Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 25.04.2003 й. 489-II-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва унинг раҳбариятининг 2002 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.04.2003 й.

N 489-II

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ

ВА УНИНГ РАҲБАРИЯТИНИНГ 2002 ЙИЛДАГИ

ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТ ҲАҚИДА



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва унинг раҳбариятининг 2002 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлисининг Раиси                                             Э. Халилов




Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва унинг

раҳбариятининг 2002 йилдаги фаолияти тўғрисида

ҲИСОБОТ


Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 2002 йилда сиёсий, демократик, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ва Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг асосларини шакллантириш юзасидан собитқадам иш олиб борди. Парламент фаолияти давлатимиз бошлиғи И.А. Каримов томонидан иккинчи чақириқ парламентининг сессияларидаги маърузаларида илгари сурилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида депутатлар томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қўмиталари ва комиссияларининг 2000-2002 йилларга мўлжалланган қонунчилик ва назорат фаолияти устуворликларига, шунингдек икки палатали парламент тузиш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколат муддатини ўзгартириш масалалари бўйича 2002 йил 27 январда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига мувофиқ олиб борилди.

Қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолиятидан ташқари парламент, унинг қўмиталари ва комиссиялари амалга оширилаётган ишнинг моҳиятини ва зарурлигини тушунтиришга, жамият ҳаётининг барча соҳаларини ўзгартириш ҳамда ислоҳ қилишга кўмаклашувчи омилларни аниқлашга қаратилган бир қатор тадбирлар ўтказдилар.

Олий Мажлиснинг қонунчилик фаолияти мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий негизини шакллантиришни давом эттиришга қаратилди. Натижада ҳисобот даврида мамлакатни бундан буёнги равнақи учун муҳим аҳамиятга молик ҳуқуқий ҳужжатлар туркуми ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Парламентнинг бўлиб ўтган учта сессиясида 20 та қонун, 54 та қарор қабул қилинди, 6 та халқаро шартнома ва битим ратификация қилинди, шунингдек 44 та қонун ҳужжатига 188 та ўзгартиш ва қўшимча киритилди.

Парламент мамлакатнинг 2003 йилги Давлат бюджетини, шунингдек Давлат бюджетининг 2001 йилдаги, 2002 йилнинг биринчи чорагидаги, биринчи ярим йиллигидаги ва тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлади. Давлат бюджетининг ҳисобот давридаги кўрсаткичлари Олий Мажлис томонидан белгиланган доирада бўлди. Ҳукумат томонидан макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий муҳофаза қилинишини кучайтириш, мамлакат иқтисодиётига янги инвестицияларни жалб этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилди. Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек фуқароларни иш билан таъминлаш, уларнинг даромадларини кўпайтириш, ишлаб чиқаришни, шу жумладан экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни техникавий қайта қуроллантиришни амалга ошириш бўйича катта иш олиб борди.

2002 йил 27 январда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумининг якунларидан келиб чиқиб, мамлакат парламенти қонунчилик ишларининг асосий йўналишлари ва устуворликларини белгилаб олди. Мамлакат қонун чиқарувчи олий органини ислоҳ қилишнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов томонидан олға сурилган ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, шак-шубҳасиз, қонун устуворлиги ва аҳоли турли табақаларининг фикрларини кенг ҳисобга олиш асосида давлат ҳокимияти барча тузилмаларининг янада аниқроқ фаолият кўрсатишига кўмаклашади. Икки палатали парламент мамлакатда қонун чиқарувчи ҳокимиятни мустаҳкамлайди, энг муҳим давлат масалаларини ҳал этишда унинг ролини оширади. Умуман олганда, профессионал парламентнинг фаолияти, энг аввало, қонун ижодкорлиги сифатини оширишга қаратилади.

Референдум якунларини рўёбга чиқариш, ҳокимият барча тармоқлари фаолиятининг мувозанатини сақлаш ва уларнинг ўзаро самарали мувофиқлаштирилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон парламенти "Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида"ги Конституциявий қонунни қабул қилди. Ушбу Қонун бундан буёнги ўзгартиришларни ҳар тарафлама пухта, туб-асосли равишда амалга ошириш имкониятини берадиган норматив негиз бўлади, референдум якунларини қонунчилик шаклида мустаҳкамлайди ҳамда келгусида қабул қилиниши зарур бўлган, ўзида ўзгаришлар жараёнини акс эттирадиган янги қонунларга нисбатан мутлақо бошқача талаблар қўяди.

