Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 15.05.2008 й. 12-сон "Судлар томонидан жиноят ишларини назорат тартибида кўриш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

15.05.2008 й.

N 12


СУДЛАР ТОМОНИДАН ЖИНОЯТ ИШЛАРИНИ

НАЗОРАТ ТАРТИБИДА КЎРИШ АМАЛИЁТИ

ТЎҒРИСИДА


Жиноят ишлари бўйича суд қарорлари қонунийлиги ва асослилигини назорат тартибида текшириш қонунийлик ва фуқаролар ҳуқуқларини таъминлашнинг қўшимча кафолати, одил судлов сифатини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади.

Суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, назорат инстанцияси судлари биринчи, апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни тузатиш юзасидан муайян фаолият олиб бормоқда.

Шу билан бирга, назорат инстанцияси судлари томонидан ишлар ҳар доим ҳам қонун талаб этганидек тўлиқ ҳажмда текширилмаслиги натижасида йўл қўйилган хатолар тузатилмай қолмоқда. Назорат инстанцияси судлари қарорлари баъзан қонун талабига мувофиқ тузилмайди.

Шу муносабат билан, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми



ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тушунтирилсинки, Жиноят-процессуал кодексининг 510-моддасига мувофиқ назорат тартибида иш юритиш назорат протести билдириш тўғрисидаги илтимоснома (бундан буён - илтимоснома)га мувофиқ қўзғатилади. Бундай илтимоснома билан маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси ёки қонуний вакили, жабрланувчи ёки унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ёки уларнинг вакиллари мурожаат қилишга ҳақли.

Назорат тартибида иш юритиш, шунингдек:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди раиси, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раиси кўрсатмаси бўйича ҳам ЖПК 511-моддасида белгиланган ваколат доирасида;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва унга тенглаштирилган прокурорлар ЖПК 511-моддасида белгиланган ваколат доирасида билдирган протест бўйича қўзғатилади.

Назорат тартибида иш юритиш фақат апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича қўзғатилади.


2. Қонунга кўра илтимоснома, назорат протести (бундан буён - протест) бевосита ЖПК 519-моддасига мувофиқ шикоят қилинаётган суд қарорини қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган назорат инстанцияси судига берилади.


3. Қонунда илтимоснома (протест) бериш учун бирон-бир муддат белгиланмаган. Шу билан бирга, ЖПК 513-моддаси мазмунига кўра, ҳукм (ажрим) қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир йил ўтгандан сўнг берилган илтимоснома (протест), башарти унда оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўллаш зарурлиги, жазони кучайтириш ёки маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган бошқа ўзгаришлар (маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топиш, жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ турини белгилаш, шартли ҳукмни бекор қилиш, ундирув миқдорини кўпайтириш, башарти бу жиноят квалификациясини маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга ўзгартиришга олиб келса ва ҳ.к.), шунингдек оқлов ҳукмини ёхуд ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини бекор қилиш назарда тутилган бўлса, суд томонидан қаноатлантирилиши мумкин эмас.

Бунда бир йиллик муддат тегишли ҳукм, ажрим ёки қарор қонуний кучга кирган кундан бошлаб, назорат инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилинган кун қўшилган ҳолда ҳисобланиши керак.

Агар илтимоснома (протест) бир йиллик муддат ўтгунга қадар берилган бўлиб, мазкур муддат иш бўйича қарор қабул қилингунга қадар ўтиб кетса, у қаноатлантирилмасдан қолдирилади ва бу ҳақда илтимоснома (протест) берган шахсга маълум қилинади.


4. Қонунда илтимоснома (протест) мазмуни юзасидан муайян талаблар белгиланмаган бўлса-да, қонун аналогиясига кўра илтимоснома (протест) мазмуни апелляция шикояти (протести) мазмунига нисбатан қўйилган талабларга мос бўлиши лозим.

Илтимоснома (протест) қуйидагилар:

илтимоснома (протест) берган шахс ёки кимга нисбатан қарор устидан шикоят (протест) келтираётганлиги тўғрисида маълумот;

илтимоснома (протест) берган шахснинг, унинг фикрига кўра ҳукм ёки бошқа қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги тўғрисидаги важлари ва талабларининг мазмуни;

аризачи ўз талабларини асослаётган ҳамда назорат инстанцияси суди томонидан текширилиши шарт бўлган далиллар тўғрисида маълумот;

илтимоснома (протест) берган шахснинг имзоси бўлмаса уни берган шахсга қайтарилади.

Илтимоснома (протест) унга қуйидагилар илова қилинмаган ҳолларда ҳам қайтарилиши мумкин:

устидан шикоят берилаётган суд ҳукми ёки ажримининг нусхаси;

ушбу иш бўйича апелляция (кассация) инстанцияси суди ажримининг, назорат инстанцияси қарори (ажрими)нинг ёки бошқа қарорининг нусхаси.


