Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан илмий ва ўқув мақсадларида фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.10.2003 й. 472-сон қарорига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 29 октябрдаги

472-сон қарорига

4-ИЛОВА



Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар

ва прекурсорлардан илмий ва ўқув мақсадларида

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1. Мазкур Низом илмий ва ўқув мақсадларида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан фойдаланиш тартибини белгилаб беради.


2. Илмий текшириш институтлари, лабораториялар, ўқув юртлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган тегишли фаолият турига лицензияси мавжуд бўлган ҳолда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан илмий ва ўқув мақсадларда фойдаланадилар.


3. Илмий-текшириш институтлари, лабораториялар, ўқув юртлари гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни илмий-тадқиқот ишларининг тасдиқланган тематик режасига мувофиқ миқдорларда, ўқув юртлари эса - ўқув дастурларида кўзда тутилган амалий - лаборатория машғулотлари учун ҳамда илмий-тадқиқот ишларнинг тасдиқланган тематикасини бажариш учун зарур бўлган миқдорларда сотиб оладилар.


4. Илмий-текшириш институтларида, лабораторияларда, ўқув юртларида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан мазкур Низомда келтирилган талабларга риоя қилган ҳолда фойдаланадилар.


5. Илмий - тадқиқот муассасаларида, лабораторияларда, ўқув юртларида гиёҳвандлик воситалари алоҳида жиҳозланган хоналарда, сейфларда, психотроп моддалар эса - металл шкафларда сақланади. Хона алоҳида сигнализация билан жиҳозланган бўлиб, бинонинг ташқи томонига қаттиқ овозли (сиренали) қўнғироқ ўрнатилган ва яқиндаги қўриқчи (қоровул) постига уланган бўлиши керак.


6. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар сақланадиган хоналар деразаларида диаметри 15 мм дан кам бўлмаган темир симли панжара бўлиши керак. Темир панжара симлари кесишган жойда ҳар бир 150х150 мм дан катта бўлмаган катаклар ҳосил қилиб пайвандланади. Панжара симларининг учи девордаги 80 мм дан кам бўлмаган чуқурликка ўрнатилади ва бетон билан қотирилади. Хонанинг эшиги соз бўлиши, эшик қутисига яхши мослаштирилган, йўғон, қалинлиги 40 миллиметрдан кам бўлмаган, эшикнинг ички юзасига темир тунуканинг четлари қайтарилган ҳолда икки томонлама темир тунука билан қопланган ҳолда ёки бутун металлдан ясалган бўлиши керак. Эшикда қулфлар сони 2 тадан кам бўлмаслиги, шундан биттаси ўйма қулф бўлиши керак.


7. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар сақланадиган хоналар, сейфлар иш куни тугагандан кейин қулфланиши, муҳрланиши ёки пломбаланиши керак. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар сақланадиган хоналар ва сейфларнинг калитлари, шунингдек муҳр ёки пломбир муассаса бўйича буйруқ билан ушбу воситаларни сақлаш учун ваколатланган моддий жавобгар шахсда бўлиши керак.


8. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ва уларнинг ҳужжатлари сақланиши ҳамда ишлари тўғри ташкил этиш учун жавобгарлик муассаса раҳбарига ёки унинг ўринбосарига юклатилади.


9. Ўқув юртларида талабалар билан амалий машғулотлар ўтказишга берилган гиёҳвандлик воситаларидан тўғри фойдаланиш учун талабалар билан амалий машғулотлар ўтказишга масъул бўлган ўқитувчи жавоб беради.


10. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар келиб тушганда муассаса раҳбари ёки унинг ўринбосари олинган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг илова қилинган ҳужжатларга мослигини шахсан текшириши ва ҳудудий ички ишлар органига ахборот беришлари шарт.


11. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар заҳиралари сақланадиган хонага киришга бевосита улар билан ишлайдиган муассасанинг буйруғи билан расмийлаштирилган шахсларга рухсат берилади.


12. Жорий ишлар учун гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар фақат муассаса раҳбари ёки унинг ўринбосарининг ёзма фармойишига биноан лаборатория (бўлинма, бўлим, кабинет, кафедра) мудири имзолаган талабнома бўйича унда ушбу гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни олаётган шахснинг фамилияси ва лавозими кўрсатилган ҳолда берилади.


13. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни беришдан олдин унинг сақланиши учун жавобгар шахс, бериш учун асосларни ҳамда илова қилинаётган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилганлигини шахсан текшириши ва ундан кейин талабнома нусхасига имзо қўйиши шарт.


14. Илмий ва ўқув мақсадларда фойдаланиладиган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ашёвий миқдор бўйича ҳисобда туради. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ҳисоби рақамланган, ип ўтказиб тикилган ва юқори ташкилот раҳбарининг муҳри ва имзоси билан тасдиқланган илова қилинаётган шаклдаги (1-илова) алоҳида китобда юритилади.