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида"ги ва "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги конституциявий қонунларнинг қабул қилиниши ҳуқуқий фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида яна бир муҳим босқич бўлди. Мазкур конституциявий қонунларда бўлғуси парламентнинг ҳар иккала палатасини шакллантириш тартиби, уларнинг таркибий тузилиши ва ваколатлари, қўмиталар ва комиссияларни тузиш, қонун лойиҳаларининг ўтиш механизми белгилаб қўйилди. Уларда келишув тартиб-таомиллари, палаталарнинг ўзаро, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа тармоқлари органлари билан бўладиган ҳамкорлиги, парламент фаолиятининг бошқа масалалари ҳам тартибга солинган.

Парламент томонидан янги таҳрирда қабул қилинган "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Қонун бугунги кунда айниқса долзарб ҳисобланади. Бу ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун ва моҳияти Қуролли Кучларни ислоҳ қилишнинг иккинчи чақириқ Олий Мажлисининг тўққизинчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов томонидан олға сурилган концепциясига тўла мосдир. Уни ишлаб чиқишда депутатлар миллий манфаатлардан, минтақадаги ва жаҳондаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан, замонавий урушлар ва қуролли можаролар хусусиятидан, ҳаракатчан, етарлича таъминланган ва яхши қуролланган, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни самарали ва ишончли тарзда ҳимоя қилишга қодир Қуролли Кучларни шакллантириш зарурлигидан келиб чиқдилар.

Олий Мажлиснинг саккизинчи сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси шу соҳадаги миллий қонун ҳужжатларини халқаро ҳуқуқий нормаларга мос ҳолга келтиради. Кодексда жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатлари, шаҳарсозлик фаолияти субъектлари бўлмиш пудратчилар, буюртмачилар ва тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқувчиларнинг ҳуқуқий муносабатлари, уларнинг ҳуқуқлари ва бурчлари белгиланган. Унда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг шаҳарсозлик соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилган.

Ҳужжатда шаҳарсозликни бошқариш органлари, шаҳарсозлик ҳужжатларига, муайян ҳудудлардан фойдаланишга, шаҳарсозлик кадастрини жорий этишга қўйиладиган талаблар белгиланган, архитектура ва қурилиш соҳасидаги қоидабузарликлар учун жавобгарлик, шаҳарсозлик фаолиятининг молиявий таъминоти тартиби белгилаб қўйилган.

"Давлат статистикаси тўғрисида"ги Қонуннинг қабул қилинишини мамлакат статистика тизимини бозор иқтисодиёти принципларига мувофиқлаштириш, Ўзбекистон Республикасида давлат статистикасининг ташкил этилиши борасидаги ёндашувларнинг жаҳон амалиётида қабул қилинган халқаро стандартлар ва қоидалар билан бир хил бўлишини таъминлаш зарурлиги тақозо этди. Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши ва амалга киритилиши 2001 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро валюта фонди ўртасида имзоланган Иқтисодий ва молиявий сиёсат масалалари бўйича меморандум қоидаларидан бирининг бажарилиши деб ҳисобланади.

Қонун барча хўжалик юритувчи субъектлар давлат статистикаси материалларини тайёрлаш чоғида амал қиладиган ҳуқуқий асосларни яратади. Ҳужжат давлат статистикасини ташкил этиш тартибини белгилайди ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи тўғрисидаги статистика маълумотларини тўплаш, умумлаштириш, тарқатиш ва сақлаш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади.

Жамият ва давлатнинг изчил илгарилаб бориши, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги чуқур ўзгаришлар, фуқаролар сиёсий-ҳуқуқий онгининг ўсиши нодавлат ва жамоат институтларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини кучайтиришни, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларининг зарур кафолатларини, сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлайдиган демократик принципларнинг амалга оширилишини талаб қилади.

