Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури (ЎзР ОМ Сенатининг 13.11.2014 й. СҚ-454-II-сонли қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

2014 йил 13 ноябрдаги

СҚ-454-II-сонли қарорига

ИЛОВА



2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш

ва аҳоли бандлигини таъминлаш

ДАСТУРИ


Иш ўринлари ташкил этиш ва мамлакат аҳолисининг бандлигини таъминлаш масалалари Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 январдаги мажлисида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналиши сифатида белгилаб берилди.

Ана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилнинг II ярми Иш режасига мувофиқ 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури (бундан буён матнда Дастур деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар кесимида меҳнат бозорининг прогнози ва эҳтиёжларини, шунингдек мамлакатнинг иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини, ҳудудларини ривожлантириш дастурларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди.

Дастур янги объектларни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш ва асосан саноатда, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан янада тўла фойдаланиш, инфратузилма, коммуникация ва уй-жой қурилиши кўламларини кенгайтириш, кичик бизнесни, шу жумладан якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорликни, фермер ва деҳқон хўжаликларини жадал ривожлантириш, уй меҳнати шаклларининг имкониятларини кенгайтириш, ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган.

Дастур параметрлари инвестиция лойиҳалари, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш, корхоналарни модернизация қилиш ҳамда технологик янгилаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини чуқур қайта ишлаш, транспорт ва коммуникация қурилишини, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурлари билан ўзаро боғланган.

Дастур Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, барча босқич ҳокимликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик субъектларининг бевосита иштирокида ишлаб чиқилган.

Дастур:

1) иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг мақсад ва вазифаларини;

2) иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий ва тармоқ дастурларининг 2014 йил январь - сентябрь ойларида рўёбга чиқарилиши натижаларини;

3) 2015 йилда иш ўринларига бўлган эҳтиёжни;

4) 2015 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарларда иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш параметрлари ва асосий йўналишларини;

5) банд бўлмаган аҳолини, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини, шунингдек чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантларини ишга жойлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни;

6) Дастур бажарилишининг мониторингини ўз ичига олади.



I. ДАСТУРНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


Дастурнинг мақсади ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг салоҳиятини ишга солиш, демографик омилларни ва меҳнат бозорининг конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда ишга жойлаштиришнинг самарали шаклларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш йўли билан иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича комплекс ҳамда ўзаро боғланган чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат қилиб белгиланган.

Дастурнинг асосий вазифалари қуйидагилардир:

иқтисодиёт тармоқларини ва мамлакат ҳудудларини ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурий ҳужжатларни рўёбга чиқариш доирасида янги объектларни ишга тушириш ва мавжудларини кенгайтириш дастурларини амалга ошириш ҳисобига асосан саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида иш ўринлари ташкил этиш;

ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг иш ўринлари ташкил этиш ва илгари яратилган иш ўринларининг барқарор ишлашини таъминлаш имкониятидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш;

меҳнат бозоридаги тангликни бартараф этишнинг таъсирчан воситаси сифатида бандликнинг самарали шаклларини, айниқса кичик бизнесни, уй меҳнатини ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш;

ишсизларни ва банд бўлмаган аҳолини, шунингдек чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантларини, биринчи навбатда ёшлар, хотин-қизларни ишга жойлаштириш, касбга қайта тайёрлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш йўли билан меҳнат бозорида фаол ва аниқ мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш;

Дастур амалга оширилишининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар, тармоқлар ва аниқ корхоналар кесимида тизимли мониторинги ва таҳлилини амалга ошириш, зарур ҳолларда, иш ўринлари ташкил этишнинг 2015 йилга тасдиқланган параметрлари сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўриш.

2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг прогноз параметрлари ва йўналишлари қуйидагиларга қаратилган:

"2011 - 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида"ги дастур, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш дастурлари, 2011 - 2013 йилларда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури, инвестиция дастурлари амалга оширилишига мувофиқ иш ўринлари сонини кўпайтириш;

бандликнинг даражасини ошириш ва ҳудудий тузилмасини такомиллаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожлантириш дастурлари, хизмат кўрсатиш соҳасини ва сервисни ривожлантириш, қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилишини ҳамда қурилишда пудрат ишларини ривожлантириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини модернизация қилиш дастурларини амалга ошириш орқали меҳнат бозорида ишчи кучига талаб ва уни таклиф қилишнинг мувозанатини таъминлаш;

ташкил этилаётган иш ўринлари сақланиб қолишини ва барқарор амал қилишини, ишсизлар ҳамда банд бўлмаган аҳоли, касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари, шунингдек чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантлари, хотин-қизлар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бошқа тоифалари кафолатли тарзда ишга жойлаштирилишини таъминлаш;

иш ўринлари, айниқса мумкин қадар ишбилармонлик муҳитини яратишга, кичик бизнес субъектларининг кредит ва моддий-хом ашё ресурсларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатларига мувофиқ оилавий тадбиркорликни, анъанавий миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига иш ўринлари ташкил этилишида кичик бизнеснинг ролини янада ошириш.

Дастурда назарда тутилган чоралар "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига, аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг принципларига ҳамда халқаро стандартларга тўла мувофиқ ҳолда ишлаб чиқилган.

Келгуси 10 йилда дунёда 600 млн иш ўрни, шу жумладан ҳар йили меҳнат бозорига биринчи марта кириб келаётганлар учун 40 млн га яқин иш ўрни ташкил этилиши кераклигига асосланиб, мамлакатларга қуйидагиларни амалга ошириш тавсия этилган:

меҳнатга бўлган талаб ўсишини назарда тутиб, меҳнат бозорида фаол сиёсат юритиш, Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига қараганда, дунёда ишсизлар сони 2013 йил охирида 202 млн кишидан ошганлиги ва 2014 йилда 4 млн кишига ҳамда 2015 йилда 3 млн кишига кўпайиши муносабати билан тўғридан-тўғри иш ўринлари ташкил этиш ва мавжудларини сақлаб қолиш;

ёшларни ишга жойлаштириш, уларни касбга тайёрлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига жалб этишнинг меҳнат бозорига мослаштирилган тизимини такомиллаштириш, ишлаётган ёшлар учун ижтимоий ҳимояни ҳамда меҳнат кафолатларини таъминлаш, чунки охирги 5 йилда дунёда ёшлар орасида ишсизлар сони 4 млн кишига ёки ҳар йили ўрта ҳисобда 800 минг кишига кўпайган;

ҳозирги вақтда 214 млн дан ортиқ одам ёки дунё аҳолисининг 3%дан кўпроғи ўз мамлакатларидан ташқарида яшаётганлигини ҳисобга олиб, чет элдан қайтиб келган меҳнат мигрантларининг бандлигига кўмаклашиш.

