Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 03.02.2006 й. 2-сон "Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

03.02.2006 й.

N 2


СУДЛАР ТОМОНИДАН ЖИНОЯТ

ИШЛАРИНИ АПЕЛЛЯЦИЯ ТАРТИБИДА

КЎРИШ АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Апелляция тартибида иш юритиш жиноят ишлари бўйича суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг муҳим кўриниши ҳисобланади.

Ушбу институт амалга киритилган вақтдан бошлаб олиб борилган суд амалиётини ўрганиш шуни кўрсатадики, судлар томонидан ишларни апелляция тартибида кўришга доир жиноят-процессуал қонуни нормалари асосан тўғри қўлланилмоқда.

Шу билан бирга суд амалиётида қонуннинг айрим нормаларини қўллаш юзасидан қўшимча тушунтиришлар берилишини тақозо этувчи саволлар туғилмоқда.

Шу муносабат билан "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


ҚАРОР  ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, апелляция инстанцияси суд қарорлари устидан шикоят бериш ҳуқуқини, суд хатолари ўз вақтида тузатилиши ва жиноят процесси иштирокчилари ҳуқуқи ҳимоя қилинишини таъминлаш воситаларидан бири ҳисобланади.


2. Жиноят-процессуал кодекси 497-2-моддасига мувофиқ апелляция тартибида иш юритиш маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, жабрланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ҳамда улар вакилларининг шикояти, шунингдек прокурор ёки унинг ўринбосарининг протести бўйича қўзғатилади.

Апелляция тартибида иш юритиш, ЖПК 497-9-моддасининг тўртинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда бошқа шахслар томонидан ҳам қўзғатилиши мумкин.

Шу муносабат билан биринчи инстанция суди шикоят(протест)ни қабул қилиш пайтида апелляция шикояти (протести) берган шахснинг бундай ҳуқуққа эгалигини текшириши шарт.


3. Қонунга кўра, апелляция шикояти (протести) ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан ўн сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса, уларга ҳукм нусхаси топширилган кундан эътиборан шундай муддат ичида ҳукм чиқарган суд орқали берилади.

Белгиланган муддатларда бевосита апелляция инстанцияси судига берилган шикоят (протест) ЖПК 497-7-моддаси ҳамда 479-моддаси иккинчи ва учинчи қисмлари талабларини бажариш учун ҳукм чиқарган судга юборилиши керак.

Ҳар бир апелляция шикояти (протести) у келиб тушган сана кўрсатилган ҳолда рўйхатга олиниши шарт.


4. Апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома суд томонидан ЖПК 497-5-моддаси биринчи қисмига мувофиқ кўриб чиқилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан ЖПК 497-9-моддасининг биринчи қисми қоидаларига мувофиқ ўн сутка ичида хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят берилганда, апелляция инстанцияси суди шикоятни асосли деб топса, биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиб, ўтказиб юборилган муддатни тиклайди ва ишни апелляция шикояти, протести (хусусий шикоят ёки хусусий протест) бўйича мазмунан кўради. Бунда, кўрсатилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ажрим эълон қилингандан сўнг, апелляция инстанцияси судининг мажлиси ЖПК 479-моддаси иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари талабларини бажариш учун кейинга қолдирилади.


5. ЖПК 497-7-моддасида апелляция шикояти (протести)нинг мазмуни юзасидан муайян талаблар белгиланганлиги туфайли, биринчи инстанция суди шикоят (протест) берувчи шахс томонидан уларга риоя этилганлигини текшириши шарт.

Агар шикоят (протест)нинг мазмуни қонун талабларига жавоб бермаса ва бу кейинчалик ишни мазмунан кўришга тўсқинлик қилса, судья ажрим билан уни берган шахсга қайтаради. Бундай ҳолда шикоят (протест) қайта расмийлаштириш учун ЖПК 497-6-моддасида белгиланган доирада муддат белгиланади.

