Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 01.06.2001 й. 6-сон "Оталикни белгилаш ҳақидаги ишларни кўришда судлар томонидан қонунларнинг татбиқ этилиши тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

01.06.2001 й.

N 6



ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШ

ҲАҚИДАГИ ИШЛАРНИ КЎРИШДА СУДЛАР

ТОМОНИДАН ҚОНУНЛАРНИНГ ТАТБИҚ

ЭТИЛИШИ ТЎҒРИСИДА


Мустақил Ватанимизда Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан ва маънавий баркамол қилиб тарбиялаш масаласига мамлакат истиқболини белгиловчи устувор йўналишлардан бири сифатида қаралиб, қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши кафолатланган.

Судлар никоҳ ва оила масалаларидан келиб чиқаётган низолар бўйича фуқаролик ишларини кўришда қонунларни асосан тўғри татбиқ қилишмоқда. Шу билан биргаликда оталикни белгилаш ва вояга етмаган фарзандлар таъминоти учун нафақа ундириш билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича фуқаролик ишлари таҳлил қилинганда судлар томонидан айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганлиги аниқланди.

Қонунларни тўғри ва бир хилда қўлланишини таъминлаш ва оталикни белгилаш ҳақидаги ишларни кўриб чиқишда амалиётда келиб чиқаётган тушунмовчиликларни бартараф эташ мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми



ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судлар оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни кўришда иш ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши тўғрисидаги меъёрий талабларга қатъий амал қилишлари лозим.


2. Никоҳда бўлмаган онадан бола туғилганда, боланинг туғилганлиги ФҲДЁ органларида қайд этилиб, тақдим қилинган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада боланинг отаси ҳақидаги ёзув, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 207-моддаси 3-қисми талабига мувофиқ отанинг фамилияси-онанинг фамилияси бўйича, отанинг исми ва миллати, онанинг кўрсатмаси асосида ёзилган тақдирдагина оталикни белгилаш тўғрисидаги даъво аризалари суд иш юритувига қабул қилиниши мумкин.


3. Агар туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида боланинг отаси тариқасида аниқ бир шахс кўрсатилган бўлса, судлар оталикни белгилаш ҳақидаги аризани ўз иш юритувига қабул қилмасликлари керак, чунки ФҲДЁ органлари томонидан оталик тўғрисида киритилган маълумот (ёзув) боланинг унда кўрсатилган шахсдан туғилганлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади. Шунинг учун суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 152-модда 1-қисмига асосланиб, аризани қабул қилишни рад этаётганида манфаатдор шахсга юқорида кўрсатилган ёзувга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 63-моддаси 2-қисмида белгиланган тартибда эътироз билдиришга ҳақли эканлигини тушунтириши лозим.


4. Оталикни белгилаш, оталик факти ва оталикни тан олганлик факти тушунчаларини суд амалиётида фарқлай олиш зарур.

Оталикни суд тартибида белгилаш - 1968 йилнинг 1 октябридан кейин туғилган болаларга нисбатан отаси, деб тахмин қилинаётган шахс ҳаёт бўлгандагина йўл қўйилиши тушунилади ва бундай талаблар даъво юритиш тартибида ҳал этилади.

Оталик фактини белгилаш - 1968 йилнинг 1 октябридан кейин туғилган болаларга нисбатан боланинг отаси, деб тахмин қилинадиган шахс вафот этган тақдирда манфаатдор шахснинг аризаси билан қўзғатилган иш тушунилади ва бундай талаб алоҳида иш юритув тартибида кўрилади. Мазкур фактни белгилаш жарёнида манфаатдор шахслар ўртасида низо (мерос, боқувчисини йўқотганлик каби) келиб чиқса, у ҳолда ариза судда кўрилмасдан қолдирилади ва манфаатдор шахсларга умумий асосларда даъво қўзғатиш ҳуқуқлари тушунтирилади.

Бундай факт аниқ иш ҳолатларини инобатга олган ҳолда боланинг онаси ҳомиладор бўлган даврда ўзини туғилажак фарзандининг отаси, деб тан олган шахс вафотидан сўнг туғилган болага нисбатан ҳам белгиланиши мумкин.

Оталикни тан олганлик факти - 1968 йилнинг 1 октябригача туғилган болаларга нисбатан боланинг отаси деб тахмин қилинадиган шахс вафот этган тақдирдагина манфаатдор шахснинг аризасига биноан қўзғатилган иш тушунилади ва бундай ариза алоҳида иш юритиш тартибида кўрилади. Бундай болаларга нисбатан оталикни суд тартибида белгилашга йўл қўйилмайди.