5. Жиноят-процессуал кодекси 514-моддасига мувофиқ илтимоснома назорат инстанцияси суди томонидан у келиб тушган кундан бошлаб бир ой мобайнида, иш чақиртирилган ва текшириб чиқилган ҳолларда эса - икки ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши керак. Бу муддатга ишни назорат инстанциясида кўриш учун ЖПК 483-моддасида белгиланган вақт қўшилмайди.

Шуни назарда тутиш лозимки, илтимосномани кўриб чиқиш учун белгиланган муддатнинг узайтирилиши қонунда назарда тутилмаган.


6. Судларга тушунтирилсинки, қонунда назорат тартибида иш юритиш предмети бўйича муайян истиснолар белгиланган.

Ҳукм чиқарилгандан сўнг қабул қилинган амнистия актини татбиқ этиш, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масалалари юзасидан, шунингдек маҳкумга нисбатан ижро этилмаган бир неча ҳукм мавжуд бўлиб, кейинги ҳукмни чиқарган суд бундан бехабар бўлган ва ҳ.к. ҳолларда берилган илтимоснома (протест), агар унда айни бир пайтда жиноят ишининг мазмуни ёки ҳукм (ажрим)нинг қонунийлиги ва асослилиги бўйича бошқа масалалар қўйилган бўлмаса, назорат тартибида алоҳида кўрилмайди. Бу масалалар биринчи инстанция суди томонидан ЖПК 540-моддаси ва 541-моддасининг биринчи қисми қоидаларига мувофиқ ҳал этилади.


7. Жиноят-процессуал кодекси 76 ва 516-моддаларига мувофиқ, чақиртирилган ёки протест билан келиб тушган жиноят иши ушбу ишнинг кўрилишида муқаддам иштирок этмаган судья томонидан ўрганиб чиқилиши лозим. Қонун мазмунига кўра бундай қоида илтимосномани кўриб чиқишга нисбатан ҳам қўлланилиши керак.

Илтимоснома ёки жиноят иши мазкур ишнинг кўрилишида муқаддам иштирок этган судьяга тайинланган ҳолларда, у ЖПК 80-моддасига мувофиқ ўзини ўзи рад этиши шарт.


8. Илтимосномани кўриб чиқиш натижасига кўра қуйидаги қарорлардан бири қабул қилиниши лозим:

илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида;

ишни чақиртириш тўғрисида;

илтимосномани иш бўйича протест билдириш ҳуқуқига эга бўлган суд раисига юбориш тўғрисида, башарти илтимоснома вилоят ва унга тенглаштирилган суднинг назорат инстанциясини четлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилган бўлса.

Илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ёки ишни чақиртириш тўғрисидаги қарор протест билдириш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан қабул қилинади.


9. Илтимосномани кўриб чиқишда судлар шундан келиб чиқишлари лозимки, илтимосномада баён этилган важлар суд ҳукми, ажрими ёки қарорининг қонунийлиги ва асослилиги юзасидан шубҳа уйғотган ёки бундай шубҳа бевосита суд қарорлари мазмунидан келиб чиққан ҳар бир ҳолда иш чақиртирилиши шарт. Жумладан, иш қуйидаги ҳоллардан бири:

суд терговининг тўлиқлиги;

суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқлиги;

жиноят ёки жиноят-процессуал қонуни нормаларига риоя этилганлиги ва тўғри қўлланилганлиги;

тайинланган жазонинг адолатлилиги юзасидан шубҳа туғилган ҳар бир ҳолда чақиртирилиши шарт.


10. Қонунга кўра, протест билдириш учун асослар бўлмаганда назорат инстанциясида жиноят ишини ўрганган судья илтимоснома важларини рад этувчи ҳамда ҳукм ёки бошқа суд қарори қонунийлиги ва асослилигини тасдиқловчи аниқ далиллар ва асослар баён этилган ҳолда хулоса тузади.

Суд илтимосномани қаноатлантириш рад этилганлиги ва протест билдириш учун асослар йўқлиги тўғрисида ариза муаллифига хат орқали хабар юбориши лозим бўлиб, унда илтимосноманинг суд қарори тўғрилигини шубҳа остига олувчи барча важларига асослантирилган жавоблар берилиши шарт.


11. ЖПК 518-моддаси мазмунига кўра протест билдирган шахс суд мажлисида протестни кўриб чиқиш бошлангандан сўнг уни қайтариб олиш ёки унга ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга эмас. Бироқ суд мажлиси давомида протест важлари ўзгартирилиши мумкин.

Протестнинг қайтариб олиниши, агар иш бўйича бошқа шахс томонидан берилган протест бўлмаса, назорат тартибида иш юритиш тугатилишига олиб келади.


12. Маҳкум (оқланган шахс)нинг назорат инстанцияси суди мажлисида қатнашиши масаласини ҳал этиш суднинг ҳуқуқига тегишлидир. Шунинг учун жиноят иши келиб тушгандан сўнг маҳкум (оқланган шахс)нинг назорат инстанцияси судида иштирок этишига зарурат аниқланиши ва натижасига қараб, унинг суд мажлисида иштирок этиши чоралари кўрилиши лозим.


13. ЖПК 480-моддасининг биринчи қисми мазмунига кўра назорат инстанцияси суди мазкур инстанция судида қатнашиш ваколатига эга бўлган прокурорни ҳар бир иш бўйича олдиндан хабардор этиш чораларини кўриши шарт.


