Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 15.09.2000 й. 22-сон "Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

15.09.2000 й.

N 22


МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ

ИШЛАРНИ КЎРИШ БЎЙИЧА СУД

АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шартлиги алоҳида уқтирилган.

Судлар ушбу конституцион меъёрдан келиб чиққан ҳолда шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизликда ифодаланган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича қонунларни асосан тўғри қўлламоқдалар.

Шу билан бирга амалиётда шу тоифадаги ишларни иш юритувига қабул қилиш, ишни кўриб чиқишга тайёрлаш ва кўриш жараёнида муддатларнинг ўтиб кетганлигига, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлмаган органлар (мансабдор шахслар) томонидан ёки тегишли равишда қонун талабларига риоя қилинмай расмийлаштирилган маъмурий ҳужжатларни қўшимча текширишлар ўтказиш учун юбориш ўрнига, судьялар томонидан иш юритувига қабул қилиниб, хатоликларга йўл қўйилмоқда.

Суд амалиётида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳамда келиб чиққан муаммоларни бартараф қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда қонун талабларига қатьий риоя этиш зарурлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига судьяларнинг эътибори қаратилсин.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, МЖтК 9-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки бекор қилувчи ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эгадир, яъни ушбу ҳужжатлар кучга киргунга қадар содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолларига ҳам татбиқ этилади, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни белгиловчи ёки жавобгарликни кучайтирувчи ҳужжатлар эса, орқага қайтиш кучига эга бўлмайди.

2. Судьялар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни иш юритувига қабул қилишда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (бундан кейин матнда МЖтК) 245-моддаси талабларига қатъий риоя қилишлари лозим.


3. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишга тайёрлаш вақтида судья МЖтКнинг 303-моддасида назарда тутилган масалаларни ҳал этиши лозим.


4. Маъмурий иш шу суднинг судловлигига тааллуқли бўлмаганда ёки МЖтКнинг 282 ва 304-моддалари талабларига риоя қилинмаган ҳолда юборилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ҳужжатлар судьянинг асослантирилган хати билан баённомани тузган ёки маъмурий иш қўзғатиш тўғрисида қарор чиқарган орган (мансабдор шахс)га қатарилади.

Маъмурий ҳужжатларда мавжуд булган камчиликларни тузатиш учун қайтарилган вақт маъмурий ишни кўриш ва маъмурий жазо тайинлаш учун МЖтКнинг 36 ва 305-моддаларида белгиланган муддат ўтишини тўхтатмайди.


5. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юазсидан юритилаётган баённомаларни ва маъмурий иш қўзғатиш тўғрисидаги қарорларнинг мазмуни МЖтКнинг 281-моддаси талабига жавоб бериши лозим. Агарда баённома ёки маъмурий иш қўзғатиш ҳақида қарор тегишли ваколатли бўлмаган шахс томонидан тузилган ёки қабул қилинган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилинган вақт ва ҳуқуқбузарликнинг мазмуни, ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи меъёрий ҳужжатлар кўрсатилмаган ёки жавобгарликка тортилаётган шахс ҳужжатлар билан таништирилмаган, МЖтКда назарда тутилган ҳолларда баённома ёки қарор нусхаси топширилмаган, шу кодекснинг 294-моддасида назарда тутилган ҳуқуқлари тушунтирилмаган ҳолатларда, судья қайд қилинган камчиликларни бартараф этиш учун баённома ва қарорни тегишли орган ёки мансабдор шахсга қайтаради.


6. Судья маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда МЖтКнинг 294-моддасида назарда тутилган маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахсларнинг ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш чораларини кўриши лозим. Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиш, изоҳлар бериш, далиллар келтириш, илтимосларини баён этиш, ишни кўриб чиқишда адвокатнинг ҳуқуқий ёрдамидан ва таржимоннинг хизматидан фойдаланиш, ўз она тилида сўзлашиш, ўзига нисбатан чиқарилган қарорлар устидан шикоятлар қилиш ҳуқуқига эгадир.