5. Оталикни белгилаш ҳақидаги даъво аризани қабул қилишда судья қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириши зарур:

а) боланинг туғилганлиги тўғрисидаги ФҲДЁнинг ёзуви ва гувоҳномани талаб қилиб олиш;

б) оталикни судсиз эътироф этиш имкониятини аниқлаш мақсадида даъвогар билан суҳбат ўтказиш;

в) Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 62-моддасида назарда тутилган ҳолатларни тасдиқловчи далилларни талаб қилиб олиш.


6. Оталикни белгилаш ҳақидаги даъво билан бир вақтда болага алимент ундириш тўғрисида талаб келтирилиши ҳам мумкин. Бундай даъволар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 145-моддасига кўра жавобгарнинг турар жойи ёки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 241-моддаси 3-қисмига мувофиқ даъвогарнинг турар жойидаги судга берилиши мумкин.


7. Агар, оталикни белгилаш ва алимент ундириш тўғрисидаги даъво бўйича жавобгарнинг қаердалиги номаълум бўлса, суд ички ишлар органлари орқали қидирув эълон қилиши (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 140-моддаси) ва иш юритишни тўхтатиш ҳақидаги масалани (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 93-модда 3-қисми) ҳал этиши лозим.


8. Оталикни белгилаш тўғрисидаги ишни кўришга тайёрлаш жараёнида томонларнинг ўзаро ҳақиқий муносабатларини аниқлаш мақсадида, суд, даъвогар ва жавобгарни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 159-моддаси талабларига мувофиқ суҳбатга чақириши лозим. Агар, суҳбат давомида ёки суд муҳокамаси жараёнида жавобгар боланинг отаси эканлигини тан олса, суд, томонларга Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 61-моддаси 1-қисмига мувофиқ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига биргаликда ариза бериш йўли билан оталикни ихтиёрий равишда расмийлаштириш мумкинлигини тушунтириши ва бунинг учун тарафларга маълум муддат белгилаши лозим.

Томонларнинг аризасига биноан ёзилган оталикни белгилаш тўғрисидаги қайднома асосида берилган боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома судга тақдим этилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 100-моддаси 1-қисмига мувофиқ иш юритиш тугатилиши лозим. Бироқ, кўрсатилган даъво билан бирга алимент ундириш тўғрисидаги талаб ҳам берилган бўлса, болаларга таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ўзаро келишмаган тақдирдагина, даъвогарнинг талаби билан суд алимент ундириш тўғрисидаги масалани мазмунан ҳал этиши зарур.


9. Вояга етмаган ота-оналар ўз оталиги ва оналигини умумий асосларда тан олиш ёки бунга эътироз билдириш ҳуқуқига эгадирлар (Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 72-моддаси 3-қисми). Шу билан бирга, никоҳда бўлмаган вояга етмаган она томонидан оталикни белгилаш ҳақида даъво қўзғатилган тақдирда, худди шунингдек, бундай даъво вояга етмаган шахсга нисбатан берилганда, судлар вояга етмаган даъвогар ёки жавобгарларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида ишда қатнашиш учун уларнинг ота-оналари (васийлари, ҳомийлари)ни жалб қилиш масаласини муҳокама қилишлари лозим (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодекси 38-модда).


10. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 10-моддаси талабига мувофиқ оталикни белгилаш ҳақидаги даъволар бўйича ишлар суднинг ёпиқ мажлисида кўрилиши шарт.

Оталикни белгилаш ҳақидаги ишлар юзасидан судлар келишув битимини тасдиқлашлари мумкин эмас, чунки, оталикни белгилашнинг шартлари ва тартиблари қонун билан белгиланган.


11. Ота-она ва болаларнинг ўзаро ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари фарзандлар дунёга келиши билан вужудга келишини назарда тутиб, оталикни белгилаш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда суд боланинг келиб чиқишини аниқлаши, бунда жавобгар боланинг онаси билан биргаликда яшаганлиги, уларнинг умумий рўзғор юритишганлиги ёки болани биргаликда тарбиялаганликлари, ёинки моддий жиҳатдан таъминлаганликлари ёхуд жавобгар ўз оталигини тан олганлигининг мавжудлигига эътибор бериши лозим.

12. Боланинг онаси жавобгар билан биргаликда яшаганлиги ва умумий рўзғор юритишганлиги оилавий муносабатларга хос қуйидаги ҳолатларнинг мавжудлиги билан тасдиқланиши мумкин: бир турар жойда истиқомат қилиш ва биргаликда хўжалик юритиш; ўзаро ғамхўрлик қилиш ва биргаликда яшаш учун зарур мол-мулкларни харид қилиш жавобгар ва даъвогарнинг ўзаро эр-хотинлик муносабатларида бўлганликларини исботловчи бошқа ҳолатлар.

