Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлат санитария-эпидемиология хизмати органлари тизимининг раҳбар кадрларини танлаш тартиби тўғрисида низом (ЎзР ВМ 20.08.2015 й. 243-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 20 августдаги

243-сон қарорига

2-ИЛОВА



Давлат санитария-эпидемиология хизмати

органлари тизимининг раҳбар кадрларини

танлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан ташкил қилинадиган Комиссия томонидан Санитария-эпидемиология хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимларининг бошлиқларини (кейинги ўринларда - Бошлиқлар) танлаш тартибини белгилайди.

2. Бошлиқларни танлаш ва ротация қилишдан мақсад давлат санитария-эпидемиология хизмати органларини энг малакали, юқори касбий ва маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлган, ахборот-коммуникация технологияларини биладиган, етарли бошқарув кўникмалари ва тажрибасига эга бўлган, замонавий фикрлайдиган кадрлар билан тўлдириш ҳисобланади.


II. НОМЗОДЛАРНИ ТАНЛАШ


3. Бошлиқлар лавозимига номзодларни танлаш давлат санитария-эпидемиология хизматининг етарли малака ва иш тажрибасига эга бўлган ходимлари сафидан амалга оширилади.

4. Бошлиқлар лавозимига номзодларга қуйидаги талаблар қўйилади:

"санитария-гигиена" ёки "эпидемиология" мутахассислиги бўйича олий тиббий маълумоти;

давлат санитария-эпидемиология хизмати органлари тизимида камида беш йиллик иш стажи;

бошлиқ вазифаларини бажариш учун зарур бўлган юқори малака ва маънавий-ахлоқий сифатларнинг мавжудлиги;

уларга юкланган вазифалар ва мажбуриятларни самарали бажаришни таъминлаш қобилияти.


5. Комиссиянинг кўриб чиқиши учун бош врачлар лавозимига номзодларни танлаш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан амалга оширилади.

6. Комиссия тақдим қилинган ҳужжатлар бўйича ҳар бир номзод билан суҳбат ўтказади, уларнинг касбий билимлари даражасини ва бошқарув фаолияти тажрибасини ўрганади.

7. Номзодларнинг малакаси, касбий, маънавий-ахлоқий сифатларини янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида, зарур ҳолларда, Комиссия тақдим этилган материаллар бўйича қўшимча маълумотлар олиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига сўровнома юбориши мумкин.

8. Ҳужжатларни кўриб чиқиш якунлари, шунингдек бош врач лавозимига номзодга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги бўйича Комиссия номзодларни маъқуллаш ёки рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.


III. БОШ ВРАЧЛАРНИ ТАЙИНЛАШ ТАРТИБИ


9. Комиссия ижобий қарор қабул қилган тақдирда тавсия этилган номзод беш кун мобайнида бош врач лавозимига тайинланади.

10. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаларининг бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан лавозимга тайинланади.

11. Санитария-эпидемиология хизматининг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи билан келишган ҳолда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади.

12. Бошлиқлар билан беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга меҳнат шартномаси тузилади.


IV. БОШ ВРАЧЛАРНИ РОТАЦИЯ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


13. Бошлиқлар эгаллаган лавозимида беш йиллик муддат муваффақиятли ишлар билан тугагандан кейин эгаллаб турган лавозимидан паст бўлмаган лавозимга янги иш жойига ротация қилинади. Ишда жиддий камчиликлар мавжуд бўлганда ушбу муддат анча қисқартирилиши мумкин.

14. Бошлиқларни ротация қилиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

фаолияти жараёнида аҳолининг санитария-эпидемиология жиҳатдан хотиржамлиги соҳасида тўпланган касбий билимлари ва илғор тажрибасини давлат санитария-эпидемиология назоратининг бошқа марказларида жорий этиш;

мутахассисларнинг ишлаш қобилиятини ва улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, жамоада соғлом иш шароитини таъминлаш;

лавозим мавқеини суиистеъмол қилиш ва ўз касбий вазифаларига совуққонлик билан қараш каби салбий ҳолатларни бартараф этиш.


15. Бош врачларни бошқа иш жойига ротация қилиш меҳнат қонунчилиги нормаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 24 август, 33-сон, 443-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2015 йил, 8-сон, 72-модда