Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.09.2002 й. 326-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2002 йил 19 сентябрдаги

326-сон қарорига

1-ИЛОВА



Фуқароларнинг банклардаги омонатларини

кафолатлаш фонди тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди (бундан буён матнда "Фонд" деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг (бундан буён матнда "фуқаролар" деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси банкларидаги омонатларини ҳимоялашни таъминлаш мақсадида "Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ташкил этилган.


2. Фонд ўз фаолиятида "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида", "Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


3. Фонд юридик шахс ҳисобланади, ўз балансига, ўз рамзи тасвири туширилган ва номи ёзилган муҳрга, штампларга, бланкаларга эгадир.


4. Фонднинг устав сармояси тижорат банкларининг бирйўла тўланадиган мажбурий бадаллари ҳисобига шакллантирилади.


5. Фонд ўз мажбуриятлари бўйича ўзининг бутун мол-мулки билан жавоб беради.



II. ФОНД МОЛ-МУЛКИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


6. Фонднинг мол-мулки банкларнинг мажбурий бадаллари, маблағлар қўйишдан олинган даромадлар, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тушумлар ҳисобига шакллантирилади.


7. Бирйўла тўланадиган ва календарь бадаллар банкларнинг Фондга тўлайдиган мажбурий бадаллари ҳисобланади.


Банкнинг Фондга бирйўла тўлайдиган бадали банкнинг амалда шаклланган устав сармояси миқдорининг 0,1 фоизини ташкил этади.

Календарь бадал банклар томонидан йилнинг ҳар чорагида Фондга ўтказиладиган пул маблағларидан иборат бўлади. Календарь бадалларнинг миқдори "Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ кафолатланиши лозим бўлган фуқаролар омонатларининг амалдаги қолдиғига қараб йил чораги учун Фонднинг кузатув кенгаши томонидан белгиланган миқдорда белгиланади, бироқ у омонатлар умумий суммасининг 0,5 фоизидан кўп бўлмаслиги керак.


8. Тўланган календарь бадаллар суммаси банкдаги омонатлар қолдиқлари умумий суммасининг 5 фоизига етганда банклар томонидан календарь бадалларни тўлаш тўхтатилади. Фуқароларнинг банкдаги омонатлари қолдиқлари умумий суммаси ўзгарганда, Фондга тўланган календарь бадалларининг суммаси қайта ҳисоблаб чиқилиши керак.


9. Фонднинг пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида сақланади.



III. ФОНДНИНГ МАҚСАДИ ВА ФАОЛИЯТИНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


10. "Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган шартларда ва ҳажмда банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқи учун банк лицензияси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан чақириб олинган тақдирда фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича кафолатли ҳақ тўлаш Фонд фаолиятининг мақсади ҳисобланади.


11. Фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича Фонд томонидан кафолатли ҳақ тўланиши банк қайта ташкил этилиши муносабати билан лицензия чақириб олинган тақдирда жорий этилмайди.


12. Қуйидагилар Фонд фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

фуқароларнинг омонатлари бўйича ҳақ тўланишини таъминлаш учун банкларнинг мажбурий бадалларини жамлаш;

жамланган маблағлардан мазкур Низомда белгиланган мақсадлар ва тартибда фойдаланиш.



IV. ФОНДНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


13. Фонд қуйидагиларга ҳақли:

банклардан фуқароларнинг банклардаги кафолатланадиган омонатларининг сони ва миқдорлари тўғрисидаги маълумотларни олиш;

ўз маблағларини давлат қимматбаҳо қоғозларига ва бошқа активларга жойлаштириш.

Фонд қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.


14. Фонд маблағларини жойлаштириш бўйича барча операциялар Фонднинг кузатув кенгаши қарори бўйича, у ҳар йили тасдиқлайдиган Фонд бюджети доирасида амалга оширилади.


15. Фонднинг молиявий ёрдам кўрсатиш ва хайрия фаолияти билан шуғулланиши, шунингдек юридик шахсларнинг муассиси бўлиши мумкин эмас.


16. Фонд қуйидагиларга мажбур:

ўз маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш;

Фонд маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга ошириш;

қатнашчи банклар рўйхатини оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда эълон қилиш.



V. ФОНДНИ БОШҚАРИШ


17. Фондни бошқариш Фонднинг кузатув кенгаши ва Фонднинг ижро этувчи органи томонидан амалга оширилади.


18. Фонднинг кузатув кенгаши Фонд фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.