15. Ҳар бир ойнинг биринчи санасида илмий-тадқиқот муассасаларида, лабораториялар ва ўқув юртларида улар ихтиёрида бўлган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар инвентаризациядан ўтказилади ва баланс тузилади. Меъёридан ортиқча сарфланганлиги тўғрисида балансда тафовут аниқланган ёки ўтказилган инвентаризация натижалари билан баланс маълумотлари мос келмаган тақдирда, масъул шахс бу тўғрида уларни аниқлагандан кейин уч кун муддатда ички ишлар бўлимига хабар беради. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ўғирланган тақдирда, масъул шахс зудлик билан ҳудудий ички ишлар бошқармаси органларига ва ўзининг юқори ташкилотига хабар бериши шарт.


16. Текширишлар тамом бўлгандан кейин гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар намуналари қолдиқлари мавжуд бўлган тақдирда, уларни муассасада сақлаш учун маъсул бўлган шахсга берилади ва улар бошқа лаборатория тадқиқотларини ўтказиш учун фойдаланиши мумкин. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар намуналари қолдиқларининг яроқлилик муддати тугагандан кейин белгиланган тартибда йўқ қилиниши керак.


17. Илмий-текшириш институтлари, лабораториялари, ўқув юртлари томонидан илмий ва ўқув мақсадларда қўлланиладиган прекурсорлар, уларнинг сақланишини таъминловчи ёнғин муҳофазаси сигнализацияси билан жиҳозланган хоналарда сақланиши керак.


18. Лабораторияларда прекурсорларни сақлаш, ҳисобга олиш ва оқилона фойдаланиш учун масъул лаборатория (бўлинма, бўлим, кабинет, кафедра) мудири ҳисобланади. Омборларда прекурсорларни сақланиши учун моддий жавобгар шахс (омбор мудири) масъул ҳисобланади.


19. Илмий-текшириш институтлари, лабораториялар, олий ўқув юртлари омборларида илмий, таҳлилий ва диагностик мақсадларда қўлланиладиган прекурсорлар, рақамланган, ип ўтказиб тикилган, ташкилот раҳбарининг муҳри ва имзоси билан тасдиқланган (2-илова) махсус китобда ашёвий - миқдор сифатида ҳисобда туриши керак.


20. Ҳар ойнинг биринчи санасида белгиланган тартибда прекурсорлар хатловдан ўтказилади ва баланс тузилади. Балансда сарф қилиш нормасидан тафовут аниқланганда ёки ўтказилган инвентаризация натижалари баланс маълумотларига мос бўлмаган тақдирда, муассаса раҳбари уни аниқлагандан кейин уч кун муддат ичида бу тўғрида юқори ташкилотига ва ички ишлар органларига хабар беради.


21. Тайёр дори воситалари ҳисобланган прекурсорлар, металл шкафларда сақланиши керак.


22. Тез алангаланувчи прекурсорлар тиқин тиқилган, чидамли шиша ёки металл идишда сақланади.


23. Прекурсорли катта бутиллар, баллонлар ва бошқа йирик идишлар баландлиги бир қаторда бўлган стеллаж токчаларда сақланиши керак, уларнинг баландлиги ҳар хил бўлган қаторда сақланиши тақиқланади. Иситувчи приборлар олдида бу моддаларни сақлашга рухсат берилмайди. Стеллаждан ёки штабелдан иситувчи элементгача бўлган масофа 1 метрдан кам бўлмаслиги керак.


24. Лабораторияларда тез алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар ичи асбест ёки шиша тола билан қопланган металл қутиларда сақланиши лозим ва унинг ички томонига лаборатория мудири имзолаган сақланаётган моддалар рўйхати ёпиштирилган бўлиши керак, идишлар учдан икки қисмидан кўп бўлмаган ҳажмда тўлдирилиши керак. Қути қопқоғининг ташқи томонида "Тез алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар" ёзуви бўлиши керак, қути қулф билан ёпилиши керак.


25. Тез алангаланувчи ва ёнувчи прекурсорларни минерал кислоталар (айниқса сульфат ва азот кислоталар), сиқилган ва суюлтирилган газлар, ёнувчан моддалар (ўсимлик ёғи, олтингугурт, боғловчи материаллар), шунингдек органик моддалар ҳамда хавфли портловчи аралашмалар ҳосил қилувчи (калий хлорат, калий перманганат, калий хромат ва бошқалар) ноорганик тузлар билан биргаликда сақланишига рухсат берилмайди.


26. Прекурсорлар билан муомалада (қадоқлаш, ташиш, тушириш ва бошқалар) бўлганда эҳтиёткорликка риоя этилиши, шунингдек доимий равишда идишнинг ҳолати, унинг герметик зич ёпилганлиги ва бутунлиги кузатиб борилиши зарур. Идишнинг нуқсони ва яроқсизлиги аниқланган тақдирда зудлик билан уни тузатиш чоралари кўрилиши ёки ундаги моддани бошқа бутун идишга жойлаштирилиши керак.


