Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 17.04.1998 й. 13-сон "Суднинг хал қилув қарори ҳақида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

17.04.1998 й.

N 13


СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ ҲАҚИДА


Суднинг ҳал қилув қарори низолашаётган тарафларнинг шахсий ҳуқуқлари ва қонун билан ҳимояланаётган манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим акти ҳисобланади. Бу эса судларга ҳал қилув қарорини қабул қилиш масаласига алоҳида масъулият ва эътибор билан ёндашиш лозимлиги мажбуриятини юклайди. Ҳар бир иш бўйича ҳал қилув қарори қонуний ва асослантирилган бўлиши лозим.

Аксарият фуқаролик ишлари бўйича ҳал қилув қарорлари судлар томонидан процессуал ва моддий қонун меъёрлари талабларига аниқ риоя қилинган ҳолда чиқарилмоқда.

Шу билан бирга судлар томонидан қабул қилинган баъзи ҳал қилув қарорлари уларнинг қонуний, асосли ва адолатли бўлиши лозимлиги билан боғлиқ талабларга жавоб бермайди. Айрим ҳал қилув қарорларида иш ҳолатлари тўлиқ ифода этилмаган, далиллар таҳлил қилинмаган, уларга баҳо бериш ва аниқланган ҳолатларни ҳуқуқий мушоҳада қилиш билан боғлиқ муҳим вазифалар амалга оширилмаган, низо бўйича суднинг хулосалари ҳар доим ҳам ишнинг ҳақиқий ҳолатларига тўғри келмайди. Моддий ҳуқуқ меъёрларини ноўрин татбиқ қилиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳамон давом этмоқда. Қатор суд қарорларида иш бўйича суд томонидан аниқланган ҳолатлар кўрсатилмайди ва ишнинг ҳолатидан келиб чиқадиган суднинг хулосалари мавжуд эмас, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида даъвони рад этилганлик, айниқса, уни қисман рад этилганлик асослари ҳар доим ҳам келтирилмайди, ҳал қилув қарорларининг хулоса қисми тушунарсиз баён этилганлиги сабабли уларни ижро этишда қийинчиликлар келиб чиқмоқда.

Баён этилган жиддий камчиликларни бартараф этиш ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг бир хилда қўлланишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми



ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори ҳар бир иш бўйича улар томонидан қабул қилинадиган ҳал қилув қарорлари тўлиқ равишда ФПКнинг 203-207-моддалари талабларига жавоб бериши, қонуний, асосли ва адолатли бўлиши лозимлигига қаратилсин.

Ҳал қилув қарорларини қабул қилишда судьялар ишларни қонун асосида ишнинг ҳолатига мувофиқ, судьяларга четдан таъсир кўрсатмайдиган шароитда ҳал қилишлари лозимлиги тўғрисидаги ФПКнинг 7-моддасидаги талабларга қатъий риоя этишга мажбурдирлар.


2. Ҳал қилув қарори процессуал ҳуқуқ меъёрларига қатъий риоя қилинган ва шу ҳуқуқий муносабатларга татбиқ қилиниши лозим бўлган моддий ҳуқуқ меъёрларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда чиқарилгандагина қонуний бўлиб ҳисобланишини судлар назарда тутмоқлари лозим.

Ҳал қилув қарори зарур ҳолларда ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи иш муомаласи одатлари, маҳаллий одат ва анъаналарда вужудга келган қонун меъёрлари ёхуд фуқаролик қонунчилигининг умумий асослари ва маъносидан келиб чиққан ҳолда асосланиши мумкин (ФКнинг 5, 6-моддалари, ФПКнинг 12-моддаси).

Фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган ва жавобгарлик белгилайдиган меъёрларнинг ўхшашлик бўйича қўлланишига йўл қўйилмайди.


3. Суд иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун қонунда кўрсатилган барча чораларнинг кўрилиши мажбур, ҳал қилув қарорида ишнинг ҳолатлари ҳақида баён этилган суднинг хулосалари, тарафларнинг ҳақиқий ўзаро муносабатларига тўғри келмоғи лозим. Ҳал қилув қарорида иш учун ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган ҳамма ҳолатлар баён этилган, тегишли далиллар келтирилган ва иш бўйича аниқланган ҳолатлар ҳамда тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари бўйича тўғри хулосага келинган тақдирдагина, у асосли бўлиб ҳисобланади. Ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тўғрисидаги суднинг хулосаси ҳал қилув қарорида ФПКнинг 56-моддасида кўзда тутилган исботлаш воситаларига кўра асослантирилади. Ҳал қилув қарори ФПКнинг 58, 59-моддаларида белгиланган далилларнинг дахлдорлиги ва исботлаш воситаларига йўл қўйилиши ҳақидаги қоидалар эътиборга олинган ҳолда асослантирилади.