Халқаро меҳнат ташкилотининг мазкур тавсиялари аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат бозорини тартибга солиш бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган чораларга, 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг мақсадлари ва вазифаларига мосдир.



II. ИШ ЎРИНЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШ ДАСТУРИНИ 2014 ЙИЛ ЯНВАРЬ - СЕНТЯБРЬ

ОЙЛАРИДА РЎЁБГА ЧИҚАРИШ НАТИЖАЛАРИ


2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг тасдиқланган параметрларига мувофиқ 983,6 мингта иш ўрни ташкил этиш назарда тутилган эди. Жорий йилнинг январь - сентябрь ойларида 777,8 мингта (прогнозга нисбатан 102,3%) ёки йиллик параметрнинг 80%и миқдорида иш ўрни яратилди.

Тасдиқланган прогноз параметрларнинг бажарилишига қуйидаги асосий йўналишлар бўйича аниқ тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши ёрдам берди:

Биринчидан, фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидаги корхоналарни техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳамда янгилаш 45,4 мингта иш ўрни ташкил этилишига шароит яратди.

Бунга ҳудудий ривожлантириш дастурлари доирасида 2 696 та объектнинг саноат имконияти рўёбга чиқарилганлиги, шу жумладан 1 651 та янги ишлаб чиқариш объектининг фойдаланишга топширилганлиги ёрдам берди. Ушбу лойиҳаларни рўёбга чиқаришга тижорат банклари томонидан 555,3 млрд сўм миқдорида кредитлар ажратилди, лойиҳалар ташаббускорларининг 730 млрд сўм миқдоридаги ўз маблағи инвестицияланди, 20,5 млн доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ўзлаштирилди.

Жорий йил бошидан бери 2014 йилги Инвестиция дастурига киритилган 64 та лойиҳани рўёбга чиқариш тугалланди. Хусусан, "Жиззах вилоятида портландцемент ва оқ цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш", Тошкент вилоятида "Ehsan Maybod Manufacturing Group" МЧЖ чет эл корхонасида керамик плитка ишлаб чиқаришни ташкил этиш", "Ангрен" махсус инвестиция зонаси ҳудудида техник кремний ишлаб чиқаришни ташкил этиш", "Тошкент вилоятида янги замонавий шакар заводини қуриш ва ташкил этиш", "Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси" МЧЖ базасида "Дамас" русумли енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш", Қорақалпоғистон Республикасида "Манғит" МЧЖ базасида йигирув ишлаб чиқаришини ташкил этиш" сингари лойиҳалар бўйича ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топшириш амалга оширилди.

Маҳаллийлаштирилган маҳсулотнинг 200 дан ортиқ турини, шу жумладан электр духовкалар, газ ва электр плиталар, кондиционерлар, электр двигателлар ва автомобиллар, спорт майдонлари учун сунъий майсалар, резина асосли ковролан, спорт анжомлари ва шу кабиларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Иккинчидан, тадбиркорлар томонидан кичик бизнесни ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, мумкин қадар қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш жами 369,2 мингта иш ўрни, шундан кичик корхоналарда 281,8 мингта ва якка тадбиркорликда 87,4 мингта иш ўрни ташкил этилишига сабаб бўлди.

Кичик корхоналар ва микрофирмаларда иш ўринлари ташкил этилишига жорий йилнинг январь - сентябрь ойларида туманларда маҳаллий хом ашёни қайта ишлашга ихтисослашган, кўп меҳнат талаб қилувчи ихчам корхоналарни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг рўёбга чиқарилганлиги катта таъсир кўрсатди.

Янги кичик ишлаб чиқаришлар ташкил этишга ёрдам бериш мақсадида январь - сентябрь ойларида кичик бизнес субъектларига 86 та давлат активи реализация қилинди, давлат мулки бўлган 19 мингтадан ортиқ ишлаб турган объект ижарага берилди. Тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 4,8 трлн сўм миқдорида кредитлар, шу жумладан 1 трлн сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди.

Кичик бизнесни ривожлантириш учун мумкин қадар қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида шу йилнинг январь - сентябрь ойларида тадбиркорлик субъектларига ер участкалари ажратиб бериш, уларни электр таъминоти тармоқларига улаш механизмларини такомиллаштиришга, тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва шу кабиларга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар 14,3 мингга яқин янги кичик бизнес субъекти (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) ташкил этилишига ёрдам берди, шулардан энг кўпи саноатга (умумий миқдорнинг 26%и), савдо ва умумий овқатланиш соҳасига (29%) ва қурилишга (12%) тўғри келади.

Натижада кичик саноат корхоналарида (асосан тикувчилик ва пойабзал буюмлари, тайёр озиқ-овқат маҳсулоти, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги хом ашёсини қайта ишлаш бўйича) 50,2 мингта иш ўрни, қурилиш корхоналарида (шу жумладан, уй-жой қуриш ва таъмирлаш бўйича ишларда) 41,6 мингта иш ўрни ташкил этилди.

Кичик бизнесда яратилган иш ўринларининг асосий қисми хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига (189,9 мингдан кўпроқ ёки 67%) тўғри келади, бу аҳоли даромадлари ва харид талаби ўсиб бораётганлигидан дарак бермоқда. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 17 апрелдаги "2013 - 2016 йилларда қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-1957-сонли Қарорига мувофиқ қишлоқ жойларда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари, компьютер дастурлари яратиш (шу жумладан, электрон таълим), молия (банк, суғурта, лизинг), транспорт (шу жумладан, логистика), қурилиш (шу жумладан, бинолар ва иншоотлар барпо этиш ҳамда таъмирлаш), маиший, қишлоқ хўжалиги хизматлари, шунингдек савдо, умумий овқатланиш, техника ва автомобилларни таъмирлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш ва бошқа хизматлар жадал ривожланаётганлиги ҳам ёрдам бермоқда.