Шикоят (протест), жумладан, унда қуйидагилар бўлмаса қайтарилиши мумкин, яъни:

шикоят (протест) берган шахс ёки кимга нисбатан ҳукм устидан шикоят (протест) келтираётганлиги тўғрисида маълумот;

шикоят (протест) берган шахснинг, унинг фикрига кўра ҳукм ёки бошқа қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги тўғрисидаги важлари ва талабларининг мазмуни;

аризачи ўз талабларини асослаётган ҳамда апелляция инстанцияси суди томонидан текширилиши шарт бўлган далиллар тўғрисида маълумот;

шикоят (протест) берган шахснинг имзоси.

Агар шикоят (протест) берган шахс суд томонидан белгиланган муддатда ажримда кўрсатилган камчиликларни бартараф этса, шикоят (протест) судга дастлаб тақдим этилган кундан бошлаб берилган ҳисобланади. Акс ҳолда шикоят (протест) берилмаган ҳисобланади.


6. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қонун апелляция шикояти бериш ҳуқуқини амалга оширишни фақат маҳкум, оқланган шахс ва жабрланувчига ҳукм нусхасини топшириш факти билан боғлайди. Шу туфайли, ишдаги материаллар (масалан, суд мажлиси баённомаси) билан танишгандан сўнг "асосий" шикоят (протест) тақдим этилишини кўрсатиб, "дастлабки" апелляция шикояти (протести) берилиши қонунда назарда тутилмаган.

Суд мажлиси баённомаси билан танишиш истагини билдирган процесс иштирокчиси ЖПК 479-моддасининг биринчи қисми ва 497-11-моддасининг тўққизинчи қисмига мувофиқ судга қўшимча материаллар тақдим этишга ҳақли.


7. Жиноят процесси иштирокчисининг ўз шикояти (протести)га ўзгартириш киритиш ҳуқуқи апелляция инстанцияси суди маслаҳатхонасига киргунга қадар амалга оширилиши мумкин. Бироқ, ЖПК 497-7-моддаси 4-банди мазмунига кўра, маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган томонга апелляция шикояти (протести) талаблари ўзгартирилишига фақат суд қарори устидан шикоят (протест) бериш учун белгиланган муддатларда йўл қўйилади.

Белгиланган муддатлар ўтгандан сўнг берилган, маҳкумнинг аҳволини оғирлаштиришга қаратилган талаблар апелляция инстанцияси суди томонидан эътиборга олинмаслиги керак.


8. ЖПК 497-8-моддасига мувофиқ апелляция шикояти (протести) берган шахс ўз шикояти (протести)ни, маҳкум эса, ҳимоячиси берган шикоятни ҳам қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Протестни қайтариб олиш ҳуқуқи лавозими бўйича юқори турувчи прокурорга ҳам тегишли.

Қонун мазмунига кўра, апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди маслаҳатхонасига киргунга қадар қайтариб олиниши мумкин.

Апелляция шикояти (протести)нинг қайтариб олиниши, агар иш бўйича бошқа процесс иштирокчилари томонидан берилган апелляция шикояти (протести) бўлмаса, апелляция тартибида иш юритиш тугатилишига олиб келади.


9. Судларга тушунтирилсинки, қонунда апелляция тартибида иш юритиш предмети бўйича муайян истиснолар белгиланган.

Жумладан, биринчи инстанция судининг ЖПК 497-9-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда чиқарган ажримлари устидан апелляция тартибида шикоят (протест) келтириб бўлмайди.

Ҳукм чиқарилгандан сўнг қабул қилинган амнистия актини татбиқ этиш, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масалалари юзасидан, шунингдек маҳкумга нисбатан ижро этилмаган бир неча ҳукм мавжуд бўлиб, кейинги ҳукмни чиқарган суд бундан бехабар бўлган ва ҳ.к. ҳолларда берилган шикоят (протест), агар унда айни бир пайтда жиноят ишининг мазмуни ёки ҳукм (ажрим)нинг қонунийлиги ва асослилиги бўйича бошқа масалалар қўйилган бўлмаса, апелляция тартибида алоҳида кўрилмайди. Бу масалалар биринчи инстанция суди томонидан ЖПК 540-моддаси ва 541-моддасининг биринчи қисми қоидаларига мувофиқ ҳал этилади.


10. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ЖПК 497-6-моддасининг иккинчи қисми талабларининг бажарилиши процесс иштирокчилари ҳуқуқларининг таъминланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Шу туфайли апелляция инстанцияси суди ишни суд мажлисида кўришга тайёрлаш пайтида қуйидагиларни текшириши шарт:

маҳкум (оқланган шахс)га, жабрланувчига биринчи инстанция суди қарорлари нусхасининг топширилганлигини;

процесс иштирокчиларига апелляция шикояти (протести), шунингдек қўшимча материаллар келиб тушганлиги тўғрисида хабар берилганлигини;

апелляция шикояти (протести) билан процесс иштирокчилари таништирилганлиги ҳамда уларга ушбу ҳужжатлар нусхаси топширилганлигини;

процесс иштирокчиларининг апелляция инстанциясида иш кўриладиган жой ва вақт тўғрисида тегишли тарзда хабардор этилганлиги, шунингдек маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси ва қонуний вакилларига, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакилларига апелляция инстанцияси суди мажлисида иштирок этиш ҳуқуқининг тушунтирилганлигини.

Ушбу талаблар бажарилмаганлиги аниқланган ва уларни ўзи амалга ошириш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, апелляция инстанцияси суди ишни қайта расмийлаштириш учун биринчи инстанция судига юборишга ҳақли.


11. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланаётган ва апелляция инстанцияси суди мажлисида қатнашиш истагини билдирган маҳкумнинг унда иштирок этишини таъминлаш ушбу суднинг мажбурияти ҳисобланади. Шунинг учун жиноят иши келиб тушгандан сўнг маҳкумнинг апелляция инстанцияси судида иштирок этиш истагини билдирган ёки билдирмаганлиги аниқланиши ва натижасига қараб, уни суд мажлисига олиб келиш чоралари кўрилиши шарт.

Қўлланилган эҳтиёт чораси туридан қатъи назар, маҳкумнинг апелляция инстанцияси суди мажлисида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши жиноят-процессуал қонунининг жиддий бузилиши деб баҳоланади ва суд ажримининг бекор бўлишига сабаб бўлади.


12. ЖПК 480-моддасининг биринчи қисми мазмунига кўра апелляция инстанцияси суди мазкур инстанцияда давлат айбловини қувватлаш ваколатига эга бўлган прокурорни ҳар бир иш бўйича олдиндан хабардор этиш чораларини кўриши шарт.


13. Апелляция инстанцияси суди мажлисида иштирок этишга ҳуқуқи бор шахслар доираси қонунда белгиланган (ЖПК 479-моддасининг тўртинчи қисми).

Ишнинг кўрилиш жойи, санаси ва вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор этилган шахсларнинг узрли сабабларсиз суд мажлисига келмаслиги уни кўриш учун тўсиқ бўлмайди.

Айни пайтда, қонунга кўра апелляция инстанцияси судида прокурорнинг иштироки шарт бўлиб, бундай ҳолда, ЖПК 25-моддасининг биринчи қисми ҳамда 51-моддаси биринчи қисмининг 6-банди мазмунидан келиб чиқиб, ушбу инстанцияда ҳимоячининг иштироки ҳам таъминланиши шарт (ЖПК 52-моддасида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно). Шу сабабли прокурор ёки ҳимоячи келмаган ҳолларда ишнинг муҳокамаси кейинга қолдирилиши керак.


14. Апелляция инстанцияси суди холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафларга ўз процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишлари учун зарур шароит яратиб бериши шарт.

Апелляция инстанцияси судида ишнинг муҳокамаси, ЖПК 497-11-моддаси ва 497-12-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган истисноларни инобатга олган ҳолда, биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари асосида олиб борилади.


15. Апелляция тартибида иш юритишнинг кассация тартибидан фарқли хусусияти шундан иборатки, апелляция инстанцияси суди тўлиқ суд тергови ўтказиши, шу жумладан, биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далилларни текшириб чиқиши ва уларга суд мажлисида аниқланган янги ҳолатлар натижасига кўра ҳуқуқий баҳо бериши мумкин (ЖПК 490-моддасининг учинчи қисми).

