Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.12.2008 й. 276-сон "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тувалоқларни кўпайтириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.12.2008 й.

N 276


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҲУДУДИДА ТУВАЛОҚЛАРНИ КЎПАЙТИРИШ

САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги дастурларни самарали амалга ошириш, экологик вазиятни яхшилаш, йўқолиб кетиш хавфи бўлган ва Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ёввойи паррандаларнинг ноёб турларини сунъий кўпайтириш шароитларини яратиш, Ўзбекистонда генофондни сақлаш ва уларнинг турларини кўпайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Амирликларнинг тувалоқларни сақлаш маркази ва Амирликларнинг паррандаларни кўпайтириш маркази томонидан:

Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳудудида питомниклар қуриш бошланганлиги, тувалоқ жўжалари ўстириш учун хорижий асбоб-ускуналарнинг тўлиқ комплексига эга бўлган 14 та махсус контейнерларни (инкубаторлар, чорва озуқаси тайёрлаш учун махсус бинолар, ветеринария даволаш шохобчалари, темир панжарали майдончаларни) монтаж қилиш тугалланганлиги, ташқи электр, сув, газ ва иссиқлик таъминоти тармоқлари қурилганлиги;

тувалоқларнинг 250 дона тухуми тўпланганлиги, 228 та тувалоқ жўжалари очирилганлиги, Бирлашган Араб Амирликларидан 67 та тувалоқ жўжалари келтирилганлиги, ҳозирги вақтда иккита питомникда 2010 йилда тухумлай бошлайдиган жами 295 та тувалоқ жўжалари ўстирилаётганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Амирликларнинг тувалоқларни сақлаш маркази ва Амирликларнинг паррандаларни кўпайтириш маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Битимда назарда тутилган бошқа тадбирларни ўз вақтида бажариш давом эттирилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ваколатхоналари ва филиаллари учун назарда тутилган ҳуқуқлар ва имтиёзларни Амирликларнинг тувалоқларни сақлаш маркази ва Амирликларнинг паррандаларни кўпайтириш марказига нисбатан татбиқ этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги:

Амирликларнинг тувалоқларни сақлаш маркази ва Амирликларнинг паррандаларни кўпайтириш маркази буюртманомаларига биноан, паррандаларнинг ноёб турларини ўстириш ва уларни табиатга чиқаришни кўпайтириш ишларини бажариш учун узоқ муддатли асосда жалб этиладиган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек уларнинг вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласинлар;

Амирликларнинг тувалоқларни сақлаш маркази ва Амирликларнинг паррандаларни кўпайтириш марказига қарашли автомобиль воситаларини "М" сериясидаги давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб рақами белгилари билан таъминласинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда Амирликларнинг тувалоқларни сақлаш маркази ва Амирликларнинг паррандаларни кўпайтириш маркази буюртманомалари асосида:

келгусида махсус, юқори технологияли асбоб-ускуналар воситасида (инкубаторларда) ўстириш учун тувалоқлар тухумларини йиғишга;

Ўзбекистон Республикасига тувалоқларни (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган турлари каби) ва уларнинг тухумларини четдан келтиришга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсат берилсин.


5. Амирликларнинг тувалоқларни сақлаш маркази ва Амирликларнинг паррандаларни кўпайтириш маркази томонидан Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича четдан келтириладиган тувалоқлар, уларнинг тухумлари, юқори калорияли чорва озуқалари, юқори технологияли асбоб-ускуналар ҳамда мазкур паррандаларни кўпайтириш лойиҳасини самарали амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа техникалар божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари ) озод қилинсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                       Ш. Мирзиёев