Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 12.11.1991 й. 290-сон "Ўзбекистон Республикаси хорижий сармоялар билан корхоналар, шу жумладан, қўшма корхоналар, халқаро бирлашмалар ва ташкилотлар, шунингдек уларнинг таркибий бўлинмаларини ташкил этиш, фаолияти ва уларни давлат томонидан рўйхатга олиш тартиби ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

12.11.1991 й.

N 290



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХОРИЖИЙ

САРМОЯЛАР БИЛАН КОРХОНАЛАР, ШУ ЖУМЛАДАН,

ҚЎШМА КОРХОНАЛАР, ХАЛҚАРО БИРЛАШМАЛАР ВА

ТАШКИЛОТЛАР, ШУНИНГДЕК УЛАРНИНГ ТАРКИБИЙ

БЎЛИНМАЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ, ФАОЛИЯТИ ВА

УЛАРНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН РЎЙХАТГА ОЛИШ

ТАРТИБИ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон ССРнинг ташқи иқтисодий фаолияти тўғрисида" ва "Ўзбекистон ССРда хорижий сармоялар ҳақида"ги қонунларига мувофиқ, ташқи иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётига хориждан сармоя сарфлашни кўпайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Илова қилинаётган "Ўзбекистон Республикасида хорижий сармоялар билан корхоналар, халқаро бирлашмалар ва ташкилотлар, шунингдек уларнинг таркибий бўлинмаларини ташкил этиш тартиби тўғрисида" Низом ҳамда хорижий сармоялар билан ташкил этилган корхоналарни, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларни, шунингдек уларнинг таркибий бўлинмаларини давлат томонидан рўйхатга олиш тартиби тўғрисида" Низом тасдиқлансин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ижроия қўмиталари икки ҳафта муддат ичида таъсис ҳужжатларини экспертиза қилиш ва халқаро бирлашмалар, ташкилотлар, Ўзбекистон ҳамда хорижий юридик шахслар ва фуқаролар иштирокида тузиладиган қўшма корхоналар, шунингдек уларнинг таркибий бўлинмаларининг самарали фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш комиссияларини тузсинлар". (Вакиллари комиссия таркибига кирадиган ташкилотларнинг тахминий рўйхати - иловага мувофиқ.)

Комиссиялар қабул қилган қарорлар кечиктирилмасдан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юборилсин.


3. Молия вазирлиги (ўртоқ Боқибоев) зарур ҳужжатлар олинган кундан бошлаб ўн кун муддат ичида қўшма корхоналар ва уларнинг таркибий бўлинмаларига рўйхатга олиш номери беришни таъминласин.

Ишнинг ушбу соҳаси топшириладиган мансабдор шахсларнинг масъулияти оширилсин.


4. Давлат ташқи савдо ва хорижий мамлакатлар билан алоқалар қўмитаси (ўртоқ Султонов) зарур ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг уларни етти кундан кечиктирмай кўриб чиқсин ҳамда қўшма корхоналар ва уларнинг бўлинмаларига ташқи иқтисодий алоқалар иштирокчиси деган рўйхатга олиш гувоҳномасини топширсин.


5. Молия вазирлиги (ўртоқ Боқибоев), Давлат ташқи савдо ва хорижий мамлакатлар билан алоқалар қўмитаси (ўртоқ Султонов) республикада ташкил этилаётган қўшма корхоналарга хизмат кўрсатишга ихтисослашган эксперт-маслаҳат ташкилотларининг кенг тармоғини тузиш чораларини кўрсинлар.


6. Белгилаб қўйилсинки, бош корхоналари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этиладиган халқаро бирлашмалар ва ташкилотларнинг, хорижий корхоналар ва қўшма корхоналарнинг бўлинмалари, шу жумладан, Ўзбекистон ва хорижий юридик шахслар ҳамда фуқаролар иштирокида бош корхонаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган қўшма корхоналарнинг бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиши шарт. Мазкур бўлинмаларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтмай Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатиши тақиқланади.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Умумиқтисодиёт комплекси (ўртоқ Ҳамидов)га ва Президент Аппаратининг Ташқи иқтисодий алоқалар бўлими (ўртоқ Сафоев)га юклатилсин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                         И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

1991 йил 12 ноябрдаги

290-сон қарорига

ИЛОВА




Вакиллари таъсис ҳужжатларини экспертиза қилиш ҳамда

ҚКларни ташкил этишга ва уларнинг самарали ишлашига

ёрдам бериш бўйича ваколатли комиссиялар таркибига

кирадиган ташкилотларнинг

ТАXМИНИЙ РЎЙXАТИ



1. Вилоят ижроия қўмитаси (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси).


2. Вилоят молия бўлими (Қороқалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, Тошкент шаҳар молия бўлими).


3. Давлат ташқи савдо ва хорижий мамлакатлар билан алоқалар қўмитасининг минтақавий бўлими.


4. Вилоят статистика бошқармаси.


5. Вилоят (шаҳар) солиқ ииспекцияси.


6. Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг минтақадаги бўлинмаси.



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1991 й., N 11, 39-модда.