Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Хўжалик юритувчи субъектларни "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонасининг хўжалик фаолияти қатнашчилари сифатида рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.04.2009 й. 105-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 9 апрелдаги

105-сон қарорига

3-ИЛОВА


Хўжалик юритувчи субъектларни "Навоий"

эркин индустриал-иқтисодий зонасининг хўжалик

фаолияти қатнашчилари сифатида рўйхатдан

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида хўжалик юритувчи субъектларни хўжалик фаолияти қатнашчилари (кейинги ўринларда "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси деб аталади) сифатида рўйхатга олиш тартиби ва муддатларини белгилайди.


2. "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда "Навоий" ЭИИЗ деб аталади) қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш уч босқичда амалга оширилади:

I босқич - "Навоий" ЭИИЗ маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) томонидан "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида жойлаштиришга инвесторларни танлаш;

II босқич - "Навоий" ЭИИЗ дирекцияси билан "Навоий" ЭИИЗда жойлаштиришга танловдан ўтган инвестор ўртасида "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисидаги битимни (кейинги ўринларда инвестициялаш тўғрисидаги битим деб аталади) келишиш ва тузиш;

III босқич - қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказиш, хўжалик юритувчи субъектларни "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари реестрига киритиш.


3. "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвесторларни танлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Маъмурий кенгаш томонидан амалга оширилади.



II. ИНВЕСТИЦИЯЛАШ ТЎҒРИСИДА

БИТИМ ТУЗИШ ТАРТИБИ


4. Ўтказилган танлов натижалари бўйича "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида жойлаштириш учун Маъмурий кенгашнинг ижобий қарорини олган инвесторлар инвестициялаш тўғрисидаги битимни келишиш ва тузиш учун "Навоий" ЭИИЗ дирекциясига мурожаат қиладилар.


5. Инвестициялаш тўғрисидаги битим "Навоий" ЭИИЗ дирекцияси ва инвестор (инвесторлар) ўртасида тузилади ҳамда:

инвестициялар объекти ва ҳажми, "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида амалга ошириладиган фаолият турлари;

инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатлари ва шартлари;

инвесторнинг қуйидагилар:

инвестициялаш ҳажми, ишлаб чиқаришнинг муайян ҳажмини таъминлаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг кафолатланган даражаси ва маҳсулот сифати, ўзи ишлаб чиқарган товарларни ва ишлар (хизматларни) экспорт қилиш ҳажми, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатларига риоя қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, меҳнат ҳақидаги қонунлар ва техника хавфсизлиги, мол-мулкни суғурта қилиш ва жавобгарлик, ишлаб чиқариш фаолиятининг бошқа жиҳатлари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

"Навоий" ЭИИЗ дирекциясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, пудрат ишларига шартномалар тузиш муддатлари, молиялаштириш манбалари, лойиҳани амалга ошириш жадваллари, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш устидан техник назорат қилиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;

инвестор томонидан ўз мажбуриятлари бажарилиши тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш тартиби ва муддатлари;

жойлашиш жойи ва ажратиладиган ер участкаси ўлчами;

инвестициялаш тўғрисидаги битим шартларига риоя қилинмаганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

инвестициялаш тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш тартиби;

инвестициялаш тўғрисидаги битимни тўхтатиш тартиби;

инвестициялаш тўғрисидаги битимдан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш тартиби ва кўриб чиқиш жойига доир кўрсатмаларни ўз ичига олиши керак.

Инвестициялаш тўғрисидаги битимда инвестиция лойиҳасининг ўзига хослигига қараб бошқа шартлар, шу жумладан, қуйидаги шартлар бўлиши мумкин:

ишлаб чиқариш, муҳандислик инфратузилмаси ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича томонларнинг ўзаро мажбуриятлари;

Ўзбекистон Республикасининг жисмоний шахсларидан бўлган ходимларни ёллаш ва ўқитиш бўйича инвесторнинг мажбуриятлари, технологиялардан фойдаланиш шартлари, шунингдек ташкил этилган хўжалик юритувчи субъект ходимларини ўқитиш бўйича инвесторнинг мажбуриятлари.


6. Инвестициялаш тўғрисидаги битимни тайёрлаш учун инвестор "Навоий" ЭИИЗ дирекциясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

инвестициялаш тўғрисидаги битим лойиҳаси;

"Навоий" ЭИИЗ ҳудудида жойлаштириш учун Маъмурий кенгашнинг ижобий қарори нусхаси;

лойиҳанинг бизнес-режаси нусхаси.


7. Инвестордан ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилмаган қўшимча маълумотларни талаб қилиш тақиқланади.


8. Инвесторлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим этиладиган маълумотлар ва ҳужжатларнинг ишончлилиги ва ҳақиқийлиги учун жавоб берадилар.


