Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашининг 26.01.2004 й. 594-II-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг 2003 йилдаги иши тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИ КЕНГАШИНИНГ

ҚАРОРИ

26.01.2004 й.

N 594-II



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ

ҲУЗУРИДАГИ АМАЛДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ

МОНИТОРИНГИ ИНСТИТУТИНИНГ

2003 ЙИЛДАГИ ИШИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг 2003 йилдаги Иши тўғрисидаги ҳисоботни эшитиб ва муҳокама этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси хузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг 2003 йилдаги иши тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти (А.Турсунов):

илмий тадқиқотлар ўтказишда парламенти икки палатали мамлакатларда қонун ҳужжатлари мониторингини амалга ошириш тажрибасига, шунингдек ушбу ишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштирокига алоҳида эътибор қаратсин;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қўмиталари ва комиссияларига қонунларнинг ижроси устидан парламент назоратини амалга оширишда кўрсатилаётган ёрдам самарадорлигинн кучайтириш чора-тадбирларини кўрсин;

Институтнинг кутубхона фондини чет мамлакатларнинг қонун ҳужжатларига доир адабиётлар, шунингдек миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш муаммоларига доир адабиётлар билан тўлдирсин;

амалдаги қонун ҳужжатларини уларнинг халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан ўрганиш ва таҳлил этиш ишларини давом эттирсин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлисининг Раиси                                                   Э. Халилов





Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги

институтининг 2003 йилдаги иши тўғрисида

ҲИСОБОТ


Ҳисобот йилида институт фаолияти ўз уставида белгиланган вазифаларга, 2003 йил учун тасдиқланган иш режасига мувофиқ равишда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашининг 2003 йил 6 февралда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг 2002 йилдаги иши тўғрисида"ги 462-II-сонли қарорида акс эттирилган таклифлар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилди.


I.


2003 йилда қонун лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш институт фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлди.

"Банк сири тўғрисида"ги, "Банкротлик тўғрисида"ги, "Жамоат фондлари тўғрисида"ги, "Электрон ракамли имзо тўғрисида"ги, "Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисида"ги, "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги, "Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя килиш тўғрисида"ги, "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги, "Электрон тижорат тўғрисида"ги, "Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги, "Жамоат бирлашмалари тўғрисида"ги ва бошқа қонунларнинг лойиҳалари юзасидан эксперт хулосалари тайёрланди.

Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш институт фаолиятида муҳим ўрин эгаллади. "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги (янги таҳрири), "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида"ги қонунларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилишида институт ходимлари бевосита иштирок этдилар. Бундан ташқари улар иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ўн учинчи сессиясида биринчи ўқишда маъқулланган "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги қонун лойиҳасини тайёрлашда хам қатнашдилар.

Институт ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ислоҳотлар ва инвестициялар бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш, Жамият турмушининг барча жиҳатларини эркинлаштириш ва янада ислоҳ қилиш соҳасидаги қонунчилик негизини такомиллаштириш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш комиссияси, Кичик ва ўрта тадбиркорлик, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳи, Давлат-ҳуқуқ, суд тизимини такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш масалалари бўйича кенгаш ишида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигининг асосий йўналишларини таъминлаш бўйича комплекс дастурни рўёбга чиқаришда иштирок этдилар.

Таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳаларини экспертиза қилиш ҳамда қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан Институт томонидан амалга оширилаётган ишларда Ўзбекистон ва чет мамлакатлар таниқли олимларининг иштироки кучайди. Юқори малакали амалиётчи мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, қатор халқаро ташкилотларнинг экспертлари томонидан кўрсатилаётган ёрдам салмоғи ортди.

Қонун лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва ишлаб чиқиш жараёнида уларнинг илмий асосланганлик даражаси, амал қилиш соҳаси, қонун ҳужжатлари тизимидаги ўрни, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлиги аниқлаб берилди, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатларига сингдириб бориш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Чет мамлакатлар қонунларини қиёсий таҳлил қилиш ва турли тахлилий материаллар тайёрлашга ҳам кўпроқ эътибор берилди. Ўтган йили инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, терроризмга қарши кураш муаммолари бўйича, суд-ҳуқуқ соҳасида, шунингдек парламент фаолиятида келишув таомиллари масалалари бўйича таҳлилий материаллар тайёрланди. Бу иш қонун лойиҳаларини тайёрлаш сифати ошишига ёрдам берди, турли давлат органлари жорий фаолиятда ундан фойдаландилар.


II.


Ҳисобот даврида институт фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири қонун ҳужжатларининг қўлланиш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, унинг самарадорлик даражасини аниқлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлигини белгилаш бўлди.

