Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.06.1995 й. 204-сон "Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалигида векселларни қўллаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.06.1995 й.

N 204



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ

ХЎЖАЛИГИДА ВЕКСЕЛЛАРНИ

ҚЎЛЛАШ ТЎFРИСИДА


Халқ хўжалигида ҳисоб-китобларни жадаллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тўлов муддати кечиктирилган қарз мажбурияти ва Ўзбекистон Республикаси хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида етказиб берилган товарлар (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун ҳисоб-китоб воситаси сифатида вексель хўжалик оборотига жорий этилсин.

Векселларни чиқариш ҳуқуқи тижорат банкларига фақат Ўзбекистон Республикаси Марказий банки рухсати бўйича берилади. Кўрсатиб ўтилган тижорат банклари улар учун белгиланган муддатларда Марказий банкка тегишли ҳисобот топширсинлар.

Векселлар чиқариш ҳуқуқини бериш, уларнинг муомалада бўлиши ва ўз вақтида тўланиши тартибига риоя этиш бўйича жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига юклансин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

- корхоналар Ўзбекистон Республикаси ваколатли тижорат банклари векселларини белгиланган тартибда шартномалар асосида сотиб олишлари мумкин;

- вексель пулини тўлаш (вексель мажбурияти бўйича тўлов), қоидага кўра, эмитент томонидан вексель эгасининг аризасига биноан (векселни кўрсатган ҳолда) амалга оширилади. Алоҳида ҳолларда, томонларнинг ўзаро келишувига кўра, тўлов бунинг учун эмитентдан ваколат олган банк томонидан эмитентнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин;

- ваколатли тижорат банкларига корхоналарнинг векселлар эмиссияси буйича таклифларини кўриб чиқиш, хизмат кўрсатиладиган эмитент-корхоналарнинг тўлов қобилиятини аниқлаш ва тасдиқлаш, векселларнинг ликвидлик даражасини баҳолаш ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш юклатилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазир-лиги томонидан ишлаб чиқилган ўтказма ва оддий вексель тўғрисидаги Низом ҳамда корхона ва ташкилотлар векселларини чиқариш ва муомалада бўлишининг вақтинчалик тартиби маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлиги мазкур ҳужжатларни тасдиқласинлар ҳамда бир ҳафта муддатда уларни вазирликларга, идораларга, корпорацияларга, уюшмаларга, тижорат банкларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига етказсинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига:

- банкларнинг векселларини чиқариш, уларнинг муомалада бўлиши ва уларнинг пулини қайтариш шартларини рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш;

- векселлар ва вексель кредитларини тўлаш бўйича  муддати ўтиб кетган қарзлар кўрсатилган ҳолда векселлар эмиссияси ҳажми юзасидан банклар ва эмитент-корхоналарнинг ҳар ойлик ҳисобот беришини белгилаш;

- эмитентларнинг буюртманомалари бўйича бир ҳафта муддатда вексель бланкларининг марказлаштирилган тартибда тайёрланишини таъминлаш тавсия этилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ваколатли тижорат банклари билан биргаликда:

- вексель тўловлари тизимини босқичма-босқич жорий этишни ташкил қилсин, биринчи босқичда векселлар чиқаришга рухсатномани банкларга, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирадиган ва сотадиган, векселларнинг юқори даражада ликвидлигини таъминлашга қодир бўлган корхоналарга берсин;

- ўн кун муддатда марказий аппаратларда ва жойларда векселлар билан ишлашни ташкил этиш бўйича тегишли бўлинмалар ташкил этсин;

- векселларни ўзаро ҳисобга олиш ва уларнинг пулини қайтариш тўғрисида банклар ўртасида шартномалар тузиш чора-тадбирларини кўрсин;

- векселнинг муомалада бўлишини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритсин, вексель бозорининг ва векселлар эмитентларининг аҳволи тўғрисидаги шарҳларни, прогнозларни эълон қилиб борсин, векселлар бўйича муваффақиятли иш олиб бораётган корхоналар тажрибасини ўтказишга кўмаклашсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

- Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Молия вазирлиги, Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда векселлар ишлатилиши муносабати билан амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш юзасидан тегишли таклифлар тақдим этсин;

- нотариал идоралар тармоқини анча кенгайтирсин, гаровни расмийлаштиришда, жумладан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ гаровни расмийлаштиришнинг қисқа муддатларини белгилаб вексель кредити олишда хизматлар ҳажмини кенгайтириш юзасидан шарт-шароитлар яратсин;

- нотариал идораларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳудудий бошқармаларига векселлар масаласида билдирилган эътирозлар тўғрисида ахборот тақдим этишни юкласин.

Бажарилган ишлар тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ҳафта муддатда:

- векселлар, шу жумладан, муддати ўтиб кетган векселлар билан амалга ошириладиган операцияларни бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботида акс эттириш тартибини белгиласин;

- Адлия вазирлиги билан биргаликда нотариал идораларнинг қўшимча қарорини ташкил этишни маблағ билан таъминлаш манбалари ва давлат нотариусларининг сони тўғрисида таклифлар киритсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Б.С. Ҳамидов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                   И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1995 й., N 6, 19-модда.