Муайян шахс томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлигини исботлаш мажбурияти, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённома тузган идоралар (мансабдор шахс) зиммасига юклатилади. Шунга кўра маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс ўзининг ҳимоя ҳуқуқидан фойдаланишга, айбсизлигини исботлашга ҳақлидир, аммо, бу унинг мажбурияти эмас.

Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг ҳимоя ҳуқуқининг бузилиши маъмурий жазо қўллаш ҳақидаги қарорни бекор қилишга асос бўлади.


6-1. Тушунтирилсинки, МЖтК 17-1-моддасига асосан махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун транспорт воситаси эгаси (мулкдори), башарти у юридик шахсга тегишли бўлса - ушбу транспорт воситаси фойдаланишига масъул шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим.

Автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари деганда, махсус техника воситалари, шу жумладан фото- ва видеоёзув функциясига эга, автоматик режимда ишлайдиган ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқаруви компьютерлаштирилган тизимининг таркибий қисми ҳисобланадиган фото радарлар тушунилади.

7. Маъмурий ишнинг тўғри ва холисона ҳал этилишини таъминлашда ишни маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг иштирокида кўриш лозим. Мазкур шахсга ишни кўриб чиқиш жойи ва вақти ҳақида хабар қилинганлиги тўғрисида ишда маълумотлар бўлган ва ундан ишни кўриб чиқишни кечиктириш хусусида ҳеч қандай илтимос тушмаган ва ўзи рози бўлган ҳоллардагина иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин (судья қарорда буни асослантириши керак). МЖтК 309-1-моддасида кўрсатилган маъмурий ишлар суд томонидан маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг 294-моддаси 3-қисмида кўрсатилган ҳолатларда маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг қатнашиши шарт. Бу қоидага риоя қилмаслик қарорнинг бекор бўлишига асос бўлади.


8. Тушунтирилсинки, судья ишни кўришга тайёрлашда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатларнинг бор-йўқлигини аниқлашга мажбур. МЖтКнинг 271-моддасида санаб ўтилган ҳолатлар аниқланган тақдирда судья ишни юритишдан тугатиш ҳақида қарор чиқаради. Судья содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли деган хулосага келган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси МЖтК 21, 308-1-моддаси ва 310-моддасининг иккинчи қисми талаблари асосида ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод этиб ишни юритишдан тугатади ва уни огоҳлантириш билан чегараланади.

Огоҳлантириш МЖтКнинг 23-моддасида назарда тутилган маъмурий жазо чоралари сирасига кирмайди. Шунинг учун огоҳлантириш билан иш тугатилганда Кодекснинг 33-моддасини қўллаш талаб қилинмайди.


9. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасида белгиланганидек, маъмурий жазо қўлланиш муддатлари ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошланиб, давом этаётган ҳуқуқбузарлик учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилишини мумкин. Жиноят ишини қўзғатиш рад этилган ёки жиноят иши тугатилган бўлса-ю, лекин ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, маъмурий жазо чораси жиноят иши қўзғатишни рад этиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.

Давом этаётган ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳуқуқбузарлик аниқланган кун деб, ваколатли мансабдор шахс томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатини содир этганлиги тўғрисида қўзғатилган қарор, тузилган баённома ва шу каби ҳужжатларнинг тузилган санаси ҳисобланади.


10. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда маснабдор шахс суриштирув органи ва судьялар МЖтКнинг 307-моддасида санаб ўтилган ҳолатлар билан бирга ҳуқуқбузарнинг шахси ва ишнинг тўғри ҳал этилишида аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни ҳар томонлама ва синчковлик билан аниқлашлари шарт.

Ҳуқуқбузарликнинг содир этилганлиги ва бунда шахснинг айбдорлик масаласини муҳокама қилишда судья тақдим қилинган ҳужжатлар билан чегараланмасдан заруратга қараб қўшимча далиллар талаб қилиши, ҳуқуқбузарлик ҳақида баённома тузган мансабдор шахс, жабрланувчи ва гувоҳларни чақириши, экспертизалар тайинлаши, ашёвий далилларни кўздан кечириши ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириши лозим.