Назорат-таҳлил ишлари ҳам мустақил равишда, ҳам Олий Мажлис қўмиталари билан яқин ҳамкорлик асосида амалга оширилди. Институт ходимлари, хусусан, Олий Мажлис Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг ишчи гурухи таркибида "Терроризмга қарши кураш тўғрисида"ги Қонуннинг Наманган вилоятидаги, "Мудофаа тўғрисида"ги Қонуннинг Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги ижроси жараёнини ўрганишда иштирок этдилар. Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан биргаликда Қашқадарё вилоятида давлат рамзлари тўғрисидаги қонунларнинг ижросини текширишда қатнашдилар.

Қонун ҳужжатларининг қўлланилиши амалиётини ўрганиш асносида бундай ҳужжатларнинг қоидалари бузилиши билан боғлиқ сабаблар аниқланди, қонунларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек қонунларнинг қўлланилиши амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия, Ташқи ишлар, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ҳамда бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, судлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан узвий алоқа йўлга қўйилганлиги институтга қонунларни татбиқ этиш амалиёти тўғрисида ишончли маълумотлар олиш имкониятини бермоқда. Бу маълумотлар мониторинг тадқиқотларини амалга ошириш, ҳуқуқий нормаларнинг татбиқий самарадорлиги даражасини аниқлаш ҳамда шундай нормаларни такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутади.

Институт ходимлари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий судининг Илмий-маслаҳат кенгашлари, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг Маслаҳат-таҳлил кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Экспертлик кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси ҳузуридаги Апелляция кенгаши, Россия Солиқ ҳуқуқи ассоциацияси таркибига киритилган.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан институт ўрнатган доимий алоқалар, бу ташкилотлар вакилларининг институт томонидан ташкил этиладиган тадбирларга таклиф этилиши, шунингдек институт ходимларининг бундай ташкилотлар томонидан ўтказиладиган конференциялар, семинарлар, давра суҳбатларида иштирок этиши амалдаги қонун ҳужжатларидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда бу қонун ҳужжатларини такомиллаштириш йўлларини белгилаб олиш имконини бермоқда.

Қонунларнинг ижро этилиши юзасидан парламент назоратини амалга оширишда Олий Мажлис депутатларига, қўмиталари ва комиссияларига ёрдам кўрсатиш ишлари самарадорлигини янги босқичга кўтариш мақсадида аввалги йиллардагидек 2003 йилда ҳам институтнинг ҳар бир ходими учун якка тартибдаги иш режаларида қонун ҳужжатларининг муайян тармоқлари бўйича назорат-таҳлил ишларининг аниқ йўналишлари белгилаб берилди. Институт Илмий-маслаҳат кенгаши мажлисида ходимларнинг йиллик ҳисоботлари муҳокамаси шуни кўрсатдики, режалаштирилган назорат-таҳлил ишлари улар томонидан асосан бажарилган.

Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, институт томонидан амалга оширилган назорат-таҳлил ишлари натижалари ҳамда улар асосида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан тайёрланган таклифлар институт ходимларининг илмий ишларида ҳамда оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларида, қонун лойиҳалари юзасидан берилаётган экспертлик хулосаларида ўз аксини топмоқда.

Ҳисобот йилида институтда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга Ўзбекистон Республикасида риоя қилиниши масалаларини ўрганиш, шунингдек қонун ҳужжатларини халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқ ҳолга келтириш юзасидан таклифлар тайёрлаш давом эттирилди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини янада таъминлаш борасидаги таклифларни таҳлил этиш юзасидан иш олиб борилди. ЕХҲТ ДИИҲБ қисқа муддатли миссиясининг 1999 йилда Ўзбекистонда ўтказилган сайловларга берган баҳосидаги тавсияларни бажаришга, шунингдек ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир талаблар юзасидан ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги Қонунга берилган экспертлик баҳоси бўйича ахборотлар тайёрланди.

Ўзбекистон Республикасининг турли халқаро шартномаларга қўшилишининг мақсадга қай даражада мувофиқлиги тўғрисида ўтган йили институт томонидаи ўн учта хулоса тайёрланди, хусусан, БМТнинг Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланилишига қарши кураш тўғрисидаги конвенциясига ҳамда ушбу конвенцияга доир Якунловчи баённомага, шунингдек БМТнинг Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенцияга доир Факультатив баённома хусусида шундай хулосалар тайёрланди.

Умуман олганда, назорат-таҳлил фаолиятинн амалга оширишда Институтнинг Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари билан ҳамкорлиги 2002 йилга нисбатан 2003 йилда анча яхшиланди. Бу соҳада Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, Оила ва аёллар муаммолари комиссияси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили билан айниқса мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Шу билан бирга назорат-таҳлил соҳасида парламентнинг бошқа қўмиталари ва комиссиялари билан ҳамкорлик етарли даражада эмаслигини хам таъкидлаб ўтиш жоиз.


