Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.04.1997 й. 178-сон "Гаров тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

08.04.1997 й.

N 178



ГАРОВ ТЎҒРИСИДАГИ ШАРТНОМАЛАРНИ

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИНИ

СОДДАЛАШТИРИШ ҲАҚИДА


Гаров тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1994й, 11-сон, 49-модда) қарори билан тасдиқланган давлат божи ставкаларига иловага мувофиқ таҳрирда ўзгартириш киритилсин.


2. Вазирлар  Маҳкамасининг 1994 йил 1 февралдаги 50-сон қарори  билан тасдиқланган гаров тўғрисидаги шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги Вақтинчалик низомнинг 4-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин.:


"4. Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, хорижий юридик ва жисмоний шахслар ўртасида тузилган гаров тўғрисидаги шартнома суммасидан қатъи назар, Қорақолпоғистон Республикаси  Адлия Вазирлигида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг адлия бошқармаларида - гаров тўғрисидаги шартномаларни давлат рўйхатдан ўтказиш шўъбалари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади."


3. Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги Гаров тўғрисидаги шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги Низом лойиҳасини икки ҳафта муддатда қайта ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамаси киритсин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                             И.Каримов






Вазирлар Маҳкамаиснинг

1997 йил 8 апрелдаги

178-сон қарорига

ИЛОВА


Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат божи ставкалари ҳақида"

1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарорига иловага киритиладиган

ЎЗГАРТИРИШЛАР


Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат божи ставкалари ҳақида" 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарорига илова 3-банднинг "а" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"а)

Шартномани рўйхатга олганлик ва гаровни рўйхатга олганлик тўғрисида гувоҳнома берганлик учун

-

Шартнома суммасининг 0,1 фоизи миқдорида;"

  

Кўрсатиб ўтилган илова 4-бандининг "г" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин.


"г)

Мол мулкни гаровга қўйиш шартномаларини тасдиқлаганлиги учун

-

Шартнома суммасининг 0,15 фоизи миқдорида;"

  


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1997 й., 4-сон, 15-модда.