Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумнинг 28.04.2000 й. 2 ва 84-сон "Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонунчиликни қўллаш суд амалиёти тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

N 2

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИ

ҚАРОРИ

N 84

28.04.2000 й.


ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ БИЛАН

БОҒЛИҚ ҚОНУНЧИЛИКНИ ҚЎЛЛАШ

СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва манфаатдорлиги учун шарт-шароитида яратиш, уларнинг ишчанлик фаоллигини ошириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бу соҳада қонунчиликни тўғри татбиқ этиш ва уларга қатъий риоя қилиниши билан таъминлайди.

Аммо, судлар қонунларга зид бўлган ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклайдиган идоравий меъёрий ҳужжатлар, низом ва кўрсатмаларни қонунчиликдан устун кўриш, шунингдек мансабдор шахсларнинг тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашуви, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, якка тартибдаги тадбиркорларни рўйхатга олишни қонунсиз рад этиш, тадбиркорларнинг ариза ва шикоятларини ўз муддатида кўрмаслик ва улар бўйича қарор қабул қилмаслик ҳолатларига етарли даражада муносабат билдирмаяптилар.

Муайян ишларни ўрганиш натижалари ўзганинг мулкини талон-торож этиши, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишни нотўғри тавсифлаш ҳолатлари мавжудлигини кўрсатади. Қонунсиз кредитлар бериш ва уларни ўз муддатида қайтармаганлик ҳақидаги ишлар бўйича ягона суд амалиёти мавжуд эмас, самарали эҳтиёт чораси ҳисобланувчи мажбуриятни таъминловчи услуб ҳисобланган гаровнинг аҳамиятини етарли инобатга олмаяптилар.

Етказилган зарарнинг қопланганлиги жавобгарликни енгиллаштирувчи алоҳида ҳолат эканлиги қатор ишлар бўйича жазо тайинлашда инобатга олинмаяпти.

Мавжуд камчиликларни бартараф этиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 17 ва 47-моддаларига асосан, Олий суд Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленуми:

ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни бузиш бозор муносабатларининг, қонуний тадбиркорлик фаолиятининг, хусусан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, якка тартибдаги тадбиркорликнинг равнақига тўсқинлик қилишини инобатга олган қонунчилик талабларига аниқ риоя этиш зарурлигига қаратилсин.

2. Судларга тушунтирилсинки, қонунларга зид булган идоравий меъёрий ҳужжатлар, низом ва кўрсатмалар низоларни ҳал қилишда тадбиқ этилиши ва айбловнинг асосига қўйилиши мумкин эмас.

3. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига биноан мамлакат иқтисодиётининг негизини хилма-хил шаклларидаги мулк ташкил этади. Мулк ҳуқуқий, мутлақ ҳуқуқ бўлиб, уни бузадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларнинг тақиқланишини тақозо этади.

Жамиятда мулк ҳуқуқини эъзозлаш вазияти вужудга келтирилиши, унга нисбатан содир этиладиган ҳар қандай тажовуз муқаррар жавобгарлик ва жазога сазоворликни келтириб чиқариши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасига мувофиқ мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш бўйича субъектив ҳуқуқ фақат шу мулкнинг эгасига тааллуқли. Фуқаролик кодексининг 192-моддасига кўра бошқа асослар билан бир қаторда тадбиркорлик фаолияти ҳам мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асосларидан ҳисобланади. Мулк ҳуқуқини амалга оширишга ҳар қандай, қонунга асосланмаган, аралашув бу ҳуқуқни қўпол бузиш саналади.

Мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари, масалан, фермернинг, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бошқа шахснинг мулкини қонунга хилоф равишда тасарруф қилишда ифодаланувчи қилмишлари, агарда мулкдорнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жиноятининг таркибини ташкил этади. Зиённинг жиддийлиги ҳақидаги хулоса суд томонидан ҳар бир муайян иш бўйича асослантирилмоғи лозим.