Олий Мажлис демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишларидан келиб чиқиб, "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида"ги Қонунни қабул қилди. Ушбу Қонуннинг мақсади ахборот билан боғлиқ жараёнларни янада демократлаштириш ва эркинлаштиришдан, ахборот тарқатувчи воситаларнинг фаолиятини яхшилашдан, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқларини кафолатлашдан, шунингдек сўз ва ахборот эркинлигини ривожлантириш учун шарт-шароит яратишдан иборат.

Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Парламент томонидан янги таҳрирда қабул қилинган "Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари асосида таъминлашга хизмат қилади. Унда фуқароларнинг мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқувчи мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилган.

Олий Мажлис томонидан қабул қилинган бошқа қонунлар ҳам жамиятимизнинг олға қараб боришида катта аҳамиятга эга. Улар орасида парламент ҳисобот даврида қабул қилган "Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги, "Чиқиндилар тўғрисида"ги, "Селекция ютуқлари тўғрисида"ги, "Кредит уюшмалари тўғрисида"ги, "Суғурта фаолияти тўғрисида"ги, "Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида"ги, "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги, "Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида"ги қонунлар бор.

Шуни таъкидлаш керакки, қабул қилинган қонунларнинг мазмун ва моҳияти Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятининг асосларини шакллантиришнинг мамлакатимиз Президенти томонидан иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг тўққизинчи сессиясидаги маърузасида таърифлаб берилган устуворликлари ва асосий йўналишларига тўла мос тушади. Шу жиҳатдан олганда, парламентнинг давлатимиз бошлиғи томонидан ўртага қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида тузилган Комиссияси катта иш олиб борди. Олий Мажлиснинг қарори билан тузилган мазкур Комиссия таркибига парламент қўмиталари, Ўзбекистон Республикасининг бир қанча вазирликлари ва идоралари, илмий-тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари, жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари киритилган. Комиссия иши энг мақбул тарзда ташкил этилишига эришиш мақсадида унинг таркибида мамлакатни ривожлантиришнинг тегишли устуворликларига мувофиқ ва ҳамоҳанг бўлган кичик комиссиялар, хусусан мустақиллик ва хавфсизлик масалалари бўйича, иқтисодий тараққиёт масалалари бўйича, жамоатчилик институтлари, оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича, суд-ҳуқуқ ислоҳоти масалалари бўйича, ижтимоий сиёсат масалалари бўйича, Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш масалалари бўйича Кичик комиссиялар тузилди. Кичик комиссиялар мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларни янада кенгайтириш концепцияларини ҳамда уларни амалга ошириш тадбирларини ишлаб чиқдилар.

Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш масалалари бўйича Олий Мажлис комиссиясининг иши мамлакатни яқин истиқболда ривожлантириш стратегиясини рўёбга чиқариш учун ҳуқуқий шарт-шароит яратишга қаратилгандир. Комиссия аъзолари ҳисобот йилида қабул қилинган бир қанча қонунларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этдилар.

Парламентнинг 2002 йилдаги қонунчилик фаолиятида илгари қабул қилинган қонунларни такомиллаштиришга, уларни амалда вужудга келган ижтимоий-иқтисодий вазият ва истиқбол режаларига мувофиқлаштиришга катта эътибор қаратилди. Баъзи қонун лойиҳалари бир нечта қўмита ва комиссиялар томонидан биргаликда ишлаб чиқилди. Буни мамлакатда иқтисодий ўзгартиришлар чуқурлашиб бораётганлиги ва ислоҳотларнинг қонунчилик негизини яратиш масалалари парламент тузилмаларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириб боришни долзарб заруриятга айлантираётганлиги тақозоси дейиш мумкин.

Парламентнинг учта сессиясида 169 нафар депутат сўзга чиқди. Улар томонидан ҳуқуқий нормаларни такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифлар киритилди, бу таклифларнинг аксарияти қонунларнинг лойиҳаларини маромига етказиш чоғида ҳисобга олинди.