14. Назорат инстанцияси суди мажлисида иштирок этишга ҳуқуқи бор шахслар доираси қонунда белгиланган (ЖПК 479-моддасининг тўртинчи қисми).

Ишнинг кўрилиш жойи, санаси ва вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор этилган шахсларнинг узрли сабабларсиз суд мажлисига келмаслиги уни кўриш учун монелик қилмайди.

Айни пайтда, қонунга кўра назорат инстанцияси судида прокурорнинг иштироки шарт бўлиб, бундай ҳолда, ЖПК 25-моддасининг биринчи қисми, 51-моддаси биринчи қисмининг 6-банди ва иккинчи қисми мазмунидан келиб чиқиб, ушбу инстанцияда ҳимоячининг иштироки ҳам таъминланиши шарт (ЖПК 52-моддасида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно). Шу сабабли прокурор ёки ҳимоячи келмаган ҳолларда ишнинг муҳокамаси кейинга қолдирилиши керак.


15. Назорат инстанцияси суди холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафларга ўз процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишлари учун зарур шароит яратиб бериши шарт.

Назорат инстанцияси судида ишнинг муҳокамаси ЖПК 520-моддасида назарда тутилган қоидалар асосида олиб борилади.


16. Назорат тартибида иш юритишнинг апелляция тартибидан фарқли хусусияти шундан иборатки, назорат инстанцияси суди фақат қисман суд тергови ўтказиши, шу жумладан, биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далилларни текшириб чиқиши ва уларга суд мажлисида аниқланган янги ҳолатлар натижасига кўра ҳуқуқий баҳо бериши мумкин (ЖПК 490-моддасининг тўртинчи қисми).

Назорат инстанцияси суди тарафларнинг илтимосномаларини (янги гувоҳларни сўроқ қилиш, экспертизалар ўтказиш, ашёвий далиллар ва ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва бошқалар ҳақида), улар биринчи инстанция суди томонидан рад этилганлиги сабаблигина, рад этишга ҳақли эмас. Зарур ҳолларда суд қўшимча далилларни талаб қилиб олишда ташаббус кўрсатиши лозим.

ЖПК 481-моддасига мувофиқ қўшимча материаллар суд томонидан тергов органларига муайян тергов ҳаракатларини ўтказиш тўғрисида топшириқ бериш йўли билан ҳам олиниши мумкин. Бу ҳақда назорат инстанцияси суди ажрим чиқаради, ишнинг муҳокамаси эса кейинга қолдирилади.


17. Процесс иштирокчиларининг суд мажлиси баённомасида қайд этилган кўрсатувлари уларнинг биринчи, апелляция (кассация), назорат инстанциялари судида аслида берган кўрсатувларига мос эмаслиги тўғрисида протестда келтирилган важлар бу шахсларни сўроқ қилиш йўли билан текширилиши мумкин.


18. Назорат инстанцияси суди биринчи, апелляция (кассация), назорат инстанциялари суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари қанчалик тўғри аниқланганлигини, моддий ва процессуал қонун нормалари қанчалик тўғри қўлланилганлигини текширади.

Назорат инстанцияси суди жиноят ишини фақат шахс судланган ёки оқланган айблов доирасида кўриб чиқади. Бироқ шикоят (протест) ким томонидан берилганлигидан қатъи назар, ЖПК 494-моддасига мувофиқ, суд ишни янгидан судда кўришга юбормай ёки қайта тергов юритиш учун қайтармай туриб, ўз қарори билан жазони кучайтиришга, шунингдек оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллашга ҳақли эмас.


19. ЖПК 482-моддасига мувофиқ назорат инстанцияси суди шикоят (протест)да баён этилган важлар билангина чегараланмасдан, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини тўла ҳажмда (тафтиш тартибида) текширишга мажбур.

Иш бўйича бир неча маҳкум (оқланган шахс) ўтган бўлиб, улардан айримларига нисбатан протест билдирилган ҳолларда назорат инстанцияси судида иш барча маҳкумларга (оқланган шахсларга) нисбатан текширилади. Агар протест билдирилмаган шахсларга нисбатан суд қарорларини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар бўлмаса, ажрим (қарор)да ишнинг уларга доир қисми текширилганлиги ва уларга нисбатан чиқарилган суд қарорлари кучида қолдирилганлиги кўрсатилмаслиги лозим.

Суд қарори назорат тартибида фақат протест асосида қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги туфайли, суд фақат протестда кўрсатилган асослар бўйича маҳкум, оқланган ёки иши тугатилган шахснинг аҳволини кейинчалик оғирлаштирувчи ажрим (қарор) чиқариши мумкин.

Қонунга кўра, суд протестда келтирилган важлар доирасидан четга чиқишга, шунингдек протест билдирилмаган маҳкум (оқланган шахс)ларга нисбатан суд қарорларини бекор қилишга, башарти бу улар аҳволининг оғирлашишига олиб келса, ҳақли эмас (ЖПК 494-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари).