Шундай қилиб, кичик корхоналарда ташкил этилган 281,8 мингта иш ўрнининг аксарият қисми Тошкент шаҳрига (15,9%), Тошкент (9,9%), Андижон (8,8%), Самарқанд (8,6%), Қашқадарё (7,5%) ва Фарғона (6,8%) вилоятларига тўғри келади.

Айни вақтда якка тадбиркорликни, асосан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида, ривожлантириш ҳисобига, шу жумладан қатъий белгиланган солиқ тўловлари ўрнатилиши муносабати билан 87,4 минг кишининг, шундан Қашқадарё вилоятида 11,3 минг, Самарқанд вилоятида 9,3 минг, Андижон вилоятида 8,6 минг, Наманган вилоятида 6,9 минг, Бухоро вилоятида 6,7 минг кишининг бандлиги таъминланди.

Учинчидан, уй меҳнатининг барча шаклларини, энг аввало, корхоналар билан меҳнат шартномалари бўйича кооперацияга асосланган уй меҳнатини ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш 181,7 минг кишини, асосан хотин-қизларни, имконияти чекланган шахсларни ишга жойлаштиришга ёрдам берди.

Жорий йилнинг январь - сентябрь ойларида уй меҳнатида бандлар билан ишлаб чиқариш ва меҳнат муносабатларига деярли 2 мингдан ортиқ саноат, қурилиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари жалб этилган бўлиб, уларда уй меҳнатида бандлар билан меҳнат шартномалари бўйича кооперация асосида 35,2 минг кишининг бандлиги таъминланди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг январь - сентябрь ойларида 146,5 минг киши ҳунармандчилик фаолиятининг чарм ва керамикадан бадиий буюмлар тайёрлаш, қўлда гилам тўқиш, кулолчилик, ёғоч, ганч ўймакорлиги ва бошқа турларини ривожлантириш ҳисобига уй меҳнатига жалб қилинди.

Уй меҳнатини, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари банд бўлмаган хотин-қизлар, ёшлар, ногиронларнинг иш ўринларига эҳтиёжи катта бўлган минтақаларда - Фарғона (23,5 минг киши), Наманган (23,1 минг киши), Қашқадарё (19,8 минг киши), Андижон (17,0 минг киши), Бухоро (15,5 минг киши) ва Хоразм (14,8 минг киши) вилоятларида иш ўринлари ташкил этиш имконини берди.

Тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги субъектларининг, айниқса қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга, мева-сабзавот маҳсулотини сақлашга, иссиқхона хўжаликларини ташкил этишга ихтисослашган субъектларнинг ривожланиши ва кенгайиши 116,5 минг нафардан кўпроқ одамнинг бандлигини таъминлади.

Умуман мамлакат бўйича шу йил бошидан бери чорвачилик хўжаликларини ривожлантириш бўйича 1430 та лойиҳа рўёбга чиқарилди (бунга тижорат банкларининг 131,4 млрд сўмлик кредити ажратилди), паррандачилик хўжаликларини ривожлантириш бўйича 660 та лойиҳа (155,3 млрд сўм ажратилди), балиқчилик хўжаликларини кўпайтириш бўйича 677 та лойиҳа ва асаларичилик хўжаликларини ривожлантириш бўйича 800 та лойиҳа (12,9 млрд сўм ажратилди) рўёбга чиқарилди.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ҳажмларини кенгайтириш мақсадида 255,8 минг гектар ерга сабзавот, 81,5 минг гектар ерга картошка, 57,1 минг гектар ерга полиз экинлари экилди, 2,4 минг гектар майдонда янги боғлар, 5,6 минг гектар майдонда интенсив боғлар ва 8,9 минг гектар майдонда узумзорлар барпо этилди.

Буларнинг барчаси фермер ва деҳқон хўжаликларида чорвачилик ҳамда мева-сабзавот маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлашни кенгайтириш, бошқа товарлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда хизматларни ривожлантириш ҳисобига Самарқанд вилоятида 16,3 мингдан ортиқ, Бухоро вилоятида 11,0 минг, Фарғона вилоятида 10,4 минг, Тошкент вилоятида 9,3 минг, Қорақалпоғистон Республикасида 8,8 минг кишининг бандлигини таъминлаш имконини берди.

Бешинчидан, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини, транспорт ва коммуникация қурилишини изчил ривожлантириш 53,4 мингта иш ўрни ташкил этилишига сабаб бўлди.

Бунда ишлаб чиқариш инфратузилмасида автомобиль йўллари ва темир йўллар, коммунал хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини бажариш, шунингдек йўл ёқаси инфратузилмасини ва сервисини ривожлантириш доирасида 23,7 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилди. Шу билан бир қаторда, ижтимоий инфратузилмани (хусусий клиникалар, дорихоналар ва шу кабилар) ривожлантириш 18,6 мингта иш ўрни ташкил этилишига имкон берди. Бозор инфратузилмаси объектларида (суғурта ва инвестиция компанияларининг, тижорат банкларининг филиаллари ва бошқалар) 11,1 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилиши таъминланди.

Инфратузилма объектларида иш ўринлари ташкил этилишига 213,6 км автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, 88 км темир йўлларни таъмирлаш ёрдам берди. Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган объектлар бўйича 425 млрд сўм капитал маблағ ўзлаштирилди, Мароқанд - Қарши ва Қарши - Термиз темир йўл участкаларини электрлаштириш бўйича лойиҳаларни рўёбга чиқариш доирасида 20,3 млн доллар ўзлаштирилди. Замонавий технология асосида 600 км кенг уланишли оптик-толали тармоқларнинг қурилиши амалга оширилди.

Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида жорий йил бошидан бери Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш дастурини рўёбга чиқариш доирасида 1,3 трлн сўм миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди, 4 486 та хусусий уй топширилди, 417,3 км сув таъминоти тармоқлари, 74,6 км автомобиль йўллари, 165,5 км электр тармоқлари, 149 км газ таъминоти тармоқлари ишга туширилди.

Ижтимоий инфратузилмада 17 та болалар спорти объекти қурилди, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт объектларини қуриш ва реконструкция қилишда қарийб 700 млрд сўм ўзлаштирилди.

Микрокредитлашни ва истеъмолни кредитлашни ривожлантириш, тўлов тизимини такомиллаштириш, шунингдек молия инфратузилмаси институтларини ривожлантириш бўйича кўрилган чоралар молиявий хизматлар ҳажмларини ҳамда ташкил этилаётган иш ўринлари сонини кўпайтириш имконини берди.

Олтинчидан, ишламаётган корхоналарнинг, шу жумладан тижорат банкларининг балансларига қабул қилинган банкрот корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш 11,5 мингта иш ўрнини тиклашга ёрдам берди.

Ишламаётган корхоналарни жонлантириш ҳисобига иш ўринларини тиклаш Жиззах вилоятида (1 727 та иш ўрни), Тошкент шаҳрида (1 399 та иш ўрни), Сирдарё (1 318 та иш ўрни), Наманган (1 029 та иш ўрни) ва Самарқанд (914 та иш ўрни) вилоятларида ҳаммадан фаол кечди.

Дастурнинг рўёбга чиқарилиши меҳнат билан бандликка эҳтиёж юқори даражада бўлган минтақаларда, чунончи Самарқанд (72,9 минг), Фарғона (71,2 минг), Қашқадарё (68,5 минг), Тошкент (68,1 минг), Андижон (61,3 минг), Наманган (59,1 минг), шунингдек Бухоро (56,8 минг), Сурхондарё (50,9 минг), Хоразм (47,4 минг), Жиззах (34,1 минг), Навоий (31,4 минг), Сирдарё (30,7 минг) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (38,3 минг) ва Тошкент шаҳрида (69,7 минг) иш ўринларини кўпайтиришга ёрдам берди.

Кўрсатиб ўтилган чора-тадбирлар мамлакатда Халқаро меҳнат ташкилоти услуби бўйича аниқланган ишга жойлашишга муҳтожлар сонини ҳамда ишсизлик даражасини йўл қўйиш мумкин бўлган даражагача (иқтисодий фаол аҳоли сонининг 4,8%и) қисқартиришга ёрдам берди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Статистика давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан бирга амалга оширган Дастурнинг тизимли мониторинги жараёнида Дастурни бажаришда камчиликка ва орқада қолишга йўл қўйган минтақалар ҳамда тармоқлар аниқланди.

Вазиятнинг кескинлигига иш ўринлари ташкил этиш соҳасидаги камчиликлар ҳам сабаб бўлган. Таҳлил шуни кўрсатадики, ташкил этилган 777,8 мингта иш ўрнидан доимий иш ўринларининг ҳақиқий сони 427,3 мингтани (ёки 54,9%ни), шу жумладан янги ишга туширилаётган ва ишлаб турган корхоналарда 45,4 мингтани, кичик корхона ва микрофирмаларда (саноатда, қурилишда, хизмат кўрсатишда) 281,8 мингтани, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмасида 53,4 мингтани, йирик ва кичик саноат корхоналари билан кооперациялашган уй меҳнати соҳасида 35,2 мингтани ҳамда ишламаётган корхоналарни тиклаш ҳисобига 11,5 мингтани ташкил этди. Якка тадбиркорлик, фермер ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик, оилавий бизнесни ривожлантириш ҳисобига ташкил этилган бошқа иш ўринлари (350,5 мингта) аслида иш ўринлари эмас деб ҳисобланмайди, улар меҳнат фаолиятининг юқорида қайд этилган шаклларида банд бўлганлар сони кўпайганлигини акс эттиради.

Шу муносабат билан амалда ташкил этилган иш ўринлари Дастурда юридик шахсларнинг статистик ҳисоботлари маълумотларига қараб аниқланади. Деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик, оилавий бизнесда (рўйхатдан ўтганларидан ташқари), якка тартибдаги меҳнат фаолиятида мавжуд бўлган иш ўринларидаги шахслар меҳнат муносабатларини расмийлаштирмаган мустақил иш билан бандлар деб ҳисобланади.

Иш ўринларини ташкил этиш дастурларининг бажарилиши иш ўринларининг қисқаришини ҳисобга олмаган ҳолда баҳоланмоқда. Амалда ташкил этилган (427 минг) ва қисқарган (40%дан ортиқ) иш ўринларини ҳисобга олганда, уларнинг ҳақиқий ўсиши кўпи билан 257 мингтани ташкил этади, бу эса ташкил этилаётган иш ўринларини сақлаб қолишни долзарб масалага айлантирмоқда.

Бундан ташқари, Дастурнинг ижро этилишини баҳолаш Дастур бўйича иш ўринларини ташкил этишнинг таққосланаётган умумий кўрсаткичлари (мутлақ рақамлар ва фоизлар) бўйича амалга оширилмоқда ва бу аслида аҳоли бандлигини таъминлашга масъул бўлган ҳокимликларни иш ўринлари ташкил этишнинг реал кўрсаткичларини ошириб кўрсатишга, шу жумладан қўшиб ёзиш йўли билан ошириб кўрсатишга ундамоқда.

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, доимий бўлмаган меҳнат фаолиятида банд аҳоли сони 4 362,7 минг кишини ташкил этади. Булар бир марталик иш билан вақтинча банд бўлган шахслар, шунингдек рўйхатдан ўтмаган, номунтазам даромад оладиган тадбиркорлардир. Ушбу тоифага кирувчи кишиларнинг аксарият қисми, камида 70%и ёки 3 053,9 минг нафари доимий ишга ва ҳақ тўланадиган муқим иш ўринларига муҳтож бўлиб, потенциал ишсизлик омилидир.

Шу билан бир қаторда, ички ишлар органлари ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органларининг биргаликда юритган ҳисоби маълумотларига кўра, 1 054,8 минг нафар фуқаро доимий яшаш жойида узоқ муддат (6 ойдан ортиқ) яшамаётган шахс сифатида аниқланган бўлиб, шуларнинг 1 027,5 минг нафари пул топиш учун мамлакат ташқарисига, асосан Россияга чиқиб кетган. Чет элда ишлаётган фуқароларнинг доимий яшаш жойига қайтиб келишини таъминлаш бўйича кўрилган фаол чора-тадбирлар натижасида, шунингдек Россиядаги объектив ноқулай ижтимоий-иқтисодий вазиятни ҳисобга олганда, жорий йил охиригача Ўзбекистоннинг меҳнат бозорига камида 105 минг киши, келгуси йилда эса 410 мингга яқин киши қайтиб келиши кутилмоқда. Бу фуқароларнинг ҳаммаси ишга жойлашишга муҳтож бўлади ва, шунга мувофиқ, бандликка бўлган талабни оширади.



III. ДЕМОГРАФИК ОМИЛ ВА МЕҲНАТ БОЗОРИДАГИ

ВАЗИЯТНИ ҲИСОБГА ОЛГАН ҲОЛДА 2015 ЙИЛДА ИШ

ЎРИНЛАРИГА ВА БАНДЛИКНИ ТАЪМИНЛАШГА

БЎЛАДИГАН ЭҲТИЁЖ


Иш ўринларига бўлган эҳтиёж меҳнат бозорида биринчи марта ишчи кучини таклиф этаётган шахслар (академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари ва бошқа таълим муассасаларининг битирувчилари), шунингдек ишга жойлашишга муҳтож банд бўлмаган аҳоли (иш ва даромад манбаига эга бўлмаганлар, чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантлари, муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган ишламаётган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганлар ва ҳ. к.) ҳисобига шаклланади.

Шундан келиб чиқиб, 2015 йилда иш ўринларига бўлган эҳтиёж параметрлари меҳнат бозоридаги ҳақиқий тамойилларни ўрганиш ҳамда ишчи кучига талаб ва уни таклиф қилиш мувозанатига таъсир этувчи мамлакатнинг демографик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш омилларини таҳлил қилиш асосида аниқланади.

2015 йилда демографик омилнинг меҳнат бозорига жиддий ва бевосита таъсири сақланиб қолади. Демографик прогнозга кўра, 2015 йилда меҳнат ресурсларининг сони 18,6 млн кишини, шулардан банд бўлганлар сони 13,2 млн кишини, уларнинг ўсиши тегишинча 2,2% ва 2,5% ни ташкил этади.

Меҳнат ресурсларининг умумий сонида иқтисодий фаол аҳоли 13,9 млн кишини ташкил этади, шу жумладан 13,2 млн киши иш билан бандлар ва 0,7 млн киши ишсизлардир.

Шу билан бирга, Дастурнинг амалга оширилиши натижасида саноатда бандлар улуши 13% гача, қурилишда 9,6% гача, савдо, умумий овқатланиш, аҳолига маиший хизматлар кўрсатишда 15,1% гача ортади, қишлоқ хўжалигида 25,6% гача пасаяди.

Иш ўринларини талаб қилмайдиган иқтисодий нофаол аҳоли сони 4 740,7 минг кишини, шулардан ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда билим олаётганлар - 1 875,4 минг, болаларини 3 ёшгача парваришлаш бўйича меҳнат таътилидаги аёллар - 1 517,7 минг кишини, соғлиғи ва оилавий шароити сабабли ишга киришишга имконияти бўлмаганлар - 1 347,7 минг кишини ташкил қилади.

Иш ўринларига ва меҳнат билан бандликка эҳтиёж 1 245,7 минг кишини ташкил этади, шу билан бирга Дастурнинг бажарилиши 987,5 минг кишининг бандлигини таъминлашга имкон беради, бу эса 258,2 минг бўш ва бўшайдиган иш ўрни мавжуд бўлганида, меҳнат бозорида талаб ва таклифнинг мувозанатини таъминлайди.

Бунда иш ўринларига бўлган эҳтиёжнинг катта қисми Қашқадарё (135,0 минг киши ёки умумий эҳтиёжнинг 10,8%и), Самарқанд (134,7 минг киши ёки умумий эҳтиёжнинг 10,8%и), Андижон (127,7 минг киши ёки умумий эҳтиёжнинг 10,2%и), Фарғона (121,8 минг киши ёки умумий эҳтиёжнинг 9,8%и), Сурхондарё (117,6 минг киши ёки умумий эҳтиёжнинг 9,4%и) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (102,9 минг киши ёки умумий эҳтиёжнинг 8,3%и) вужудга келади.

Шу билан бирга 2015 йилда меҳнат бозорига биринчи марта кириб келадиган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ҳамда чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантларининг сони юқори бўлиши муносабати билан 70 та туманда (шаҳарда) меҳнат бозорида кескин вазият вужудга келади, бу эса шунга мос чоралар кўришни талаб қилади.



IV. 2015 ЙИЛДА ИШ ЎРИНЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ

ПАРАМЕТРЛАРИ ҲАМДА АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


2015 йилги Дастурнинг ҳудудлар ва йўналишлар (тармоқлар) кесимидаги прогноз параметрлари аҳолининг, айниқса биринчи марта меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар, банд бўлмаган шахслар, ишдан бўшатилаётган ходимларнинг, чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантларининг иш ўринларига бўлган эҳтиёжидан, шунингдек саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари, хизмат кўрсатиш соҳасини, кичик бизнесни ривожлантириш муносабати билан ишчи кучига талабни ҳисоблашдан келиб чиққан ҳолда белгиланган.

Дастурда 2015 йилда мамлакатимизда қуйидаги асосий йўналишлар бўйича жами 987,5 мингта иш ўрни ташкил этилиши кўзда тутилмоқда (1 - 15-иловалар*):


1. Мақсадли дастурларга мувофиқ 261,6 мингта иш ўрни, шунинг 115,7 мингтаси саноатда, 66,9 мингтаси хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида, 48,8 мингтаси қишлоқ хўжалигида (чорвачиликда, паррандачиликда, боғдорчиликда, балиқчиликда, асаларичиликда, сабзавотчиликда, ипакчиликда, узумчиликда) ташкил этилади.

Навоий, Тошкент ва Жиззах вилоятларида махсус индустриал зоналар фаолият юритаётганлиги бу йўналишда иш ўринлари ташкил этишнинг салмоқли омили бўлиб, бу янги корхоналарни ишга туширишни ва ишлаб турган корхоналардаги иш ўринларини кўпайтиришни ҳам, тармоқлараро алоқалар (транспорт, қурилиш ва ижтимоий инфратузилмада) занжири бўйича ўзаро боғланган иш ўринларини ташкил этишни ҳам таъминлайди.

Янги қурилиш ҳисобига ва ишлаб турган корхоналарда иш ўринлари ташкил этиш "Ўзбекенгилсаноат", "Ўзкимёсаноат", "Ўзбекнефтгаз", "Ўзбектуризм", "Ўзфармсаноат", "Ўзавтосаноат" компаниялари, Озиқ-овкат саноати корхоналари уюшмаси тизимида ва бошқаларда амалга оширилади.

Ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш 30,2 мингта иш ўрни ташкил этилишини таъминлайди.

Ушбу йўналишда паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, истиқболсиз корхоналарни тугатиб, сўнгра уларни ишлаб чиқариш қувватларини ҳамда иш ўринларини яратиш шарти билан янги мулкдорларга сотиш бўйича мақсадли "йўл хариталарини" амалга ошириш механизмларидан фойдаланилади.

Шуларнинг энг катта қисми Самарқанд (5 220 та иш ўрни), Наманган (4 505 та иш ўрни), Фарғона (4 162 та иш ўрни), Андижон (4 026 та иш ўрни), Хоразм (2 721 та иш ўрни), Сирдарё (1 696 та иш ўрни) вилоятларига ва Тошкент шаҳрига (1 896 та иш ўрни) тўғри келади.


2. Кичик корхоналар ва микрофирмаларни жадал ривожлантириш, шунинг ҳисобига 290,4 минг кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Ушбу йўналиш барча минтақаларда, айниқса 2015 йилда иш билан бандлиги таъминланадиган аҳоли умумий сонининг 74,1%и кичик корхоналар ва микрофирмалар улушига тўғри келадиган Тошкент шаҳрида, шунингдек Тошкент (48,2%), Сурхондарё (44,0%), Бухоро (43,8%) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (40,9%) иш ўринлари ташкил этишда устунлик қилади.

2015 йилда кичик бизнес субъектларини кредитлар билан юқори даражада қўллаб-қувватлашни сақлаб қолиш режалаштирилмоқда. Тижорат банклари томонидан ушбу мақсадларга 8,5 трлн сўм кредит ажратилиши прогноз қилинмоқда. Бунда имтиёзли кредит ресурслари кўпроқ меҳнат бозорида кескин вазият кузатилаётган олис қишлоқ туманларида иш ўринлари ташкил этишни кўзда тутадиган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Кичик корхона ва микрофирмалар учун ягона солиқ тўловининг қатъий белгиланган ставкаси нисбатан паст эканлиги, саноатда 5%, савдо ва умумий овқатланиш соҳаси корхоналари учун 10% гача эканлиги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 8 августдаги "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-2022-сонли Қарорига мувофиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар бу йўналишда иш ўринлари яратишнинг муҳим рағбатлантирувчи чораси бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва унинг мамлакат минтақаларидаги ҳудудий филиаллари фаолияти ҳам муҳим аҳамиятга эга, улар 2019 йилнинг 1 январига қадар, ягона ижтимоий тўловдан ташқари, барча турдаги солиқлар, йиғимлар, бадаллар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловларни тўлашдан озод этилган.


3. 2015 йилда якка тадбиркорлик соҳаси 104,3 минг кишининг бандлигини таъминлайди.

Юридик шахс мақомини олмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахсларга, шу жумладан озиқ-овқат товарларининг чакана савдосини, деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишни, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари савдосини амалга ошираётган, ўз маҳсулотини ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланаётган, маиший хизматлар кўрсатаётган шахсларга солинадиган солиқнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги ПҚ-1887-сонли Қарорига мувофиқ қатъий белгиланган ставкалари якка тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳақиқий молиявий-иқтисодий механизмларни яратади.

Ушбу йўналишда иш ўринлари меҳнат ресурслари кўп бўлган минтақаларда (Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида - 26,1 мингта), индустриал ривожланган вилоятларда (Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, шунингдек Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларида - жами 40,2 мингта), меҳнатда бандликка эҳтиёж юқори бўлган жанубий минтақада (Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида - 22,8 мингта), экологик ноқулай минтақада (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида - 8,7 мингта) ҳамда аҳолиси кам бўлган ҳудудларда (Жиззах ва Сирдарё вилоятларида - 6,5 мингта) ташкил этилади.


4. Уй меҳнатининг барча шакллари, шу жумладан корхоналар билан меҳнат шартномалари бўйича кооперациялашган уй меҳнати, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорликнинг ривожланиши 203,7 минг банд бўлмаган фуқарони, асосан хотин-қизлар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ночор тоифаларини, шунингдек чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантларини ишга жойлаштиришга ёрдам беради.

Бу борада иқтисодиётнинг турли соҳаларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг муҳим шакли сифатида оилавий бизнесни ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш учун қулай шароитларни яратадиган зарур қонунчилик базаси шаклланишини таъминлаб берган "Оилавий тадбиркорлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳал қилувчи роль ўйнайди. Қонун ҳужжатларида кичик тадбиркорлик субъектлари учун назарда тутилган ҳамма имтиёзлар, преференциялар ва кафолатлар оилавий корхонага ҳам тааллуқли эканлиги алоҳида эътиборга лойиқ.

Фаолиятни ташкил этишнинг бошқа шаклларида мумкин бўлмаган оқилона мослашувчан иш куни ва меҳнат тақсимоти оилавий тадбиркорлик шароитида амалда мумкин бўлади, бу эса кўпинча ишга жойлашмай қоладиган аҳоли тоифаларини, ёш болали аёлларни ва меҳнат бозорида рақобатлаша олмайдиган бошқа тоифадаги шахсларни ҳам ишлаб чиқаришга қисман жалб этиш имконини беради.

Уй меҳнати бўйича иш ўринларининг катта қисми анъанавий миллий ҳунармандчилик марказлари бўлган минтақаларда - Наманган (27,3 минг), Фарғона (26,5 минг), Қашқадарё (23,4 минг), Самарқанд (17,5 минг), Хоразм (17,0 минг), Бухоро (16,8 минг), Андижон (14,3 минг) вилоятларида, шу жумладан Наманган, Қўқон, Марғилон, Фарғона, Қарши, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида, шунингдек Косонсой, Тўрткўл, Уйчи, Чортоқ, Чуст, Китоб, Шаҳрисабз, Ургут, Ҳазорасп, Хива, Вобкент, ўиждувон, Жондор, Риштон, Асака, Пахтаобод, Шаҳрихон, Қизилтепа, Нурота, Амударё, Бойсун, Денов, Жарқўрғон, Ховос, Чироқчи ва бошқа туманларда ташкил этилади.


5. Фермер ва деҳқон хўжаликларида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш асосан Самарқанд, Хоразм, Бухоро, Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида ва бошқа минтақаларда 127,5 мингдан ортиқ кишини иш билан банд қилиш имконини беради.

Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига аҳолининг, аввало, қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги "Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-4478-сонли Фармонига мувофиқ кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришни мақбуллаштириш, ягона ер солиғини тўлаш ва фермер хўжаликларини кредитлаш бўйича имтиёзлар муҳим роль ўйнайди.

Янги ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш, кичик бизнесни, уй меҳнатини, инфратузилмани, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш, шунингдек ишламаётган корхоналарни қайта тиклаш ҳисобига иш ўринлари ташкил этишнинг 1 - 6-бандларда санаб ўтилган барча йўналишлари ва параметрлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар кесимида аниқлаштирилган.

Шу билан бирга 2015 йилда иш ўринларининг салмоқли қисми Самарқанд (94,5 минг), Фарғона (92,8 минг), Қашқадарё (89,0 минг), Тошкент (87,2 минг), Андижон (79,6 минг), Наманган (75,3 минг), Бухоро (73,8 минг) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (93,4 минг), шунингдек меҳнат билан бандликка эҳтиёждан келиб чиқиб, Сурхондарё (66,7 минг), Хоразм (60,2 минг), Жиззах (44,0 минг), Навоий (41,1 минг), Сирдарё (40,1 минг) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (49,8 минг) ташкил этилади ҳамда аҳоли бандлиги таъминланади.

Дастур доирасида вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан 2015 йилда ҳар бир аниқ корхона кесимида иш ўринлари ташкил этишнинг тармоқ дастурларини, шунингдек илгари ташкил этилган иш ўринлари сақлаб қолиниши ва барқарор фаолият юритишини сўзсиз таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кўзда тутилган.

Иш ўринлари ташкил қилишнинг асосий молиявий манбалари қилиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг иқтисодиётнинг айрим корхоналарини қўллаб-қувватлашга йўналтириладиган маблағлари, алоҳида муҳим инвестиция лойиҳалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари, чет эл инвестициялари, якка тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва юритишга тижорат банкларининг кредитлари, корхоналар ва аҳолининг маблағлари белгиланган.



V. БАНД БЎЛМАГАН АҲОЛИНИ, КАСБ-ҲУНАР КОЛЛЕЖЛАРИ

БИТИРУВЧИЛАРИНИ, ШУНИНГДЕК ЧЕТ ЭЛДАН ҚАЙТИБ

КЕЛАЁТГАН МЕҲНАТ МИГРАНТЛАРИНИ ИШГА

ЖОЙЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН

ЧОРА-ТАДБИРЛАР


Дастур ижроси доирасида 2015 йилда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари томонидан меҳнат бозорида фаол чораларни амалга ошириш, шу жумладан ишсизлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига, чет элдан (асосан Россиядан) қайтиб келаётган меҳнат мигрантларига, муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларга, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар натижасида ишсиз қолган фуқароларга, ногиронлар, кўп болалилар ва ёлғизларга, одам савдосидан жабрланганлар ва бошқаларга ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш давом эттирилади.

Ана шу мақсадларда янги ташкил этиладиган иш ўринларига, мавжуд бўш ва захира қилинадиган иш ўринларига ишга жойлаштириш, шунингдек меҳнат қонунчилиги бўйича, мустақил ишга жойлашиш учун, жумладан чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантлари мустақил ишга жойлашишлари учун иш ўринларини танлаш бўйича бепул маслаҳатлар бериш назарда тутилмоқда.

Бунинг учун ҳудудий меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари фаолиятида замонавий ахборот технологияларидан, иш қидиришнинг модификация қилинган дастурларидан, вазирликнинг www.mehnat.uz сайти ва унинг ҳудудий органларининг сайтларидан фойдаланилади, фаол иш излаётган фуқароларга ишга жойлашишда Давлат интерактив хизматлари ягона портали http://my.gov.uz орқали ёрдам берилади.

Шу билан бирга, банд бўлмаган аҳолига ва ишсизларга, биринчи навбатда, ёшлар, хотин-қизлар, имконияти чекланган шахсларга касбга қайта тайёрлаш ва ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилади. Ушбу мақсадда Тошкент шаҳридаги ишсизларни касбга ўргатиш марказининг ишсизларни машинасозлик, электротехника, автомобилларга хизмат кўрсатиш бўйича талаб мавжуд бўлган касбларга ўргатиш, шунингдек базавий касб-ҳунар коллежларида мавжуд бўш иш ўринларини ҳисобга олган ҳолда ишсизларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун имкониятлари ишга солинади.

2015 йилда ишсиз фуқароларни транспорт, йўл ёқаси ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилишида, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилишидаги ҳақ тўланадиган жамоат ишларига фаол жалб этиш мўлжалланмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда ногиронлар, кўп болали оналар, фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота ёки оналар, одам савдосидан жабрланганлар, чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантлари ва меҳнат бозорида иш топишда қийналаётган бошқа шахсларни ишга жойлаштириш учун камида 100 мингта иш ўрни захира қилинади (квоталанади).

Бўш иш ўринлари ярмаркалари бандликка кўмаклашишнинг таъсирчан усули бўлиб, уларнинг мақсади иш излаётган фуқароларни таклиф қилинаётган бўш иш ўринлари билан таништириш, шунингдек уларга меҳнат бозори, ходимларга эҳтиёж сезаётган корхоналар, ишга жойлашиш, мавжуд бўш иш ўринлари асосида қайта касбга ўргатиш имкониятлари тўғрисида тўлиқ маълумот беришдан иборат. 2015 йилда, барча туманлар ва шаҳарларни қамраб олган ҳолда, потенциал иш берувчилар, бўш иш ўринларига эга корхона ва ташкилотлар, шунингдек банд бўлмаган аҳоли иштирокида 1 180 та иш ўринлари ярмаркасини ташкил этиш ва ўтказиш режалаштирилмоқда.

2015 йилда туман ва шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан амалга ошириладиган юқоридаги чора-тадбирлар учун, хусусан, ишсизларни ишга жойлаштириш, ўқитиш ва қайта тайёрлаш, уларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш, шунингдек ишсизлик нафақалари тайинлаш ва тўлашни амалга оширадиган марказларни ва уларнинг ходимларини таъминлаш учун 32,9 млрд сўм сарфлаш кўзда тутилмоқда.

Дастурни амалга ошириш доирасида таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

2015 йилда Дастурни рўёбга чиқариш доирасида ташкил этиладиган иш ўринларига, шунингдек мавжуд бўш ва захира қилинадиган иш ўринларига касб-ҳунар коллежларининг 487,7 минг битирувчисини ишга жойлаштириш мўлжалланган.

Битирувчиларни ишга жойлаштириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар кесимида махсус чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва уларни амалга оширишда манфаатдор вазирликлар ва идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳокимликлар, корхоналар ва ташкилотлар иштирок этади.

Комплекс чора-тадбирлар қуйидагиларни кўзда тутади:

корхоналар (иш берувчилар), касб-ҳунар коллежлари, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномалар шартларига риоя этилишининг самарадорлигини ва ҳаққонийлигини ошириш;

касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга қабул қилаётган кичик корхоналар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлдаги "Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-4232-сонли Фармонида белгиланган имтиёзлардан янада тўлиқ фойдаланиш;

барча вилоят марказларида, йирик туманлар ва шаҳарларда потенциал иш берувчилар иштирокида ихтисослаштирилган иш ўринлари ярмаркаларини ўтказиш.

Касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини иш ўринларига жойлаштириш билан бир қаторда, уларга ўзининг тадбиркорлик ишини ташкил этиш ва юритиш учун тижорат банклари томонидан имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиётини давом эттириш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ва "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ аҳоли бандлигини таъминлашнинг қуйидаги янги имкониятлари ишга солинади:

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битирган ёшларни, олий таълим муассасаларида давлат грантлари асосида ўқиган битирувчиларни, шунингдек одам савдосидан жабр кўрганларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар бериш;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битирган ёшлар, олий таълим муассасаларида давлат грантлари асосида ўқиган битирувчилар иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилганлиги ҳақида меҳнат органларига хабар бериш.

2015 йилги дастурда чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш бўйича махсус чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

2015 йилда чет элдан (асосан Россиядан) қайтиб келаётган 409,5 минг нафар меҳнат мигрантининг бандлигига (шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятига) кўмаклашиш кўзда тутилмоқда. Уларнинг энг кўп қисми Сурхондарё (67,4 минг киши), Самарқанд (55,9 минг), Қашқадарё (50,8 минг), Наманган (43,7 минг), Андижон (41,0 минг), Бухоро (34,5 минг), Фарғона (32,3 минг) вилоятларига тўғри келади.

Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарларда:

чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантларига, биринчи навбатда, юқори малакани талаб этмайдиган, вақтинчалик ишларда ишлаганларга, яшаш жойида ишга жойлашиш учун бўш иш ўринларини таклиф этиш;

чет элдан қайтиб келган меҳнат мигрантларига ишлаб чиқаришни (хизматлар кўрсатишни) ва шунга мувофиқ иш ўринларини ташкил этиш шарти билан фойдаланилмаётган объектларни "ноль" қийматида топшириш;

чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантларига фойдаланилмаётган объектларни бузиб ташлаш натижасида бўшаб қолган ер майдонларини ажратиб бериш;

чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантларига кичик бизнес корхоналари ташкил этиш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш ҳамда бандликни таъминлаш мақсадида тижорат банклари томонидан кредитлар бериш кўзда тутилмоқда.



VI. ДАСТУР БАЖАРИЛИШИНИНГ МОНИТОРИНГИ


2015 йилда иш ўринлари ташкил этишнинг тасдиқланган параметрлари сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг электрон ахборот тизимларидан фаол фойдаланган ҳолда Дастурнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар, тармоқлар ва аниқ корхоналар кесимида амалга оширилиши юзасидан тизимли ва доимий мониторинг ташкил этилади.

Дастур бажарилишининг бориши аниқ даврда реал вақт режимида таҳлил этиб борилади. Ушбу механизм ҳисобот даври охиригача тасдиқланган иш ўринлари ташкил этиш параметрларидан ортда қолиш ҳолати мавжуд бўлган корхоналар, тармоқлар, бандлик йўналишлари, шунингдек туманлар ва шаҳарларни аниқлаш ҳамда жорий ҳисобот даврида Дастур параметрларининг сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини беради.

Ташкил этилаётган иш ўринлари тўғрисидаги маълумотнинг шаффофлигини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган Иш ўринлари тўғрисидаги тезкор маълумотлар ва давлат статистика ҳисоботларини мувофиқлаштириш тўғрисидаги низомга, шунингдек уларнинг ҳаққонийлигини танлаб ўрганишга мувофиқ йўналишлар ва ҳудудлар кесимида янги ташкил этилган иш ўринлари кўрсаткичларининг ҳаққонийлиги назоратга олинади, шунингдек иш ўринлари тугатилишининг статистик ҳисоби ташкил этилади, бундай тугатилиш сабаблари аниқланади.

Бунинг учун 2015 йилда йўналишлар ва ҳудудлар кесимида ташкил этилаётган иш ўринлари кўрсаткичларининг ҳаққонийлигини танлаб ўрганишни ҳамкорликда ўтказиш жадвалини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш режалаштирилмоқда. Ўтказиладиган текширишлар, шунингдек иш ўринларининг тугатилиши ва тугатилиш сабабларини аниқлаш бўйича статистик ҳисоб-китобни йўлга қўйиш юзасидан кўрилаётган чоралар натижалари махсус йиғилишларда ҳудудларнинг масъул раҳбарлари иштирокида муҳокама этилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан иқтисодиёт тармоқларининг хўжалик бошқаруви органлари ва йирик корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда инвестиция дастурлари, саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини, инфратузилмани ривожлантириш, маҳаллийлаштириш ва шу каби дастурлар параметрларидан келиб чиқиб, ташкил этилаётган иш ўринларининг мониторинги амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, уларнинг ишчи комиссиялари томонидан мунтазам равишда, ҳар ойда, тасдиқланган манзилли рўйхатлар ва тармоқ жадваллари асосида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастурлари бажарилишининг бориши кўриб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилади.

Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг таҳлили ва мониторинги асосида умумлаштирилган ахборот ҳар ойда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиб борилади, унда мавжуд ортда қолишлар, уларнинг сабаблари кўрсатилади, шунингдек аниқ таклифлар ишлаб чиқилади, бу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус йиғилишларида масъул вазирликлар ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, ҳокимликлар ва йирик корхоналар раҳбарлари иштирокида муҳокама этилади.

2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури мониторингининг натижалари мунтазам равишда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳайъати мажлисларида, вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармаларининг махсус йиғилишларида кўриб борилади, уларнинг натижалари юзасидан барча даражадаги ҳокимликларга ва иқтисодиёт тармоқларининг хўжалик бошқаруви органларига Дастур амалга оширилишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўриш учун таклифлар тақдим этиб борилади.



*) Иловалар берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2014 йил, 11-сон, 317-модда