Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 28.12.1993 й. 988-XII-сон "Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг ахбороти ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ КЕНГАШИНИНГ

ҚАРОРИ

28.12.1993 й.

N 988-XII




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

И.А.КАРИМОВНИНГ АХБОРОТИ ҲАҚИДА



Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Иқтисодий ислоҳотларни изчил амалга ошириш, кредит-пул тизимини ҳимоя қилиш ва миллий валютага ўтиш, республиканинг иқтисодий мустақиллигига эришиш, барқарорлик ва фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини ошириш юзасидан республикада олиб борилаётган ишлар тўлалигича маъқуллансин ва қўллаб-қувватлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгаши ва Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманларнинг ҳокимлари ижтимоий соҳаларга йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, кредит-банк тизимини, пул муомаласини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш ва инвестиция фаолиятини барқарорлаштириш ҳамда рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга оширсинлар. Республиканинг четга мол чиқариш имкониятларини кучайтириш ва иқтисодиётнинг жаҳон ҳамжамиятидаги бошқа мамлакатлар билан уйғунлашувини янада кенгайтириш, улар билан ўзаро фойдали ҳамкорликни барча чоралар билан ривожлантириш бўйича аниқ мақсадни кўзлаб иш олиб борсинлар.


3. Вазирлар Маҳкамасига хизмат кўрсатиш тармоғи объектларини ажратилган ер майдони билан бирга Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига ҳамда чет эл фуқароларига тажриба тариқасида хусусий мулк қилиб беришга рухсат этилсин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий Кенгаши Раиси

вазифасини бажарувчи                                                        Э. Халилов



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, 1-сон, 4-модда