Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.01.1996 й. 4-сон "Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ишидаги камчиликлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.01.1996 й.

N 4



ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА ИҚТИСОДИЙ

ИСЛОҲОТЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШДА

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ҲОКИМЛИГИ

ИШИДАГИ КАМЧИЛИКЛАР ТЎҒРИСИДА


Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Самарқанд вилояти ҳокимлигининг пахтачилик хўжаликлари негизида расман деҳқон хўжаликлари уюшмаларига бирлаштирилган, аслида бошқариб бўлмайдиган майда, мустақил ишлаб чиқариш бўлинмаларини ташкил этиш амалиёти қишлоқ хўжалигида ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг моҳияти ва мақсадини обрўсизлантириш сифатида қоралансин.

Қишлоқда ислоҳотларни амалга ошириш борасида йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун вилоят ҳокими ўринбосари А. Қаландаров, вилоят агросаноат уюшмаси раиси С. Қўлдошев, шунингдек Каттақўрғон, Пайариқ ва Пахтачи туманлари ҳокимлари ишдан бўшатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ҳусанов), "Ўзмевасабзавотузумсаноат" уюшмаси (Носиров) ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси (Усмонов) Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалигида ислоҳотларнинг амалга оширилишини назорат қилмаганлиги қайд этилсин.

Республика қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган иқтисодий қайта ўзгартиришларнинг ташкил этилиши ва самарадорлиги учун улар шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида огоҳлантирилсинлар.


3. Марказий банк ва "Пахта-банк" Самарқанд вилоятининг тегишли банклари томонидан деҳқон хўжаликларига ҳисоб-китоб счётлари очилишининг қонунийлигини кўриб чиқсинлар, ушбу ишни тартибга солиш чора-тадбирларини кўрсинлар, айбдорларни жавобгарликка тортсинлар.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари қишлоқ хўжалигида мулкчилик шаклларини ўзгартириш ҳамда ишлаб чиқариш бўлинмаларининг янги турларини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширишда хўжаликларнинг яхлитлигига ва технологик жараённинг узлуксизлигига қатъий риоя этилишини таъминласинлар.


5. Ушбу қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари мажлисларида муҳокама қилинсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И. Жўрабеков зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                    И. Каримов