Қонун лойиҳаларини тайёрлаш учун мамлакатимизнинг теран назарий билимга ва катта амалий иш тажрибасига эга бўлган етакчи олимлари ва экспертларини жалб этган ҳолда олдиндан депутатлар ишчи гуруҳлари тузилди. Парламент қўмиталари ва комиссиялари қонунчиликка тааллуқли иш жараёнида халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қилдилар. Бу борада парламентнинг айниқса "Ўзбекистонда демократлаштириш жараёнини ривожлантиришга кўмаклашиш" ТАСИС лойиҳаси, Халқаро нотижорат ҳуқуқ маркази, Сорос, К. Аденауэр фондлари ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар билан олиб бораётган ҳамкорлигини алоҳида таъкидлаш керак.

Алоҳида аҳамиятга молик тўққизта қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди, улар кейинчалик иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Қонун лойиҳалари депутатларга батафсил ўрганиб чиқиш, ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувларда муҳокама қилиш учун олдиндан юбориб турилди. Қонун лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан тушган таклифлар уларни маромига етказиш чоғида инобатга олинди. Сессиялар муҳокамасига киритиладиган қонунларнинг лойиҳаларини Олий Мажлис Кенгаши ўз мажлисларида мунтазам муҳокама этиб борди.

Назорат-таҳлил ишлари режаларига мувофиқ Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари ўтган йили қонунлар, конвенциялар, миллий дастурлар ижроси устидан назорат тартибида 60 га яқин масалани кўриб чиқдилар. Бунда мамлакатнинг барча минтақалари қамраб олинди, шу зайл жойлардаги ишларнинг аҳволи ҳақида кенг тасаввурга эга бўлиш имконияти юзага келди.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш натижалари қўмиталар ва комиссияларнинг мажлисларида марказий ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг, ташкилотларнинг раҳбарлари, бошқа манфаатдор шахслар иштирокида синчиклаб таҳлил қилинди ва атрофлича муҳокама этилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ижроси назоратга олинди, муҳокама якунлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилди.

2002 йилда назоратнинг қўмиталар ва комиссиялар томонидан аввал қабул қилинган қарорлар ижросини текшириш сингари шакли ҳам анча кенг қўлланилди.

Умуман олганда, қўмиталар ва комиссияларнинг ҳисобот давридаги назорат-таҳлил фаолияти якунларига мухтасар баҳо бериб, шуни таъкидлаш керакки, депутатлар ва мутахассислар жойларда қонунларнинг ижросини текшириш жараёнида қонунларнинг моҳиятини тушунтириш юзасидан катта ишлар олиб бордилар ҳамда аниқланган камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этишда амалий ёрдам бердилар. Қонунларни, шунингдек уларни ижро этиш механизмини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ишчи гуруҳлари таркибида тажрибали мутахассислар ва экспертлар иштирок этиши амалдаги қонунларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш юзасидан асосли таклифлар тайёрлаш имкониятини берди.

Ҳисобот даврида халқаро ҳамда парламентлараро алоқалар ривожланиб ва мустаҳкамланиб борди. 2002 йил мобайнида Олий Мажлисга элликдан зиёд делегация ташриф буюрди. Парламентда хусусан БМТ Бош котиби К. Аннан, ЕХҲТнинг кам сонли миллатлар ишлари бўйича олий комиссари Карл Рольф-Экеус, Польша Республикаси Президенти А. Квасьневский, Афғонистон Муваққат ҳукумати бошлиғи Ҳ. Карзай ва бошқа арбоблар қабул қилинди. Олий Мажлисга ўнта парламент делегацияси ташриф билан келди, улар орасида ГФР, Нидерландия, Бельгия, АҚШ, Швейцария ва бошқа давлатлар парламентларининг делегациялари бор. Ўз навбатида Олий Мажлис депутатлари Германия, Австрия, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар парламентларининг фаолияти билан танишдилар, бу эса парламентлараро алоқалар кўлами, парламент иш тажрибасини айирбошлаш имконияти кенгайишига олиб келди.