Апелляция инстанцияси суди тарафларнинг илтимосномаларини (янги гувоҳларни сўроқ қилиш, экспертизалар ўтказиш, ашёвий далиллар ва ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва бошқалар ҳақида), улар биринчи инстанция суди томонидан рад этилганлиги сабаблигина рад этишга ҳақли эмас. Зарур ҳолларда суд қўшимча далилларни талаб қилиб олишда ташаббус кўрсатиши лозим.

ЖПК 481-моддасига мувофиқ қўшимча материаллар суд томонидан тергов органларига муайян тергов ҳаракатларини ўтказиш тўғрисида топшириқ бериш йўли билан ҳам олиниши мумкин. Бу ҳақда апелляция инстанцияси суди ажрим чиқаради, ишнинг муҳокамаси эса кейинга қолдирилади.


16. Апелляция шикоятида процесс иштирокчиларининг суд мажлиси баённомасида қайд этилган кўрсатувлари уларнинг биринчи инстанция судида аслида берган кўрсатувларига мос эмаслиги тўғрисида келтирилган важлар бу шахсларни апелляция инстанцияси суди мажлисида сўроқ қилиш йўли билан текширилиши мумкин.


17. Апелляция инстанцияси судида тарафлар музокаралари ЖПК 449-моддаси қоидаларига мувофиқ ўтказилади.

Иш бўйича бир неча апелляция шикояти (протести) мавжуд бўлганда, биринчи бўлиб айблов тарафига тегишли процесс иштирокчилари сўзга чиқади.


18. Қонунга кўра, апелляция инстанцияси суди мажлисида иштирок этаётган судланувчига охирги сўз берилмаслиги жиноят-процессуал қонунининг жиддий бузилиши саналади ва апелляция инстанцияси ажримининг бекор бўлишига сабаб бўлади.


19. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари қанчалик тўғри аниқланганлигини, моддий ва процессуал қонун нормалари қанчалик тўғри қўлланилганлигини текширади.

Апелляция инстанцияси суди жиноят ишини шахс судланган ёки оқланган айблов доирасида кўриб чиқади. Бироқ шикоят (протест) ким томонидан берилганлигидан қатъи назар, ЖПК 494-моддасига мувофиқ, суд ўз қарори билан жазони кучайтиришга, шунингдек оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллашга ҳақли эмас.


20. ЖПК 482-моддасига мувофиқ апелляция инстанцияси суди шикоят(протест)да баён этилган важлар билангина чегараланмасдан, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини тўла ҳажмда (тафтиш тартибида) текширишга мажбур.

Иш бўйича бир неча маҳкум (оқланган шахс) ўтган бўлиб, ҳукм устидан улардан айримлари шикоят берган ҳолларда ҳам, апелляция инстанцияси судида иш барча маҳкумларга (оқланган шахсларга) нисбатан кўрилади.

Бироқ, агар бу маҳкум (оқланган шахс) аҳволининг оғирлашувига олиб келса, прокурор протести ёки жабрланувчининг шикояти бўлмаган ҳолларда, суд шикоят(протест)да келтирилган важлар доирасидан четга чиқишга, шунингдек апелляция шикояти бермаган маҳкумлар (оқланган шахслар)га нисбатан ишни кўришга ҳақли эмас (ЖПК 494-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари).

Апелляция инстанциясида ишнинг тафтиш тартибида текширилиши суд қарори устидан апелляция шикояти бермаган процесс иштирокчиларини (агар уларга нисбатан ҳукм ўзгартирилган бўлса) кассация шикояти (протести) бериш ҳуқуқидан маҳрум қилади, чунки бунда ҳар доим апелляция инстанцияси ажримининг қонунийлиги ва асослилиги шубҳа остига олинади. Бундай ҳолларда шикоят (протест) назорат тартибида кўриб чиқилиши керак.


21. Қандайдир сабабга кўра айрим маҳкумларга нисбатан қонунда белгиланган муддатда берилган апелляция шикояти (протести) бошқа маҳкумларга нисбатан иш кўрилгандан сўнг келиб тушса ёки ўтказиб юборилган муддат ЖПК 497-5-моддаси тартибида тикланса ёхуд маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг ёки қонуний вакилининг апелляция шикояти шу маҳкумга нисбатан процесснинг бошқа иштирокчиси томонидан берилган шикоят (протест) кўрилгандан сўнг келиб тушса, апелляция инстанцияси суди ЖПК 497-17-моддасида белгиланган қоидаларга риоя қилиши керак.