27. Бочканинг қопқоғини зарба вақтида учқун бермайдиган юмшоқ металли инструмент билан бўшатиш ва бураб маҳкамлашга рухсат берилади.

Бочкалар сақлаш хоналарига юмалатиб ташилганда ва уларни юклашда бочканинг урилиши ва учқун пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун эҳтиёткорликка риоя қилиш зарур. Тўкилган суюқлик зудлик билан йўқотилиши керак.


28. Айрим тез алангаланувчи ва ёнувчи прекурсорлар (этил эфири ва бошқалар) сақланиш вақтида суюқликнинг алангаланишига олиб келиши мумкин бўлган статик электр, учқун ҳосил қилиш хусусиятларига эгадир. Шунинг учун бундай суюқликларни омборда қадоқлаш, ёнғиндан ҳимояланиш воситалари билан жиҳозланган ва вентиляцияси бўлган алоҳида хоналарда амалга оширилиши керак. Уларни металл идишларга қуйишда ва қадоқлашда ерга уланган сим бўлиши керак.


29. Хавода бу моддаларнинг буғлари ҳосил бўлишига йўл қўймаслик учун прекурсор сақланадиган идишлар (штангласлар, тунука барабанлар, шиша идишлар ва шу кабилар) маҳкам ёпилиши керак.


30. Этил эфири қоронғи салқин жойда (оловдан ва иситиш приборларидан узоқда) корхона омонидан чиқарилган идишда сақланади. Этил эфири билан ишлаш вақтида силкитиш зарба бериш, ишқаланиш ва шу кабиларга рухсат этилмайди.


31. Калий перманганат чанг, олтингугурт, органик ёғлар, эфир, спирт, глицерин, органик кислоталар ва бошқа органик моддалар билан ўзаро таъсири вақтида тез портлайди. Уни махсус бўлмада тунука барабанларда, дорихоналарда эса - қопқоқлари маҳкам ёпиладиган штангласларда юқорида кўрсатилган воситалардан алоҳида сақлаш керак. Тез алангаланувчи ва ёнувчи моддалар билан биргаликда сақлашга рухсат этилмайди. Калий перманганатли тунука барабанлар ва штангласлар ўз вақтида эҳтиёткорлик билан ишқаланишга йўл қўймасдан чангдан тозаланади.


32. Сульфат кислотасини сақлашда ёғоч-тахта, похол ва бошқа келиб чиқиши органик моддалар билан уларнинг яқин турмаслиги чора-тадбирлари кўрилиши керак.


33. Лаборатория хоналарининг ёнғин хавфсизлигини баҳолаш унда сақланаётган ва фойдаланаётган кимёвий моддаларнинг портловчи ва ёнғиндан хавфли хусусиятларига асосланилади. Ёнғиндан хавфли ҳисобланган хоналар ўт ўчиргич билан таъминланиши керак. Ўт ўчиргич лабораториянинг ҳар бир хонасида бўлиши керак. Бундан ташқари, ҳар бир лабораторияда прекурсорларни ўчиришда фойдаланиладиган қуруқ қумли қути бўлиши керак.


34. Прекурсорлар билан ишлашга рухсати бўлган ходим техника хавфсизлиги бўйича йўриқнома билан танишган бўлиши керак.






Низомга

1-ИЛОВА



ИЛМИЙ-ТЕКШИРИШ ИНСТИТУТЛАРИДА,

ЛАБОРАТОРИЯЛАРДА ВА ЎҚУВ ЮРТЛАРИДА

ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ ВА ПСИХОТРОП

МОДДАЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

КИТОБИ

КИРИМ


ЧИҚИМ




Имзо



Олинган

сана


Олинган

жойи ва

ҳужжатнинг

рақами


Миқдори


Моддий

жавобгар

шахснинг

Ф.И.О. ва

имзоси


Берилган

сана


Кимга

берилган

Ф.И.О.


Сарф

қилинган

(мақсади)


Сарф

қилинган

миқдори


Бердим


Олдим


Қолдиқ


1

2


3


4

5

6

7

8

9

10

11





Низомга

2-ИЛОВА



ИЛМИЙ-ТЕКШИРИШ ИНСТИТУТЛАРИДА,

ЛАБОРАТОРИЯЛАРДА ВА ЎҚУВ ЮРТЛАРИДА

ПРЕКУРСОРЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

КИТОБИ


___________________________________________

(ташкилотнинг номи)


Прекурсорнинг номи ____________________________


Ўлчов бирлиги_________________________________

Ой


Ой

бошига

қолдиқ


КИРИМ


Кирим

бўйича

ойда

қолдиқ

билан

жами


ЧИҚИМ


Ойда

жами

чиқим


Қолдиқ


Моддий-

жавобгар

шахснинг

имзоси


Кимдан

олинган


Ҳужжатнинг

рақами ва

санаси


Миқдори


Кимга

берилган

(Ф.И.О.)


Ҳужжатнинг

рақами ва

санаси


Миқдори


1

2

3


4


5

6

7

8

9

10

11

12