Бунда, ўз мулкига нисбатан қонунсиз хатти-ҳаракат содир этилган мулкдорда моддий зарарни, шу жумладан, бой берилган фойдани ҳамда маънавий зарарни ундириб олиш ҳуқуқи пайдо бўлади.

Маънавий зарар қопланиши лозим бўлган мулкий зиёнга боғлиқ бўлмаган ҳолда тўланади. Маънавий зарарнинг миқдори ҳар бир муайян ҳолатда суд томонидан белгиланади.


4. "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги 1998 йил 24 декабрдаги Қонун назорат қилувчи органларнинг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашмаслигини кафолатлашига, текширишларни ўтказиш асосларини, даврийлигини, муддатларини белгилашига эътибор қаратилсин.

Мазкур Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун фақат қўзғатилган жиноят ишининг мавжудлигигина асос бўлади.

Агар назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятида қонунчилик бузилганлигини аниқласалар, улар ўзларига берилган ваколат доирасида ва фақат муайян камчиликни бартараф этиш билан бевосита боғлиқ чора-тадбирларнигина кўришлари мумкин. Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик ҳолати мавжудлигидан тадбиркорлик субъектларининг бошқа қонуний фаолиятига аралашиши ёки уни чеклаш учун асос сифатида фойдаланишга ҳақли эмас.

Шу муносабат билан, судлар бу масала бўйича қонунчиликнинг бузилишига ўз муносабатларини лозим даражада билдиришлари керак. Тадбиркорнинг фаолиятига ғараз ёки бошқа паст ниятда аралашув ҳолати аниқланган тақдирда айбдорларнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг бошқарув тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалари билан тавсифланмоғи лозим. Суд, шунингдек процесс иштирокчиларига тадбиркорда айбдордан барча, масалан унинг фаолиятига ноқонуний аралашув натижасида ишлаб чиқаришнинг тўхтаганлиги сабабли келиб чиққан зарарларни ундириб олиш ҳуқуқи мавжудлигини тушунтириши лозим.

Судлар назарда тутишлари лозимки, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш чекланган, яъни ушбу Қонуни талабига кўра, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан назорат қилувчи органлар томонидан режали тартибда кўпи билан йилига бир марта амалга оширилиши мумкин, бундан хусусий корхоналар ва кўрсатилган модданинг иккинчи - олтинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Белгиланган нормалар ва қоидаларга ўз вақтида ҳамда тўла ҳажмда риоя қилувчи тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан кўпи билан икки йилда бир марта амалга оширилиши мумкин, ушбу моддада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хусусий корхоналар фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан кўпи билан икки йилда бир марта, белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


5. "Тадбиркорлик фаолияти эркинлиганинг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 18-моддасида тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг конституциявий кафолатлари белгиланган. Чунончи, тадбиркорлар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишлари, давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг гайриқонуний қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракат (ҳаракатсизлик)лари устидан судга шикоят қилишлари мумкин. Бундай шикоятларни кўришда, судлар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги "Фуқароларнинг ҳуқуқларини ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан келтирилган шикоятларни судларда кўриш амалиёти тўғрисида"ги 18-сонли қарорига амал қилмоқлари зарур.

6. Назорат қилувчи органлар ва уларнинг мансабдор шахслари, аудиторлар (аудиторлик ташкилотлари) тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш муносабати билан ўзларига маълум бўлган, тижорат сири ҳисобланувчи маълумотларни унинг эгасига рухсатсиз ошкор этганликлари туфайли етказилган зарар учун Фуқаролик кодексига мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 191-моддаси бўйича жавобгар бўлиши мумкин.


7. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг объектив ифодаланган интеллектуал фаолият натижаларига бўлган мутлақ ҳуқуқи - интеллектуал мулки қонун билан қўриқланади ва давлат томонидан ҳимоя қилинади. Мутлақ ҳуқуқ объекти бўлган интеллектуал мулкдан бошқа шахслар фақат ҳуқуқ эгасининг розилиги билангина фойдаланишлари мумкин. Шунинг учун, интеллектуал мулкдан ҳар қандай қонунсиз фойдаланиш бу ҳуқуқнинг қўпол бузилиши ҳисобланади. Жумладан, тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал фаолияти натижаларини ўзлаштириб олиш Жиноят кодексининг 149-моддаси билан тавсифланиши мумкин. Агар интеллектуал мулк объектлари моддий қимматликка эга бўлса, айбдорнинг қилмишлари талон-торож сифатида баҳоланади.


8. Эътибор қаратилсинки, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида тадбиркорлик фаолияти субъектининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини суд орқали ҳимоя қилиш белгиланган.

Тадбиркорлик фаолиятининг субъекти ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларга раддия берилишини талаб қилишга ҳақли.

Агарда тадбиркорлик фаолияти субъектининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айнан шу оммавий ахборот воситаларида раддия берилиши лозим. Башарти, бундай маълумот ташкилотдан олинган ҳужжатда мавжуд бўлса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак. Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади.

Башарти, суднинг қарори бажарилмаса, суд қоидабузарга қонунда белгиланган миқдорда ва тартибда ундириладиган жарима солишга ҳақлидир. Жариманинг тўланиши қоидабузарни суднинг ҳал қилув қарорида назарда тутилган ҳаракатни бажариш мажбуриятидан озод этмайди.

Бундан ташқари, суднинг қарори асосида айбор шахснинг ҳам моддий, ҳам маънавий зарар ундирилади. Судлар суд муҳокамаси чоғида судни ва ишда иштирок этувчи шахсларни тижорат сири билан таништиришга тижорат сирининг мулкдори ёки конфидент даъвогар ёки жавобгар сифатида иштирок этаётган низонинг мазмунига бевосита тааллуқли бўлган қисми бўйича йўл қўйилиши, суднинг тижорат сиридан чекланмаган ҳолда фойдаланишга фақат Ўзбекистон Республикасининг "Тижорат сири тўғрисида"ги Қонуни 17-моддасида белгиланган ҳолларда рухсат берилишига эътибор қаратилиши лозим.

9. Тадбиркорлик соҳасида фуқаролик ва хўжалик низоларини, шунингдек жиноят ишларини кўраётганда судлар ҳар бир фуқаронинг тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқини қаътий белгилаб берувчи қонунларга риоя қилишига алоҳида эътибор қаратишлари керак. Қонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари тегишлича ҳуқуқий баҳоланиши зарур. Бундай ғайриқонуний ҳаракатларга, жумладан якка тартибдаги тадбиркорни рўйхатдан ўтказишни ноқонуний рад қилиш ёки рўйхатга олишдан бош тортиш, муайян фаолият билан шуғулланиш учун махсус рухсатнома (лицензия) беришни рад қилиш ёки уни беришдан бош тортиш, банк кредити беришни асосиз рад қилиш ва бошқалар киритилиши мумкин.

Айбдор шахсларнинг қайд этилган қилмишлари иш ҳолатларига ва келиб чиққан оқибатларига қараб мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги ёхуд совуққонлик деб, башарати ғаразли сабаблар ҳам аниқланган бўлса, пора беришга таъмагирлик қилиш сифатида ҳам тавсифланиши мумкин.


10. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, шу жумладан, чет эл фуқаролари ёки юридик шахслари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектларидир.

Тадбиркорлик деганда қонунчиликка мувофиқ даромад (фойда) олишга қаратилган, юридик ва жисмоний шахслар томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) йўли билан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида амалга ошириладиган ташаббускор фаолиятни тушуниш керак.

Якка тартибдаги тадбиркор тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, мустақил равишда, ходимларни ёллаш ҳуқуқисиз, ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширувчи жисмоний шахсдир.

Жисмоний шахслар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтгандан кейингина биргаликдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тузиладиган оддий ширкат шартномасининг тарафлари бўлиши мумкин.

Баён этилганларга асосан инобатга олиш лозимки, Жиноят кодексининг 41-моддасига мувофиқ ижтимоий фойдали мақсадга эришиш учун касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик қилиб, ҳуқуқлар ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларга зарар етказиш жиноят деб топилмайди. Бунда айбдор шахслар фуқаровий, маъмурий ёки интизомий жавобгарликка тортилишлари мумкин.


11. Хўжалик шартномаси тадбиркорлик субъектлари ўзаро муносабатларининг ҳуқуқий шаклининг асосини ташкил этади. Тарафлардан бири шартнома мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, айбдор тараф бошқа тарафга етказилган зарарни тўлайди, Фуқаролик кодексида, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги 1998 йил 29 августдаги Қонунда, бошқа қонун ҳужжатларида ва шартномада назарда тутилган тартибда ўзгача тарзда жавобгар бўлади.

Шартномавий-ҳуқуқий масалаларга дахлдор ишларни кўраётганда "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Қонун талабларига амал қилиниши ва хўжалик шартномаси тарафларнинг ҳуқуқлари фойдаланилганми ёки йўқми аниқланиши лозим: жумладан, хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш муносабати билан зарур бўлган маълумотлар ва бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш; хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар юзасидан экспертларнинг ёзма хулосаларини сўраш ва олиш, мутахассислар билан маслаҳатлашиш; бошқа тарафнинг иқтисодий аҳволи, нуфузи ва ишчанлик жиҳатлари хусусидаги маълумотларни тўплаш; хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонунда назарда тутилган воситалари ва усулларини қўллаш; шунингдек, тузилган хўжалик шартномалари бўйича тарафлар ўз зиммаларига олган мажбуриятларнинг ўз вақтида ва тегишли тартибда бажарилиши юзасидан мазкур Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилганлигини, хусусан, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хўжалик юритувчи субъект томонидан мазкур ҳуқуқ ва манфаатларни бузган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан талабнома билдириш тартиби ва муддатларига риоя этилганлигини; ўзига талабнома билдирилган хўжалик юритувчи субъект томонидан уни кўриш тартиби ва муддатларига риоя этилганлигини; тараф рад (қисман рад) жавобини олган ёки талабномага белгиланган муддатда жавоб олмаган тақдирда хўжалик судига даъво аризаси бериш ҳамда суд буйруғини олиш учун ариза тақдим этиш тартиби ва муддатларига риоя этилганлигини ва шу кабиларни текшириш лозим бўлади.

Шартномавий мажбуриятлар бажарилмаганлиги, пул маблағлари ёки ўзга мулкларнинг мақсадсиз фойдаланилганлиги ҳолатининг ўзигина, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига жиддий зиён етказилмаган ва шундай хатти-ҳаракатларни содир этишга нисбатан тўғри қасд бўлмаган тақдирда, жиноят таркибини ташкил этмайди. Бунда айбдор шахслар фуқаровий, маъмурий ёки интизомий жавобгарликка тортилишлари мумкин.


12. Тадбиркорлик фаолияти субъектига кредитлар беришда банк муассасалари ва бошқа кредит муассасалари ёки суғурта ташкилотлари кафолат бўлишлари мумкин.

Тўлов қобилиятига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар эса кредит олувчилар бўлиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолияти субъекти кредит шартномаларини таъминлаш мақсадида ўзининг мулкидан, шунингдек нарсаларидан ва мулкий ҳуқуқларидан фойдаланиши мумкин.

Ушбу тоифадаги ишларни ҳал қилишда кредит шартномаси шаклига, мажбуриятларни бажариш шароитларига риоя қилинганлигини текшириш лозим, тижорат банклари томонидан кредитлар беришда кредит олувчи ҳужжатлар қаторида пул тушуми ҳақидаги маълумот албатта кўрсатилган бизнес режани, бошқа кредиторлардан олинаётан эркин маблағлар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилиши ҳақидаги талабларга риоя қилинган ёки қилинмаганлиги аниқланиши лозим.

Аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, банкларнинг ва бошқа кредит ташкилотларининг мансабдор шахсларининг жиноий жавобгарлиги масаласини, бунга асослар мавжуд бўлганда, муҳокама қилиш лозим бўлади.


13. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744-моддасига мувофиқ банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор)нинг иккинчи тараф (қарз олувчи)га шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағларини бериши кредит ҳисобланади.

Мансабдор шахснинг кредитини ўз вақтида қайтаришдан қасддан бўйин товлаши, талон-торож қилиш аломатлари бўлмаган тақдирда, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш сифатида, башарти бу ҳаракатлар алоҳида шахслар томонидан содир этилса Жиноят кодексининг 170-моддаси билан тавсифланмоғи лозим.

Талон-торож қилиш аломатлари бўлмай туриб ноқонуний кредитлар бериш Жиноят кодексининг 205-моддаси билан тавсифланиши зарур. Кредитини қайтаришдан қасддан бўйин товлаш ёки ноқонуний кредит берганлик, шунингдек кредит беришни ноқонуний рад қилганлик учун жиноий жавобгарик фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилган тақдирдагина келиб чиқади.

Судлар инобатга олишлари керакки, амалдаги қонунчиликка кўра тадбиркорлик фаолияти билан шуғуланувчи юридик шахсларнинг раҳбарлари ҳам мансабдор шахслар тоифасига кирадилар. Шунинг учун, мазкур мансабдор шахслар томонидан банкка ёки бошқа кредит муассасасига хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий-хўжалик аҳволи тўғрисида била туриб ёлғон маълумотларни тақдим қилиш йўли билан кредит ёхуд кредит олиш учун имтиёзларнинг олиниши, кредит маблағларини ўзлаштириш ёки текинга олиш мақсади бўлмаган тақдирда, агар бу хатти-ҳаракатлар оқибатида давлат ёки жамият манфатларига жиддий зиён етказилган бўлса, Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан тавсифланиши керак. Башарти, кўрсатиб ўтилган хатти-ҳаракатлар якка тартибдаги тадбиркор томонидан содир этилган бўлса, у Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, банклар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноий жавобгарликка тортилиши лозим.


14. Сохта тадбиркорлик нафақат иқтисодиёт асосларига, балки тадбиркорлик фаолияти ғоясинининг ўзига ҳам тажовуз қилади, одамларнинг бозорга ва унинг бошқача хўжалик юритиш усулларидан афзаллигига бўлган ишончига путур етказади.

Сохта тадбиркорлик тўғрисидаги ишларни кўришда шахснинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган фаолиятни амалга оширмай туриб ноқонуний кредитлар олиш, солиқлардан озод бўлиш, эгаллашга ҳуқуқи бўлмаган бошқа мулкий фойда кўриш мақсадини кўзлаганлиги ҳисобга олиниши лозим. Бундай мақсаднинг аниқланиши шахснинг хатти-ҳаракатларини Жиноят кодексининг 179-моддаси ҳамда талон-торож этишга суиқасд қилиш ва солиқ тўловлари тўлашдан бўйин товлаш ва ҳ.к. учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари мажмуи билан тавсифлашга асос бўлиши мумкин.


15. Сохта банкротлик тадбиркорнинг ўз мажбуриятларини иқтисодий жиҳатдан бажара олмаслиги ҳақида била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган эълон бериши оқибатида кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишида намоён бўлади. Кўп миқдордаги зарарнинг мавжуд эмаслиги фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарликка асос бўлади. Шу муносабат билан, сохта банкротликка доир ишларни кўришда ишнинг барча ҳолатларини синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиш ва бундай қаллобликнинг ҳақиқий ташкилотчиларини аниқлаш шарт, зероки мазкур ташкилотларга уларни ташкил этишга алоқаси бўлмаган шахслар, яъни сохта шахслар ҳам расман раҳбарлик қилишлари мумкин.


16. Тадбиркорни рақобатчи томонидан обрўсизлантириш, яъни босма ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнларда ёки оммавий ахборот воситалари орқали тадбиркорнинг ишбилармонлик нуфузига путур етказиш мақсадида била туриб ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш, фақат ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар муайян аудиторияга мўлжалланган тақдирдагина Жиноят кодексининг 192-моддасига назарда тутилган жиноят таркибини ташкил этади. Шунинг учун айни бир шахсга ёлғон маълумотларни бериш, гарчи улар босма ҳолда бўлса ҳам, мазкур жиноят таркибини бермайди.

Бу ўринда эътиборга олиш зарурки, ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни бир шахс тайёрлаб, аслида бошқа шахс ошкор қилган (масалан, телевидение бўйича ёки газетадан чоп этиш орқали) тақдирда, агар ижрочи ўзи томонидан тарқатилаётган маълумотларнинг ёлғонлигини кўра билган бўлса, қилмиш мазкур жиноятда иштирокчилик сифатида тавсифланиши мумкин.


17. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш ҳақидаги ишларни кўришда хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлиш оқибатида ҳисобни ёки ҳисоботни чалкаштириб юбориш, фойдани ҳисоблашда хатога йўл қўйиш ҳолатларининг ўзигина Жиноят кодексининг 184-моддаси билан тавсифланиши мумкин эмаслиги эътиборга олиниши лозим, чунки солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш фақат қасддан содир этилади. Тергов органлари ва судлар ҳар бир иш бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаётган шахснинг қасди ва ғаразли ниятларини аниқлашга мажбурдилар.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш - бу солиқ органларига тақдим этиладиган ҳисобот ҳужжатларида ҳақиқий маълумотномаларни қасддан кўрсатмаслик ёки уларга била туриб солиқнинг миқдори тўғрисида ҳақиқатга тўғри келмайдиган, уни пасайтириш ва ёки камайтириш томонга ўзгартирилган маълумотларни киритишда ифодаланади.

Агарда ҳисобот кичик ва ўрта корхоналар, микрофирмалар томонидан солиқ органларига ҳар чоракда тақдим этилиши лозим бўлса, ойлик солиқларни ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашда бўйин товлаш, мисол учун мансабга совуққонлик билан қараш оқибатида, ҳисобот даври келгуна қадар молиявий санкцияни ҳисобга олган ҳолда кейинчалик уларни тўлаган тақдирда ҳам Жиноят кодексининг 184-моддаси билан тавсифланиши мумкин эмас.


18. Жиноят кодексининг 184-моддаси Ўзбекистон Республикасининг “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 1999 йил 20 августдаги Қонунига мувофиқ қасддан яширилган, камайтириб кўрсатилган фойдалар (даромадлар) бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўлов тўлиқ тўланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмаслиги ҳақидаги кўрсатма билан тўлдирилганлигини судлар эътиборга олишлари керак.

19. Судларга тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишларнинг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, ишнинг барча ҳолатларини янада тўлиқ ва ҳар томонланма аниқлаш мақсадида зарур ҳолларда, суд муҳокамасига тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчилик соҳасида тегишли билимга эга бўлган мутахассисларни жалб қилиш тавсия этилсин.


20. Тадбиркорлик соҳасидаги фуқаролик ва хўжалик низолари, шунингдек жиноятлар тўғрисидаги ишларни кўришда судлар қонунбузарликлар ва жиноятларнинг содир этилишига имкон берган барча сабаб ва шарт-шароитларни аниқлашлари ва уларга лозим даражада муносабат билдиришлари зарур.


21. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоят ва Тошкент шаҳар судлари мазкур тоифадаги ишлар юзасидан қонунчиликнинг тўғри ва бир хилда татбиқ этилишини таъминлашлари, суд амалиётини доимий таҳлил қилиб боришлари, мавжуд камчиликларни бартараф этиш чораларини кўришлари лозим.