22. Апелляция инстанцияси, агар чиқарилган ҳукм ЖПК 455-моддаси талабларига мувофиқ эканлигини аниқласа, уни ўзгаришсиз қолдиради.

Ҳукмни ўзгаришсиз қолдирганда апелляция инстанцияси қуйидагиларга ҳақли:

ЖПК 533-моддаси биринчи қисми учинчи бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда - ҳукмнинг ижросини кечиктиришга;

амнистия актини қўллашга.


23. ЖПК 484-моддасида ҳукм бекор қилиниши ва ўзгартирилиши учун умумий асослар белгиланган бўлиб, апелляция инстанцияси суди, ишнинг муайян ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда, уларни у ёки бу тарзда қўллаши мумкин.

Ҳукм қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши шарт, агар:

дастлабки ёки суд тергови тўлиқ бўлмаса ёки бир ёқлама олиб борилган бўлиб, бироқ йўл қўйилган камчиликлар тўлдирилганидан сўнг апелляция инстанцияси суди жиноят квалификацияси ўзгартирилиши зарурлиги ҳақида хулосага келса;

ҳукмда баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ бўлмай, бироқ апелляция инстанцияси суди маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмай туриб, уларга тегишли баҳо бера олса;

иш бўйича Жиноят-процессуал кодекси нормалари бузилган бўлиб, бироқ уларнинг апелляция инстанциясида бартараф этилиши ҳукмнинг ўзгартирилишига олиб келса;

суд томонидан Жиноят кодекси нормалари нотўғри қўлланилган бўлиб, бироқ апелляция инстанцияси суди бу хатони маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмай туриб тузатиши мумкин бўлса;

суд томонидан номуносиб оғир жазо тайинланган бўлиб, апелляция инстанцияси суди ўз ваколати доирасида уни енгиллатишга ҳақли бўлса.

Апелляция инстанцияси судида камчиликларни тўлдириш ва процессуал қонун бузилишини бартараф этиш имконияти бўлмаса, ҳукм барча ҳолларда бекор қилиниши шарт.


24. Апелляция инстанцияси суди ҳукмни ўзгартириш учун асослар мавжуд бўлганда қуйидагиларга ҳақли:

қилмишни Жиноят кодексининг бошқа моддасига (бир неча моддаларига) қайта квалификация қилишга, агар бу маҳкумга ҳукмда баён қилинганидан жиддий фарқ қиладиган айблов қўйилишига ёки унга оғирроқ жазо тайинланишига олиб келмаса;

ҳукмдан айбловнинг бир қисмини (айрим эпизодларини) ёки маҳкумнинг жавобгарлигини оғирлаштирувчи белгиларни чиқаришга;

ҳукмдан жиноятларнинг идеал мажмуи тариқасида қилмишни нотўғри баҳолаш туфайли ортиқча эълон қилинган Жиноят кодекси моддасини чиқаришга;

ЖК 70-72-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда - маҳкумни жазодан озод қилишга;

Жиноят кодекси Махсус қисми моддаси санкцияси доирасида ёки шу Кодекс 57-моддасини қўллаган ҳолда жазо миқдорини камайтиришга ёки бошқа енгилроқ жазо (асосий ва қўшимча) тайинлашга;

жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаш миқдорини кўпайтириш ёки камайтиришга, шунингдек ушбу масала биринчи инстанция суди томонидан ҳал этилмаган ҳолларда - бундай зарарни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилишга, башарти бунда жиноят квалификациясини маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган томонга ўзгартириш зарурати юзага келмаса;

маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга ёки ҳукмдан уни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги қарорни чиқаришга;

маҳкумга нисбатан жазони ижро этиш колониясининг бошқа, шу жумладан, қаттиқроқ турини белгилашга.


25. Асосий жазо енгиллаштирилганда, шу жумладан, ЖК 57-моддаси қўлланилганда ҳам, апелляция инстанцияси суди ҳукмнинг қўшимча жазо тайинлаш ҳақидаги қисмини ўзгаришсиз қолдириши мумкин.