4. Ишнинг судда кўрилишининг бевоситалилиги ФПКнинг 11-моддасига кўра унинг асосий принципларидан бири эканлигини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилув қарори ишни кўрган суд томонидан фақат текширилган далилларга кўрагина асослантирилиши лозим. Бунда суд ҳал қилув қарорида иш учун аҳамиятга эга у ёки бу ҳолатлар тасдиқланадиган далилларнинг кўрсатиб ўтилиши билан чегараланмасдан, балки бу далилларнинг мазмунини баён этмоғи шарт.

Агар суд ҳар бир далилларга алоҳида ва уларнинг йиғиндисида баҳо бериб, тақдим этилган у ёки бу ҳужжатлар, гувоҳларнинг кўрсатувлари, бошқа фактик маълумотлар тарафлар ўзларининг талаб ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларининг тасдиқланмаганлигини аниқласа, у ҳал қилув қарорида бу хусусдаги ўзининг хулосасини ишонарли тарзда асосламоғи лозим.

Жавобгар даъвони тан олган ҳолатларда суд мажлисида аниқланган ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилув қарорида бунга баҳо берилиши керак. Агар суд жавобгарнинг даъвони тан олиши қонунга зид эканлигини ёки бошқаларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, уни қабул қилишга ҳақли эмас.


5. Агар далилларни тўплаш ишни кўраётган суд томонидан амалга оширилмаган бўлса (Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 65, 67, 69, 74, 79-моддалари), улар ўқиб эшиттирилган ва суд мажлисида кўриб чиқилгандагина ва уларда мавжуд бўлган фактик маълумотлар қонунда белгиланган тартибда бошқа далиллар йиғиндиси билан биргаликда текширилган тақдирдагина, суд ҳал қилув қарорини шу далиллар билан асослашга ҳақли. Ушбу ҳужжатлар билан ишда иштирок этаётган шахслар, уларнинг вакиллари, зарур ҳолларда эса, экспертлар ва гувоҳлар таништирилиши лозим. Ишда иштирок этаётган шахслар ушбу ҳужжатларда баён этилган маълумотлар юзасидан тушунчалар беришга ҳақлидирлар. Фуқаролик процессуал кодекси меъёрларига кўра суд томонидан текширилмаган маълумотларни ҳал қилув қарорида кўрсатиш мумкин эмас (ФПКнинг 186, 187-моддалари).


6. ФПКнинг 67-моддасига кўра ҳеч қандай далил суд учун олдиндан аниқланган кучга эга эмаслиги сабабли экспертнинг хулосаси алоҳида исботлаш воситаси ҳисобланмай, барча бошқа далиллар билан биргаликда баҳоланмоғи керак. Суднинг эксперт хулосасига қўшилганлиги ҳал қилув қарорида ёки ажримда асосланмоғи лозим (ФПКнинг 88-моддаси).

Экспертнинг хулосасини баҳолашда суд экспертиза ўтказилиш вақтида процессуал ҳуқуқ меъёрларига риоя қилинган-қилинмаганлигини, тарафларнинг ва ишда қатнашаётган бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари бузилган-бузилмаганлигини, экспертнинг ваколатлилигини, текшириш усулининг илмийлигини текшириши лозим бўлади.


7. Жиноят иши бўйича қонуний кучга кирган суд ҳукми суд томонидан ҳукм этилган шахс ҳаракатларининг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатлари тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган суд учун фақат шу ҳаракатлар содир этилган ёки этилмаганлиги ва улар мазкур шахс томонидан содир этилган ёки этилмаганлиги масалалари юзасидангина мажбурий эканлиги сабабли (ФПКнинг 60-моддаси) суд жиноят ишидан келиб чиқувчи зарарни ундириш ҳақидаги даъвони кўришда жавобгарнинг айбдорлиги масаласини муҳокама қилишга киришишга ҳақли эмас, балки фақат зарарнинг миқдори ҳақидаги низони ҳал қилиши мумкин.

Етказилган зарарнинг миқдорини ундириш ҳақидаги хулосанинг тасдиғи сифатида ҳал қилув қарорида ҳукмнинг мавжудлигидан ташқари, тарафлар томонидан тақдим этилган ёки фуқаролик ишини кўриш чоғида суд томонидан тикланган далиллар кўрсатилиши керак.