Мансабдор шахс, суриштирув органлари ва судьялар ҳуқуқбузарнинг шахси ҳақидаги маълумотларга алоҳида эътибор беришлари, яъни ҳуқуқбузарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, фуқаролиги, маълумоти, доимий ёки вақтинча яшаш жойи, оилавий аҳволи, қарамоғида бўлган шахсларнинг ёшлари, муқаддам судланган-судланмаганлиги, маъмурий жавобгарликка тортилаётган кунга қадар охирги бир йил давомида маъмурий жавобгарликка тортилган-тортилмаганлиги, машғулот тури, лозим деб топилган ҳолларда ногиронлиги, соғлиги ҳолатларини аниқлаши лозим. Тақдим этилган ҳужжатларда ҳуқуқбузарнинг шахси ҳақидаги маълумотлар етарли бўлмаган тақдирда, судья ўз ташаббуси билан у ҳақдаги маълумотларни талаб қилиб олиш чораларини кўриши мумкин.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарни мансабдор шахс, нодавлат нотижорат ташкилоти, давлат иштирокидаги ташкилотнинг хизматчиси, шунингдек давлат иштирокидаги ташкилотнинг ҳуқуқий мақомини тўғри аниқлаш каби масалалар синчковлик билан ўрганилмоғи лозим. Жумладан, ташкилотнинг давлат иштирокидалигини асосли деб топиш учун, у рўйхатдан ўтган тегишли идоралардан ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтда ташкилот устав фондида давлат улуши ёки давлат иштироки мавжуд ёки мавжуд эмаслигини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилиб олиниши лозим.

11. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда ишга аниқлик киритиш мақсадида махсус билимлар талаб қилинганда, судья қарор билан маъмурий ҳуқуқбузарлик иши юзасидан тегишли экспертизалар тайинлайди.

Экспертнинг ҳуқуқ ва бурчлари МЖтКнинг 299-моддасида белгиланган. Экспертиза тайинлаш ҳақидаги қарорда экспертиза тайинлаш асослари, экспертиза ўтказиши лозим бўлган муассасанинг номи, эксперт олдига қўйилган саволлар, экспертиза ихтиёрига юборилган ҳужжатлар кўрсатилади.

Эксперт ишни юритаётган органнинг (мансабдор шахснинг) топшириғига биноан ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан хулоса беради ва бу хулоса иш ҳужжатларига қўшиб қўйилади.


12. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш баённомаси раислик этувчи ва котиб томонидан ёки ишни кўриб чиққан мансабдор шахс томонидан имзоланади, қайд қилинган қонун талабининг бузилиши, иш юзасидан чиқарилган қарорларни бекор қилиш учун асос бўлади.


13. Бир неча ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш МЖтКнинг 34-моддасига асосан ҳал қилиниши лозим.

Тушунтирилсинки, бир неча маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилган бўлиб, шундан бирортасининг судга тааллуқлилиги аниқланган тақдирда, иш суд томонидан кўриб чиқилади.

Агарда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан мусодара қилиш ёки муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиш жазолари кўрсатилган бўлса, бундай ишлар ҳам суд томонидан кўриб чиқилади.

Шунингдек, шахс томонидан бир неча ҳуқуқбузарликлар содир этилганда бундай ишлар оғирроқ жазо чораси белгиланган ҳуқуқбузарлик иши кўриладиган орган ёки мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилади.

Бир неча ҳуқуқбузарлик бўйича жазо чорасини қўллашда содир қилинган ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, айб даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарлигини оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатлари эътиборга олиниши лозим.


14. Мамурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 31, 32-моддасида маъмурий жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар кўрсатилган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) Кодекснинг 31-моддасида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари бошқа ҳолатларни ҳам жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат деб баҳолаши мумкин. Аммо, МЖтКнинг 32-моддасида санаб ўтилган жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар доираси чегараланган бўлиб, кенг талқин қилинмайди. Судья содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг моҳиятига қараб мазкур ҳолатларни ҳам айбни оғирлаштирувчи ҳолат деб топмаслиги мумкин.


15. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 37-моддасига мувофиқ маъмурий жазога тортилган шахс шу жазони ўташ муддати тугаган кундан бошлаб бир йил мобайнида янги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса, мазкур шахс маъмурий жазога тортилмаган деб ҳисобланади. Шунингдек, шахс МЖтКнинг 21-моддасига кўра маъмурий жавобгарликдан озод этилиб огоҳлантирилганда, шу Кодекснинг 271-моддаси 5-6-бандига асосан иш юритиш тугатилганда ҳам, у маъмурий жазога тортилмаган, деб ҳисобланади.


16. Маъмурий қамоққа олиш жазосининг қўлланилишига алоҳида ҳолларда рухсат этилади. Маъмурий қамоққа олиш чорасининг қўлланилиш сабаблари қарорнинг тавсиф қисмида асослантирилиши шарт.

Маъмурий қамоққа олиш чораси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, вояга етмаганларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига қўлланиши мумкин эмаслигига судьяларнинг эътибори қаратилсин.


17. Тушунтирилсинки, агар ишни кўришда ҳуқуқбузарнинг ҳаракатида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги тузилган баённомада кўрсатилган ҳуқуқбузарлик таркиби йўқлиги аниқланиб, бошқа маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, судья ҳуқуқбузарнинг қилмишини фактик ҳолатлари жиддий фарқ қилмайдиган ва ҳуқуқбузарнинг ҳолатини оғирлаштирмайдиган енгиллаштирувчи ҳолатларни назарда тутувчи моддаларга қайта квалификация қилиши мумкин. Ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида унинг ҳолатини оғирлаштирадиган моддада назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари ёки жиноят аломатлари аниқланган тақдирда, МЖтКнинг 278-моддаси асосида, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳужжатларни тегишли мансабдор шахс ёки прокурорга юборади.


18. Вояга етмаганларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда ҳуқуқбузарнинг шахсига оид аниқланиши лозим бўлган ҳолатлардан ташқари, унинг яшаш жойи, ким билан яшаб келганлиги, оилавий шароитлари, ўқиш ёки иш жойидаги вазиятлар, маъмурий ҳуқуқбузарликнинг содир этилишида катта ёшдаги далолатчилар ва бошқа иштирокчиларнинг бор-йўқлигини аниқлаш лозим.

Бу тоифадаги ишларни кўришда вояга етмаган шахснинг қонуний вакилини ишда иштирок этишини таъминлаш зарур.

Маъмурий ҳужжатларни вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссияларга ўтказиш масаласини ҳал қилишда судьялар шуни назарда тутишлари лозимки, МЖтК 194-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳақидаги маъмурий ишларни вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссияларга ўтказилишига йул қўйилмайди, қолган ҳолларда ишлар вояга етмаганлар иши билан шуғулланувчи комиссияларга ўтказилиши мумкин.


19. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш ҳақидаги қарор МЖтК 310-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган ва 271-моддасида санаб ўтилган ҳолатлардан бирига асосланган бўлиши шарт.


20. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича қарор МЖтКнинг 309-моддаси талабларига мувофиқ тузилади.

Қарорнинг кириш қисмида маъмурий ишни кўрадиган суднинг номи, иш кўриладиган сана, судьянинг фамилияси, исми, отасининг исми, иш кўрилаётган шахс ҳақидаги маълумотлар батафсил кўрсатилади.

Қарорнинг тавсиф қисмида қандай ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақти, жойи, жавобгарликка тортилаётган шахснинг айбдорлиги ёки айбсизлиги ҳақидаги далиллар, шахсни жавобгарликдан озод қилиш асослари, маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган меъёрий ҳужжатлар кўрсатилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан чиқариладиган қарорнинг қарор қисмида, маъмурий жазо тури ёки шахснинг жавобгарликдан озод қилинганлиги ҳақидаги суд қарори, маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилганда, унинг қайси вақтдан (санаси ва соати) бошлаб жазони ўташ муддати кўрсатилиши шарт.

Агар, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо тайинлаш ҳақидаги масалани ҳал қилиш билан бир вақтда айбдор томонидан мулкий зарарни қоплаш ҳақидаги масала ҳам ҳал қилинаётган бўлса, у ҳолда, қарорда ундирилиши лозим бўлган зарар миқдори, уни қоплаш муддати ва тартиби белгиланади. Қарорда мусодара қилиниши лозим бўлган ашёлар, шунингдек шахсни ушлаш вақтида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш учун ишлатилган, ёнидан олинган нарсалар, ҳужжатлар, пуллар мавжуд бўлган ҳолатда, судья, уларнинг тақдири қандай ҳал қилинганлигини кўрсатади.


21. Судьялар МЖтКнинг тегишли моддаси диспозициясида маълум бир Низом ёки Қоидалар (бланкет диспозициясида) билан ўрнатилган тартибни бузганлик учун жавобгарлик белгилайдиган ишларни кўриш юзасидан чиқарган қарорларида ҳуқуқбузар томонидан, айнан, қандай Низом ёки Қоидаларнинг қайси бандлари бузилганлигини кўрсатишлари шарт.

22. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор МЖтКнинг 311-модласи талаби асосида дарҳол эълон қилинади. Қарорнинг нусхаси узоғи билан уч кун ичида маъмурий чора кўрилган шахсга тилхат орқали топширилади. Жабрланувчиларнинг қарор нусхасини олиш ҳақидаги илтимослари бўлганда, уларга ҳам топширилади ёки жўнатилади ва бу ҳақда ишга тегишли ёзув ёзиб қўйилади. Судья маъмурий жавобгарликка тортилган шахсга, шикоят қилиш муддатлари, тартиби ва қарор ижросидан бўйин товлаган тақдирда, унга келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар ҳақида тушунтириши лозим. Ишда ашёвий далил сифатида ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар олинган бўлса, уларнинг ижроси МЖтКнинг 185, 220-моддаси талаблари асосида ҳал қилиниши шарт.

МЖтКнинг 311-моддаси талабига кўра, ўқотар қуроллар, шунингдек ўқ-дорилар хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан ишониб топширилган ёки корхона, муассаса, ташкилот томонидан вақтинча фойдаланиш учун берилган шахсларга нисбатан ушбу Кодекснинг 185-моддасида, 220-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар юзасидан чиқарилган қарорнинг нусхаси маълумот учун тегишли корхона, муассаса ёки ташкилотга, мазкур шахснинг ўқотар қуролдан фойдаланишини тақиқлаш масаласини кўриб чиқиш учун эса, ички ишлар органига юборилиши лозим.


23. Тушунтирилсинки, судьянинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан чиқарган қарори устидан, ҳуқуқбузарликни содир этган шахс, жабрланувчи, шунингдек адвокат ва уларнинг қонуний вакиллари томонидан қарор нусхасини олган вақтдан бошлаб ўн кун муддат ичида, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди раисига ёки юқори турувчи судга шикоят беришлари мумкин. Белгиланган муддатда шикоят берилмаса қарор қонуний кучга кирган ҳисобланади. Прокурорнинг протести қарорнинг кучга кирган кирмаганлигига қараб кассация ёки назорат тартибида кўриб чиқилади. Судья шикоят ёки протестни олган кундан бошлаб уч кун ичида ҳужжатлар билан шикоят ёки протестни кўриб чиқиш учун суд раиси ёки юқори турувчи судга юбориши лозим.

