Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.05.1998 й. 230-сон "Ўзбекистон Республикаси паспорт режимини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.05.1998 й.

N 230


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПАСПОРТ

РЕЖИМИНИ КУЧАЙТИРИШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси паспорт тизими тўғрисидаги Низом"ни амалга киритиш ҳақида" 1994 йил 23 декабрдаги Фармони ва шу асосда чиқарилган Ҳукумат қарорларининг ижросини текшириш бу борада жойларда ҳокимликлар ва бевосита масъул бўлган мутасадди идоралар фаолиятида жиддий нуқсонларга йўл қўйилаётганлигини кўрсатди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликларининг масъулиятсизлиги оқибатида, бир қатор шаҳар ва туманларда паспортларни бериш ва алмаштириш ишларини амалга оширувчи комиссиялар деярли фаолият кўрсатмаган.

Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида аҳолига паспорт топшириш кўрсаткичларини кўпайтириб кўрсатиш, Тошкент  шаҳри, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида ички ишлар идораларининг ходимлари томонидан қонунсиз равишда паспорт бериш ҳолатлари ўрин олган.

Жойларда паспорт режимини таъминлаш ҳамда хорижий фуқароларнинг Ўзбекистонга келиши, яшаши ва чиқиб кетиши ҳақидаги қонунларга риоя этилиши етарли даражада ташкил этилмаган.

Солиқ ва молия идоралари паспортлар ва маъмурий жарималардан давлат бюджетига тушадиган маблағлар юзасидан назорат олиб бормаган.

Республикада паспорт ислоҳотини амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимларига аниқланган камчиликларни бартараф этиш, масъулиятсизликка йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан кескин чоралар кўриш, паспортларни бериш ва алмаштириш ишларини амалга оширувчи комиссияларнинг фаолиятини жадаллаштириш мақсадида паспорт тизимларининг моддий-техник таъминот даражасини яхшилаш чораларини кўриш топширилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги /З.Алматов/ икки ҳафта муддатда Республика худудида паспорт режимини такомиллаштириш бўйича қўшимча тадбирлар ишлаб чиқсин, мансабини суиистеъмол қилган ходимларнинг жавобгарлигини ҳал этиб, паспорт тизими ходимлари орасида интизом ва қонунчиликка риоя қилишни мустаҳкамлаш юзасидан чоралар белгиласин.


3. Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасига /Б.Мустафоев/ паспорт ислоҳотини амалга ошириш устидан назоратни янада кучайтириш, бу соҳада қонун бузарликка йўл қўйган мансабдор

шахсларга нисбатан жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чоралар кўриш топширилсин.


4. Республика Давлат Солиқ қўмитаси /В.Беганов/ ва Молия вазирлиги /Ж.Сайфиддинов/ паспортлардан тушадиган тўловлар ҳамда маъмурий жарималарнинг тўла миқдорда ва ўз вақтида давлат бюджетига тушиши юзасидан назорат ўрнатсинлар.


5. Мазкур қарорнинг ижроси устидан назорат Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                           И. Каримов