Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элдаги касб фаолияти тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.10.1995 й. 408-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 19 октябрдаги

408-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг

чет элдаги касб фаолияти тартиби тўғрисида

НИЗОМ

(ўзгартиришлар билан)*


Мазкур Низом "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ва у меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга чиқиб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига жорий этилади.


1. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ идоралараро шартномалар, ишга жойлашиш тўғрисидаги битимлар, шунингдек хусусий меҳнат контрактлари асосида ўз касб фаолиятларини амалга ошириш мақсадида чет элга фақат Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги кўмагида чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг чет элга чиқиб кетаётган фуқароларига, агар алоҳида давлатлараро битимда бошқача тартиб-қоида назарда тутилмаган бўлса, жорий қилинади.


2. Фуқароларнинг хусусий контрактлар бўйича чет элда ўз касб фаолиятларини амалга оширишлари учун чиқиш ҳужжатларини расмийлаштиришни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан иловага мувофиқ шаклда бериладиган рухсатнома асосида амалга оширади.


3. Ташқи меҳнат миграция масалалари агентлиги томонидан рухсатнома берилгандан сўнг фуқаролар Ички ишлар вазирлигининг турар жой бўйича келиш ва кетиш ва фуқаролик бўлинмасига чиқиб кетишни расмийлаштириш учун ариза берадилар.


4. Ўзбекистон Республикасининг хусусий меҳнат контрактига эга бўлган фуқаролари чет элда ижтимоий ҳимояланишни таъминлаш мақсадида Ташки меҳнат миграцияси масалалари агентлиги қуйидаги ҳужжатларни икки нусхада тақдим этадилар:

ариза:

хорижий фирма (иш берувчи)дан олинган, барча ижтимоий кафолатлар ва тиббий суғурта кўрсатилган, шунингдек иш берувчининг меҳнат визаси (Еmployment visa)ни таъминлашдаги мажбуриятларини назарда тутадиган, давлат тилига таржимаси илова қилинган нотариал тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик муассасасида расмийлаштирилган контракт нусхаси;

иш берувчи тўғрисида қисқа маълумотлар;

маълумотнома;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган тегишли шаклдаги соғлиғи тўғрисида маълумотнома.


5. Рухсатнома бланкида рухсатномани берган орган номи, унинг юридик манзили, қайд этиш рақами, рухсатнома берилган мутахассис исми, ушбу шахс қайси давлат фуқароси эканлиги, фаолият тури, рухсатнома амалда бўладиган ҳудуд, рухсатнома амалда бўладиган муддат, узайтирилган вақт кўрсатилади. Рухсатнома Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги вакил қилинган раҳбари томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади.


6. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги рухсатномаси ва меҳнат контракти асосида чет элга кетган фуқаролари ишга жойлашаётган мамлакатдаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасасида рўйхатдан ўтишлари шарт, республиканинг вакиллик органлари йўқ бўлган ҳолларда ўзбекистонлик фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ваколат берган МДҲ консуллик органларида рўйхатдан ўтишлари керак.


7. Фуқароларга чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳужжатларни берган кундан бошлаб 15 кун мобайнида берилади.


8. Чет элда касб фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома беришни рад этиш тўғрисидаги асосланган қарор аризачига ушбу қарор қабул қилингандан сўнг бир ҳафта муддатда юборилади.


9. Рухсатнома меҳнат контракти амалда бўладиган муддатга берилади. Мазкур контракт муддати узайтирилган тақдирда аризачининг илтимосига кўра рухсатноманинг амалда бўлиш муддати белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилиши мумкин.


10. Рухсатнома берганлик ва унинг муддати узайтирилганлиги учун белгиланган тартибда тўлов ундирилади. Мазкур тўлов рухсатномаларни бериш ҳужжатларини кўриб чиқиш ва расмийлаштиришга алоқадор харажатларни қоплашга, шунингдек рухсатномаларни бериш билан шуғулланувчи ходимларга меҳнат ҳақи тўлаш ва Ўзбекистон Республикасига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келаётган хорижий фуқаролар ҳамда чет элга ишлаш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари маълумотларининг компьютер базасини яратишга сарфланади.


11. Мазкур Низомга мувофиқ белгиланган рухсатномалар олишнинг мажбурий тартиби Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги фуқароларига нисбатан жорий қилинмайди:

а) Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ва консуллик муассасалари ходимларига;

б) таътиллар вақтида олий касб таълими муассасаларининг ҳукуматлараро дастурлари доирасида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган талабаларга;

в) Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги мухбирлари ва журналистларига;

г) чет эл академиялари ва олий касб таълими таълим муассасаларига маърузалар курсини ўқишга ва бошқа ишларга таклиф этилган маърузачилар ҳамда йўриқчиларга;

д) Ўзбекистон Республикасининг чет мамлакатлар билан давлатлараро битимларида ишга жойлаштиришнинг бошқача тартиби белгиланган шахсларга.



*) Мазкур Низомга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 6 апрелдаги 162-сонли қарорига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган.