Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Оила" илмий-амалий марказининг Низом (ЎзР ВМ 02.02.1998 й. 54-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 2 февралдаги

54-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Оила" илмий-амалий марказининг

НИЗОМИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. "Оила" илмий-амалий маркази (бундан кейин матнда Марказ деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги ўз-ўзини бошқарадиган мустақил ташкилот бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинадиган қонунлар ва қарорлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда мазкур Низом асосида олиб боради.


1.2. Марказ йилнинг ҳар чорагида ва охирида якуний, шунингдек, сўралган вақтларда Ўзбекистонда оилаларнинг ҳолати, долзарб муаммолари, уларнинг ечимлари ва оила истиқболи ҳақида Ҳукуматга расмий маълумотлар бериб туради.


1.3. Марказ юридик шахс ҳисобланади, банк муассасасида миллий ва хорижий валюталарда ҳисоб рақамига, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга ва бошқа рамзий ашёларга эга бўлади.


1.4. Марказ Тошкент шаҳар, Фурқат кўчаси, 1-уйда жойлашган.



II. МАРКАЗНИНГ МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ


2.1. Марказнинг мақсади оилага тааллуқли бой ва сермазмун миллий анъаналарни авайлаб-асраш, уларни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, оила аъзоларининг ҳуқуқий саводхонликларини ошириш муаммоларини илмий ўрганишни ва фуқароларга бу масалаларда амалий ёрдам беришни мувофиқлаштиришдан иборат.


2.2. Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш;

миллий оилавий тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш;

оиланинг педагогик, психологик, ижтимоий-психологик, этно-педагогик, этно-психологик муаммоларини ўрганиш ҳамда ривожланиш истиқболлари бўйича таклиф ва тавсиялар тайёрлаш;

оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, демографик хусусиятларини илмий асосда тадқиқ этиш;

оила, аёл ва болаларнинг ижтимоий-иқтисодий мавқеини акс эттирувчи статистик ахборотларни тўплаш ва умумлаштириш;

оилани режалаштиришни, унинг саломатлигининг тиббий-биологик асосларини илмий-амалий тадқиқ этишга оид услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга кенг татбиқ этиш;

Кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастурда белгиланган оила томонидан мактабгача таълим талабларини таъминлашда ота-оналарга, оила аъзоларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш;

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашни яхшилаш мақсадида никоҳ уйлари ва саломатлик марказлари ҳузурида махсус ўқув-тарбиявий курсларни ташкил этиш;

оиланинг ҳуқуқий саводхонлигини тубдан яхшилаш ва ҳимоялаш бўйича илмий-амалий фаолият кўрсатиш;

оилада боланинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилиниши, соғлом ўсиши, мактабга тайёрланишида ота-оналарнинг фаолиятларини такомиллаштириш ҳамда масъулиятларини ошириш юзасидан ўқув-услубий тавсиялар ишлаб чиқиш;

ёш авлодда маънавият, маданият, маърифатни янада юксалтириш орқали оилада баркамол авлодни тарбиялашнинг энг самарали, мақбул усулларини излаш ва ишлаб чиқиш;

оила ва жамият муаммоларига ва уларнинг ечимига оид ўқув-услубий қўлланмалар, илмий-оммабоп рисолалар яратиш;

оила ва жамият муаммолари соҳасида халқаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;

оила фаровонлиги ва камолоти йўлида қабул қилинган Ҳукумат қарорларида белгиланган чора-тадбирларнинг республика миқёсида ҳамда жойларда бажарилишига кўмаклашиш.



III. МАРКАЗНИНГ БОШҚАРУВ

АСОСЛАРИ ВА ТИЗИМИ


3.1. Иштирокчилар Кенгаши Марказнинг раҳбар органи ҳисобланади.


3.2. Иштирокчилар Кенгаши Марказнинг ҳайъат органи бўлиб, унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Республика Хотин-қизлар қўмитасининг раиси унинг раиси этиб тайинланади.

Кенгаш ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Кенгашга оила муаммолари ва масалалари юзасидан фаолият кўрсатаётган вазирликлар, жамғармалар, давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари аъзо этиб тайинланадилар.


3.3. Иштирокчилар Кенгашининг ҳуқуқ доирасига қуйидагилар киради:

Республика "Оила" илмий-амалий маркази фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

Марказга оила манфаатларига оид илмий-амалий ҳамда услубий-ўқув-тарбиявий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш юзасидан буюртмалар бериш;

Марказга ҳомий ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш, молиявий маблағлар, ўқув-услубий ва илмий ишлар учун грантлар олиш ҳамда чет эл инвестицияларини Марказ фаолиятига жалб қилишда кўмаклашиш;

Марказ директори лавозимига номзодларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этиш;

Марказ директорининг ўринбосарларини ва илмий котибини тасдиқлаш;

Марказ илмий-услубий Кенгаши низомини ва унинг таркибини тасдиқлаш;

Марказ директори томонидан тақдим қилинган Марказ фаолиятининг ва Марказ ҳузуридага илмий-услубий Кенгашнинг йиллик иш режаларини тасдиқлаш;

Марказ директори ва илмий-услубий Кенгашнинг йил чораги бўйича ва йиллик ҳисоботларини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш;

Марказга юкланган вазифаларни бажариш учун тузиладиган мақсадли дастурларнинг жойлардаги ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилишини таъминлаш.


