Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.07.2009 й. 8-сон "Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.07.2009 й.

N 08


ФИРИБГАРЛИККА ОИД ИШЛАР БЎЙИЧА

СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Фирибгарликка оид ишлар бўйича ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ мулк унинг барча шаклларида дахлсиздир ва унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.


2. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятлар кенгайиши тенденцияси кузатилмоқда.


3. Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ҳақ тўламай эгаллашда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулк эгаси ёки бошқа шахс ёхуд ваколатли ҳокимият органи мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради.


4. Жиноят кодекси 168-моддаси диспозициясига мувофиқ фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулк эгаси ёки бошқа шахсга маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд мулк эгаси ёки бошқа шахсни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади.

Фирибгарликда ёлғон маълумотларга жабрланувчини янглиштиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар, жумладан, юридик факт ва воқеалар, мулкнинг сифати, нархи, айбдорнинг шахси, унинг ваколати, нияти (масалан, айбдор шахс ўзини мансабдор шахс ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида кўрсатиши) тааллуқли бўлиши мумкин.

Фирибгарликда жабрланувчини янглиштиришга қаратилган қасддан содир этиладиган ҳаракатлар жумласига, масалан, битим ёки тўлов предметини сохталаштириш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўйнаш чоғида алдов усулларини қўллаш ва ҳ.к. киради.


5. Фирибгарликда ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдор томонидан мулк эгаси ёки мулкни учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган бошқа шахслар билан бўлган ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилиши лозим. Ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг жабрланувчи билан шахсий ёки қариндош-уруғлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин.


6. Судларга тушунтирилсинки, фирибгарликда алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни айбдор мулкдорлиги ёки эгалигига ихтиёрий равишда берадиган ақли расо шахсга нисбатан содир этилган бўлиши шарт. Айбдор томонидан, била туриб, ақли норасо шахсни ёки воқелик моҳиятини англаш қобилиятига эга бўлмаган (масалан, ўта ёшлиги, руҳий жиҳатдан норасолиги, алкогол, гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда таъсирида оғир даражада мастлиги туфайли) шахсни алдаш ва ундан мулкни олиш фирибгарлик тариқасида эмас, балки ўғрилик сифатида квалификация қилиниши лозим, чунки бундай ҳолларда шахс мулк унинг эгалигидан чиқиб кетаётганлигини англамайди.


7. Мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади. Қонунга кўра, шахс банкдаги пул маблағларини улар унинг банкдаги ҳисоб варақасига келиб тушган (ўтказилган) пайтдан бошлаб реал тасарруф қилиш имкониятига эга бўлганлиги туфайли, жиноят бу маблағлар уларни маблағ эгаси ҳисоб варақасидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан олган шахснинг ёки бошқа шахснинг банкдаги ҳисоб варақасига ўтказилган пайтдан тугалланган деб топиш лозим.

Ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни эгаллашга қаратилган фирибгарлик айбдорда ўзганинг мулкига эгалик қилиш ёки тасарруф этиш учун юридик жиҳатдан тасдиқланган имконият пайдо бўлган пайтдан (масалан, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ёки қонунга мувофиқ рўйхатга олиниши шарт бўлган бошқа мулкка нисбатан ҳуқуқ рўйхатга олинган пайтдан; шартнома тузилган вақтдан; мулкка нисбатан шахснинг ҳуқуқи тан олинган суд қарори кучга кирган кундан; ваколатли давлат органи айбдорда ёки бошқа шахсларда мулкка нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш учун асослар мавжудлиги тўғрисида қарор қабул қилган кундан) тугалланган ҳисобланади.