8. Суднинг ҳар қандай ҳал қилув қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмидан иборат бўлади.

Ҳал қилув қарорини ёзишда судлар ФПКнинг 206-моддаси билан белгиланган бирин-кетинликка риоя қилмоқлари зарур.

Ҳал қилув қарорининг кириш қисмида ҳал қилув қарорининг чиқарилган вақти ва жойи, ҳал қилув қарори чиқарган суднинг номи, судьянинг фамилияси (суд таркиби), суд мажлисининг котиби, тарафлар, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, шунингдек низо предмети кўрсатилади.

Ҳал қилув қарорининг баён қисми даъво талабларини, жавобгарнинг эътирозларининг қисқача мазмуни ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришларини акс эттирмоғи лозим. Даъвогарнинг даъвони ўзгартирганлиги (даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартириш, даъво талабларининг миқдорини ошириш ёки камайтириш, даъводан воз кечиш ва шу ерда кўрсатилмоғи керак.

Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида суднинг иш бўйича чиқарган хулосасининг фактик ва ҳуқуқий асослари баён этилиши лозим. Жумладан, ҳал қилув қарорининг бу қисмида ишнинг суд томонидан аниқланган ҳолатлари, ишнинг ҳолатлари тўғрисидаги суд хулосаларига асос бўлган далиллар, суд у ёки бу далилни рад қилишда асосланган хулосалар, шунингдек низоли муносабатни тартибга солувчи моддий ҳуқуқ меъёрлари (фуқаролик, оила, ер, меҳнат, уй-жой тўғрисидаги ва бошқа қонунлар) келтирилмоғи, қонуннинг номи, моддаси, банди, бошқа қонун ҳужжатларининг сони ва қабул қилинган санаси ҳамда процессуал ҳуқуқий меъёрлари кўрсатилмоғи лозим. Зарур ҳолатларда суд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тегишли қарорларини ҳам қўллаши лозим. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида тегишли меъёрларнинг мазмуни баён этилганда бу талабга риоя қилинмоғи лозим (масалан, ҳал қилув қарорининг дарҳол ижро этилишига қаратилган ҳолларда ФПКнинг 220-моддасига қўлланиши). Агар жавобгар даъвони тан олса, асослантириш қисмида фақат даъво талабининг тан олинганлиги ва унинг суд томонидан қабул қилинганлиги кўрсатилиши мумкин.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида тарафларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва юридик шахснинг номи тўлиқ келтирилиши, даъво талабларининг қаноатлантирилганлиги (тўлиқ ёки қисман) ёки бутунлай ёхуд қисман рад этиш ҳақидаги суднинг хулосаси аниқ акс эттирилган бўлиши лозим. Шунингдек, суд харажатларининг тақсимланиши, ҳал қилув қарори устидан шикоят бериш муддати ва тартиби кўрсатилиши шарт. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисми қарорни ижро этиш чоғида тушунмовчиликлар ва низолар вужудга келмаслиги учун тушунарли ва аниқ тарзда ифода этилмоғи керак.

9. ФПКнинг 203-моддасига кўра судья ёки суд ишни мазмунан кўриб бўлганидан сўнг шу суд мажлисининг ўзидаёқ дарҳол узил-кесил қарор шаклида ҳал қилув қарори чиқаради. Айрим ҳолларда алоҳида мураккаб ишлар юзасидан асослантирилган ҳал қилув қарорини тайёрлаш кўпи билан уч кунга кечиктирилиши мумкин.

Ҳал қилув қарорининг кириш ва хулоса қисми эълон қилинганидан сўнг, суд ишда иштирок этаётган шахслар, шунингдек уларнинг вакилларига асослантирилган ҳал қилув қарори билан қачон танишиб чиқишлари мумкинлиги ҳақида маълум қилади. Танишиш куни суд баённомасига ёзиб қўйилади.

Асослантирилган ҳал қилув қарорининг кириш ва хулоса қисми ишни кўриш тугалланган куни эълон қилинган ҳал қилув қарорининг кириш ва хулоса қисмига сўзма-сўз тўғри келмоғи лозим. Ишни кўриш тугатилган куни ҳал қилув қарорининг эълон қилинган кунидаги каби асослантирилган ҳал қилув қарори чиқарилган кун деб кўрсатилади. Ҳал қилув қарорининг эълон қилинган хулоса қисми ҳамда асослантирилган ҳал қилув қарори судья (суд таркиби) томонидан имзоланиб, ишга қўшилади. Асослантирилган ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикояти ёки протест келтириш муддати ҳал қилув қарори чиққан кундан бошлаб ҳисобланади.

