Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.02.1998 й. 54-сон "Республика "Оила" илмий-амалий марказини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.02.1998 й.

N 54



РЕСПУБЛИКА "ОИЛА" ИЛМИЙ-АМАЛИЙ

МАРКАЗИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Жамият тараққиётида, маънавий баркамол ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни муҳим эканлигини ҳисобга олиб, оилага тааллуқли бой ва сермазмун миллий анъаналарни авайлаб-асраш, уларни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, оила аъзоларининг ҳуқуқий саводхонликларини ошириш муаммоларини илмий ўрганишни ва фуқароларга бу масалаларда амалий ёрдам беришни мувофиқлаштириш мақсадида, 1998 йилнинг Республика Президенти томонидан "Оила йили" деб эълон қилиниши муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида Республика "Оила" илмий-амалий маркази ташкил этилсин.

Республика "Оила" илмий-амалий маркази Тошкент давлат университети ва Тошкент давлат педагогика институтидаги оила муаммоларини ўрганиш лабораториялари негизида ташкил қилиниши белгилаб қўйилсин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги кўрсатиб ўтилган лабораторияларнинг штатлари ва иш ҳақи фондини "Оила" илмий-амалий марказига берсинлар, жиҳозларини балансдан балансга ўтказсинлар.


2. Республика "Оила" илмий-амалий марказининг Низоми ва тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин. Марказ директори Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фанлар академияси, Фан ва техника давлат қўмитаси, "Соғлом авлод учун" жамғармаси, "Маҳалла" жамғармаси, "Камолот" жамғармаси, "Экосан" жамғармаси, Республика "Маънавият ва маърифат" жамоатчилик маркази, Республика Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Республика "Оила" илмий-амалий маркази фаолиятида иштирок этиши ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

Иштирокчилар Кенгашининг таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Қуйидагилар Республика "Оила" илмий-амалий маркази фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш;

миллий оилавий тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш;

оиланинг педагогик, психологик, ихтимоий-психологик, этно-педагогик, этно-психологик муаммоларини ўрганиш ҳамда ривожланиш истиқболлари бўйича таклиф ва тавсиялар тайёрлаш;

оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, демографик хусусиятларини илмий асосда тадқиқ этиш;

оила, аёл ва болаларнинг ижтимоий-иқтисодий мавқеини акс эттирувчи статистик ахборотларни тўплаш ва умумлаштириш;

оилани режалаштиришни, унинг саломатлигининг тиббий-биологик асосларини илмий-амалий тадқиқ этиш, услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга кенг татбиқ этиш;

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашни яхшилаш мақсадида никоҳ уйлари ва саломатлик марказлари ҳузурида махсус ўқув-тарбиявий курсларни ташкил этиш;

оиланинг ҳуқуқий саводхонлигини тубдан яхшилаш ва ҳимоялаш бўйича илмий-амалий фаолият кўрсатиш;

оилада боланинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилиниши, соғлом ўсиши, мактабга тайёрланишида ота-оналарнинг фаолиятларини такомиллаштириш ҳамда масъулиятларини ошириш юзасидан ўқув-услубий тавсиялар ишлаб чиқиш;

ёш авлодда маънавият, маданият, маърифатни янада юксалтириш орқали оилада баркамол авлодни тарбиялашнинг энг самарали, мақбул усулларини излаш ва ишлаб чиқиш;

оила ва жамият муаммоларига ва уларнинг ечимига оид ўқув-услубий қўлланма, илмий-оммабоп рисолалар яратиш;

1998 йилнинг "Оила йили" деб эълон қилиниши муносабати билан белгиланган тадбирлар дастурининг бажарилиши мониторингини олиб бориш;

оила ва жамият муаммолари соҳасида халқаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш.


5. Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Марказга оила муаммоларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишда ҳамда ўз фаолияти учун зарур ахборотларни олишда кўмаклашсинлар;

Марказга оила манфаатларига йўналтирилган дастурларни бажаришда ҳар томонлама ёрдам кўрсатсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси 1998 йилда ва кейинги йилларда "Оила" илмий-амалий марказининг илмий изланишлари мавзуларини Давлат илмий-техникавий дастурлари таркибида режалаштирсин.

Марказнинг ўз илмий-амалий дастурларини жойларда шартнома асосида амалга ошириши белгилаб қўйилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Ўзбекистон хорижий давлатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши:

"Оила" илмий-амалий марказининг оила ва жамият муаммолари соҳасида фаолият кўрсатаётган хорижий ва халқаро ташкилотлар билан амалий алоқалар ўрнатишига кўмаклашсинлар;

"Оила" илмий-амалий марказини халқаро ташкилотлар ва чет давлатлардаги оила муаммоларига оид ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ахборотлар билан доимий равишда таъминласинлар.


8. "Оила" илмий-амалий маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинадиган қонунлар ва қарорлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, вазирликлар ҳамда идораларнинг меъёрий ва йўриқнома ҳужжатлари мажбурий тартибда тарқатиладиган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.


9. "Оила" илмий-амалий маркази ходимларига республика илмий-тадқиқот институтлари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш учун ўрнатилган ягона тариф сеткаси ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича белгиланган разрядлар жорий этилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тақдим этилган ҳисоб-китобларга биноан Марказ фаолиятини ташкил этиш, керакли жиҳозлар ва компьютер техникаси харид қилиш учун зарур маблағ ажратсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Почта ва телекоммуникациялар агентлиги Марказни зарур алоқа воситалари, шу жумладан, ҳукумат алоқаси билан таъминласин.


12. "Тошшаҳарйўловчитранс" уюшмаси Марказга хизмат кўрсатиш учун енгил автомобиль, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги унинг харажатлари учун зарур бўлган лимит ажратсинлар.


13. Ўзбекистон Телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, оммавий ахборот воситалари Марказ фаолиятини мунтазам ёритиб борсинлар, оила ва жамиятнинг долзарб масалаларига бағишланган эшиттириш ва кўрсатувлар дастурларини ушбу қарорга асосланган ҳолда қайта кўриб чиқсинлар.


14. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда "Оила" илмий-амалий марказига Фурқат кўчасидаги 1-уйдан жой ажратсин ва уни таъмирлаш масалаларини ҳал қилсин.


15. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Д. Fуломова зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                           И. Каримов