Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 05.04.2002 й. 369-II-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва унинг раҳбариятининг 2001 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.04.2002 й.

N 369-II




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ

МАЖЛИСИ ВА УНИНГ РАҲБАРИЯТИНИНГ

2001 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДАГИ

ҲИСОБОТ ҲАҚИДА



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва унинг раҳбариятининг 2001 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.



Ўзбекситон Республикаси

Олий Мажлисининг Раиси                                                        Э. Халилов




Ўзбекистон республикаси олий мажлиси

ва унинг раҳбариятининг 2001 йилдаги

фаолияти тўғрисида

ҲИСОБОТ


Мамлакатни янада ривожлантиришнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан унинг "Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда" деган маърузасида ва иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг биринчи сессиясида олға сурилган стратегик дастурини амалга ошириш 2001 йилда парламент фаолиятининг асосига айланди.

Давлатимиз бошлиғи томонидан қўйилган вазифалар асосида парламент янги жамиятни барпо этишнинг ҳуқуқий негизини такомиллаштириш юзасидан собитқадамлик билан иш олиб борди. Парламент сессияларига қонун лойиҳаларини ва бошқа материалларни тайёрлаш Кенгашнинг "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қўмиталари ва комиссияларининг 2000-2002 йилларга мўлжалланган устуворликлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ олиб борилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ ишлаб чиқилган 2001 йилги жорий иш режаси асосан бажарилди.

Олий Мажлис депутатлари қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолияти билан бир қаторда мамлакат раҳбариятининг ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган адолатли демократик давлат қуришга қаратилган сиёсий йўлини оммавий ахборот воситалари орқали, ўз сайлов округларидаги учрашувларда тушунтириш бўйича катта иш олиб бордилар.

Иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг 2001 йилдаги қонунчилик фаолияти мамлакатда чуқурлашиб бораётган жамиятимиз ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва бошқа соҳаларини эркинлаштириш жараёнларини ўз вақтида ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг объектив заруриятига кўра белгиланди. Натижада мамлакатни янада ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжатлар туркуми ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Парламентнинг бўлиб ўтган учта сессиясида 20 та қонун, 71 та қарор қабул қилинди, 6 та халқаро шартнома ва битим ратификация қилинди, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг 4 та халқаро конвенцияга қўшилиши маъқулланди, 34 та қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди.

Парламент мамлакатнинг 2002 йилги Давлат бюджетини, шунингдек Давлат бюджетининг 2000 йилдаги, 2001 йилнинг биринчи чорагидаги ва иккинчи ярмидаги гокроси тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлади. Мамлакатнинг асосий молиявий ҳужжатини кўриб чиқиш парламентнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қайд этилган энг муҳим ваколатларидан биридир. Давлат бюджетининг ҳисобот давридаги кўрсаткичлари Олий Мажлис белгилаган доирада бўлди. Ҳукумат томонидан ўзаро мувофиқлаштирилган бюджет-солиқ, пул-кредит, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини ўтказиш, мақроиқтисодий барқарорликни, изчил иқтисодий ўсишни таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш юзасидан катта иш олиб борилди.

Парламент қабул қилган "Мудофаа тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрири миллий хавфсизлик масалаларини ҳуқуқий жр!ҳатдан таъминлашга хизмат қилади. Бу қонунда мудофаа соҳасидаги конституциявий нормалар янада ривожлантирилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан таърифланган шу соҳадаги назарий қоидалар ва концептуал ёндашувлар ўз аксини топди. Бу ҳужжатни ишлаб чиқишда депутатлар миллий манфаатларга, минтақадаги ва жаҳондаги ҳарбий-сиёсий вазиятга, замонавий урушлар ва қуролли можаролар хусусиятига, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни самарали ҳамда ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган ҳаракатчан, яхши таъминланган, етарли даражадаги Қуролли Кучларни шакллантириш зарурлигига асосландилар.