10. Суд ФПКнинг 207-моддасига кўра ишни даъвогарнинг даъво талаблари доирасида ҳал қилади, бироқ суд даъвогарнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур деб топса, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ишдаги аниқланган ҳолатларга боғлиқ равишда даъвогарнинг арз қилган талаблари доирасидан четга чиқиши мумкин.


11. Ҳал қилув қарори даъвогарнинг барча даъво талаблари бўйича чиқарилиши лозимлигини судлар назарда тутмоқлари керак. Бир иш юритишда бир неча даъво талабларини бирлаштирганда ёки суд қарши даъвони кўриш учун қабул қилганида ёхуд низо предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилувчи учинчи шахснинг даъвосини қабул қилишда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суд ҳар бир даъво юзасидан қабул қилган қарорини аниқ кўрсатиши лозим. Шу билан бирга суд ишда иштирок этиш учун жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масалани ҳал қилишга ҳақли эмас.

Ҳал қилув қарорини ижро қилиш маълум шартларнинг келиб чиқиши ёки келиб чиқмаслигига боғлиқ қилиб қўядиган бўлса, бундай ҳал қилув қарорини чиқаришга йўл қўйилмайди.

Ҳал қилув қарори ФПКнинг 219, 220-моддаларида белгиланган ҳолларда дарҳол ижро этилади, бу ҳақда ҳал қилув қарорида тегишли кўрсатма баён қилинади.


12. Судлар ФПКнинг 203-моддасига биноан фақат биринчи босқич суди сифатида мазмунан кўриб ҳал қилинган ишлар бўйича суднинг қарори ҳал қилув қарори шаклида чиқарилишини, ҳал қилув қарорининг мазмунини акс эттирувчи масалалар эса ФПКнинг 206-211-моддаларида белгиланганлигини назарда тутмоқлари лозим.

Шунинг учун ҳам даъво талабларининг мазмунан қарор қабул қилинмаган қисми бўйича суднинг хулосаси ҳал қилув қарорининг хулоса қисмига киритилиши мумкин эмас (ФПКнинг 92, 93, 97, 99, 100-моддалари). Бу хулосалар ажрим шаклида ифодаланиб (ФПКнинг 237, 238-моддалари), ҳал қилув қароридан алоҳида ҳолда чиқарилмоғи лозим.


13. Фуқаролик-процессуал кодексига кўра айрим туркумдаги ишлар бўйича иш кўришнинг турлича тартиби белгиланган бўлса-да (даъво ишлари, алоҳида тартибда кўриладиган ишлар, давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича), уларнинг ҳаммаси бўйича ишни мазмунан кўриб ҳал қилиш ҳал қилув қарори шаклидаги қарор чиқариш йўли билан тугалланиши белгиланганлиги сабабли судлар ҳал қилув қарорини ёзишда ФПКнинг 206-моддасида белгиланган бирин-кетинликка риоя қилиниши барча туркумдаги ишлар учун тааллуқлилигини назарда тутмоқлари лозим.


14. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда, даъвогар ишнинг кўрилишига эътироз билдирмаган бўлса, суд ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўриши мумкинлигига судларнинг эътибори қаратилсин (ФПК 224-моддасининг 1-қисми).

Судлар шуни эътиборда тутишлари лозимки, ФПК 224-моддасининг 2-қисми мазмунига кўра, судья ишни суд мажлисига барча жавобгарлар келмаган тақдирдагина сиртдан иш юритиш тартибида кўриши мумкин. ФПКнинг 225-моддасига мувофиқ даъвогар ишни жавобгар иштирокисиз сиртдан кўришга рози бўлмаса, суд ишни кўришни кейинга қолдириши ва келмаган жавобгарга ишнинг янгидан кўрилиш вақти ва жойи ҳақида қайта хабар юбориши лозим. Сиртдан ҳал қилув қарори чиқаришда сиртдан чиқариладиган ҳал қилув қарорининг мазмуни ҳақидаги ФПКнинг 227-моддаси талабларига риоя қилиниши зарур. ФПКнинг 229, 235-моддаларига биноан суд мажлисига келмаган жавобгар сиртдан ҳал қилув қарори чиқарган судга шу ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриш ҳақида ариза беришга ҳақлидир. Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори уни чиқарган суд томонидан бекор қилинган тақдирда ишни мазмунан кўриш тикланиб, у Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган қоидалар асосида кўрилади.