20. Назорат инстанцияси суди айнан бир ҳукм, ажрим, қарор устидан айнан бир маҳкум (оқланган шахс)га нисбатан билдирилган протест бўйича ишни такроран кўриб чиқишга ҳақли эмас. Айни пайтда суд илгари назорат тартибида қарор қабул қилинмаган маҳкум (оқланган шахс)ларга нисбатан ишни такроран кўриб чиқишга ҳақли.


21. Назорат инстанцияси, агар чиқарилган суд қарорлари моддий ва процессуал қонун талабларига мувофиқ эканлигини аниқласа, уларни ўзгаришсиз қолдиради.

Суд қарорларини ўзгаришсиз қолдирганда назорат инстанцияси:

ЖПК 533-моддаси биринчи қисми учинчи бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда - ҳукмнинг ижросини кечиктиришга;

амнистия актини қўллашга ҳақли.


22. ЖПК 484-моддасида суд қарорлари бекор қилиниши ва ўзгартирилиши учун умумий асослар белгиланган бўлиб, назорат инстанцияси суди, ишнинг муайян ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда, уларни у ёки бу тарзда қўллаши мумкин.

Суд қарорлари қуйидаги ҳолларда, агар иш бўйича:

дастлабки ёки суд тергови тўлиқ бўлмаса ёки бир ёқлама олиб борилган бўлиб, бироқ йўл қўйилган кам-кўстлар тўлдирилганидан сўнг назорат инстанцияси суди жиноят квалификацияси ўзгартирилиши зарурлиги ҳақида хулосага келса;

ҳукмда, ажримда, қарорда баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ бўлмай, бироқ назорат инстанцияси суди маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмай туриб, уларга тегишли баҳо бера олса;

Жиноят-процессуал кодекси нормалари бузилишига йўл қўйилган бўлиб, уларнинг назорат инстанциясида бартараф этилиши суд қарорлари ўзгартирилишига олиб келса;

Жиноят кодекси нормалари нотўғри қўлланилган бўлиб, бироқ назорат инстанцияси суди бу хатони маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмай туриб тузатиши мумкин бўлса;

номутаносиб оғир жазо тайинланган бўлиб, назорат инстанцияси суди ўз ваколати доирасида уни енгиллатишга ҳақли бўлса, ўзгартирилиши шарт.

Назорат инстанцияси судида камчиликларни тўлдириш ва процессуал қонун бузилишини бартараф этиш имконияти бўлмаса, суд қарорлари барча ҳолларда бекор қилиниши шарт.


23. Назорат инстанцияси суди ҳукмни ўзгартириш учун асослар мавжуд бўлганда:

қилмишни Жиноят кодексининг бошқа моддасига (бир неча моддаларига) қайта квалификация қилишга, агар бу маҳкумга ҳукмда баён қилинганидан жиддий фарқ қиладиган айблов қўйилишига ёки унга оғирроқ жазо тайинланишига олиб келмаса;

ҳукмдан айбловнинг бир қисмини (айрим эпизодларини) ёки маҳкумнинг жавобгарлигини оғирлаштирувчи белгиларни чиқаришга;

ҳукмдан жиноятларнинг идеал мажмуи тариқасида қилмишни нотўғри баҳолаш туфайли ортиқча эълон қилинган Жиноят кодекси моддасини чиқаришга;

ЖК 70-72-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда - маҳкумни жазодан озод қилишга ёки шартли ҳукм қўллашга;

Жиноят кодекси Махсус қисми моддаси санкцияси доирасида ёки шу Кодекс 57-моддасини қўллаган ҳолда жазо миқдорини камайтиришга ёки бошқа енгилроқ жазо (асосий ва қўшимча) тайинлашга;

жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаш миқдорини кўпайтириш ёки камайтиришга, шунингдек ушбу масала биринчи инстанция суди томонидан ҳал этилмаган ҳолларда - бундай зарарни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилишга, башарти бунда жиноят квалификациясини маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган томонга ўзгартириш зарурати юзага келмаса;

маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга ёки ҳукмдан уни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги қарорни чиқаришга;

маҳкумга нисбатан жазони ижро этиш колониясининг бошқа, шу жумладан, қаттиқроқ турини белгилашга ҳақли.


24. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, маҳкумга нисбатан жазони енгиллатишга ёки уни жазони ўташдан озод қилишга асос сифатида фақат иш бўйича аниқланган ва ҳукм чиқариш пайтида маҳкумга номутаносиб оғир жазо тайинланганлигидан далолат берувчи ҳолатлар олиниши мумкин. Ҳукм чиқарилгандан сўнг келиб чиққан ҳолатлар, шунингдек маҳкумнинг жазони ўташ вақтидаги хулқ-атвори эса, ўз-ўзидан ҳукмнинг ўзгартирилишига олиб келмаслиги лозим ва фақат ишнинг назорат тартибида кўриб чиқилиши учун бошқа асослар мавжуд бўлганда инобатга олиниши мумкин.