Суд ислоҳотини чуқурлаштиришга, бутун одил судлов тизимини янада демократлаштиришга қаратилган суд тизимидаги ўзгаришлар, мустақил судларнинг тузилиши, суд ишларини юритишнинг янги турлари ва қоидалари жорий қилиниши ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар билан чамбарчас уйғунлашиб кетди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлисга киритган "Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуннинг парламент томонидан қабул қилиниши суд-ҳуқуқ ислоҳоти янги босқичининг бошланиши бўлди.

Олий Мажлиснинг олтинчи сессиясида қабул қилинган қонун жиноят ва жазо ҳуқуқи соҳасидаги сиёсатга, айниқса иқтисодий соҳада жиноят содир этганлик учун, жазоларни либераллаштиришни назарда тутувчи туб ўзгартишлар киритди. Ушбу Қонун қабул қилингач, амалиётга "тарафларнинг ярашувга эришуви" деган мутлақо янги институт жорий этилди. Амалдаги қонунларга киритилган ўзгаришлар жиноят, жиноят-процессуал ва маъмурий жавобгарликка оид қонун ҳужжатларини янгича моҳият билан тўлдирди. Давлатимиз бошлиғи И.А.Каримовнинг қонунчилик ташаббуси билан чиқиши катта аҳамиятга молик воқеа бўлди. Сессиядаги ушбу маърузада, амалдаги қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартишларни ҳар томонлама ва чуқур асослаб берилди ҳамда жамиятимиз учун муҳим аҳамият касб этди.

Янги таҳрирдаги "Прокуратура тўғрисида"ги Қонун ҳам Олий Мажлисга давлатимиз бошлиғи томонидан киритилди ва у аввало қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, Конституция ва қонунларнинг устунлиги тамойилини таъминлашга қаратилгандир. Унда аввалги Қонун қабул қилинган пайтдан буён мамлакатимизда содир бўлган ўзгаришлар ўз аксини топди. Қонуннинг янги таҳририга прокуратура органларининг ҳуқуқий мақомини, вазифалари, улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари, асосий йўналишлари ва тамойилларини белгиловчи нормалар киритилди. Шунингдек биринчи марта прокуратура органларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқаси тартибини белгиловчи норма жорий этилди.

Иқтисодиёт ва солиқ соҳасидаги жиноятларга қарши кураш самарадорлигини ошириш, давлатнинг, жисмоний ва юридик шахсларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси ҳузурида Солиққа оид жиноятларга қарши кураш департаменти тузилди.

"Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонун суд ҳужжатларини, шунингдек бошқа органлар (мансабдор шахслар) ҳужжатларини мажбурий ижро этиш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилгандир. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимларининг суд ижрочилари зиммасига юкланади. Мазкур Департаментнинг тузилиши ижро ишини юритиш суд иш юритишининг бир қисми эмаслиги, балки мустақил ҳуқуқий институт эканлиги билан изоҳланади.

Парламент томонидан қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрири ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, ижтимоий ҳаётни демократлаштиришга хизмат қилади. Қонун халқ ҳокимиятчилиги амалга оширилишини ҳуқуқий таъминлашга, референдумни - ижтимоий ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари бўйича фуқароларнинг умумхалқ овоз беришига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш механизмини такомиллаштиришга қаратилгандир. Янги таҳрирдаги Қонун сайлов тўғрисидаги қонунларга ҳамда шу соҳадаги халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлаштирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2001 йил 6 декабрда Олий Мажлис икки палатали парламент тузиш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколатлари муддатини ўзгартириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилди. Бугунги кунда парламент 2002 йил 27 январдаги умумхалқ овоз бериши қарорлари асосида ўтказилиши зарур бўлган ғоят муҳим ислоҳотлар арафасида турибди.