26. ЖПК 494-моддаси биринчи қисми талабларига риоя этган ҳолда маҳкумнинг қилмишини Жиноят кодексининг бир моддасидан икки ва ундан ортиқ моддаларига қайта квалификация қилганда, апелляция инстанцияси суди ҳукмга тегишли ўзгартиришлар киритиши ва ЖК 59-моддасида белгиланган қоидага мувофиқ жазо тайинлашга ҳақли. Бунда янги жазо ҳукм бўйича тайинланган жазодан оғирроқ бўлиши мумкин эмас.

Агар Жиноят кодексининг бир моддаси билан квалификация қилиниши шарт бўлган икки ёки ундан ортиқ қилмиш Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан нотўғри квалификация қилинган бўлса, апелляция инстанцияси суди ушбу қилмишларни енгилроқ жиноят тўғрисидаги моддага қайта квалификация қилиб, унинг санкцияси доирасида биринчи инстанция суди томонидан мазкур модда бўйича тайинланган жазодан оғирроқ, бироқ узил-кесил тайинланган жазо миқдоридан кўп бўлмаган жазо белгилашга ҳақли.


27. Биринчи инстанция суди томонидан жазоларни қоплаш принципи (ЖК 59-моддасининг учинчи қисми) нотўғри қўлланилганлиги аниқланганда, апелляция инстанцияси, жазоларни қўшиш принципига ўтиши мумкин. Бунда янги жазо ҳукм бўйича тайинланган узил-кесил жазо миқдоридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


28. Бошқа эпизодлар билан умумий квалификация қилинган бир ёки бир неча эпизод (масалан, бир неча марта пора олганлик) бўйича иш ҳолатлари тўлиқ текширилмаган деб топилганда, агар уларни ҳукмдан чиқариш учун етарли асослар ёки йўл қўйилган камчиликларни тўлдириш учун имконият бўлмаса, апелляция инстанцияси ҳукмни бекор қилиб, ишни тўлиқ ҳажмда янгидан кўриш учун юбориши керак.

Агар маҳкум Жиноят кодексининг турли моддалари бўйича квалификация қилинган бир неча жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган бўлиб, улардан ҳар бирини алоҳида кўриш имконияти бўлса, апелляция инстанцияси суди ҳукмнинг бир ёки бир неча жиноятга оид қисмини бекор қилиб, ишнинг шу қисмини янгидан кўришга юбориши ёки қўшимча терговга қайтариши, айни пайтда, ўша маҳкумга нисбатан ҳукмнинг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдириши мумкин.

Агар апелляция инстанцияси суди ҳукмнинг маҳкумлардан бирига доир қисмини бекор қилиб, ишнинг шу қисмини янгидан судда кўришга юбориш ёки қўшимча терговга қайтариш тўғрисида фикрга келса ва ишнинг шу қисмини ЖПК 332, 416, 417-моддалари мазмунидан келиб чиқиб ажратишнинг имкони бўлмаса, ҳукм тўла ҳажмда бекор қилиниши керак.


29. Жиноят-процессуал қонуни нормаларининг ҳукм сўзсиз бекор қилинишига сабаб бўладиган даражада жиддий бузилиши тушунчаси ЖПК 487-моддасида кўрсатилган. Бундай қонун бузилишини аниқлаганда, апелляция инстанцияси суди жиноят иши кимнинг шикояти (протести)га кўра кўрилаётганлигидан қатъи назар, йўл қўйилган қонун бузилиши дахл этган барча маҳкумларга нисбатан ҳукмни бекор қилиши шарт.

Шуни назарда тутиш лозимки, жиноят-процессуал қонуни нормалари жиддий бузилганлигининг аниқланиши апелляция инстанцияси судини шикоят, протестда келтирилган бошқа важларни ҳам (айбловнинг исботланганлиги, квалификациянинг тўғрилиги, жазонинг адолатлилиги тўғрисида ва ҳ.к.) мазмунан кўриб чиқиш ва улар бўйича ажримда тегишли хулоса чиқариш мажбуриятидан озод этмайди.

