тутилган ҳуқуқлар берилади.


12. Бош бошқарма ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари ўз функцияларини бажариш чоғида юридик ва жисмоний шахсларнинг уларга маълум бўлган тижорат сири сақланиши, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний асосларда олинган ва улар томонидан фойдаланиладиган чет эл валютасидаги маблағлари тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор қилинмаслиги учун жавоб берадилар.

Бош бошқарма бошлиғи, бошқармалар ва бўлимлар бошлиқлари, Бош бошқарма ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари:

- Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларини бузганлик;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 4 мартдаги 114-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тўғрисида Низомни бажармаганлик;

- ўз лавозим мажбуриятларини бажармаганлик;

- Бош бошқарма тўғрисида Низом талабларини бажармаганлик учун жавоб берадилар.