25. Назорат инстанцияси суди маҳкумга нисбатан жазони енгиллатиш масаласини ҳал қила туриб, уни нафақат камайтириши, балки енгилроқ жазо турига ҳам ўтиши мумкин. Бунда енгилроқ жазо муддати қонунда белгиланган доирада ҳукм бўйича тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддатидан ошиши мумкин (ЖК 61-моддасида назарда тутилган ҳисоблаш қоидалари инобатга олинган ҳолда).

Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога нисбатан қўлланилган шартли ҳукм ўрнига суд жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари ёки хизмат бўйича чеклаш жазоси тайинлашга ҳақли.

Асосий жазо енгиллаштирилганда, шу жумладан, ЖК 57-моддаси қўлланилганда ҳам назорат инстанцияси суди ҳукмнинг қўшимча жазо тайинлаш ҳақидаги қисмини ўзгаришсиз қолдириши мумкин.


26. ЖПК 494-моддаси биринчи қисми талабларига риоя этган ҳолда маҳкумнинг қилмиши Жиноят кодексининг бир моддасидан икки ва ундан ортиқ моддаларига қайта квалификация қилинганда, назорат инстанцияси суди ҳукмга тегишли ўзгартиришлар киритиши ва ЖК 59-моддасида белгиланган қоидага мувофиқ жазо тайинлашга ҳақли. Бунда узил-кесил тайинланган янги жазо тури ва миқдори ҳукм бўйича тайинланган жазодан оғирроқ бўлиши мумкин эмас.

Агар Жиноят кодексининг бир моддаси билан квалификация қилиниши шарт бўлган икки ёки ундан ортиқ қилмиш Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан нотўғри квалификация қилинган бўлса, назорат инстанцияси суди ушбу қилмишларни енгилроқ жиноят тўғрисидаги моддага қайта квалификация қилиб, унинг санкцияси доирасида мазкур модда бўйича тайинланган жазодан оғирроқ, бироқ узил-кесил тайинланган жазо миқдоридан кўп бўлмаган жазо белгилашга ҳақли.


27. Назорат инстанцияси суди ҳукм ва кейинги суд қарорлари бир ёки бир неча жиноят учун тайинланган жазо енгиллаштирилган ҳолда ўзгартирилганда жиноятлар мажмуи бўйича ҳукмда қўлланилган жазонинг оғирини енгили билан қоплаш қоидаси ўрнига уларни қўшиш қоидасини қўллашга ҳақли. Бироқ, бунда ЖК 59-моддасига мувофиқ тайинланган жазо ҳукмда белгиланган жазо миқдоридан (кейинги суд инстанциялари томонидан киритилган ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда) ошмаслиги лозим.

Агар биринчи инстанция суди томонидан бир неча ҳукм бўйича жазо белгилашда бир жазони бошқаси билан қоплаш қоидаси қонунга хилоф тарзда қўлланилган бўлса ёки ўталмаган жазо муддатини қўшиш имконияти бўлмаса, назорат инстанцияси суди охирги ҳукм бўйича жазони енгиллаштирганда олдинги ҳукм бўйича ўталмаган жазони қисман ёки тўлиқ қўшишга ҳақли. Бунда узил-кесил жазо ҳукмда белгиланган жазо миқдоридан (кейинги суд инстанциялари томонидан киритилган ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда) ошмаслиги лозим.


28. Назорат инстанцияси суди ҳукмни, ажримни, қарорни бекор қилганда:

ЖПК 83, 84-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ишни тўлиқ ҳажмда ёки мустақил квалификация қилинган айблов қисми бўйича тугатишга;

ЖПК 484-моддасида назарда тутилган асослар бўйича ишни янгидан судда кўришга юборишга;

ЖПК 419-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ишни қўшимча тергов юритиш учун қайтаришга ҳақли.

Назорат инстанцияси суди апелляция ёки кассация ажримини, шунингдек кейинги суд қарорларини (агар улар чиқарилган бўлса), бекор қилиб, ишни апелляция ёки кассация инстанциясида янгидан кўриб чиқишга юбориши мумкин.


29. Агар вояга етмаган шахсга нисбатан ишни кўришда назорат инстанцияси суди айбдор жиноий жазо қўлламасдан ҳам ахлоқан тузатилиши мумкин, деган хулосага келса, у ҳукмни бекор қилиб, ишни тугатишга ёки вояга етмаган шахсни жазодан озод этиб, унга нисбатан қонунда белгиланган мажбурлов чораларидан бирини (ЖК 87-моддаси) қўллашга ҳақли.


30. Жиноят-процессуал қонуни нормаларининг ҳукм бекор қилинишига сабаб бўладиган даражада жиддий бузилиши аниқланганда, назорат инстанцияси суди протест кимга нисбатан киритилганлигидан қатъи назар, йўл қўйилган қонун бузилиши дахл этган барча маҳкумларга нисбатан айблов ҳукмини бекор қилиши шарт.