Мамлакатимизнинг олий қонун чиқарувчи органини ислоҳ қилиш гояси, маълумки, Президент И.А. Каримовга тегишлидир. Бу ғоянинг ҳаётга татбиқ этилиши, шубҳасиз, давлат ҳокимияти барча тузилмаларининг қонун устунлиги ва аҳоли турли қатламларининг фикрлари кенг ҳисобга олиниши асосида янада пухтароқ фаолият кўрсатишига кўмаклашади. Икки палатали парламент ижтимоий-сиёсий кучлар вакиллигининг қўшимча воситасига айланади, мамлакатимизда қонун чиқарувчи ҳокимиятни мустаҳкамлайди, унинг энг муҳим давлат масалаларини ҳал қилишдаги мавқеини оширади. Умуман олганда, профессионал парламентнинг фаолияти, аввало, қабул қилинаётган қонунлар сифатини оширишга қаратилади.

Қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти тармоқларининг кучайтирилиши, ўз навбатида, ижро этувчи ҳокимиятнинг ва, аввало, унга ва бутун давлат ҳокимиятига бошчилик қилувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий мақомида монанд ўзгаришлар қилинишини тақозо этади. Шу сабабли, мувозанатни сақлаш ва ҳокимият тармоқларини самарали мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон парламенти Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколатлари муддатини беш йилдан етти йил қилиб ўзгартириш тўррисида таклиф киритди. Бу Президентга парламентнинг кўрсатиб ўтилган ислоҳоти ўтказилгандан кейин қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият тармоқларининг ўзаро ҳамкорлигини, уларнинг баҳамжиҳат фаолият олиб боришини самаралироқ таъминлаш имконини беради.

Олий Мажлис томонидан қабул қилинган бошқа ҳужжатлар ҳам жамиятимизни ривожлантириш учун катта аҳамиятга эга. Бунда аввало ҳисобот даврида қабул қилинган "Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида"ги, "Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида"ги, "Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида"ги, "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида"ги, "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги, "Хўжалик ширкатлари тўғрисида"ги, "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги, "Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражаси ва тамғаланиши тўғрисида"ги қонунларни айтиб ўтиш керак бўлади.

2001 йилда парламентнинг қонунчилик ишида илгари қабул қилинган қонунларни такомиллаштиришга, уларни ҳақиқий вужудга келган ижтимоий-иқтисодий вазиятга ва истиқбол режаларига мувофиқлаштиришга катта эътибор қаратилди. Қонун лойиҳаларининг бир қисми бир неча қўмита ва комиссиялар томонидан биргаликда ишлаб чиқилди. Бу мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда ислоҳотларнинг қонунчилик асосини яратиш масалалари парламент тузилмалари ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда фаолият олиб боришини тақозо этаётганлигидан далолат беради.

Парламентнинг учта сессиясида 152 нафар депутат сўзга чиқди. Уларнинг кўплари ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар киритдилар ва бу таклифлар узил-кесил таҳрирда ҳисобга олинди.

Қонун лойиҳаларини тайёрлаш учун мамлакатимизнинг чуқур назарий билимга ва катта амалий иш тажрибасига эга бўлган етакчи олимларини, экпертларини жалб этган ҳолда олдиндан депутатлар ишчи гуруҳлари тузилди. Бир қанча қонун лойиҳалари Ўзбекистонда ишлаб турган чет эллик мутахассислар экспертизасидан ўтказилди, кенг жамоатчилик муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинди. Қонун лойиҳалари батафсил ўрганиб чиқиш, ўз округларида сайловчилар билан учрашувларда муҳокама қилиш учун депутатларга олдиндан юборилди. Қонун лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан тушган таклифлар ўрганилиб, лойиҳаларни маромига етказишда ҳисобга олинди. Сессиялар муҳокамасига киритиладиган қонун ҳужжатларининг лойиҳалари Олий Мажлис Кенгашида албатта муҳокама қилинди.

Назорат-таҳлил ишлари режаларига мувофиқ Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари ўтган йили қонунлар, қонвенциялар, миллий дастурлар ижросини назорат қилиш тартибида 58 та масалани кўриб чиқдилар. Мамлакатимизнинг барча минтақаларида бундай ўрганиш ишлари олиб борилди, бу эса жойлардаги ишларнинг аҳволи ҳақида кенг тасаввурга эга бўлиш имконини берди.