9. Инвестициялаш тўғрисидаги битим лойиҳаси ва бошқа материаллар "Навоий" ЭИИЗ дирекцияси томонидан улар олинган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

Зарурият бўлганда "Навоий" ЭИИЗ дирекцияси инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг айрим қоидалари бўйича ваколатли давлат органларининг хулосасини сўраши мумкин. Бунда инвестициялаш тўғрисидаги битим лойиҳасини кўриб чиқишнинг умумий муддати ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган муддатдан ортиқ бўлмаслиги керак.


10. Зарурият бўлган тақдирда инвестициялаш тўғрисидаги битим қоидаларини келишиш мақсадида "Навоий" ЭИИЗ дирекцияси билан инвестор (инвесторлар) ўртасида музокаралар ўтказилиши мумкин.


11. Инвестициялаш тўғрисидаги битим инвестициялаш тўғрисидаги битимда белгиланган муддатга ва "Навоий" ЭИИЗ дирекцияси фаолият кўрсатишидан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади.


12. Инвестор билан "Навоий" ЭИИЗ дирекцияси ўртасида инвестициялаш тўғрисидаги битим инвестор томонидан ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектга "Навоий" ЭИИЗ қатнашчисининг гувоҳномаси берилган санадан бошлаб кучга киради.


13. Инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг амал қилиши:

инвестициялаш тўғрисидаги битим тузилган муддат тамом бўлгандан кейин;

шахс "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилган тақдирда;

"Навоий" ЭИИЗ муддатидан олдин тугатилган тақдирда;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тўхтатилади.



III. ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИ

"НАВОИЙ" ЭИИЗ ҚАТНАШЧИЛАРИ

СИФАТИДА РЎЙХАТГА ОЛИШ ТАРТИБИ


14. Инвестор инвестициялаш тўғрисидаги битим имзоланган пайтдан бошлаб 10 иш куни мобайнида қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда рўйхатдан ўтказувчи органга у томонидан ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган тегишли ҳужжатларни тақдим этади.


15. "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвесторлар томонидан ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектларни давлат рўйхатидан ўтказиш юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


16. Давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш инвесторнинг ихтиёрига кўра:

инвесторнинг ўзи томонидан;

шартнома асосида - "Навоий" ЭИИЗ дирекцияси ёхуд бошқа шахслар томонидан амалга оширилади.


17. Давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилгандан кейин инвестор томонидан "Навоий" ЭИИЗ дирекциясига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

"Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси реестрига киритишга ариза;

юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;

"Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси сифатида Маъмурий кенгаш томонидан белгиланган миқдорда рўйхатдан ўтказилганлик учун тўлов тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар.


18. "Навоий" ЭИИЗ дирекцияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида икки иш куни мобайнида хўжалик юритувчи субъектни "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари реестрига киритади ва "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси гувоҳномасини беради.


19. "Навоий" ЭИИЗ дирекцияси "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари реестрига тегишли ёзув киритилган кундан бошлаб бир кун муддатда ўз ҳудудида жойлашган давлат солиқ ва божхона хизмати органлари бўлинмаларига хўжалик юритувчи субъект "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари реестрига киритилганлиги тўғрисидаги маълумотларни маълум қилади.


20. "Навоий" ЭИИЗ дирекцияси томонидан бериладиган "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси гувоҳномаси хўжалик юритувчи субъектлар "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади.


21. Таъсис ҳужжатларида қайд этилган "Навоий" ЭИИЗ қатнашчисининг устав фонди қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда шакллантирилиши керак.


22. "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари ишлаб чиқариш дастурларини мустақил шакллантирадилар ва ўзлари ишлаб чиқарган ўзлари тўлиқ тасарруф қиладиган маҳсулотларни (ишлар, хизматларни) сотадилар, "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида ишлаб чиқарилган товарлар, ишлар (хизматлар) бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай ташқи иқтисодий операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.


23. Хўжалик юритувчи субъектни "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум қилишга фақат "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси томонидан қонун ҳужжатлари ва инвестициялаш тўғрисидаги битим бузилган тақдирда "Навоий" ЭИИЗ дирекциясининг аризаси бўйича йўл қўйилади ҳамда бу инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг амал қилиши тўхтатилишига олиб келади.

"Навоий" ЭИИЗ дирекцияси суднинг хўжалик юритувчи субъектни "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги қарори кучга кирган санадан бошлаб уч кун мобайнида "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари реестрига хўжалик юритувчи субъектлар "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги ёзувни киритади.


24. "Навоий" ЭИИЗ дирекцияси "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари реестрига тегишли ёзув киритилган кундан бошлаб бир кун муддатда ўз ҳудудида жойлашган давлат солиқ ва божхона органларига хўжалик юритувчи субъект "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги маълумотларни маълум қилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 15-сон, 189-модда.