Бола туғилгунига қадар биргаликда яшаш ва умумий рўзғор юритиш тугатилиши оталикни белгилаш ҳақидаги талабни рад қилишга етарли асос бўла олмайди (бу муносабатлар ҳомила пайдо бўлишидан олдин тугатилган ҳоллар бундан мустасно). Шу сабабли, судлар, ҳомила бошланиши қайси даврга тўғри келишини ва бу давр тарафларнинг биргаликда яшаган ёки муносабатда бўлган вақтига тўғри келиш-келмаслигини текширишлари лозим.

Боланинг онаси ва жавобгарнинг биргаликда яшаши, жавобгарнинг бола билан мулоқотда бўлиб келиб, унга нисбатан эътибор ва ғамхўрлигини кўрсатиши болани биргаликда тарбиялаш, деб тушунилади.

Боланинг онаси ва жавобгар томонидан биргаликда таъминлаб келиниши деганда, бола уларнинг қарамоғида бўлганлиги ёки жавобгар томонидан болани боқиш учун моддий (миқдоридан қатъи назар) ёрдам кўрсатиб келганлиги тушунилади.

Оталикни тан олиш далиллари жумласига жавобгарнинг мактублари, суратлари, анкеталари, аризалари ва жавобгарнинг оталикни тан олишини ишончли равишда тасдиқловчи бошқа фактик маълумотлар киради. Бундай тан олиш бола онасининг ҳомиладорлик даврида (бўлажак ота-онанинг бола кўриш хоҳиши ҳақидаги фикрлари, бўлажак отанинг боланинг онасига нисбатан ғамхўрлик ва бошқалар) ҳам, бола туғилгандан кейин ҳам ифодаланиши мумкин.

Оталикни тан олишни аниқлашда шахснинг боланинг ҳақиқий отасидек муайян ҳаракат қилганлигига шубҳа туғдирмайдиган ҳолатларгина гувоҳлик бера олиши мумкин.


13. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 62-моддаси 3-қисмида кўрсатиб ўтилган ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги оталикни белгилаш тўғрисидаги даъвони рад қилиш учун доим ҳам етарли асос бўла олмайди. Шунинг учун судлар, бошқа далиллар мажмуи билан бирга ҳомила вақти тўғрисидаги ёки жавобгарнинг ҳомила пайдо қилиш қобилиятига эга эканлиги ҳақидаги суд-тиббиёт эспертизаси, одам ДНКси юзасидан суд-биологик эспертизаси хулосалари, шунингдек ҳар бир алоҳида ишнинг бошқа муайян ҳолатларига ҳуқуқий баҳо беришлари лозим бўлади.


14. Суд тақдим этилган далиллар мажмуи жавогарнинг оталигини белгилаш учун етарли эмас, деган хулосага келса, ҳақиқатни аниқлаш ва хатоликка йўл қўймаслик мақсадида ўз ташаббуси билан ёхуд томонларнинг талаби асосида тегишли суд-тиббиёт одам ДНКси бўйича суд-биологик эспертизалари ўтказиши мумкин. Шу билан бирга, тарафларнинг бир жойда истиқомат қилиши ва биргаликда ҳўжалик юритиши, ўзаро ғамхўрлик қилиши ва биргаликда яшаш учун мол-мулклар харид қилганлик ҳолатларини тасдиқловчи етарли далиллар мавжуд бўлса-да, боланинг отаси, айнан шу жавобгар эканлиги тўла ва сўзсиз тасдиқланганлиги ҳақида янглиш ва барвақт хулосага келишнинг олдини олиш борасида судларга тушунтирилсинки, юқорида кўрсатилган далилларнинг қай даражада тўпланганлигидан қатъи назар, бу ҳолатлар жавобгарнинг суд-тиббиёт ёки одам ДНКси суд-биологик экспертизалари ўтказиш ҳақидаги илтимосномасини рад этишга асос бўла олмайди.

Бу тоифадаги ишлар юзасидан қоннинг биологик экспертизаси хулосаси, жавобгарнинг ота бўла олиш қобилияти ҳақидаги экспертиза хулосаси, ҳомила пайдо бўлиш даврини аниқлаш бўйича экспертиза хулосаси ва одам ДНКси биологик экспертизаси хулосалари муҳим аҳамиятга эгадир.