Европа парламенти билан яқин ва амалий алоқалар ўрнатилиб, муносабатлар кучайиб бораётганлигини Олий Мажлис халқаро фаолиятининг асосий йўналишларидан бири жумласига киритса бўлади. "Ўзбекистон- Европа Иттифоқи" Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг ҳар йили ўтказиладиган мажлислари бунга далилдир, энг сўнгги мажлис 2002 йил май ойида Страсбургда бўлиб ўтди. Бу Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим доирасида ушбу қўмита тузилган пайтдан буёнги учинчи мажлис бўлиб, унда Ўзбекистон парламентининг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлиги истиқболлари ва уни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

2002 йил 18 ноябрда Тошкентда "Марказий Осиё ҳамкорлиги" ташкилотига аъзо мамлакатлар парламентлари аъзоларининг учрашуви ўтказилиши Олий Мажлиснинг парламентлараро алоқаларида муҳим воқеа бўлди. Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси парламентларининг раҳбарлари иштирок этган бу учрашувда парламентлараро ҳамкорлик институтини - "Марказий Осиё ҳамкорлиги" ташкилотига аъзо мамлакатлар Парламент аъзолари кенгашини тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Олий Мажлиснинг халқаро алоқалари мустаҳкамланиб бораётганлиги парламентнинг Ўзбекистондан четга олиб кетилган ва халқ бойлиги бўлган архив ҳужжатларини қайтариб олиб келиш бўйича махсус комиссияси ишини сезиларли даражада жонлантирди. Комиссия аъзолари ўтган йили Россия, Буюк Британия, Туркия, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларига бориб келдилар. Шу йўналишдаги изланишлар натижасида Ўзбекистонга Камолиддин Беҳзоднинг Навоий, Низомий ва Хисрав Деҳлавий асарларига ишланган, ҳозирги кунда Буюк Британия ва Туркия кутубхоналарида сақланаётган дурдона миниатюраларидан, Лондондаги Британия музейидан эса Бобур ва бобурийлар сулоласи тарихининг турли қирраларини акс эттирувчи расмлар коллекцияси ва Бухоро ҳукмдорлари портретларидан нусхалар олиб келинди. "Виктория ва Альберт" музейидан (Англия) "Бобурнома"нинг энг нодир қўлёзмаларидан биридаги миниатюралардан, шунингдек Бобурнинг 1630 йилда чизилган портретидан нусхалар келтирилди.

Комиссия аъзоларининг Россияга қилган сафарлари чоғида хусусан Москва шаҳридаги фономатериаллар давлат архивида ва Красногорск шаҳридаги кинофото давлат архивида мамлакатимиз тарихига тааллуқли уч мингдан ортиқ ҳужжат топилди.

Шахснинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш парламент раҳбарияти, унинг қўмиталари ва комиссияларининг доимий эътиборида бўлди. Бунда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга катта эътибор қаратилди. 2002 йилда Олий Мажлисга 3424 та ёзма мурожаат, шу жумладан 334 та такрорий мурожаат тушди. 2001 йилга нисбатан ёзма мурожаатлар сони 214 тага кўпайди. Хатларда фуқароларнинг мамлакатда ва жаҳонда содир бўлаётган воқеаларга қарашлари баён этилган, улар мамлакатда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий соҳаларда амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида ўз фикрларини билдирганлар.

Талайгина хатларда фуқаролар турли даражадаги судларнинг қарорларига рози эмасликларини изҳор этганлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар ходимларининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари (хат муаллифларининг фикрича) устидан шикоят қилганлар. Уй-жой мулкдорлари ширкатларини тузиш чоғидаги қонунийлик бузилаётганлиги, коммунал хизматлар ўз мажбуриятларини бажармаётганлиги, натижада фуқароларнинг хонадонларига иссиқлик ва ичимлик сув етказиб бериш таъминланмаётганлиги муносабати билан кўпгина шикоятлар тушди. Хатларнинг талай қисми Тошкент шаҳридан, Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларидан тушганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиздир.