8. Агар шахс ўзганинг мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни мазкур мулк ёки ҳуқуқ унга берилиши шарти билан боғлиқ мажбуриятларни бажармаслик ниятида олган ёки эгаллаган бўлса, қилмиш айбдорда ўзганинг мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни қўлга киритишга нисбатан қасд фақат ўзганинг мулки ёки унга бўлган ҳуқуқ қўлга киритилгунга қадар пайдо бўлган ҳолдагина фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим. Ўзганинг мулкини талон-торож қилишга қаратилган қасд мавжудлиги тўғрисида, жумладан, айбдор томонидан сохта ҳужжат ёки кафолат хатларидан фойдаланиш, қарз мавжудлиги ёки мулк гаров остидалиги тўғрисидаги маълумотни яшириш, битимда тарафлардан бири сифатида иштирок этиши учун сохта корхона (ташкилот) тузилиши, кредит маблағларидан мақсадга зид фойдаланиш ёхуд уларни нақдлаштириш кабилар гувоҳлик бериши мумкин. Қайд этилган ҳолатлар суд шахснинг фирибгарлик содир этишда айбдорлиги тўғрисида олдиндан хулосага келиши учун ўз-ўзидан асос бўлмайди, шу туфайли, шахснинг ўз мажбуриятларини била туриб бажариш нияти бўлмаганлиги ҳар бир муайян ҳолда ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиқиб аниқланиши шарт.

Агар айбдорда ўзганинг мулкини қўлга киритишга нисбатан қасд мулк олингандан кейин пайдо бўлган бўлса, қилмиш ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш сифатида квалификация қилиниши лозим.


9. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятлар (масалан, қонунга мувофиқ тузилган қарз, кредит, аренда, прокат, пудрат, омонат сақлаш ва ҳ.к.)ни бажармаганлик учун жавобгарлик, башарти шахсниниг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, фуқаролик қонунчилиги нормалари бўйича келиб чиқади. Шу муносабат билан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаган шахсларга нисбатан ишларни кўришда, судлар жиноят ишини жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли тугатиш масаласини муҳокама этишлари ҳамда манфаатдор шахсларга бундай масалалар фуқаролик ёки хўжалик суд ишларини юритиш тартибида ҳал қилиниши зарурлигини тушунтиришлари лозим.


10. Тақдим этувчига бериладиган қимматли қоғозларни, яъни уларни ушлаб турган ҳар қандай шахс уларда тасдиқланган ҳуқуқни амалга ошириши мумкин бўлган қимматли қоғозлар (облигация, акция, тақдим этувчига бериладиган омонат дафтарчаси ёки қонунга кўра қимматли қоғозлар қаторига киритилган бошқа ҳужжатлар)ни яширин равишда талон-торож қилиш фирибгарлик таркибини ташкил этмайди. Қилмиш бундай ҳолларда ўзганинг мулкини ўғирлаш сифатида квалификация қилиниши лозим.

Ўзганинг пул маблағларини ўғирланган (қалбакилаштирилган) кредит ёки ҳисоб картасидан фойдаланган ҳолда талон-торож қилиш, агар нақд пул маблағлари банкомат воситасида амалга оширилган бўлса, ўзганинг мулкини ўғирлаш сифатида квалификация қилиниши лозим. Бироқ ўзганинг банкдаги ҳисобида турган пул маблағларини ўғирланган (қалбакилаштирилган) кредит ёки ҳисоб картасидан фойдаланган ҳолда талон-торож қилиш, фақат шахс кредит, савдо ёки сервис ташкилотининг ваколатли ходимини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан янглиштирган ҳолдагина (масалан, савдо ёки сервис марказида товарларга ёки хизматларга ҳақ тўлаш учун банк картасидан фойдаланган ҳолда шахс харид чиптасига картанинг қонуний эгаси ўрнига имзо қўяди ёки унинг номига қалбакилаштирилган паспорт тақдим этади) фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим.


11. Ижтимоий тўлов, нафақа, бошқа пул тўловлари (масалан, компенсациялар, суғурта тўловлари)ни ёки бошқа мулкнинг содир бўлиши қонунга кўра тўловлар ёки мулкни олиш учун асос бўладиган ҳолатлар мавжудлиги (жумладан, олувчининг шахси, ногиронлиги, боқимандалари борлиги, уруш ҳаракатларида қатнашганлиги, ишга жойлаштириш имконияти йўқлиги, суғурта ҳодисаси рўй берганлиги) тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилишга ваколатли ижро ҳокимияти, маҳаллий ўзини-ўзи бошқарув органлари, муассаса ёки ташкилотларга, била туриб, ёлғон маълумотлар тақдим этиш йўли билан олиш фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим.