Ҳуқуқни қўлланиш амалиётини ўрганиш натижалари қўмиталар ва комиссияларнинг мажлисларида марказий ва маҳаллий ҳокимият органларининг, ташкилотларнинг раҳбарлари, бошқа манфаатдор шахслар иштирокида синчиклаб таҳлил қилинди ва атрофлича муҳокама этилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган тавсияларнинг ижроси назоратга олинди, муҳокама якунлари матбуотда мунтазам эълон қилиб берилди.

Умуман қўмиталар ва комиссиялар ҳисобот даврида амалга оширган назорат-таҳлил фаолиятининг якунларини ўрганиб чиқиш шуни кўрсатдики, жойларда қонунларнинг ижроси бўйича текширувлар ўтказилаётган даврда депутатлар ва текширувларга жалб этилган мутахассислар аниқланган камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этишда амалий ёрдам берганлар. Қонунларнинг моҳиятини тушунтириш юзасидан катта иш олиб борилган. Қонунларни, шунингдек уларнинг ижро этилиши механизмини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда қонунларнинг бевосита ижрочилари -корхоналар, муассасалар ходимлари, тадбиркорлар, мутахассислар, давлат хизматчилари ва бошқалар ўртасида сўров ўтказилган. Ишчи гуруҳлари таркибида тажрибали мутахассислар ва экспертларнинг иштирок этиши амалдаги қонунларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш юзасидан асосли таклифлар тайёрлаш имкониятини берган.

Шунингдек қўмиталар ва комиссиялар томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилишга етарлича эътибор қаратилди. Шу мақсадда лойиҳаларни тайёрлаш босқичидаёқ улар вазирликлар ва идораларда, ҳокимликларда муҳокама қилинди. Бу кейинчалик уларнинг ижро этилишини тезлаштириш имкониятини берди.

Фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллар) ва улар маслаҳатчиларнинг ваколатлари муддати тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасига ва "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида" ги Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ 2001 йил май-июнь ойларида мамлакатимизнинг бутун ҳудудида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Кенгаши 2001 йил 9 апрелда қарор қабул қилиб, унда сайлов кампаниясини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича комплекс тадбирлар режасини тасдиқлади. "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Қонун, шунингдек Олий Мажлис Кенгаши томонидан тасдиқланган "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги намунавий низом" 10 минг нусхада нашр этилди ва барча ҳокимликлар ҳамда фуқаролар йиғинларига юборилди.

2001 йил 5 майда Олий Мажлис томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика семинар-кенгаши ўтказилди. Семинар материаллари алоҳида

рисола ҳолида нашр этилиб, ҳокимликлар ва фуқаролар йиғинларига юборилди. Шунга ўхшаш семинарлар жойларда ҳам бўлиб ўтди.

Ана шу муҳим ижтимоий-сиёсий кампанияда Олий Мажлис, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари фаол иштирок этдилар. Барча даражалардаги депутатлар ўз сайлов округларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотларнинг, амалдаги қонунларнинг моҳиятини, сайловларда барча фуқароларнинг иштирок этиши муҳимлигини тушунтириш ишларини олиб бордилар. Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Олий Мажлис Котибиятининг масъул ҳодимлари жойларга бордилар.

"Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталарининг саҳифаларида маслаҳат тарзидаги материаллар босилиб, уларда "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Қонуннинг моҳияти тушунтириб берилди, газетхонларнинг ана шу мавзудаги саволларига жавоблар эълон қилиб борилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар умуман мамлакатимизда юксак ижтимоий-сиёсий ва ташкилий савияда ўтишига эришилди. Сайловларда салкам 11 миллион киши иштирок этди, бу мамлакат катта ёшдаги аҳолисининг қарийб 85 фоизини ташкил этади.

