Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Кредит бюроларида ички аудит ўтказишга ва кредит бюроларининг йиллик ҳисоботларига нисбатан қўйиладиган талаблар тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 19.01.2012 й. 2316-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 10.12.2011 й. 37/9-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 19 январда 2316-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2011 йил 10 декабрдаги

37/9-сон қарорига

ИЛОВА



Кредит бюроларида ички аудит ўтказишга

ва кредит бюроларининг йиллик ҳисоботларига

нисбатан қўйиладиган талаблар тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда) ва "Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 40-сон, 412-модда) қонунларига мувофиқ, кредит бюроларида ички аудит ўтказишга ва уларнинг йиллик ҳисоботларига нисбатан қўйиладиган талабларни белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги атамалардан фойдаланилади:


ички аудит - кредит бюроси томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, таъсис ҳужжатларига ва ички ҳужжатларга, шунингдек хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва таомилларига риоя қилинишини текшириш ва мониторинг олиб бориш йўли билан унинг ишини назорат қилиш ва баҳолаш, маълумотларнинг бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботда акс эттирилишининг тўлиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш бўйича кредит бюроси таркибий бўлинмасининг фаолияти;


ички аудит хизмати - кредит бюросининг юқори бошқарув органи (кейинги ўринларда ваколатли орган деб юритилади) қарори билан ташкил этиладиган кредит бюросининг ички аудитни амалга оширадиган таркибий бўлинмаси.


2. Ички аудит хизмати ўз фаолиятини мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида олиб боради.


3. Ҳар бир кредит бюроси ички аудит хизматини тузиши, ваколатли орган тасдиқлайдиган "Ички аудит хизмати тўғрисида"ги низомни ва ички аудит хизмати ходимлари мансаб йўриқномаларини ишлаб чиқиши шарт.


4. Ички аудит хизмати мустақилдир ва у бевосита ваколатли органга бўйсунади.



II. ИЧКИ АУДИТНИ ЎТКАЗИШГА

НИСБАТАН ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


5. Ички аудит фақат ички аудит хизмати ходимлари томонидан ҳар чоракда ўтказилиши лозим.


6. Ички аудит бош аудитор томонидан ишлаб чиқилган ва ваколатли орган томонидан тасдиқланган Ички аудит режасига мувофиқ ўтказилади. Ички аудит режаси тегишли йилнинг 1 январига қадар тасдиқланиши шарт.


7. Ички аудит хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ва тўғрилигини, шунингдек кредит ахборотини сақлаш усулларини ва зарурат туғилганда, уларнинг мавжудлигини текшириши лозим.


8. Ички аудит хизмати ходимлари ички аудитни ўтказиш жараёнида қуйидагиларга ҳақли:

кредит бюросининг раҳбари ва ходимларидан кредит бюроси фаолиятига боғлиқ бўлган барча зарур ҳужжатларни ёки аудит предмети ҳисобланган ҳужжатларни талаб қилиш;

ички аудит жараёнида юзага келган саволлар бўйича кредит бюросининг раҳбари ва ходимларидан оғзаки ёки ёзма тушунтиришлар олиш;

белгиланган тартибда тегишли ҳужжатларнинг аслини ёки улардан нусхалар олиш;

кредит бюроси биносининг барча хоналарига эркин кириб-чиқиш, барча саналарга тегишли ҳужжатлардан, архив ва электрон база маълумотларидан эркин фойдаланиш;

ички аудит ўтказилгандан сўнг аудит жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш.


9. Ички аудит хизмати ходимлари:

ички аудит натижаларини бузиб кўрсатмасликка;

қонун ҳужжатларига мувофиқ тижорат, банк сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи ҳар қандай маълумотларни ошкор этмасликка;

кредит бюросининг бошқа бўлимларидан олинган тегишли ҳужжатларнинг бутунлигини таъминлашга ва қайтаришга масъулдир.



III. АУДИТОРЛИК ҲИСОБОТИ


10. Ички аудит якунланганидан сўнг аудиторлик ҳисоботи тайёрланади ва ваколатли органга кўриб чиқиш учун тақдим этилади.


11. Аудиторлик ҳисоботида ички аудит натижасида аниқланган муаммо ва камчиликлар билан бир қаторда уларни бартараф этиш бўйича аниқ тавсиялар берилиши лозим.


12. Тавсияларда аниқланган муаммоларнинг қисқача изоҳи, уларни бартараф қилишга доир талаб этиладиган чора-тадбирлар ва уларни бажариш муддатлари акс эттирилиши лозим. Бунда, бош аудитор чора-тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиб боради.


13. Аудиторлик ҳисоботига уни тўлиқ тасдиқловчи иш ҳужжатлари тўплами илова қилинади. Иш ҳужжатлари ички аудит хизмати ходимлари томонидан тайёрланади ва бош аудитор томонидан текширилади.


14. Кредит бюроси ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ваколатли орган томонидан тасдиқланган ҳолда аудиторлик ҳисоботининг нусхасини тақдим этиши лозим.



IV. КРЕДИТ БЮРОСИНИНГ ЙИЛЛИК ҲИСОБОТИ


15. Кредит бюросининг йиллик ҳисоботлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

бухгалтерия балансини;

молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни.


16. Кредит бюросининг ўз фаолияти натижалари тўғрисидаги йиллик ҳисоботи ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 майидан кечиктирмасдан оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.


17. Кредит бюросининг йиллик ҳисоботи оммавий ахборот воситаларида эълон қилингандан сўнг уч кун ичида ушбу нашр нусхаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тақдим этилади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА


18. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 3-4-сон, 32-модда