III.


2003 йилда институтда илмий-тадқиқот ишлари бир мунча кучайди. Илмий тадқиқотлар мавзуси ҳуқуқнинг турли тармоқларига, қонун ижодкорлиги ва қонунларнинг ижро этилиши жараёнида юзага келадиган долзарб масалаларни ўрганишга бағишланди.

Институтнинг илмий ходимлари илмий-тадқиқот ишлари режаси қандай бажарилаётгани тўғрисида йилига икки марта ахборот тақдим этиб турдилар. Йил ниҳоясида ҳар бир илмий ходим йил давомида амалга оширган ишлари ҳақида ҳисобот тайёрлади. Ҳисоботда унинг илмий-тадқиқот ишларини бажариш жараёни муфассал акс этди. Ўтган йили институтда 50 дан ортиқ илмий иш ниҳоясига етказилди ва аксарияти эълон қилинди.

Илмий-оммабоп ва ўқув адабиётларини тайёрлашга институтда ўтган йиллардаги каби алоҳида эътибор қаратилди. Институт ходимлари иштирокида 2003 йилда "Ўзбекистоннинг ҳуқуқ тизимига кириш" дарслиги, "Хотин-қизлар учун ҳуқуқий хрестоматия", "Гендер ва зўравонлик", "Армия" китобчалари нашр этилди, шунингдек терроризмга қарши курашнинг қонуний асосларига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди. Солиқ бўйича маслаҳатлар бериш, адвокатурани ислоҳ қилиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш муаммоларига бағишланган мақолалар чоп этилди.

Институт ходимлари учта докторлик ва бешта номзодлик диссертацияси ҳимоясида расмий оппонент сифатида иштирок этдилар, юридик фанлар номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган бешта, юридик фанлар доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган учта диссертация авторефератларига тақриз тайёрладилар.

Таниқли ҳуқуқшунос олимлардан, шунингдек юқори малакали амалиётчи мутахассислар - судьялар, прокуратура органлари, Адлия вазирлиги, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимларидан иборат институт Илмий-маслаҳат кенгашининг фаолияти кучайди. Илмий-маслаҳат кенгаши мажлисларида қонун ҳужжатларини қўллаш жараёнида юзага келадиган долзарб масалалар, шунингдек бундай ҳужжатларни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар муҳокама этилди. 2003 йилда институт Илмий-маслаҳат кенгашининг 7 та мажлиси ўтказилиб, уларда юридик фанлар доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган тўртта ва юридик фанлар номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган учта диссертация муҳокама қилинди.

Қонун ҳўжжатларини мукаммаллаштириш ва уларнинг қўлланиш амалиётини янада такомиллаштириш, халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонун ҳужжатларига сингдириб бориш, инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларига, нодавлат нотижорат ташкилотларининг айрим турлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш истиқболларига, парламент ислоҳоти, ахборотлаштириш ва ахборот технологиялари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, шунингдек бошқа долзарб муаммоларга бағишлаб институт томонидан мустақил равишда ёки бошқалар билан, шу жумладан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ўн бешта конференция, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Улар орасида 2003 йилнинг июль ва ноябрь ойларида Европа Иттифоқи Комиссияси ЕвропаЭйд дастурининг "Ўзбекистонда демократлаштириш жараёнини ривожлантиришга кўмаклашиш" лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этилган, қонун ҳужжатлари мониторинги ва келишув таомилларини амалга ошириш муаммоларига, шунингдек фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган конференцияларни алоҳида таъкидлаш мумкин. Март ва ноябрь ойларида БМТнинг Тараққиёт дастури билан биргаликда ахборотлаштиришга доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари бўйича халқаро конференция ўтказилди. Бундан ташқари, БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари билан биргаликда октябрь ойида "Халқаро нормаларни миллий қонун ҳужхатларига сингдириш муаммолари" мавзуида конференция ўтказилди. Бу анжуманларда Олий Мажлис депутатлари, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллигининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Олий суди, Бош прокуратурасининг, бошқа давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, шунингдек халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этдилар.