Умуман олганда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига бўлиб ўтган сайловлар аҳолининг кенг табақалари учун бевосита демократиянинг, ижтимоий-сиёсий фаоллик ва ватанга садоқатнинг чинакам мактаби бўлди. Сайловлар давлат ҳокимияти органлари вазифаларининг бир қисмини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич бериш юзасидан танланган йўл тўгрилигини, ҳаётимизни эркинлаштириш ва демократлаштиришда, жойларда долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда уларни тутган ўрни ва аҳамияти ошиб бораётганлигини, "кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари" деган концепцияни амалда рўёбга чиқариш муҳимлигини яна бир бор ишонарли тарзда исботлади.

Ҳисобот даврида парламентлараро алоқалар янада ривожланди ва мустаҳкамланди. 2001 йил мобайнида Олий Мажлисда 20 дан зиёд делегация қабул қилинди, улардан 13 таси парламент делегациялари бўлиб, улар орасида ГФР бундестаги, Франция сенати, АҚШ, Япония, Корея, Туркия ва бошқа давлатлар парламентларининг делегациялари бор. Ўз навбатида, Олий Мажлис депутатлари жаҳондаги 9 та парламентнинг, шу жумладан Германия, Бельгия, АҚШ, Словакия, Швеция, Франция ва бошқа мамлакатлар парламентларининг фаолияти билан танишдилар. Бу депутатларимиз алоқаларининг доирасини анча кенгайтириш, парламент билан боғлиқ иш тажрибасини ўртоқлашиш имконини берди.

Европа парламенти билан алоқаларни чуқурлаштириш Олий Мажлис халқаро фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу йўналишда мазкур институт билан анча узвий ва амалий алоқалар ўрнатилди. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон парламент делегацияси январь ойида Камбоджада Осиё парламентларининг тинчлик йўлидаги уюшмасининг иккинчи конференцияси ишида ва ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг июль ойида Парижда бўлиб ўтган ўнинчи сессиясида иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида тузилган Ўзбекистон - ЕИ парламент ҳамкорлиги қўмитасининг иккинчи мажлиси 2001 йил июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтди.

Мажлисда кенг доирадаги муаммолар, хусусан Ўзбекистонда демократлаштириш жараёнлари бўйича масалалар, Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизлик муаммолари, экология муаммолари ва бошқа шу сингари масалалар муҳокама қилинди.

Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари парламент раҳбарияти, унинг қўмиталари ва

комиссияларининг доимий диққат-эътиборида бўлди. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга катта эътибор қаратилди. 2001 йилда Олий Мажлисга 3210 та ёзма мурожаат, шу жумладан 311 такрорий мурожаат тушди. 2000 йилга нисбатан ёзма мурожаатлар сони 1166 тага кўпайди. Фуқаролар ўз хатларида мамлакатимизда ва жаҳонда рўй бераётган ҳодисалар ҳақидаги ўз қарашларини баён қилганлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида фикр билдирганлар.

Хатларнинг аксариятида фуқаролар турли даражадаги судларнинг ҳал қилув қарорларига рози эмасликларини изҳор этганлар, ўз нуқтаи назарларига кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қонунга ҳилоф хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилганлар. Уй-жой фондининг ўз вақтида жорий таъмирланишини, фуқароларнинг хонадонларига иссиқлик ва сув етказиб берилишини таъминламаётган коммунал хизматларнинг сусткашлиги устидан кўп шикоятлар тушди. Хатларнинг аксарият қисми Тошкент шаҳридан, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан келган.