Ижтимоий тўлов, нафақа ёки бошқа пул тўловларини мазкур тўловларни олиш учун қонуний асослар тугаганлиги тўғрисида тегишли органларга қасддан хабар бермай, уларни олишни давом эттирган шахснинг ҳаракатлари ҳам шу тарзда квалификация қилиниши керак.


12. Фирибгарлик жиноятидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш жиноятини (ЖК 170-моддаси) фарқлаш лозим. Сўнгги ҳолда шахс ўзганинг мулкини бевосита олиб қўймасдан ва унга нисбатан ҳуқуққа эга бўлмасдан, қонунга (шартномага) кўра мулкдор эгалиги ёки тасарруфига ўтиши лозим бўлган товар-пул қимматликларини ўзлаштиради ва улар ҳисобига бойийди.

Мулкий хусусиятдаги ғайриқонуний фойда олиш мақсадида алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш, мисол учун, шахс томонидан қонунчиликда белгиланган тўловларни тўлашдан озод этувчи қалбаки ҳужжатларни тақдим этишда (ЖК 184-моддасида назарда тутилган ҳоллардан ташқари) ифодаланиши мумкин.


13. Алдов шахс томонидан ўзганинг мулкини қўлга киритишни енгиллатиш мақсадида ишлатилган бўлиб, мулкни олиб қўйиш жараёнида мулк эгаси ёки бошқа шахс унинг асл ниятини сезиб қолган, айбдор буни англаса-да, бироқ мулк эгасининг эркига зид равишда мулкни олишни ёки ушлаб туришни давом эттирган ҳолларда, қилмиш талончилик сифатида квалификация қилиниши лозим (масалан, шахс мобил телефонни унинг эгасидан вақтинча фойдаланиш учун сўраб олиб, сўнгра талон-торож қилинган телефон билан яширинган ҳолда).


14. Фирибгарлик йўли билан корхона, муассаса, ташкилотлар мулкини талон-торож қилиш учун жиноий жавобгарлик, фақат, талон-торож қилинган мулк суммаси МжТК 61-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган миқдордан ошган ҳолдагина келиб чиқади (жумладан, квалификация белгилари мавжуд бўлганда ҳам).

Агар фирибгарлик йўли билан талон-торож қилинган корхона, муассаса, ташкилотлар мулки суммаси энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг ўттиз бараваридан ошмаса, маъмурий ҳуқуқбузарлик мавжуд бўлади. Бундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда ҳам, агар талон-торож миқдори энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг ўттиз бараваридан ошмаса, маъмурий жавобгарлик келиб чиқади. Бунда оз миқдорда талон-торож неча марта содир этилганлиги аҳамият касб этмайди.

15. Шуни таъкидлаш жоизки, қонунга кўра фуқаролар мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилганлик учун жиноий жавобгарлик талон-торож миқдоридан қатъи назар келиб чиқади. Айни пайтда, талон-торож миқдори энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг ўттиз бараваридан ошмаган ҳар бир ҳолда суриштирув, тергов органлари ва судлар айбланувчи (судланувчи)нинг шахсига ва моддий зарар қопланишига оид маълумотларни инобатга олган ҳолда жиноят ишини ЖК 65 ва 66-моддаларига асосан тугатиш масаласини муҳокама этишлари шарт.

16. Жиноят предмети бўлган мулкнинг қийматини аниқлашда, унинг мулкдор томонидан қай йўсинда сотиб олинганлигига қараб, жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган ва тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган чакана, бозор ёки комиссион нархлардан келиб чиқиш лозим. Нарх мавжуд бўлмаганда ва талон-торож миқдори тўғрисида низо келиб чиққан ҳолларда, мулк қиймати эксперт хулосасига асосан аниқланади.

Айбдор томонидан талон-торожни яшириш мақсадида талон-торож қилинган мулк ўрнига бошқа, қиймати камроқ мулк алмаштириб қўйилган ҳолларда ҳам қилмиш талон-торож қилинган мулк қийматидан келиб чиққан ҳолда квалификация қилинади. Бунда талон-торож қилинган мулк ўрнига тақдим этилган мулк қиймати айбдордан моддий зарарни ундириш, шунингдек жазо тури ва миқдорини белгилаш чоғида ҳисобга олинади.