Суд мазкур тоифадаги ишларни кўришда одам ДНКси юзасидан тайинланган суд-биологик экспертизаси жавобгарни боланинг отаси ёки онаси эмаслигини аниқ белгилаб бериш имкониятларига эга эканлигидан келиб чиқиб, тарафларга экспертиза ўтказиш билан боғлиқ бўлган суд харажатлари даъво қаноатлантирилганда жавобгардан, рад этилганда эса даъвогарнинг ҳисобидан ундирилиши лозимлигини тушунтириши керак.

Бундай экспертизани ўтказиш учун сарфланган харажатлар олдиндан тўланиши талаб қилинишидаи келиб чиқиб суд тарафларга харажатларни келишган ҳолда тўлашни, келишув бўлмаганда эса, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 113, 116-моддаларига мувофиқ томонлар ҳисобидан тўлаш ёки улар зиммасига тақсимлаш тўғрисидаги масалани ҳал этмоғи лозим.


15. Оталикни белгилаш учун Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 62-моддаси 3-қисмида кўрсатилган ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги, оталикни аниқлаш юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси одам ДНКси бўйича суд-биологик экспертизаси ўтказиш ҳақидаги илтимосномани рад этиш учун етарли асос бўла олмаслигини судларга алоҳида уқтириш лозим.


16. Одам ДНКси бўйича суд-биологик экспертизаси тайинлашда эксперт мутахассислари муҳокамасига қуйидаги саволлар қўйилиши мақсадга мувофиқлиги судларга кўрсатилсин:

а) кўрсатилган шахс шу боланинг биологик отасими ёки йўқми?

б) кўрсатилган шахс шу боланинг биологик онасими ёки йўқми?

в) шу бола кўрсатилган ота-она (В ва С)нинг биргаликдаги ҳаёти (жинсий яқинлиги) маҳсулими ёки йўқми?

Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ўтказиш учун экспертларга қуйидагилар тақдим этилиши зарур:

а) экспертиза тайинлаш (ўтказиш) ҳақидаги суд ажрими;

б) эксперт тадқиқоти учун қон намуналари олиш ҳақидаги суд ажримининг нусхаси;

в) ҳар қайси томон (гумон қилинган ота-она) ва боланинг қон намуналари (қон намуналари бевосита суд экспертизаси муассасасида олиниши мақсадга мувофиқ);

г) қон намунаси олинганлиги ҳақидаги баённома нусхаси;

д) экспертиза хизмати учун ҳақ тўланганлиги ҳақидаги ҳужжат.


17. Оталикни белгилаш тўғрисидаги, оталикни тан олиш факти ва оталик фактини белгилаш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорлари суд томонидан атрофлича синчиклаб текширилган ва келтирилган талабларни тасдиқловчи ёки инкор этувчи далилларга асосланган бўлиши лозим.

Даъво қаноатлантирилганда суднинг ҳал қилув қарори хулоса қисмида оталикни белгилаш ҳақидаги ҳолатни ФҲДЁ органларида қайд этиш учун зарур бўлган маълумотлар (ота-онанинг фамилияси, исми-шарифи, уларнинг туғилган йили, ойи, куни ва жойи, миллати, доимий яшаш ва ишлаш манзили, отаси кимлиги аниқланаётган боланинг фамилияси, исми, туғилиш санаси ва жойи) кўрсатилиши лозим.


18. Қонун билан мазкур тоифадаги ишлар бўйича даъво муддати чегараланмаганлиги сабабли, суд томонидан оталикни белгилаш масаласи бола туғилгандан кейин, барча даврда кўриб ҳал этилиши мумкин. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 62-моддаси 2-қисми талабига асосан 18 ёшга тўлган болага нисбатан оталикни белгилаш фақат, унинг (боланинг муомала лаёқати чекланган бўлса, унинг васийси ёки васийлик ва ҳомийлик органи) розилигига кўра амалга оширилиши мумкин.

Болага нисбатан оталик (оналик) ҳақидаги ёзувга эътироз келтирилганда, судлар, шуни инобатга олишлари керакки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 63-моддаси 2-қисмига биноан, боланинг отаси ёки онаси, деб ёзилган шахс унга бундай ёзув маълум бўлган ёхуд маълум бўлиши мумкин бўлган кундан эътиборан бир йил мобайнида суд тартибида эътироз билдиришга ҳақлидир.


19. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан "Оталикни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида"ги ЎзССР Олий суди Пленумининг 1971 йил 7 октябрдаги 40-сонли ва "СССР Олий суди Пленумининг 1982 йил 25 март қарори талабларини бажариш ҳақида" 1985 йил 24 декабрдаги 9-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг Раиси                                                                У.Қ. Мингбоев



Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг судьяси                                                             Х.М. Ҳасанов