Жиноят иши бўйича йўл қўйилган жиноят-процессуал қонунининг жиддий бузилиши ҳоллари апелляция инстанцияси суди томонидан ҳукм бекор қилиниб, оқлов ҳукми чиқарилишига ёки ишнинг ЖПК 84-моддасига мувофиқ тугатилишига тўсиқ бўлмайди.


30. Шахсни жиноий жавобгарликдан озод этишни назарда тутувчи амнистия актига зид равишда ёки жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтгандан сўнг жиноят иши қўзғатилган ҳолларда, ҳукм, гарчи унда маҳкум жазодан озод қилинган бўлса-да, бекор қилиниб, иш тугатилиши керак.

Агар апелляция инстанцияси маҳкумнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг бошқа моддасига қайта квалификация қилиш кераклиги тўғрисида хулосага келса ва бу модда шахсни жазодан озод этишни назарда тутувчи ёки жазо қўлланилишини истисно этувчи амнистия акти таъсири доирасига тушса, апелляция инстанцияси биринчи инстанция суди қабул қилиши шарт бўлган қарор чиқариши керак. Маҳкумнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг бошқа моддасига қайта квалификация қилиниб, бу модда бўйича шахс ЖПК 463-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди ҳамда учинчи қисмининг 2 ва 5-бандларига мувофиқ жазодан озод қилиниши лозим бўлган ёки унга нисбатан жазо тайинланиши истисно этилган ҳолларда ҳам шундай қарор қабул қилиниши лозим.


31. Агар амнистия акти биринчи инстанция суди томонидан қўлланилиши мумкин бўлмаган маҳкумга нисбатан қўлланилган бўлса, апелляция инстанцияси, жабрланувчининг шикояти ёки прокурор протести бўлган тақдирда, ҳукмнинг жазо тайинлаш қисмини бекор қилиб, ишни янгидан кўришга юбориши лозим.

Бироқ, агар апелляция инстанцияси амнистия акти қўлланилган ҳолда ҳукмда тайинланган жазо амнистия акти қўлланилмаган ҳолда ҳам маҳкум учун етарли деб топса, ишни янгидан кўриш учун юбормасдан, ҳукмни ўзгартиришга - ундан амнистия актини қўллаш ҳақидаги хулоса ва қарорни чиқариб, ҳукмда амнистия акти қўлланилган ҳолда тайинланган жазони қолдиришга ҳақли.


32. ЖПК 494-моддасининг иккинчи қисми мазмунига кўра, ҳукм апелляция инстанцияси суди томонидан маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга фақат жабрланувчи (унинг вакили)нинг шикоятида, прокурор протестида кўрсатилган асослар бўйича бекор қилиниши мумкин. Масалан, шикоят (протест)да фақат маҳкумнинг ҳаракатлари нотўғри квалификация қилинганлиги тўғрисидаги масала қўйилган бўлса, суд ҳукмни жазонинг енгиллиги сабабли бекор қилишга ҳақли эмас.

Жиноят процесси бошқа иштирокчилари (ўзга маҳкумлар ёки улар ҳимоячилари)нинг оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллаш зарурлиги ёки жазонинг енгиллиги тўғрисидаги шикоятлари ҳукмни маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга бекор қилиш учун сабаб бўла олмайди.


33. Апелляция инстанцияси суди ҳукмни бекор қилганда қуйидагиларга ҳақли:

ЖПК 83-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, оқлов ҳукми чиқаришга;

ЖПК 84-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ишни тўлиқ ҳажмда ёки мустақил квалификация қилинган айблов қисми бўйича тугатишга;

ЖПК 484-моддасида назарда тутилган асослар бўйича ишни янгидан судда кўришга юборишга, башарти апелляция суди томонидан ЖПК 497-13-моддаси иккинчи қисмининг талабларини бажаришнинг имкони бўлмаса;

ЖПК 419-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ишни қўшимча тергов юритиш учун қайтаришга.


34. Апелляция инстанцияси суди ишни янгидан судда кўришга ёки қўшимча терговга юбориш пайтида айбловнинг исботланганлиги ёки исботланмаганлиги, у ёки бу далилнинг ишончли ёки ишончсизлиги, айрим далилларнинг бошқа далиллардан устунлиги, жиноятнинг квалификацияси ва жазо тўғрисида дастлабки тергов органлари ва суд томонидан чиқариладиган хулосаларни олдиндан ҳал қилувчи кўрсатмалар беришга ҳақли эмас.