15. Иш бўйича қўшимча ҳал қилув қарори ФПКнинг 214-моддасида белгиланган ҳолатлардагина ва фақат ишни кўриш чоғида аниқланган ҳақиқий ҳолатлар асосида чиқарилиши мумкин. Қўшимча ҳал қилув қарори чиқариш масаласи ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан ўн кундан кечикмай қўзғатилиши мумкин. Қўшимча ҳал қилув қарори чиқариш масаласини қўйиш билан боғлиқ муддат узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган ҳолда у ФПКнинг 130-моддасида белгиланган тартибда суд томонидан тикланиши мумкин.

Агар суднинг ҳал қилув қарорига апелляция, кассация шикояти берилган ёки протест келтирилган ва шу билан бир вақтда қўшимча ҳал қилув қарори чиқариш масаласи ҳам қўйилган бўлса, суд аввал қўшимча ҳал қилув қарори чиқариш масаласини ҳал қилиб, кейин ишни кассация босқич судига кўриш учун юборади.

Суд қўшимча ҳал қилув қарори чиқариши чоғида ҳал қилув қарорининг мазмунини ўзгартиришга ёки суд мажлисида текширилмаган янги масалаларни ҳал қилишга ҳақли эмас.


16. Чиқарилган ҳал қилув қарори тушунарсиз бўлган тақдирда, ишни ҳал қилган суд ўз ташаббуси билан ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда ФПКнинг 215-моддасида белгиланган қоидаларга кўра тушунтириши мумкин. Агар ҳал қилув қарори ижро қилинмаган ва уни мажбурий ижро қилдириш мумкин бўлган муддат ўтмаган бўлсагина, уни тушунтиришга йўл қўйилади. Ҳал қилув қарорининг тушуниш қийин бўлган қисмларини тўлиқроқ ва тушунарли баён этишда, суд унинг мазмунини ўзгартиришга ва ҳал қилув қарорида баён этилмаган масалаларни ҳал қилишга ҳақли эмас.


17. ФПКнинг 213-моддасига биноан суд ҳал қилув қарорининг ёзувидаги хатоларни ва очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни ўз ташаббуси билан ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра тузатиши мумкин. Тузатиш киритиш масаласи ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида ҳал этилади. Бу шахсларнинг судга келмаганликлари тузатиш киритиш масаласини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.


18. ФПКнинг 216-моддасига биноан иш бўйича ҳал қилув қарори чиқарган суд ёки ҳал қилув қарорини ижро этиш жойидаги суд ишда иштирок этаётган шахсларнинг аризасига кўра алоҳида ҳолларда, тарафларнинг мулкий аҳволи, қарздорнинг касаллиги ёки бошқа эътиборга молик ҳолатларни ҳисобга олиб, ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этишга йўл қўйиш, шунингдек унинг ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришга ҳақли. Бундай мазмундаги аризалар ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг судга келмаганликлари қўйилган масалани ҳал этишга тўсқинлик қилмайди. Ушбу масалани ҳал қилишда суд ундирувчининг манфаатларини ҳисобга олиши лозим.


19. Шуни назарда тутиш керакки, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра уларга суднинг ҳал қилув қарори нусхаси берилиши лозим. Суднинг бу мажбурияти даъво бўиича иш юритиш, шунингдек бошқа иш юритиш турлари бўйича чиқарилган суд қарорларига ҳам тааллуқлидир.

Суд мажлисига келмаган тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суднинг ҳал қилув қарори, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори нусхаси ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай юборилиши зарур.


20. Қорақалпоғистон Республикаги Олий суди, Тошкент шаҳар ва вилоят судларининг эътибори вақти-вақти билан қуйи судлар томонидан чиқарилаётган ҳал қилув қарорларининг қонунийлигини ўрганиб, аниқланган хато-камчиликларни бартараф этиш учун чоралар белгилашлари лозимлигига қаратилсин.


21. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон ССР Олий суди Пленумининг 1984 йил 11 майдаги "Ўзбекистон ССР судлари томонидан СССР Олий суди Пленумининг 1982 йил 9 июлдаги "Суднинг ҳал қилув қарори тўғрисида"ги 7-сонли қарорининг бажарилиши ҳақида"ги 2-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.