17. Айбдорнинг ҳаракатларида кўп ёки жуда кўп миқдорда фирибгарлик содир этилиши каби квалификация белгиси мавжудлиги тўғрисидаги масала Жиноят кодексининг саккизинчи бўлимида баён этилган тушунтиришларга мувофиқ ҳал этилиши лозим.

Бир неча эпизоддан иборат ва ягона қасд билан содир этилган давомли фирибгарлик содир этган шахснинг ҳаракатларини квалификация қилишда судлар талон-торож миқдорини жами талон-торож қилинган мулк қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқлашлари керак.

Агар айбдор томонидан бир эмас, балки бир неча фирибгарлик ҳаракатлари содир этилиб, уларнинг ҳар бирида ўзганинг мулкини олишга йўналтирилган мустақил қасд амалга оширилган бўлса, талон-торож қилинган мулк қийматини қўшиб ҳисоблашга йўл қўйилмайди.

Агар шахснинг қасди ўзганинг мулкини кўп (жуда кўп) миқдорда эгаллашга йўналтирилган бўлиб, у айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, қилмиш ҳақиқатда талон-торож қилинган мулк қийматидан қатъи назар, қасд мазмунидан келиб чиқиб, кўп (жуда кўп) миқдордаги фирибгарликка суиқасд сифатида квалификация қилиниши керак.


18. Судларга тушунтирилсинки, қалбаки ҳужжатдан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик, ҳужжат ким томонидан тайёрланган ёки сохталаштирилганлигидан келиб чиқиб, жиноятлар мажмуи тарзида ЖК 168-моддаси ва ЖК 228-моддаси тегишли қисми билан квалификация қилинади.

Шахс фирибгарлик мақсадида қалбаки ҳужжатдан фойдаланган, бироқ унга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра ўзганинг мулкини ололмай ёки мулкка нисбатан ҳуқуққа эга бўлолмай қолган ҳолларда қилмиш жиноятлар мажмуи тарзида ЖК 25-моддаси иккинчи қисми, ЖК 168-моддаси ва ЖК 228-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниши лозим.


19. Мансабдор шахс томонидан у мансаб ваколати йўқлиги ёки ўз хизмат мавқеидан фойдалана олмаслиги туфайли аслида амалга ошира олмайдиган муайян ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун пул, қимматли қоғоз ва бошқа моддий қимматликлар олиниши, унда мазкур қимматликларни эгаллашга нисбатан қасд мавжуд бўлган тақдирда, фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим.

Агар шахс (шу жумладан, мансаб ваколати йўқлиги ёки ўз хизмат мавқеидан фойдалана олмаслиги туфайли муайян ҳаракат (ҳаракатсизлик)ни аслида амалга ошира олмайдиган мансабдор шахс), гўёки мансабдор шахсга пора сифатида бериш учун пул ёки бошқа қимматликларни олиб, бироқ аслида бундай нияти бўлмасдан, уларни ўзлаштирса, қилмиш фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим. Агар қимматликларни эгаллаш мақсадида уларнинг эгаси айбдор томонидан пора беришга далолат этилган бўлса, унинг ҳаракатлари фирибгарликдан ташқари пора беришга далолат этиш сифатида қўшимча квалификация қилиниши лозим. Қимматликлар эгасининг ҳаракатлари эса, бундай ҳолларда, пора беришга суиқасд сифатида квалификация қилиниши керак.


20. Фирибгарлик натижасида олинган, шунингдек иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган жабрланувчига тегишли пул ва бошқа қимматликлар ЖПК 211-моддаси тўртинчи бандига кўра ўз эгасига қайтариб берилиши лозим, пул ва бошқа қимматликлар улар эгасининг ташаббуси билан, била туриб, пора предмети сифатида берилган ҳоллар бундан мустасно. Пул ва бошқа қимматликлар топилмаган ҳолларда уларнинг суммаси ёки пул бирлигидаги қиймати суд томонидан жабрланувчи фойдасига ундирилади.