Парламент ваколатига тааллуқли масалалар бўйича қилинган мурожаатлар Олий Мажлис раҳбарияти томонидан, қўмиталар ва комиссияларда кўриб чиқилди. Депутатлар фуқароларни Олий Мажлисда ҳам, сайлов округларида ҳам қабул қилишни давом эттирдилар. Фуқаролардан тушган мурожаатларнинг аксарияти тегишли ҳокимликлар, судлар, прокуратура органлари, вазирликлар, идоралар ва бошқа ваколатли органларга кўриб чиқиш учун юборилди. Жойларда ана шу мурожаатлар билан ишлаш депутатларнинг доимий назорати остида бўлди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили 8 та мурожаат бўйича суриштирув ишларини ўтказди, 5 нафар мансабдор шахс суҳбатга чақирилди. Ўтган йил мобайнида Омбудсман фуқаролардан 4472 та мурожаат олди. 660 та мурожаатга оғзаки тушунтириш ва маслаҳатлар берилди, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари яққол бузилиши билан боғлиқ 830 та мурожаат назоратга олинди, шуларнинг 200 таси ижобий ҳал қилинди. Фуқароларнинг қолган мурожаатлари кўриб чиқиш учун тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юборилди.

Маҳаллий ҳокимият органларининг кўмагида мамлакатимизнинг барча минтақаларида Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ҳузурида эксперт гуруҳлари тузилди, фуқароларни қабул қилиш учун хоналар ажратилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан Олий Мажлиснинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси муассасалари тизимида Жиноят-ижроия кодексининг бажарилиши ўрганилди. Барча вилоятларда мамлакатимизнинг етакчи олимлари ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотларнинг вакиллари билан биргаликда илмий-маърифий семинарлар ўтказилди.

Қўмиталар ва комиссияларда, Олий Мажлис Котибиятининг бир қатор бўлимларида халқаро-ҳуқуқий нормалар ўрганилган ҳолда амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги мунтазам равишда олиб борилмоқда, бошқа мамлакатларнинг парламентаризм тажрибаси таҳлил қилинмоқда, мамлакатимиз олий қонун чиқарувчи органи фаолиятининг барча йўналишлари бўйича илмий-ахборот маълумотлар базаси вужудга келтирилмоқда. Бу ишга тегишли илмий-тадқиқот институтлари, вазирликлар ва идоралардан, шунингдек хорижий ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналаридан етакчи олимлар ва экспертлар жалб этилмоқда. Бу ишда депутатларга Олий Мажлис ҳузуридаги Амадцаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг ходимлари катта ёрдам кўрсатмоқдалар. Ҳисобот даврида улар 15 та қонун лойиҳаси юзасидан эксперт хулосаси бердилар ва 7 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этдилар.

Қонун лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва ишлаб чиқиш жараёнида уларнинг илмий жиҳатдан асосланганлик даражаси, амал қилиш соҳаси ва уларнинг қонун ҳужжатлари тизимидаги тутган ўрни, халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлиги аниқланди, шунингдек инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро андозаларни Ўзбекистон Республикаси қонунларига янада сингдириб бориш муаммоси батафсил кўриб чиқилди. Бу йўналишда Аёлларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги Конвенция ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни бажариш юзасидан миллий ҳаракат дастурлари лойиҳалари бўйича таклиф ва мулоҳазалар тайёрланди.

Амалдаги қонун ҳужжатларини қўлланиш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, уларнинг самарадорлигини ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлаш институт фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлди.

Ҳисобот йилида институт ходимлари Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг асосий қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маърузасини ишлаб чиқишда иштирок этдилар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг турли халқаро шартномаларга қўшилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги ўн битта хулоса тайёрладилар.

2001 йилда институтда илмий-тадқиқот ишлари фаоллашди. Институт ходимлари томонидан 30 та илмий иш тугалланди. Уларнинг талай қисми, шу жумладан 6 таси Ўзбекистон Республикасидан ташқарида эълон қилинди.

Мониторинг институти ходимлари 30 дан зиёд илмий ва илмий-амалий семинарлар ва конференцияларда, шу жумладан Ўзбекистон Республикасида ҳам, ундан ташқарида ҳам ўтказилган халқаро семинарлар ва конференцияларда иштирок этдилар. Улар 34 та телекўрсатув ва 15 та радиоэшиттиришда қатнашдилар, ҳуқуқни қўлланиш амалиёти ҳамда халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига сингдиришнинг турли масалалари бўйича 25 та мақола тайёрладилар, мақолалар республика оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Маҳаллий вакиллик органларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳисобот даврида анча мунтазам тус олди. Олий Мажлис турли даражадаги халқ депутатлари Кенгашлари қарор топиши ва фаолият олиб боришида, улар масалаларни ўз ваколатлари доирасида ҳал этишида амалий ва услубий ёрдам кўрсатди.