Парламент ваколатига тааллуқли мурожаатлар Олий Мажлис раҳбарияти томонидан, қўмиталар ва комиссияларда кўриб чиқилди. Депутатлар томонидан фуқароларни қабул қилиш Олий Мажлисда ҳам, сайлов округларида ҳам ўтказилди. Фуқаролардан тушган мурожаатларнинг аксарияти кўриб чиқиш учун тегишли ҳокимликлар, судлар, прокуратура органлари, вазирликлар, идоралар ва бошқа ваколатли органларга юборилди. Ана шу мурожаатлар билан жойларда қандай иш олиб борилаётганлиги депутатларнинг доимий назорати остида бўлди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига 2002 йилда фуқаролардан 5130 та мурожаат тушди. 871 та мурожаат юзасидан оғзаки тушунтириш ва маслаҳатлар берилди, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиш ҳоллари билан боғлиқ 1450 та мурожаат назоратга олинди, бундан 250 таси ижобий ҳал этилди. Фуқароларнинг қолган мурожаатлари кўриб чиқиш учун тегишли давлат органларига юборилди.

Омбудсман ва унинг вакиллари жойларга чиқиб, аризачилар билан қирқдан зиёд учрашув ўтказдилар. Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари, эксперт кенгаши аъзолари, шунингдек Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакиллари 35 та жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд процессининг боришини Омбудсман вакили сифатида кузатиб бордилар.

Ўтган йили Омбудсман минтақавий вакиллари институти ишида фаоллик янада ошди. Бу маҳаллий ҳокимият органларининг қўллаб-қувватлаши билан, шунингдек мазкур институтнинг таркибий шаклланиши амалда поёнига етказилганлиги билан боғликдир.

Олий Мажлиснинг қўмиталари ва комиссияларида амалдаги Қонун ҳужжатлари мониторинги халқаро ҳуқуқий нормалар ўрганилган ҳолда мунтазам олиб борилмоқда, бошқа мамлакатлардаги парламентаризм тажрибаси таҳлил қилинмоқда, мамлакат қонун чиқарувчи олий органи фаолиятининг барча йўналишлари бўйича илмий-ахборот маълумотлари базаси яратилмоқда. Халқаро ҳужжатларнинг кўпчилик ўрганиб чиқиши ва фойдалана олишини таъминлаш мақсадида Олий Мажлиснинг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар ҳамда Демакратик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари ҳамда Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тавсиясига кўра БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид халқаро шартномалари, ЕХҲТнинг инсонийлик мезонлари бўйича ҳужжатлари ҳамда Женева конвенциялари ўзбек тилига таржима қилинди ва учта тўплам тарзида чоп этилди.

Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторингини олиб бориш билан боғлиқ ишларга тегишли илмий-тадқиқот институтлари, вазирликлар ва идоралардан, шунингдек чет эл ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналаридан етакчи олимлар ва экспертлар жалб этилмоқда. Олий Мажлис ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ходимлари бу ишда депутатларга муайян даражада ёрдам кўрсатиб келмоқдалар. Ҳисобот даврида улар ўнта қонун лойиҳаси бўйича эксперт хулосалари бердилар ва олтита қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этдилар.

Ўтган йили Институтда қонун лойиҳаларини экспертизадан ўтказишга ҳамда қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишга олимлар ва юқори малакали амалиётчи мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, халқаро ташкилотларнинг экспертлари кўпроқ жалб этилди.

Амалдаги қонун ҳужжатларини қўлланиш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, бундай ҳужжатларнинг самарадорлигини аниқлаш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлигини белгилаш Институт фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Институт томонидан амалга оширилаётган таҳлилий ишларнинг натижалари ҳамда шу асосда қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўлланиш амалиётини такомиллаштириш юзасидан тайёрланган таклифлар ходимларнинг илмий ишларида ва уларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларида ўз аксини топди.

Ҳисобот йилида Институт ходимлари томонидан Жиноят-процессуал кодекси нормаларини хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан либераллаштириш ҳамда мурувват кўрсатиш нуқтаи назаридан таҳлил қилиш билан боғлиқ ишлар амалга оширилди. Шунингдек Ўзбекистон Республикасининг турли халқаро шартномалар, битимлар ва конвенцияларга қўшилиши мақсадга қанчалик мувофиқ эканлиги тўғрисида ўн битта хулоса тайёрланди.