24. МЖтКнинг 320-моддасида белгиланганидек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида берилган шикоят ёки билдирилган протест кассацион босқич судьяси томонидан якка тартибда, суд раиси топшириғига биноан кўриб чиқилади. Кассация босқич суди судьяси маъмурий ишлар бўйича судьянинг қарори юзасидан берилган шикоят ёки келтирилган протест бўйича ҳал қилув қарори чиқаради ва у чиқарилган вақтдан бошлаб қонуний кучга киради. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида берилган шикоят ёки келтирилган протест юзасидан кассация босқич суди томонидан МЖтКнинг 321-моддасида қайд қилинган қарорлардан бири қабул қилинади.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарор устидан келтирилган шикоятни кўриб чиқишда қоидабузарлик қайд этилган пайтда транспорт воситасини унинг эгаси (мулкдори) эмас, балки бошқа шахс бошқарганлиги ёки мазкур транспорт воситаси унинг эгалигидан чиқиб кетганлиги аниқланса, бундай ҳолларда транспорт воситаси эгаси (мулкдори) МЖтК 271-моддаси 1-бандига асосан маъмурий жавобгарликдан озод қилинади. Бундай ҳолларда, зарур ҳужжатлар тегишли шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал этиш учун йўл ҳаракати хавфсизлиги органларига юборилиши шарт.

Кассация босқич суди судьяси ва назорат босқичи ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларини баённома ва маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган ҳолатлардан фактик ҳолатлари жиддий фарқ қилмайдиган ва ҳуқуқбузарнинг ҳолатини оғирлаштирмайдиган енгиллаштирувчи ҳолатларни назарда тутувчи моддаларга қайта тавсифлаши мумкин.


25. Кассация босқич суди судьяси томонидан қабул қилинган қарор қабул қилинишиданоқ қонуний кучга кириши муносабати билан ушбу қарор юзасидан манфаатдор томонлар назорат тартибида шикоят беришлари мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қабул қилиниб қонуний кучга кирган қарорга "Судлар тўғрисида"ги ва "Прокуратура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларидаги умумий қоидаларга мувофиқ тегишли суд раислари ва прокурорлар томонидан назорат тартибида протест киритилиши мумкин.

Маъмурий иш бўйича судья томонидан қабул қилиниб, қонуний кучга кирган қарор юзасидан келтирилган шикоят ёки протест юқори турувчи суднинг судьяси томонидан ушбу суд раисининг топшириғига биноан кўриб чиқилади. Агарда иш юқори турувчи суднинг судьяси томонидан кассация тартибида кўрилган бўлса, шикоят ёки протест мазкур суд раиси ёки унинг ўринбосарининг қарори билан ҳал этилади.

Судларга тушунтирилсинки, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида чиқарилган қарор қонуний кучга кирганидан сўнг бир йил муддат ўтгач ҳуқуқбузарнинг жавобгарлигини оғирлаштирув томонга назорат тартибида протест киритилишига йўл қўйилмайди. Бу муддат ҳуқуқбузарнинг жавобгарлигини енгиллаштирувчи ҳолатларга тааллуқли эмас.

Шунингдек, МЖтКнинг 271-моддасида қайд этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатларга асосан тугатилган ишлар бўйича чиқарилган қарорларга нисбатан МЖтКнинг 36-моддасида белгиланган маъмурий жазо қўллаш муддатлари ўтиб кетганидан сўнг назорат тартибида протест киритилиши мумкин эмас.


26. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўраётган судья асослар мавжуд бўлганда МЖтКниннг 313-моддаси талаби асосида ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларни содир қилишга имкон туғдирувчи шарт-шароитлар аниқланганда бу ҳақда ҳуқуқбузарнинг тегишли ўқиш, иш ва турар жойларига чора ва жамоат таъсирини кўрсатиш учун тақдимнома киритади.


27. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда судьялар томонидан қонунларга қатъий риоя қилиш устидан назоратни кўчайтирсинлар, суд амалиётини мунтазам равишда ўрганиб, умумлаштириб борсинлар.


Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг раиси                                             У.К. Мингбоев



Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг судьяси                                         А.А. Муҳаммадиев