Апелляция инстанцияси суди, ҳукмни бекор қилиб, ишни янгидан судда кўришга юбораётганда, ўз ажримида қандай ҳолатлар ҳукмнинг бекор қилинишига асос бўлганлигини ва йўл қўйилган қонун бузилиши қандай бартараф этилиши кераклигини кўрсатиши шарт.

Ҳукмни бекор қилиб, ишни қўшимча тергов юритиш учун юбораётганда, суд, дастлабки тергов органи томонидан қандай ҳолатлар аниқланиши шартлигини кўрсатиши керак.


35. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, оқлов ҳукмининг асоси бу ҳақда шикоят (протест) берилган ҳолдагина ўзгартирилиши мумкин.

Оқлов ҳукми апелляция инстанцияси суди томонидан, фақат, шахснинг асоссиз оқланганлиги тўғрисида жабрланувчи (унинг вакили)нинг шикояти ёки прокурорнинг протести бўлган ҳолда бекор қилиниши мумкин.

Айрим оқланган шахсларга нисбатан шикоят (протест) берилиши бошқа оқланган шахсларга нисбатан ҳукмнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлмайди.


36. Агар маҳкум ўзи ёки процесснинг бошқа иштирокчилари томонидан апелляция шикояти (протести) берилгандан сўнг, бироқ иш апелляция инстанциясида кўрилгунга қадар вафот этса, иш юритиш умумий асосларда давом эттирилади.

Марҳумни реабилитация қилиш учун асослар бўлган тақдирда апелляция инстанцияси суди айблов ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаради, бошқа ҳолларда эса, ҳукмни бекор қилиб, ушбу шахсга нисбатан жиноят ишини ЖПК 84-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мувофиқ тугатади.

Иш тугатилганда ашёвий далиллар тақдири ҳақидаги масала ЖПК 211-моддасига мувофиқ, уларнинг тегишлилиги тўғрисида низо келиб чиққанда эса - фуқаролик иш юритув тартибида кўрилиши мумкин. Марҳумнинг ҳаракатлари билан етказилган зарарни ундириш масаласи ҳам жабрланувчи ёки прокурор томонидан марҳумнинг ворисларига ёки унинг мулкини бошқариш ҳуқуқини ўзига олган шахсга нисбатан қўзғатилган даъво бўйича фуқаролик иш юритув тартибида кўрилади.


37. Апелляция инстанцияси судининг ажрими ЖПК 496-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши, жумладан, унда апелляция шикояти (протести)да келтирилган ҳар бир важ муҳокама этилиб, унинг асослилиги ёки асоссизлиги юзасидан хулосалар баён этилиши шарт.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими у эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижрога қаратилиши шарт.


38. ЖПК 298-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, шунингдек суриштирув, дастлабки тергов юритилган ёки суд муҳокамаси вақтида қонун бузилишига йўл қўйилганлигини аниқлаган тақдирда, апелляция инстанцияси суди хусусий ажрим чиқариш йўли билан тегишли орган ёки мансабдор шахснинг эътиборини бунга жалб этиши мумкин.

Суд қарори ўзгаришсиз қолдирилганда, апелляция инстанцияси суди унинг қонунийлиги ва асослилигини шубҳа остига олувчи хусусий ажрим чиқаришга ҳақли эмас.


39. Одил судлов сифатини ошириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларга ишларнинг апелляция инстанциясида синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқилиши учун қонунда берилган барча имкониятлардан фойдаланиш тавсия этилсин.


40. Мазкур қарор қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 1 июндаги "Жиноят ишларини апелляция, кассация ва назорат тартибида кўриш амалиёти ҳақида"ги 5-сонли қарорининг ишларни апелляция тартибида кўриш юзасидан берилган тушунтиришлар қисми ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

вазифасини бажарувчи                                                           Н. Ташматов



Пленум котиби

вазифасини бажарувчи,

Олий суд судьяси                                                                     М.Ҳасанов




Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ахборотномаси 2006 й., 1-сон.