21. Фирибгарликни иқтисодиёт соҳасидаги қатор жиноятлардан, шу жумладан, ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг бошқа шаклларидан фарқламоқ лозим.

Фирибгарликнинг ўғриликдан (ЖК 169-моддаси) фарқи шундаки, фирибгарликда айбдор мулкни ўзганинг эгалигидан олиб қўймайди, балки у томонидан янглиштирилган жабрланувчининг ўзи мулкни ёки мулкка бўлган ҳуқуқни беришига эришади.

Товламачиликдан (ЖК 165-моддаси) фирибгарлик шу билан фарқланадики, товламачиликда жабрланувчининг эрки синдирилган бўлади ва у қўрқув таъсири остида ҳаракат қилади, фирибгарликда эса алдов натижасида жабрланувчининг эрки янглишади.

Фирибгарлик жиноятидан ўтказиш мақсадида қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалари, шунингдек қимматли қоғозлар ёки чет эл валютаси ёхуд чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш (ЖК 176-моддаси) қасд йўналиши ва сохталаштириш хусусияти билан фарқланади. Бунда пул белгиси ёки чет эл валютаси пул айланмасига киритиш учун сохталаштирилади. Қимматли қоғозларни қалбакилаштириш билан боғлиқ фирибгарликда эса (масалан, пул купюрасига бир неча ноль рақамларини қўшиб ёзиш, сувенир банкнотларни, банкнот ёки қимматли қоғозларнинг фото-ксеронусхаларини ишлатиш ва ҳ.қ.) қасд муайян шахсни алдаш ва мулкий фойда олишга қаратилган бўлади.


22. Жиноят-процессуал кодексининг 415-моддаси талабларига риоя этган ҳолда суд айбловни ўзгартириши ва судланувчининг ҳаракатларини қонуннинг бошқа моддаси (қисми,банди)га квалификация қилишга, шунингдек жиноятнинг айрим эпизодларини (судланувчининг айбига киритилган ҳаракатлардан) қонуннинг у бўйича судланувчига айб эълон қилинмаган моддасига квалификация қилишга ҳақли, башарти янги модда диспозицияси оғирроқ жиноят аломатларини назарда тутмаса ва айблов иш бўйича эълон қилинган айбловдан фактик ҳолатлари жиҳатидан жиддий фарқ қилмаса.

Шундан келиб чиқиб, фирибгарлик ўзганинг мулкини талон-торож қилиш шаклларидан бири эканлигини, ўзганинг мулкини фирибгарлик, ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун моддалари (моддалари қисмлари) санкциялари айнан бир хиллигини инобатга олиб, суд ишни қўшимча тергов юритиш учун қайтармасдан айбдорнинг ҳаракатларини ЖПК 415-моддасига риоя этган ҳолда ЖК 167-моддасидан ЖК 168-моддасига ёки аксинча қайта квалификация қилишга ҳақли.


23. Фирибгарлик тўғрисидаги ишларни кўриш вақтида судлар иш бўйича жабрланувчи деб топилган шахс билан мутлақ фуқаролик муносабатларига киришган шахслар қонунга хилоф равишда жиноий жавобгарликка тортилиши ва судланишига йўл қўймаслик мақсадида зиддият иштирокчилари орасида мавжуд бўлган ҳақиқий муносабатлар хусусиятини синчковлик билан аниқлашлари зарур. Иш бўйича шахс қонунга хилоф равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги факти аниқланган ҳолда суд бунга тегишли муносабат билдириб, жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари мансабдор шахсларига нисбатан хусусий ажрим чиқариши керак.


24. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят ва унга тенглаштирилган судлар фирибгарлик тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича суд амалиётини вақти-вақти билан умумлаштиришлари, бу тоифадаги ишлар бўйича суд қарорлари қонунийлиги ва асослилигини чуқур текширишлари, йўл қўйилган қонун бузилишларини ўз вақтида бартараф этишлари лозим.


25. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 11-сонли “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноий ишлар бўйича суд амалиётида юзага келган айрим масалалар тўғрисида”ги қарорининг 13-банди ўз кучини йўқотган деб топилсин.



Олий суд раиси                                                            Б.М. Мустафаев



Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                         Ю.Э. Турсунбаев