Фонд кузатув кенгашининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


19. Фонднинг кузатув кенгаши ваколатига қуйидагилар киради:

банкларнинг календарь бадаллари ставкаларини, уларни тўлаш ҳисоб-китоби тартиби ва муддатларини тасдиқлаш;

фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича ҳақ тўлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишган ҳолда агент банкни танлаш;

Фонд маблағларини давлат қимматбаҳо қоғозларига ва бошқа активларга жойлаштириш бўйича қарорлар қабул қилиш;

Фонд маблағларидан фойдаланиш тартибини, шу жумладан жорий фаолият учун харажатлар сметасини тасдиқлаш;

Фонднинг ижро этувчи органини шакллантириш ва унинг фаолиятини назорат қилиш;

аудитор ташкилотни белгилаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.


20. Фонд кузатув кенгаши мажлислари унинг раиси ёки кузатув кенгаши аъзоларининг камида учдан бир қисми томонидан заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир марта чақирилади.


21. Фонднинг кузатув кенгаши агар мажлисда аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашса қарор қабул қилишга ҳақли. Фонд кузатув кенгаши қарорлари улар учун қатнашганларнинг камида учдан икки қисми ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинади. Овозлар сони тенг бўлган тақдирда Фонд кузатув кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланди.


22. Фонд дирекцияси Фонднинг ижро этувчи органи ҳисобланади, у жорий раҳбарликни амалга оширади ва Фонд фаолияти учун жавоб беради. Фонд дирекцияси таркибига директор, директор ўринбосари ва бош бухгалтер киради.


23. Фонд дирекцияси:

банклар томонидан бирйўла ва календарь бадалларнинг ўз вақтида тўлиқ ўтказилишини назорат қилади;

фуқароларнинг омонатлари бўйича ҳақ тўлаш тадбирларини амалга оширади;

жорий фаолият учун харажатлар сметаси тўғрисидаги таклифларни Фонд кузатув кенгашига тасдиқлаш учун киритади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


24. Фонд директори:

Фонднинг жорий фаолиятини ташкил қилади ва унга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб беради;

Фонд ходимларини ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

давлат органларида,бошқа муассасаларда, шу жумладан хорижий давлатлар муассасаларида, шунингдек халқаро ташкилотларда Фонд номидан вакиллик қилади;

ишончномасиз Фонд номидан иш кўради;

лавозим йўриқномаларини ва Фонднинг бошқа ички ҳужжатларини тасдиқлайди;

Фонд номидан даъволар билдиради;

Фонд ходимларининг бажариши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;

ушбу Низомга ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.

Фонд директори Фонднинг кузатув кенгаши мажлисларида маслаҳат овози билан қатнашади.



VI. БАНКЛАРНИНГ ФОНД БИЛАН ЁЗМА БИТИМЛАР

ТУЗИШ ТАРТИБИ


25. Банк Фонд билан ёзма битим тузиш учун фуқароларнинг банкдаги кафолатланиши лозим бўлган омонатларининг сони ва қолдиқлари миқдорлари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хулосасини илова қилган ҳолда Фонднинг кузатув кенгашига мурожаат қилади.


26. Фонд кафолатномаси банк Фонд билан ёзма битим тузган вақтдан бошлаб кучга киради.


27. Банк ёзма битим тузилгандан кейин уч календарь кундан кечикмай бирйўла тўланадиган бадални Фондга ўтказиши шарт.


28.Фонд Ўзбекистон Республикаси Марказий банкини тузилган ёзма битимлар ва бирйўла тўланадиган бадаллар банклар томонидан Фондга тўлангани тўғрисида хабардор қилади.


29. Фонд билан ёзма битимлар тузган банклар реестри оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда эълон қилиб борилади.


30. Банклар:

банк номига ўзгартиришлар киритилганда;

банк қайта ташкил этилганда Фондни ёзма равишда хабардор қилиши шарт.


31. Фонд билан ёзма битим тузган банк номи ўзгарган тақдирда банкдан қайта рўйхатдан ўтказилганини ва лицензиянинг қайта расмийлаштирилганини тасдиқловчи ҳужжатлар олинган вақтдан бошлаб ўн иш куни мобайнида реестрга тегишли ўзгартиришлар киритилади.


32. Қайта ташкил этиш натижасида янги пайдо бўлган банк Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида рўйхатдан ўтказилган кунидан бошлаб уч иш куни мобайнида Фонд билан ёзма битим тузиши шарт.



VII. БАНКНИ ФОНДДАН ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


33. Банк қайта ташкил этилганда ёки белгиланган тартибда тугатилганда Фонд олдидаги барча мажбуриятларини бажаргандан кейин Фонд билан ёзма битим тузган банклар реестридан чиқарилади.


34. Банкни Фонд билан ёзма битим тузган банклар реестридан чиқариш Фонднинг кузатув кенгаши қарори бўйича амалга оширилади.


35. Банкнинг Фонд билан ёзма битим тузган банклар реестридан чиқарилганлиги тўғрисидаги хабарнома у реестрдан чиқарилган вақтдан бошлаб уч кун мобайнида матбуотда эълон қилинади.


36. Фондни тугатиш ва қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.