Бундай талабга нафақат ЖПК 487-моддаси иккинчи қисмида кўрсатиб ўтилган қонун бузилишлари аниқланганда, балки ўша модданинг биринчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, яъни, жиноят-процессуал қонун нормаларининг бошқача тарзда бузилиши айбланувчи, судланувчи ва процесс бошқа иштирокчиларини қонунда белгиланган ҳуқуқларидан маҳрум қилган ёки судга иш ҳолатларини ҳар томонлама, тўла ва холисона аниқлашда бошқача тарзда халал берган ҳамда қонуний ва асосли ҳукм чиқаришга таъсир этган ёки таъсир этиши мумкин бўлган ҳолда ҳам (айб эълон қилинмаганлиги, судланувчига айблов хулосаси нусхасининг берилмаганлиги, қонунга кўра ўтказилиши шарт бўлган экспертиза ўтказилмаганлиги, судланувчига охирги сўз берилмаганлиги ва бошқалар) риоя этилиши лозим.

Шуни назарда тутиш лозимки, жиноят-процессуал қонуни нормалари жиддий бузилганлигининг аниқланиши назорат инстанцияси судини протестда келтирилган бошқа важлар (айбловнинг исботланганлиги, квалификациянинг тўғрилиги, жазонинг адолатлилиги тўғрисида ва ҳ.к.)ни ҳам мазмунан кўриб чиқиш ва улар бўйича ажримда тегишли хулоса чиқариш мажбуриятидан озод этмайди.

Жиноят иши бўйича йўл қўйилган жиноят-процессуал қонунининг бузилиши ҳоллари назорат инстанцияси суди томонидан айблов ҳукми бекор қилиниб, ишнинг ЖПК 83, 84-моддаларига мувофиқ тугатилишига тўсиқ бўлмайди.


31. Бошқа эпизодлар билан умумий квалификация қилинган бир ёки бир неча эпизод (масалан, бир неча марта пора олганлик) бўйича иш ҳолатлари тўлиқ текширилмаган деб топилганда, агар уларни ҳукмдан чиқариш учун етарли асослар ёки йўл қўйилган камчиликларни тўлдириш учун имконият бўлмаса, назорат инстанцияси ҳукмни бекор қилиб, ишни тўлиқ ҳажмда янгидан кўриш учун юбориши керак.

Агар маҳкум Жиноят кодексининг турли моддалари бўйича квалификация қилинган бир неча жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган бўлиб, улардан ҳар бирини алоҳида кўриш имконияти бўлса, назорат инстанцияси суди ҳукмнинг бир ёки бир неча жиноятга оид қисмини бекор қилиб, ишнинг шу қисмини янгидан кўришга юбориши ёки қўшимча терговга қайтариши, айни пайтда, ўша маҳкумга нисбатан ҳукмнинг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдириши мумкин.

Агар назорат инстанцияси суди ҳукмнинг маҳкумлардан бирига доир қисмини бекор қилиб, ишнинг шу қисмини янгидан судда кўришга юбориш ёки қўшимча терговга қайтариш тўғрисида фикрга келса ва ишнинг шу қисмини ЖПК 332, 416, 417-моддалари мазмунидан келиб чиқиб ажратишнинг имкони бўлмаса, ҳукм тўла ҳажмда бекор қилиниши керак.


32. Шахсни жиноий жавобгарликдан озод этишни назарда тутувчи амнистия актига зид равишда ёки жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтгандан сўнг жиноят иши қўзғатилган ҳолларда, ҳукм, гарчи унда маҳкум жазодан озод қилинган бўлсада, бекор қилиниб, иш тугатилиши керак, ишнинг реабилитация учун сабаб бўлмайдиган асосларда тугатилишига монелик қиладиган ҳоллар мавжудлиги бундан мустасно.

Агар назорат инстанцияси маҳкумнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг бошқа моддасига қайта квалификация қилиш кераклиги тўғрисида хулосага келса ва бу модда шахсни жазодан озод этишни назарда тутувчи ёки жазо қўлланилишини истисно этувчи амнистия акти таъсири доирасига тушса, назорат инстанцияси биринчи инстанция суди қабул қилиши шарт бўлган қарор чиқариши керак. Маҳкумнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг бошқа моддасига қайта квалификация қилиниб, бу модда бўйича шахс ЖПК 463-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди ҳамда учинчи қисмининг 2 ва 5-бандларига мувофиқ жазодан озод қилиниши лозим бўлган ёки унга нисбатан жазо тайинланиши истисно этилган ҳолларда ҳам шундай қарор қабул қилиниши лозим.


33. Агар амнистия акти суд томонидан қўлланилиши мумкин бўлмаган маҳкумга нисбатан қўлланилган бўлса, назорат инстанцияси протест бўлган тақдирда суд қарорларининг жазо тайинлаш қисмини бекор қилиб, ишни янгидан кўришга юбориши лозим.

Бироқ, агар назорат инстанцияси амнистия акти қўлланилган ҳолда ҳукм (ажрим, қарор)да тайинланган жазо амнистия акти қўлланилмаган ҳолда ҳам маҳкум учун етарли деб топса, ишни янгидан кўриш учун юбормасдан, ҳукм (ажрим, қарор)ни ўзгартиришга, ундан амнистия актини қўллаш ҳақидаги хулоса ва қарорни чиқариб, амнистия акти қўлланилган ҳолда тайинланган жазони қолдиришга ҳақли.