3.4. Марказга Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган фан доктори илмий даражасига эга бўлган директор раҳбарлик қилади.

Марказ директори мақомига кўра илмий-тадқиқот институтларининг директорларига тенглаштирилади. Марказ директори ўз фаолияти бўйича Иштирокчилар Кенгаши раҳбарига бўйсунади.


3.5. Директор:

Марказ ходимларининг ишларини ташкил қилади ва бошқаради, Марказ номидан фаолият кўрсатади, шу жумладан, унинг молиявий-хўжалик ишларини амалга опшради, Марказ номидан битимлар тузади, Марказнинг жорий фаолияти билан боғлиқ бўлган барча вазифаларни амалга оширишга раҳбарлик қилади;

директор ўринбосари ва илмий котиб лавозимларига номзодлар, Илмий-услубий Кенгаш таркиби бўйича таклифларни тасдиқлаш учун Иштирокчилар Кенгашига киритади;

ўз ваколатлари доирасида Марказнинг барча ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, амалдаги қонунларга мувофиқ ходимларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади. Марказнинг Низом доирасидаги барча фаолияти учун жавоб беради.


3.6. Марказда илмий-услубий фаолият билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун директор раҳбарлигида Илмий Кенгаш тузилади. Илмий Кенгаш ўз Низоми асосида ишлайди.


3.7. Марказ тизими қуйидаги бўлимлардан иборат:

- оила саломатлигининг тиббий-биологик асослари;

- оила психологияси;

- оила маънавияти;

- демография ва оиланинг ижтимоий-иқтисодий истиқболи асослари;

- оила ва хуқуқ асослари.

Бўлимларга илмий даражали мутахассислар мудирлик қилади.



IV. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


4.1. Вилоятларда ўз ҳудудий бўлимларини ва оила муаммолари бўйича аҳолига амалий ёрдам берувчи хўжалик ҳисобидаги гуруҳлар ташкил этиш.


4.2. Низом мақсадлари доирасида республика ҳудудида ва унинг ташқарисида илмий-амалий, илмий-назарий анжуманлар ва бошқа тадбирлар мажмуини тайёрлаш ва ўтказиш.


4.3. Мавжуд қонунчилик доирасида ноширлик фаолиятини амалга ошириш.


4.4. Оила муаммоларини ўрганиш юзасидан тайёрланган ўқув-услубий ва бажарилган илмий-тадқиқот ишлари, дастурларини таҳлил қилиш ва баҳолаш учун эксперт гуруҳлари тузиш.


4.5. Марказнинг ўз фаолияти доирасида ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот дастурларини амалга ошириши мақсадида вақтинчалик ижодий меҳнат гуруҳларини тузиш. Низомдаги вазифалари доирасида "Таълим тўғрисида"ги Қонун асосида таълим хизматларини амалга ошириш.


4.6. Низом мақсадларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан тақиқланмаган ташқи фаолият билан шуғулланиш. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, хорижий мамлакатларда ўз ваколати доирасида юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар, бошқа юридик ҳужжатлар тузиш.


4.7. Илмий ходимларнинг малакасини ошириш, чет элларда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ташқи фаолиятни амалга ошириш мақсадида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш.



V. МАРКАЗНИНГ МОЛИЯВИЙ ТАЪМИНОТИ


5.1. Марказ фаолиятининг молиявий асосини унга давлат томонидан мақсадли ажратиладиган маблағлар, доимий фойдаланишга берилган асосий воситалар (фондлар), Низом мақсадлари доирасида пуллик хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришдан олинган даромадлар, мамлакатимиз ва хориждаги турли ташкилот, жамғарма грантлари ва фуқароларнинг ҳомийлик маблағлари ташкил этади.


5.2. Илмий тадқиқотларни рағбатлантириш учун турли давлат, жамоатчилик ва хусусий жамғармалардан ажратилган ёки турли шартнома, контракт, битимлар асосида олинган маблағлар Марказ мулки ҳисобланиб, улардан Марказ ихтиёрий равишда фойдаланади.


5.3. Марказнинг илмий ва бошқа ходимларига ягона тариф сеткасига мувофиқ давлат бюджети ҳисобидан ҳақ тўланади. Марказ ўз имкониятлари доирасида мустақил равишда ўз ходимларини турли рағбатлантириш шаклларидан фойдаланиши мумкин.


5.4. Марказ унга ўз мулки сифатида ёки вақтинча фойдаланиш учун берилган давлат фондлари, бошқа мол-мулклардан давлат топшириқлари асосида ва амалдаги қонунлар доирасида фойдаланади.


5.5. Марказнинг мустақил хўжалик ҳисобидаги бўлинмалари ўз хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятларини ушбу фаолиятлардан олинган даромад (фойда)лар ҳисобига амалга оширади.



VI. МАРКАЗНИНГ ТУГАТИЛИШИ


Марказ фаолиятини тугатиш ёки қайта ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилади.