Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 29.09.2008 й. ЎРҚ-184-сон "Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 12.06.2008 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.08.2008 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.09.2008 й.

N ЎРҚ-184



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ХЎЖАЛИК ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИГА

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ

ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 12 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2008 йил 28 августда маъқулланган


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 30 августда қабул қилинган 478-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 9, 234-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда; 2001 йил, N 1-2, 11-модда; 2002 йил, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 9-10, 149-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 7, 373-модда; 2007 йил, N 8, 367-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимча киритилсин:

1) қуйидаги мазмундаги 192-1-модда билан тўлдирилсин:


“192-1-модда. Назорат тартибида протест

келтириш тўғрисидаги ариза


Ишда иштирок этувчи шахслар назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги аризани ушбу Кодекснинг 193-моддасида кўрсатилган мансабдор шахсларга беришга ҳақли.

Назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза мазмунан ушбу Кодекс 177-моддасининг биринчи қисми талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Аризага суднинг ҳал қилув қарори нусхаси, агар иш апелляция, кассация тартибида ҳам кўриб чиқилган бўлса, апелляция, кассация инстанцияси судларининг қарорлари нусхалари ҳам илова қилинади.

Ушбу модданинг иккинчи қисми талабларига риоя қилинмаган тақдирда назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза қайтарилади.

Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан уч йил ўтгандан кейин берилган назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилмайди.

Назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза бир ойлик муддатда, иш талаб қилиб олинадиган ва текшириладиган ҳолларда эса икки ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши керак.

Протест келтириш учун асослар бўлмаганда ариза берган шахсга аризани қаноатлантирмасдан қолдириш сабаблари кўрсатилиб, ёзма жавоб берилиши лозим";

2) 197-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"197-модда. Протест келтириш


Протест келтириш учун асослар мавжуд бўлганда ушбу Кодекснинг 193-моддасида кўрсатилган мансабдор шахс протест келтиради ва уни иш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Раёсатига юборади.

Протестнинг мазмуни ушбу Кодекс 177-моддасининг биринчи қисми талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

Протестнинг нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Протест келтирган мансабдор шахс уни протест кўриладиган суд мажлиси бошлангунига қадар ўзгартириш, тўлдириш ёки чақириб олишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар протест тўлдирилганлиги, ўзгартирилганлиги ёки чақириб олинганлиги тўғрисида хабардор қилинади".


2-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                       И. Каримов



"Халқ сўзи", 2008 йил 30 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 40-41-сон, 406-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2008 йил, 9-сон, 490-модда