34. ЖПК 494-моддасининг иккинчи қисми мазмунига кўра, ҳукм (ажрим, қарор) назорат инстанцияси суди томонидан маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга фақат протестда кўрсатилган асослар бўйича бекор қилиниши мумкин. Масалан, агар протестда фақат маҳкумнинг ҳаракатлари нотўғри квалификация қилинганлиги тўғрисидаги масала қўйилган бўлса, суд қарори жазонинг енгиллиги сабабли бекор қилиниши мумкин эмас.


35. Назорат инстанцияси суди ишни янгидан судда кўришга ёки қўшимча терговга юбориш пайтида айбловнинг исботланганлиги ёки исботланмаганлиги, у ёки бу далилнинг ишончли ёки ишончсизлиги, айрим далилларнинг бошқа далиллардан устунлиги, жиноятнинг квалификацияси ва жазо тўғрисида дастлабки тергов органлари ва суд томонидан чиқариладиган хулосаларни олдиндан ҳал қилувчи кўрсатмалар беришга ҳақли эмас.

Назорат инстанцияси суди, ҳукм (ажрим, қарор)ни бекор қилиб, ишни янгидан судда кўришга юбораётганда, ўз қарори (ажрими)да қандай ҳолатлар ҳукм (ажрим, қарор)нинг бекор қилинишига асос бўлганлигини ва йўл қўйилган қонун бузилиши қандай бартараф этилиши кераклигини кўрсатиши шарт.

Ҳукм (ажрим, қарор)ни бекор қилиб, ишни қўшимча тергов юритиш учун юбораётганда, суд дастлабки тергов органи томонидан қандай ҳолатлар аниқланиши шартлигини кўрсатиши керак.


36. Ҳукм бекор қилиниб, иш янгидан судда кўришга юборилганда ва янги ҳукм чиқарилганда назорат инстанцияси суди ЖПК 490-моддасига кўра биринчи, апелляция (кассация) ёки назорат инстанциясининг фақат кейинги қарорларини бекор қилиши ёки ўзгартириши мумкин.


37. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, оқлов ҳукмининг асоси бу ҳақда протест берилган ҳолдагина ўзгартирилиши мумкин (ЖПК 494-моддаси).

Оқлов ҳукми назорат инстанцияси суди томонидан, фақат, шахснинг асоссиз оқланганлиги тўғрисида протест бўлган ҳолда бекор қилиниши мумкин.

Айрим оқланган шахсларга нисбатан протест берилиши бошқа оқланган шахсларга нисбатан ҳукмнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлмайди.


38. Агар иш назорат тартибида кўрилганда ҳукм бекор қилиниб, иш маҳкумнинг жиноят содир этилишига дахлдор эмаслиги туфайли тугатилса-ю, бироқ бу жиноятни содир этган шахс аниқланмай қолса, суд ЖПК 464-моддаси талабларидан келиб чиқиб, айбланувчи тариқасида жавобгарликка тортилиши лозим бўлган шахсни аниқлаш юзасидан чора кўриш учун ишни прокурорга юбориши керак.


39. Агар маҳкум протест билдирилгандан сўнг, бироқ иш назорат инстанциясида кўрилгунга қадар вафот этса, иш юритиш умумий асосларда давом эттирилади.

Марҳумни реабилитация қилиш учун асослар бўлган тақдирда назорат инстанцияси суди айблов ҳукмини бекор қилиб, ушбу шахсга нисбатан жиноят ишини ЖПК 83-моддасига мувофиқ тугатади.

Иш тугатилганда ашёвий далиллар тақдири ҳақидаги масала ЖПК 211-моддасига мувофиқ, уларнинг тегишлилиги тўғрисида низо келиб чиққанда эса - фуқаролик иш юритув тартибида кўрилиши мумкин. Марҳумнинг ҳаракатлари билан етказилган зарарни ундириш масаласи ҳам жабрланувчи ёки прокурор томонидан марҳумнинг ворисларига ёки унинг мулкини бошқариш ҳуқуқини ўзига олган шахсга нисбатан қўзғатилган даъво бўйича фуқаролик иш юритув тартибида кўрилади.


40. Назорат инстанцияси суди ҳукмнинг фуқаровий даъвога оид қисми нотўғрилигини аниқласа, унга тегишли ўзгартиришлар киритиши, жумладан, ундирув миқдорини кўпайтириши мумкин, башарти иш бўйича далиллар тўплаш ёки уларни қўшимча текшириш зарурати бўлмаса ва иш ҳолатлари биринчи инстанция суди томонидан тўла ва тўғри аниқланиб, бироқ моддий қонун нормаларини қўллашда хатога йўл қўйилган бўлса.

Агар фуқаровий даъво бўйича ундирув миқдорини кўпайтириш жиноят квалификациясини ёки айб мазмуни маҳкумнинг ҳолатини оғирлаштириш томонига ўзгартиришни тақозо этса, айнан шу асосларда билдирилган протест мавжуд бўлгандагина ҳукм бекор қилиниши лозим,


41. Иш назорат тартибида кўриб чиқилаётганда протест билан бирга тақдим этилган қўшимча материаллардан, башарти улар суд мажлисида текширилган ҳолатларга дахлдор бўлса ва янги очилган ҳолатлар мавжудлигидан далолат бермаса, фойдаланилиши мумкин.