2002 йилда Институтда илмий-тадқиқот ишлари кучайтирилди, қирққа яқин илмий иш ниҳоясига етказилди, уларнинг аксарияти эълон қилинди. Институт ходимлари қирқдан зиёд илмий ва илмий-амалий семинарларда ҳамда конференцияларда, шу жумладан Ўзбекистон Республикасида ва унинг ҳудудидан ташқарида ўтказилган ана шундай халқаро тадбирларда иштирок этдилар. Улар 35 та телекўрсатув ва 20 та радио эшиттиришда қатнашдилар, оммавий ахборот воситаларида улар томонидан тайёрланган қирқдан зиёд мақола эълон қилинди.

Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳисобот даврида мунтазам тус олди. Олий Мажлис турли даражадаги халқ депутатлари Кенгашларига улар давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилишларида амалий ва услубий ёрдам кўрсатди.

Олий Мажлис Кенгаши ҳисобот даврида 9 та, қўмиталар ва комиссиялар 98 та мажлис ўтказдилар. Кенгаш қўмиталар ва комиссияларнинг ўзаро ҳамжиҳатликда ишлашини, устувор вазифаларни амалга оширишда уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлади.

Ҳисобот йилида сиёсий партиялар депутатлар фракциялари ҳамда ҳокимият вакиллик органларидан ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар блоклари ўз фаолиятлари мобайнида қонун лойиҳаларини ва бошқа ҳужжатларни навбатдаги сессиялар муҳокамасига киритиш, бундай ҳужжатлар юзасидан келишилган нуқтаи назарни ишлаб чиқиш, парламент сессияларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалаларни изчил кўриб бордилар. Бу эса қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишлари сифатини ва депутатлар фаолияти самарадорлигини ошириш имконини берди.

Ҳисобот даврида қўмиталар ва комиссиялар томонидан 100 дан зиёд конференция, давра суҳбати, семинар ва бошқа тадбирлар ўтказилди. Улар, қоида тариқасида, вазирликлар ва идораларнинг, турли ноҳукумат ташкилотларининг вакиллари, мамлакатимиз ва чет эл етакчи олимларининг, тегишли ихтисосликдаги экспертларнинг иштирокида ўтказилди ва кенг ижтимоий акс садо берди.

Масалан, қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси Матбуот ва ахборот қўмитаси билан биргаликда "Икки палатали парламентнинг ташкил этилиши, фаолияти ва истиқболи билан боғлиқ масалалар" мавзуида конференция ўтказди, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси билан биргаликда "Халқаро шартномаларни ўзбек тилига таржима қилиш муаммолари", "Ўзбек тили ва қонунчилик муаммолари" мавзуида семинарлар, Ижтимоий масалалар ва бандлик қўмитаси "Кучли ижтимоий муҳофаза - давлат сиёсатининг устувор йўналиши" мавзуида конференция, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси "Кекса авлодга муносабатнинг ҳуқуқий ва сиёсий асослари" мавзуида илмий конференция ўтказди. Бу ва бошқа тадбирлар Олий Мажлис фаолиятининг қонунчилик, назорат-таҳлил ва бошқа йўналишларини такомиллаштириш, ҳокимият ва бошқарув органларига, жамоат ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатиш, жамият ҳаётининг тегишли соҳаларидаги ишларнинг аҳволини яхшилаш мақсадида амалга оширилди.

Парламентнинг ҳисобот йилидаги фаолияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилди. Бу Олий Мажлис сессияларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича депутатлар ишчи гуруҳлари, қўмиталар ва комиссиялар, Котибиятнинг Матбуот ва таржималар бўлими қизғин фаолиятининг инъикосидир. 2002 йилда фақат марказий оммавий ахборот воситаларининг ўзида Олий Мажлиснинг иши билан боғлиқ 600 дан ортиқ мақола ва материаллар эълон қилинди.

Ўтган йили амалга оширилган ишлар таҳлилига таяниб ана шу даврда парламент олдига қўйилган вазифалар асосан бажарилди деб хулоса чиқариш мумкин.

2003 йилда Олий Мажлис мамлакатимиз Президенти И. А. Каримовнинг парламентнинг тўққизинчи сессиясидаги дастурий маърузасида белгиланган устуворликлардан келиб чиққан ҳолда ислоҳотларни, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти асослари шакллантирилишини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ишларини янада изчил давом эттиради.



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2003 й., 3-4-сон, 42-модда