Ҳисобот даврида Олий Мажлис Кенгаши 12 та, қўмиталар ва комиссиялар 57 та мажлис ўтказди. Кенгаш қўмиталар ва комиссияларнинг ўзаро уйғун ҳамкорлик қилишини, Ўзбекистон парламентида энг яхши анъаналар сақлаб қолиниши ва ривожланишини таъминлади.

Ҳисобот йилида сиёсий партиялар ва блокларнинг депутатлар фракциялари фаол иш олиб бордилар. Фракциялар ва блокларнинг мажлисларида асосан қонун лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларни навбатдаги сессиялар муҳокамасига киритиш, улар юзасидан келишилган нуқтаи назарни ишлаб чиқиш, парламент сессияларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боглиқ масалалар кўриб чиқилди. Бу қонунларни қабул қилиш тартиб-таомилини соддалаштириш имконини берди, депутатлар ишининг самарадорлигини оширди.

Ҳисобот даврида қўмиталар ва комиссиялар томонидан 100 дан зиёд конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказилди. Улар, қоида тариқасида, вазирликлар ва идораларининг, турли нодавлат ташкилотларининг вакиллари, мамлакатимиз ва чет эл етакчи олимлари, тегишли соҳа экспертлари иштирокида ўтказилди ва улар жамоатчиликда кенг таассурот қолдирди.

Масалан, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси "Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва прокуратура органлари", "Демократик жараёнлар ва суд-ҳуқуқ ислоҳоти" мавзуида семинарлар ўтказди. Ижтимоий масалалар ва бандлик қўмитаси "Соғлом авлод учун" жамғармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Ўзтелерадио" компанияси ҳамда бир қатор бошқа ташкилотлар билан биргаликда "Соғлом авлод - келажагимиз" телемарафонини ўтказди. Атроф муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш

масалалари қўмитаси томонидан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Бошгидромет", Жаҳон банки, "Экосан" халқаро жамғармаси билан ўзаро ҳамкорликда "Ўзбекистон: барқарор экологик ривожланиш йўлида 10 йил", "Экология, меҳнат, саломатлик" мавзулари халқаро конференциялар, ЕХҲТ ва Америка юристлар уюшмаси билан биргаликда "Ўзбекистонда атроф муҳитга тааллуқли қарорларни қабул қилиш жараёнида нодавлат ташкилотларининг иштироки улушини кўпайтириш" мавзуида семинар ўтказилди. Бу ва бошқа тадбирлар қонунчилик, назорат-таҳлил фаолиятини, Олий Мажлис фаолиятининг бошқа йўналишларини такомиллаштириш, турли ҳокимият ва бошқарув органларига, жамоат ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатиш, жамиятимиз ҳаётининг тегишли соҳалардаги ишларнинг аҳволини яхшилаш мақсадида ўтказилди.

Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари, депутатлари оммавий ахборот воситапари билан фаол ҳамкорлик қилдилар. Ҳисобот даврида мамлакатимизнинг фақат марказий оммавий ахборот воситаларида парламент фаолияти билан боғлиқ 600 тадан зиёд мақола босилди ҳамда чиқишлар ва суҳбатлар уюштирилди.

2001 йилда саккизта алоҳида аҳамиятга молик қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди, улардан бештаси иккинчи ёки учинчи ўқишда қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг 2001 йилдаги фаолиятига якун ясаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қонунчилик негизини янада такомиллаштириш юзасидан сезиларли ишлар қилинди ва бу иш жорий йилда давом эттирилади дейиш мумкин.