Қўшимча материаллар ишда мавжуд далиллар билан қўшилган ҳолда баҳоланади ва улар билан бирга, фақат ҳукм, ажрим, қарорни бекор қилиб, ишни қўшимча терговга ёки янгидан судда кўришга юбориш лозимлиги тўғрисидаги қарор асосига қўйилиши мумкин. Ишни процесснинг қайси босқичидан бошлаб янгидан кўришга юбориш лозимлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда, суд иш ҳолатлари тўла ва ҳар томонлама текширилиши ва айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқи таъминланиши заруратидан келиб чиқиши, бунда қўшимча материаллар дастлабки текшириш предмети бўлмаганлиги ва қонунга мувофиқ айбланувчига тақдим этилмаганлигини инобатга олиши лозим.

Ҳукм бекор қилиниб иш тугатилган ёки ҳукм ўзгартирилган ҳолда суд ўз ажрими (қарори)да фақат биринчи инстанция суди томонидан аниқланган ва маҳкумнинг жавобгарлигини истисно этувчи ёки енгиллаштирувчи ҳолатларга таяниши мумкин.

Қўшимча материаллар асосида ҳукм ва кейинги суд қарорлари ўзгартирилиши ёки бекор қилиниб иш тугатилишига йўл қўйилмайди, бундай материаллар билан аниқланадиган фактлар ҳаққонийлиги биринчи инстанция суди томонидан текширилиши талаб этилмайдиган ҳоллар бундан мустасно (маҳкум жиноий жавобгарлик келиб чиқадиган ёшга етмаганлиги тўғрисидаги, муқаддам судланмаганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар ва ҳ.к).


42. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқишга фақат иш материалларидан келиб чиқадиган асослар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади. Агар суд қарорининг қонунийлиги ва асослилиги хусусидаги шубҳалар судга маълум бўлмаган ва тегишли ҳукм, ажрим ёки қарор қонуний кучга киргандан сўнг аниқланган ҳолатлар билан боғлиқ бўлса, бундай суд қарорини қайта кўриб чиқиш масаласи фақат янги очилган ҳолатлар бўйича иш юритиш тартибида ҳал этилиши мумкин. Агар бундай ҳолларда назорат тартибида протест билдирилган бўлса, назорат инстанцияси суди уни кўрмасдан қолдиради ва ишни барча материаллар билан бирга прокурорга янги очилган ҳолат бўйича иш юритишни қўзғатиш учун юборади (ЖПК 522-моддаси).


43. Назорат инстанциясининг ажрими (қарори) аниқ, батафсил, юридик жиҳатдан асослантирилган бўлиши ва унда биринчи, апелляция (кассация), назорат инстанцияларининг айб ҳажми ва исботланганлиги, жиноят квалификацияси, ҳукм бўйича тайинланган жазонинг адолатлилиги хусусидаги қарорлари тўғрилиги ёки хатолигига доир хулосалар баён этилиши шарт.

Жиноят-процессуал кодекси 496-моддасига мувофиқ ажрим (қарор)да ҳукмнинг қарор қисми мазмуни билан бир қаторда протест моҳияти, прокурор фикрининг ва ишда иштирок этувчи шахслар тушунтиришларининг қисқача баёни, назорат инстанцияси судининг протест важлари асослилиги тўғрисидаги хулосаси, қабул қилинган қарорнинг сабаблари моддий ёки процессуал қонунга ҳавола этилган тарзда кўрсатилиши лозим. Ҳукм бекор қилиниб, иш қўшимча терговга ёки янгидан судда кўришга юборилганда, ажрим (қарор)да қайси ҳолатлар қўшимча тарзда аниқланиши лозимлигини суд аниқ кўрсатиши шарт.

Назорат инстанцияси судининг ажрими (қарори) у эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижрога қаратилиши шарт.


44. ЖПК 298-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, шунингдек суриштирув, дастлабки тергов юритилган ёки суд муҳокамаси вақтида қонун бузилишига йўл қўйилганлигини аниқлаган тақдирда, назорат инстанцияси суди хусусий ажрим (қарор) чиқариш йўли билан тегишли орган ёки мансабдор шахснинг эътиборини бунга жалб этиши мумкин.

Суд қарори ўзгаришсиз қолдирилганда, назорат инстанцияси суди унинг қонунийлиги ва асослилигини шубҳа остига олувчи хусусий ажрим чиқаришга ҳақли эмас.


45. Одил судлов сифатини ошириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларга ишларнинг назорат инстанциясида синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқилиши учун қонунда берилган барча имкониятлардан фойдаланиш тавсия этилсин.


46. Мазкур қарор қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 1 июндаги "Жиноят ишларини кассация ва назорат тартибида кўриш амалиёти ҳақида"ги 5-сонли қарорининг ишларни назорат тартибида кўриш юзасидан берилган тушунтиришларга оид қисми ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Олий суд раиси                                                                 Б. Мустафаев



Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                             М. Ҳасанов