Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 30.08.2000 й. 109-II-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ўзбекистон фуқароларига, барча мамлакатларнинг парламентларига, жаҳоннинг тараққийпарвар жамоатчилигига мурожаатномаси" тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.08.2000 й.

N 109-II



"ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ

МАЖЛИСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИГА,

БАРЧА МАМЛАКАТЛАРНИНГ ПАРЛАМЕНТЛАРИГА,

ЖАҲОННИНГ ТАРАҚҚИЙПАРВАР ЖАМОАТЧИЛИГИГА

МУРОЖААТНОМАСИ" ТЎҒРИСИДА



Олий Мажлис терроризмни, диний экстремизм ва фундаментализмни кескин қоралаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов маърузасининг асосий қоидаларидан келиб чиққан ҳолда ҚАРОР ҚИЛАДИ:


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ўзбекистон фуқароларига, барча мамлакатларнинг парламентларига, жаҳоннинг тараққийпарвар жамоатчилигига мурожаатномаси" матни тасдиқлансин (илова қилинади).



Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлисининг Раиси                                                          Э. Халилов




Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлисининг Ўзбекистон фуқароларига,

барча    мамлакатларнинг    парламентларига,

жаҳоннинг тараққийпарвар жамоатчилигига

МУРОЖААТНОМАСИ



Ўзбекистон Республикасининг айрим чегара ҳудудларига халқаро террорчи тўдаларининг суқилиб киргани халқимизнинг тинч бунёдкорлик ҳаётига, мамлакатимиз ҳамда Марказий Осий минтақасидаги бошқа давлатларнинг барқарорлиги ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда. Тиш-тирноғигача қуролланган, чет элларда махсус тайёргарликдан ўтган, турли миллатга мансуб босқинчи-террорчилар зўравонлик ва ёвузлик билан жамиятимизнинг тинчлиги, осойишталигини бузишга уринмоқда.

Бу разил ҳаракат - одамийлик қиёфасини йўқотган террорчиларнинг Ўзбекистон мустақиллигига, унинг конституцион тузумига қарши, кўпмиллатли халқимизга, шу заминда яшаётган ҳар бир инсонга нисбатан қабиҳ хуружидир.

Бу - фарзандларимиз, ота-оналаримизнинг ҳаётига, опа-сингилларимизнинг ор-номуси ва қадр-қимматига қарши қаратилган жирканч тажовуздир.

Биз мамлакатимизнинг чегара ҳудудларида содир этилган бу террорчилик ҳаракатларини халқимизни ўзи танлаган демократия ва тараққиёт йўлидан қайтариш мақсадида айрим сиёсий куч ва қора ниятли марказлар томонидан олдиндан тузилган режа асосида амалга оширилган фитна деб баҳолаймиз.

Муқаддас тупроғимизга тажовуз қилган босқинчиларни батамом йўқ қилиб ташлаш, сарҳадларимизни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Президенти, мамлакат Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳбарлигида барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Ёвуз кучларни юртимиз сарҳадларида яксон этган Ватан ҳимоячилари халқимизнинг юксак эҳтиромига лойиқ.

Террорчи тўдаларга қарши олиб борилган жангларда Ватанимиз хавфсизлиги, Ўзбекистон фуқароларининг тинчлиги ва омонлиги йўлида жон фидо этган қаҳрамонларимизнинг номлари қалбимизда абадий яшайди.

Биз ана шу жасур ўғлонларимиз билан фахрланамиз, уларнинг барча қариндош-уруғлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.

Бугун ҳар биримиз мамлакатимиз мустақиллиги, халқимиз тинчлигига қарши қаратилган бу хавф-хатарни аниқ ва равшан англаб олишимиз, маккор, ёвуз кучларга муносиб зарба беришга ҳар дақиқа тайёр туришимиз зарур.

Биз Ватанимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг қудратини ошириш ва фаровон ҳаётга эришиш йўлида бутун Ўзбекистон халқини янада жипслашишга чақирамиз. Жамиятимиз бирлиги, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, кўзлаган эзгу мақсадларимизга эришиш учун фидокорона меҳнат қилиш - ҳар қандай ёвуз кучларнинг юртимиз тинчлиги, халқимиз омонлигига қарши қаратилган таҳдиди ва хуружига бизнинг энг муносиб жавобимиз бўлади.

Бунинг учун биз доимо хушёр ва огоҳ бўлишимиз, террорчилик ва диний ақидапарастлик жаҳолатига қарши курашда ҳокимият идоралари билан фаол ҳамкорлик қилишни, ўз уйимиз, маҳалламиз ва юртимизни ҳимоя этишни ўзимизнинг муқаддас фуқаролик бурчимиз деб билмоғимиз лозим.

Олий Мажлис барча давлат органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идораларига, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларига мурожаат қилиб, уларни тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, мустақиллик, демократия ва тараққиёт ғояларини амалга ошириш борасида фаоллик кўрсатишга даъват этади.

Биз кўпни кўрган уруш ва меҳнат фахрийларига, таълим даргоҳларининг ўқитувчи ва мураббийларига, маданият ва санъат намояндаларига, соғлом фикрли уламоларимизга мурожаат қилиб, уларни муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган ёвуз кучларнинг кирдикорларини фош этишда, кўп асрлик маънавий-ахлоқий қадриятларимизни, динимизнинг инсонпарвар моҳиятини ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгига сингдиришда фаол қатнашишга чақирамиз.

Биз муборак заминимизда ёвузлик, қабиҳлик қилишга, ислом дини номидан жинояткорона мақсадларни амалга оширишга асло йўл қўймаймиз.

Халқимиз ва давлатимиз илғор дунёқарашга эга, шижоатли ва ташаббускор ёшларимизга катта умид билан қарайди, улар тимсолида ўзининг буюк келажагини кўради. Биз ёшларни мамлакатимизда рўй бераётган воқеаларга сергаклик ва масъулият билан қарашга, мустақиллик ва демократия ютуқларини қадрлашга, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишдек шарафли ишда олдинги сафларда бўлишга даъват этамиз.

Ишончимиз комилки, бу навқирон авлод ота-боболаримиздан бизга мерос қолган Ватанимиз сарҳадларини, барча фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидай асрашга, малъун тўдаларга муносиб зарба беришга қодир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси хорижий мамлакатлар парламентларига, жаҳондаги барча тараққийпарвар кучларга мурожаат этиб, уларни террорчилик, диний экстремизм ва ақидапарастликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашда ҳамжиҳат бўлишга, турли минтақаларда, жаҳон миқёсида барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун бор имкониятларни ишга солишга чақиради.

Олий Мажлис демократия ва инсонпарварлик борасида умумэътироф этилган тамойилларга содиқ эканлигини тасдиқлаб, кўпмиллатли халқимизнинг хоҳиш-иродасини ифода этиб, Ўзбекистонни ҳуқуқий давлат, демократик жамият барпо этиш йўлидан ҳеч ким, ҳеч қандай куч қайтара олмаслигини яна бир бор қатъий баён этади.


Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлисининг учинчи сессиясида

2000 йил 30 августда қабул қилинган.



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2000 й., 7-8-сон, 201-модда