Ҳисобот йилида институт ходимлари элликдан зиёд илмий ва илмий-амалий семинар ҳамда конференцияларда, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ва унинг сарҳадларидан ташқарида ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этдилар, чет давлатларнинг етакчи илмий марказларида малака ошириб қайтдилар. Институт ходими 2003 йилнинг июль ойида глобаллаштириш муаммоларига бағишлаб Будапештда (Венгрия) Марказий Европа университети базасидаги ёзги Университетда ташкил этилган ўқув машғулотида иштирок этди. Институт ходимлари ЕвропаЭйд дастурининг "Ўзбекистонда демократлаштириш жараёнини ривожлантиришга кўмаклашиш" лойиҳаси томонидан ташкил этилган, қонун ҳужжатлари мониторингини амалга ошириш тажрибасини, шунингдек омбудсман ва бошқа парламент институтлари фаолиятини ўрганишга бағишлаб май-июнь ойларида Германия, Швеция ва Италияда, сентябрь-октябрь ойларида Россия ва Украинада ўтказилган ўқув машғулотларида қатнашдилар.

Ўтган йили институт ходимлари Москва шаҳрида (Россия) бўлиб ўтган қонун ҳужжатлари мониторингини ўтказиш муаммоларига, шунингдек солиқ солишнинг айрим масалаларига бағишланган халқаро конференцияларда иштирок этиш учун сафарга бориб келдилар. Бундан ташқари, улар Гармиш (Германия) шаҳрида ўтказилган миллий хавфсизликни таъминлашга доир халқаро конференцияда иштирок этдилар.


IV.


Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурини амалга оширишга институтда аввалги йиллардаги каби катта эътибор қаратилди. Шу йўналишда институт оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам алоқа боғлади.

"Халқ сўзи", "Народное слово", "Фидокор", "Ватанпарвар" газеталарида, "Хўжалик ва ҳуқуқ", "Демократизация и права человека", "Ҳуқуқ-Право-Law", "Нефть. Газ. Право" журналларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида институт ходимларининг 30 дан зиёд мақоласи эълон қилинди, улар 40 та телекўрсатувда ва 25 та радиоэшиттиришда иштирок этдилар.

Бу чиқишларда қонунчиликнинг долзарб муаммолари кўтарилди, шунингдек қонун ҳужжатларини қўлланиш амалиёти таҳлил қилиниб, Олий Мажлис муҳокамасига киритилаётган қонун лойиҳаларини ҳамда мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатларининг моҳиятини, шунингдек Ўзбекистонда амалга оширилаётган парламент ислоҳоти жараёнини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Қатор газета ва журналларнинг ("Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ахборотномаси", "Ҳаёт ва қонун", "Ҳуқуқ", "Солиқ ва божхона хабарлари", "Kогеаn Studies" ва бошқа газета-журналларнинг) таҳрир ҳайъатларига институт ходимлари аъзо этиб сайланган бўлиб, улар мазкур нашрлардаги материаллар йўналишларини тўғри белгилаб олишга муайян даражада кўмаклашиб келмоқдалар.

Институт ходимлари Ўзбекистоннинг турли вилоятларида сафарда бўлиб, корхона, муассаса, ташкилот ва маҳаллаларга бориб, инсон ҳуқуқларига, уларни таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмларига, хавфсизликни таъминлаш ва терроризмга қарши курашга, нодавлат нотижорат ташкилотлари тузишга ва уларнинг фаолият кўрсатишига доир ишларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишга бағишланган ва бошқа мавзуларда лекциялар ўқидилар. Умуман олганда, институт ходимлари томонидан аҳоли ҳузурида 200 га яқин лекция ва учрашув ташкил этилди.


V.


Ҳисобот йилида институтнинг қатор халқаро ташкилотлар ва чет мамлакатларнинг илмий марказлари билан ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этди. Бундай ҳамкорлик, хусусан, Европа Иттифоқи Комиссиясининг ЕвропаЭйд дастури, БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари, Халқаро нотижорат ҳуқуқ маркази, К.Аденауэр, Евроосиё фондлари ва бошқа қатор халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари билан яхши йўлга қўйилган. Бунда ҳамкорлик асосан биргаликда семинарлар ва конференциялар ташкил этиш, қонун лойиҳаларини экспертиза қилишда қатнашишга чет эл экспертларини жалб этишга кўмаклашиш, институт кутубхонасини янги адабиётлар билан тўлдиришда ёрдамлашиш ва бошқа шаклларда амалга оширилди. Институтнинг халқаро ташкилотлар билан муваффақиятли ҳамкорлиги натижасида амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган ҳужжатларнинг қатор лойиҳалари тайёрланди. ЕвропаЭйд дастури лойиҳаси билан ҳамкорликда мониторинг ннститутини ислоҳ қилиш концепцияси, шунингдек демократик ислоҳотларни янада кучайтиришга ҳамда фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди.

2003 йилда институтнинг Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқшунослик институти, Украина Олий Радаси Қонун ҳужжатлари институти ҳамда бошқа қатор илмий ва ўқув марказлари билан илмий ҳамкорлиги давом эттирилди.